ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Дания парламенти


Дания парламенти

Дания парламенти

бир палатали бўлиб, унда тўрт йил муддатга сайланадиган 179 депутат фаолият юритади

Дания қироллиги — Европанинг шимоли-ғарбидаги давлат. Ютландия ярим оролининг катта қисмини ва унга яқин ороллар гуруҳи (Зеландия, Фюн, Лолланн, Фальс­тер ва бошқалар)ни ўз ичига олади. Майдони — 43 минг 43 квадрат километр (Гренландия ва Фарер оролларидан ташқари). Аҳолиси — 5,6 миллион. Пойтахти — Копенгаген шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 14 вилоят (амт)га, улар эса коммуналарга бўлинади. Копенгаген ва Фредерикеберг шаҳарлари мустақил маъмурий бирликка ажратилган бўлса ҳам, вилоятларга тенглаштирилмаган. Ички мухторият мақомидаги Фарер ҳамда Гренландия ороллари Дания қироллиги таркибига киради.

Дания давлат бошқарув шаклига кўра конституциявий монархия. Амалдаги Конституцияси 1953 йил 5 июнда қабул қилинган. Давлат бошлиғи — қирол ёки қиролича (1972 йилдан қиролича Маргрете II). Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Фолькетинг (бир палатали парламент) амалга оширади. Фолькетингда умумий, тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш йўли билан тўрт йил муддатга сайланадиган 179 депутат фаолият юритади. Фарер ҳамда Гренландия оролларидан иккитадан депутат сайланади. Қирол (қиролича) ижроия ҳокимиятни — Бош вазир ва ҳукумат аъзоларини тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади.

Парламент кенг ваколатларга эга. Хусусан, қонунларни қабул қилади, уларнинг ижросини назорат қилади, давлат бюджетини тасдиқлайди, ҳукумат фаолияти устидан назоратни амалга оширади, ҳукумат ёки вазирларга нисбатан ишончсизлик билдиради. Сайловда энг кўп овозни қўлга киритган партия ёки партиялар коалицияси Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш ҳуқуқига эга. Жиноят жойида қўлга олинишни ҳисобга олмаганда, бирорта депутат Фолькетинг рухсатисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.

Депутатлар ҳамда ҳукумат қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Қонун уч ўқишда қабул қилинади. Даставвал қонун лойиҳаси ўрганиб чиқиш учун доимий ёки махсус комиссияга тақдим этилади. Тегишли комиссияда муҳокама қилинган лойиҳа иккинчи ўқиш учун юборилади. Мазкур босқичда лойиҳанинг ҳар бир моддаси обдон кўриб чиқилади. Учинчи ўқишда қонун лойиҳасидаги барча жиҳат умумлаштирилади. Шундан сўнг лойиҳа овозга қўйилади. Депутатларнинг кўпчилиги овоз берган тақдирда қонун лойиҳаси қабул қилинган ҳисобланади. Сўнгра қонун лойиҳаси қиролга юборилади. Қирол эса лойиҳани 30 кун ичида тасдиқлайди.

Ҳар бир депутат парламентга қонун лойи­ҳасини киритиши мумкин. Парламентнинг бешдан икки қисми қонун лойиҳасини иккинчи ўқишдан сўнг, учинчи ўқиш бошлангунига қадар — ўн икки кун ичида референдумга қўйиш ташаббусини илгари суриши мумкин. Парламентнинг учдан бир қисми лойиҳа қабул қилинганидан сўнг уч кун ичида Фолькетинг раисига бу борада референдум ўтказилишини сўраб, ёзма мурожаат юборади. Агар талаб қондирилса, лойиҳа эълон қилинади. Референдум лойиҳа эълон қилинганига 12 кун тўлмай ёки 18 кун кечиктириб ўтказилиши мумкин эмас. Сайловда иштирок этган фуқароларнинг кўпчилик қисми қонун лойиҳасига қарши овоз берса, у рад этилган ҳисобланади. Молиявий йўналишдаги қонун лойиҳалари референдумга қўйилиши мумкин эмас. Парламентнинг ҳар қандай қарори депутатлар таркибининг камида ярми иштирокида қабул қилинади.

Парламентнинг муҳим ваколатларидан бири — ҳукумат фаолиятини назорат қилиш. Агар Фолькетинг ҳукумат ёки Бош вазирга ишончсизлик билдирса, улар истеъфога чиқиши лозим. Шунингдек, парламент вазирларни қонунга зид хатти-ҳаракатлари учун Давлат суди олдида жавобгарликка тортишга ҳақли.

Фолькетинг ўз таркибидан халқаро масалалар бўйича қўмитани шакллантиради. Ҳукумат ташқи сиёсат бўйича айрим муҳим масалалар юзасидан қарор қабул қилиш олдидан мазкур қўмита билан бамаслаҳат иш юритади.

Янги сайланган парламентнинг илк мажлиси сайловдан сўнг ўн икки кун ўтиб, соат 12 да ўтказилади. Бироқ қирол парламент мажлисини олдинроқ чақириши мумкин. Парламент сессияси октябрь ойининг биринчи сешанбасида бошланиб, кейинги йил октябрь ойининг илк сешанбасига қадар давом этади. Фолькетинг ўз регламентини қабул қилади. Парламент мажлислари очиқ-ошкор тарзда ташкил этилади. Депутатлар таркиби тасдиқланиб бўлгач, парламент аъзолари таркибидан раис ва унинг ўринбосари сайланади. 2015 йилнинг 3 июлидан Пиа Кьярсгаард Фолькетинг раиси вазифасини бажариб келмоқда.

Парламент доимий комиссияси партия фракцияси аъзоларидан шакллантирилади. Бундан таш­қари, муайян масалани тадқиқ этиш ёки бирор-бир қонун лойиҳасини кўриб чиқишга мўлжалланган махсус комиссиялар ҳам тузилиши мумкин. Вазирлар парламент мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Фолькетинг раиси депутатлар таркибининг бешдан икки қисми ёки Бош вазир талаби билан парламентнинг махсус йиғилишларини чақириши мумкин.

Фолькетинг аудиторларни сайлайди. Улар ҳар йили давлат маблағлари сарф-харажатларининг ҳисоботини текшириб, бюджет тушумларининг давлат ғазнасига тушаётгани, сарф-харажатлар молиявий йўналишдаги қонунларга мувофиқ тарзда амалга оширилишини назорат қилади. Аудиторлар тегишли идоралар ва мансабдор шахслардан фаолияти учун зарур ҳар қандай ахборотларни талаб қилиш, керакли ҳужжатларни олиш ҳуқуқига эга. Аудиторларнинг сони ва унинг мажбуриятлари қонунга мувофиқ тартибга солинади.

Сайлов кунини эса ҳукумат раҳбари белгилайди. Сайловга қадар 21 ёшга тўлган мамлакат фуқароси сайлаш ҳуқуқига эга. Аввалги сайловда ўз вакиллари сайланишига эришган сиёсий партиялар сайловда тўғридан-тўғри иштирок этса, қолган партиялар сайловчиларнинг зарурий имзоларини тўплаши талаб этилади. Мустақил номзодлар ҳам сайловда иштирок этиши мумкин. Бунинг учун 150-200 сайловчи номзодни қўллаб-қувватлаши керак. Ғалаба учун эса сайлов округида 10-20 минг овоз тўплаш зарур. Бироқ бундай номзодлар фақатгина 1953 ҳамда 1994 йилги сайловларда парламентга сайланишга эришган, холос.

Ўтган йилнинг 18 июнида мамлакат парламентига сайлов ўтказилди. Унда маълум бир тоифалар учун солиқларни, ишсизликни камайтириш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаси учун сарф-харажатларни оширишни мақсад қилган ўнг коалиция (Венстре, Халқ, “Либераль Альянс” ҳамда Консерватив халқ партиясидан иборат) ғалаба қозонди. Улар 179 мандатдан 90 тасини қўлга киритди. Соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини қўллаб-қувватлаш, кекса фуқароларни рағбатлантириш ҳамда “яшил” технологияларни ривожлантиришни ўзининг асосий мақсади деб билган чап марказлашган коалиция эса (Социал-демократик, Социал-либерал, Социал халқ, “Муқобил” партия­лари ҳамда Қизил-яшил альянсдан иборат) 85 мандатга эга бўлди. Фарер ҳамда Гренландия оролларидан эса иккитадан вакил сайланди.

“Milliy tiklanish” мухбири
Шаҳзод Ғаффоров тайёрлади

Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz