ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Австралия парламенти


Австралия парламенти

Австралия парламенти

икки палатали бўлиб, Вакиллар палатасида 150 депутат, Сенатда 76 сенатор фаолият юритади

Австралия давлати Жанубий ярим шарда, Австралия материги, Тасмания ороли ва бошқа оролларда жойлашган. Майдони 7,682 миллион квадрат километр. Аҳолиси — 24 миллион. Пойтахти — Канберра шаҳри. Австралия Буюк Британия Ҳамдўстлиги таркибига кирувчи федерал давлат. Амалдаги Конституцияси 1901 йилда қабул қилинган. Давлат тузилиши шакли жиҳатидан — федерация. Давлат бошлиғи — Буюк Британия қироли (қироличаси), генерал-губернатор унинг вакили ҳисобланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни икки палатали (Вакиллар палатаси ва Сенат) федерал парламент амалга оширади. Генерал-губернатор ва Бош вазир бошчилик қиладиган ҳукумат ижро ҳокимиятини амалга оширади. Мамлакат олти штатга бўлинган. Ҳар бир штати ўз Конституцияси, парламенти ва ҳукуматига эга. Штатларнинг ҳуқуқлари чекланган.

Вакиллар палатаси бир мандатли округлар бўйича мажоритар сайлов тизими асосида уч йил муддатга сайланадиган 150 депутатдан иборат. Палата фаолиятига Спикер бошчилик қилади. Спикер Вакиллар палатасининг илк мажлисида депутатлар орасидан сайланади. Қонунга мувофиқ, палатанинг ҳар қандай аъзоси палата раиси бўлиши мумкин. Бироқ мазкур лавозимга палатада энг кўп ўрин олган партия ёки коалициянинг вакили сайланади. Вакиллар палатасининг асосий вазифаси — қонун ло­йиҳаларини муҳокама қилиш, уларни қабул қилиш ҳамда мавжуд қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан иборат.

Палатанинг ҳар бир аъзоси қонунчилик ташаббуси билан чиқиш ваколатига эга. Бироқ амалда асосий қонунчилик ташаббусини Вазирлар Маҳкамаси амалга оширади. Янги қонун лойиҳаси кучга кириши учун уни иккала палата ҳам қабул қилиши шарт. Қонун лойиҳасининг илк муҳокамаси Вакиллар палатасида ҳам, Сенатда ҳам амалга оширилиши мумкин. Бироқ, одатда, янги қонун лойиҳаси даставвал Вакиллар палатаси муҳокамасига киритилади.

Одатда Вакиллар палатасининг мажлислари февралдан март ойигача, майдан июнгача ҳамда августдан декабрь ойига қадар ўтказилади. Вакиллар палатаси ўз фаолиятига киришишдан олдин ўз депутатлари орасидан палата Спикерини сайлайди. Тони Смит ўтган йилнинг 10 августидан буён Вакиллар палатаси Спикери лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Спикер ўз вазифасидан озод этилганида унинг ўрнига янгиси сайланиши лозим. Парламент сайловидан сўнг Вакиллар палатасида энг кўп ўринни қўлга киритган партия ёки коалициянинг етакчиси Бош вазир этиб тайинланади.

Қуйи палатада қўмиталар икки гуруҳга бўлинади: ишчи ҳамда ички. Ишчи қўмиталар ҳукумат билан ишлайди. Улар сайловчилардан келадиган маълумот ва саволларни тўплаб, ҳукуматга шу асосда таклифлар киритади. Вакиллар палатаси ҳамда Сенат биргаликда фаолият юритувчи ҳамкор қўмиталарни ҳам шакллантиради. Улар Парламент фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши, Корпорациялар ва молиявий хизматлар, Сайлов масаласи, Халқаро муносабатлар, Мудофаа ва савдо, Аҳоли миграцияси, Миллий, пойтахт ва ташқи ҳудудлар, Хавфсизлик ва махфий хизматлар қўмиталари деб номланади.

Сенатга ҳар бир штатдан 12 сенатор сайланади. Қолган тўрт сенатор эса 1972 йилги парламент актига биноан Австралиянинг пойтахти ҳамда шимолий ҳудудидан сайланади. Сайлов партиялар рўйхати асосида ўтказилади. Сенаторларнинг ваколат муддати — олти йил. Сенат таркибининг ярми ҳар уч йилда янгиланади. Конс­титуцияга мувофиқ, мамлакат Бош вазири Вакиллар палатасининг аъзоси бўлиши керак.

Сенат ўз аъзолари ичидан Сенат раиси (Президенти)ни сайлайди. Стивен Пэрри 2014 йилнинг 7 июлидан буён Сенат раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Маълум сабаблар билан палата раиси ишдан кетса, Сенат ўз аъзолари ичидан янги раисни сайлайди. У палата аъзоларининг овози билан лавозимидан четлаштирилиши мумкин. Қолаверса, Сенат раиси генерал-губернаторга ёзма мурожаат қилиб, ўз вазифасидан озод бўлиши мумкин. Сенат палата раиси парламент мажлисларида иштирок эта олмаган пайтларда унинг вазифасини вақтинча бажариши учун сенаторлар орасидан палата вице-президентини сайлаш ваколатига эга. Сенатор агар палата раиси мамлакат ҳудудидан ташқарида бўлса, генерал-губернатор номига билдирги ёзиб ўз вазифасидан озод бўлиши мумкин. Сенат рухсатисиз икки ой давомида палата мажлисларида қатнашмаган сенатор ўз вазифасидан озод этилади. Палатада сенаторлик ўрни бўшаб қолганида Сенат раиси бу ҳақда тегишли штат губернаторига хабар беради. Борди-ю у мамлакат ҳудудидан ташқарида бўлса, бу ҳақда генерал-губернаторга хабар қилиши лозим.

Сенат мажлисида аъзоларнинг камида учдан бир қисми иштирок этган тақдирда унинг қарорлари қонуний кучга эга бўлади. Мажлисда кўтариладиган масалалар кўпчиликнинг овози билан ҳал қилинади. Сенат раиси ҳар қандай вақтда ҳам овоз бериш ҳуқуқини сақлаб қолади. Дейлик, овозлар тенглашган тақдирда Сенат раисининг овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Сенат даромад ёки пул маблағларини тасарруф этиш, солиқ солиш билан боғлиқ қонун лойиҳаларини қабул қилиш ёки бундай лойиҳага тузатиш киритиш ваколатига эга эмас. Сенат тузатиш киритиш ваколатига эга бўлмаган қонун лойиҳасини Вакиллар палатасига унинг ҳар бир қисми бўйича камчиликларни кўрсатган ҳолда қайтариши мумкин. Қуйи палата бундай камчиликларни инобатга олиши ёки уни қандай бўлса, шундайлигича қабул қилишга ҳақли. Мазкур ҳолатни ҳисобга олмаганда бошқа ҳар қандай қонун лойиҳаларини қабул қилишда иккала палата бир хил ваколатга эга.

Генерал-губернатор қонунларни қабул қилишда палаталар ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда бир вақтнинг ўзида иккала палатани ҳам тарқатиб юбориши мумкин. Бироқ Вакиллар палатасининг ваколат муддати тугашига олти ой қолганида тарқатиб юборилиши мумкин эмас. Иккала палата қабул қилган қонун лойиҳаси генерал-губернаторга тақдим этилади. Генерал-губернатор тақдим этилган ҳар қандай қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш ва тузатишлар киритиш учун қайтаришга ҳақли. Палаталар эса бундай талабларни ҳисобга олишлари лозим. Қиролича генерал-губернатор қабул қилган ҳар қандай қонун лойиҳасини бир йил ичида бекор қилиш ваколатига эга.

Ўтган шанба куни Австралия парламентига навбатдаги сайлов ўтказилди. Сўнгги уч йил давомида аъзолари кўплиги билан парламентда етакчилик қилиб келаётган Бош вазир Малкольм Тернбулл раҳбарлигидаги Либерал миллий коалиция сайловда бу гал ғалаба қозона олмади. 2013 йилдан буён ўзини мухолифат партия сифатида эълон қилган Билл Шортен бошчилигида Лейбористлар партияси ҳам ғалаба учун етарли ўринга эга бўлолмади. Мамлакатнинг бу икки етакчи партияларидан бири парламентдаги 150 ўриндан камида 76 мандатни қўлга киритиши лозим эди. Камида 76 ўрин ёки бундан ҳам яхшироқ натижага эришган партия ҳуқуматни шакллантириш имконига эга бўларди. Сайлов комиссиясининг сўнгги маълумотларига кўра, Либерал миллий коалиция  71, лейборист­лар 68, қолган сиёсий партия ва мус­тақил номзодлар 5 ўринни қўлга киритди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қолган олти округда бир-бирига анча яқин натижалар қайд этилгани учун ким кўп овоз олгани мавҳумлигича қолмоқда.

Шаҳзод Ғаффоров,
“Milliy tiklanish” мухбири

Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz