ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Дунёдаги энг таъсирчан парламентлардан бири – Европарламентга саёҳат


Дунёдаги энг таъсирчан парламентлардан бири – Европарламентга саёҳат

Дунёдаги энг таъсирчан парламентлардан бири – Европарламентга саёҳат


Европарламент – бу дунёда ўхшаши бўлмаган ягона қонун чиқарувчи орган ҳисобланади. Унинг ноодатийлиги кўп миллатлилиги ва кўп тиллилигидадир. Қитъанинг 28 мамлакатидан сайланган, 24 та тилда сўзлашавчи депутатлари умумий қонунларни қабул қиладилар. Европарламент бирлашган Европа фуқароларининг овоз бериш йўли (пропорционал) билан сайланувчи ягона институти ҳамдир.

1952 йил 10 cентябрда у маслаҳат органи сифатида ташкил этилган ва Умумий Ассамблея деб аталган. Ассамблея депутатлари эса миллий парламентлар томонидан тайинланган. 1979 йилда илк бор Европарламентга тўғридан-тўғри сайлов бўлиб ўтган ва ўшанда 410 та депутат сайланган.


    Симона Вейль – Европарламентнинг биринчи аёл президенти (1979 й) 


ЕВРОПАРЛАМЕНТНИНГ АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ


Европарламентнинг асосий функцияси бу қонунчиликдир ва у бу функциясини Европа Иттифоқи Кенгаши билан бўлишган. Парламентда қонунлойиҳалари фақатгина кўриб чиқилади ва тасдиқланади (Европарламентда қонунчилик ташаббуси мавжуд эмас). Қонунлойиҳалари ҳар доим Еврокомиссия ташаббуси билан ишлаб чиқилади. Аммо парламент Еврокомиссиядан фуқаролар таклифлари асосида у ёки бу қонун лойиҳасини қайта ишлашини сўраши мумкин.

photo_2019-07-04_15-10-16.jpg

Парламентнинг иккинчи муҳим функцияси бу — назоратдир: у Европа Иттифоқининг барча идоралари фаолияти устидан демократик назоратни амалга оширади. Парламент плунеми Еврокомиссия аъзолари ва раисини тасдиқлайди ёки рад этади. Парламент Комиссия аъзолигига таклиф этилаётган номзодлардан бирини рад этиш ҳуқуқига эга эмас. Ўз навбатида парламент Еврокомиссияга ишончсизлик вотумини илгари суриши ва уни истефога чиқариши мумкин. Ишончсизлик вотуми евродепутатларнинг 1/10 қисмининг таклифи билан киритилади ва таклиф Еврокомиссияга йўналтирилади. Орадан 24 соат ўтганидан сўнг муҳокамаларни бошлаш мумкин бўлади. Еврокомиссияга ишончсизлик тўғрисидаги таклиф қабул қилиниши учун депутатларнинг 2/3 қисмининг овози талаб этилади. Аммо Европарламент бу ваколатидан бугунги кунга қадар бирор марта ҳам фойдаланмаган.

zdanie_evroparlamenta_iznutri_0.jpg 

Парламентнинг яна бир муҳим функцияси бу — бюджетдир. Депутатлар ЕИ нинг бюджетини тасдиқлайдилар ва унинг ижросини назорат қиладилар. Европарламент умуман бюджет лойиҳасини рад этиши (қўмита ёки фракция таклифи билан: 29 депутатдан кам бўлмаганда) ҳам мумкин. Ва парламентда бир неча бюджет лойиҳалари рад этилган ҳам. Аммо бюджет лойиҳасини парламентнинг ўзи қайта ишлаб чиқиб, тасдиқлай олмайди.

Бундан ташқари парламент халқаро шартномаларни Европа Иттифоқи томонидан имзоланишига ва Иттифоқга янги аъзоларнинг қабул қилинишига оид қарорларни қабул қилади. Шунингдек, сайловларни кузатиш миссиясида ҳам иштирок этади.


ЕВРОПАРЛАМЕНТГА САЙЛОВЛАР

Европарламентга сайловлар ҳар беш йилда бир марта бўлиб ўтади.

Европарламент сайловларига овоз бериш Иттифоқ мамлакатларида маълум бир ҳафтада ўтади, аммо турли мамлакатларда хар хил кунларда. Овозларни ҳисоблаш билан ягона марказий орган эмас, балки ҳар бир мамлакатнинг ўзи шуғулланади. ЕИ нинг кўпгина мамлакатларида мазкур сайловларда иштирок этиш ихтиёрий, аммо бир нечта, хусусан, Бельгия, Люксембург, Кипр и Греция мамлакатларининг фуқаролари сайлов участкаларига келишлари ва овоз беришлари шарт.

Номзодларнинг ёшига бўлган талаблар аксарият мамлакатларда 18 ёшдан баъзи бирларида эса 25 ёшдан (Греция, Италия ва Кипр). Шунингдек, Иттифоқнинг баъзи мамлакатлари номзодларга миллий талабларни ҳам қўйишади.

alegeri-europarlamentare.jpg

Евродепутатлар сайловининг ягона тартиб-таомили мавжуд эмас, ҳар бир давлат учта чекловларга мос бўлиши керак бўлган ўз тизимини тасдиқлашга ҳақли:

·  сайловлар пропорционал сайлов тизими бўйича ўтиши керак;

·  сайлов ҳудудлари бўлинган бўлиши мумкин, агар бу овоз бериш тизимининг пропорционал характерига таъсир этмаса;

·  фоиз чегараси 5 %дан ошмаслиги керак.

Овоз бериш партия рўйхатлари бўйича бўлиб ўтади – сайловчи бюллетенлар тўпламини олади, улар орасидан у биттасини олиши ва уни махсус конвертга солиши зарур. Танланган бюллетенда у ўзига маъқул бўлган номзодга плюс қўйиши ёки унга ёқмаган номзоднинг исми-фамилиясини ўчириб ташлаши мумкин.

Қонун-қоидаларга мувофиқ европарламент депутати бир вақтнинг ўзида ўз мамлакати парламенти ёки ҳукумати аъзоси бўлиши, шунингдек ЕИнинг бошқа институтларида ҳам фаолият олиб боришлари таъқиқланади. Аммо евродепутатлар халқаро делегация аъзоси бўлиши ва Брюссель ёки Страсбургга келадиган чет эл делегациялари билан учрашиши ёки хорижий давлатлар қўмиталари ёки парламентларига ташриф буюриши мумкин.

23-109.jpeg

Европарламентдаги 751 ( агар Буюк Британия ЕИ дан чиқиб кетса, депутатлар сони 705гача қисқаради ) та депутатлар 513 миллионга яқин европаликларнинг манфаатларини ифодалайдилар. Ҳар бир мамлакат ўз аҳолисининг сонидан келиб чиққан ҳолда Европарламентдан жой эгаллайди. Лекин ўринлар сони 6 тадан кам ёки 96 тадан кўп бўлиши мумкин эмас.

Европарламент мустақил равишда ўз депутатлари орасидан 2.5 йил муддатга ўз президентини (раисини) сайлайди. 2019 йилнинг 3 июлидан яъни кечадан бошлаб парламентни Италиядан сайланган депутат Давид Сассоли бошқара бошлади.

RTS2KQA8-pic905-895x505-62194.jpg
Давид Сассоли - Европарламентнинг 31 президенти


Президент парламент ва унинг органларининг бутун фаолиятини бошқаради. Кун тартибини белгилаш борасида кенг ваколатларга эга, у муайян масалани муҳокама этишнинг бошланиши ва якунланиши ҳақида эълон қилади, масалани овозга қўяди, ниҳоят, фақат у депутатга бир масала юзасидан икки мартадан кўп сўзга чиқишга рухсат бериш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, у салмоқли интизомий ҳокимиятга эга, регламентни бузувчига танқидий муносабат билдириши мумкин, бу эса икки кундан беш кунгача мажлисда иштирок этишни ман этишга олиб келади. Аммо раиснинг энг муҳим ҳуқуқи бу Ҳамжамиятнинг бошқа мамлакатларида ёки чет элда Европарламент номидан сўзга чиқиш ҳуқуқидир. Шу боис мазкур лавозимга қатъий сиёсий кураш бўлади.

Бугунги кунда парламентда 14 та вице-президент бор. Президент бўлмаганда ёки бевосита музокараларда иштирок этганда унинг ўрнини бирор бир ўринбосари бошқариб туради.

Шунингдек, европарламент ўз депутатлари орасидан 5 та квесторни ҳам сайлайди. Квесторлар Европарламент фармонларига мувофиқ маъмурий ва молиявий масалалар билан шуғулланишади.

Европарламентда депутатлар сиёсий гуруҳларга (фракцияларга) бирлашадилар (миллатидан келиб чиқиб эмас!). Ҳозирда 8 та шундай гуруҳлар бор. Бир фракцияда турли мамлакатнинг вакиллари ишлашади. Асосий талаб - фракция таркибида Иттифоқнинг 8 мамлакатидан камида 25 депутатларнинг бўлишидир. Демократлар, либераллар ва социалистлар Европа парламентининг эски сиёсий кучларидан ҳисобланади. Консерваторлар ва ислоҳотчилар (реформисты) ҳам яна бир катта фракциядир. Парламентдаги қолган ўринлар чап, яшил ва бошқа сиёсий қарашлар вакиллари ҳамда мустақил депутатлар ўртасида бўлинади.

1473166386_evroparlament.jpg

Депутатлар қўмиталарда барча масалаларни муҳокама қилиб, ялпи мажлисларга тайёргарлик кўришади. Буйдай қўмиталар парламентда 22 та. Қўмиталарда ихтисослашган йўналишлардан келиб чиқиб, ички бозордан тортиб – ташқи сиёсатгача, туризмдан тортиб – инсон ҳуқуқларигача бўлган масалалар муҳокама этилади.

Қўмиталардан ташқари Европарламентда 44 та делегация ҳам тузилган. Улар Европа парламентининг халқаро алоқалари ривожланишига ва дунёда ЕИ мавқеини ошиши каби масалаларга масъул бўлишади.

Европарламент сессия тартибида ишлайди. Сессиялар қоида бўйича йил давомида давом этади. Ҳар ойда, августдан ташқари, парламент Страсбургда тўрт кунлик ялпи мажлисда учрашади, бир йилда олти мартта депутатлар икки кунга Брюсселда йиғилади. Амалиёт шуни кўрсатадики, Европарламент ойига бир хафта, йилига эса 12 хафта ишлайди.

Парламентнинг барча ялпи мажлислари, унинг Аудиовизувал хизмати сайтида тўғридан-тўғри трансляция қилиб борилади.

Dsiy2T9WsAInLrT.jpg

Депутатлардан ташқари Европарламентда депутатлардан ташқари яна 7500 мингга яқин кишилар ишлашади. Улар таржимонлар, котиблар, ёрдамчилар, стажёрлар ва бошқалар. 

Ташкилотнинг қонун қоидалари ва иши Европарламент Регламенти билан тартибга солинади.

Табиийки, евродепутатлар ўз мамлакатлари сайловчилари билан алоқа қилиб туришлари керак. Кўпчилик евродепутатлар хафтанинг жума кунлари ўз сайловчилари, маҳаллий ҳокимят ва сиёсатчилар ҳамда касаба уюшмалари билан учрашадилар. Евродепутатлар сайловчилар билан ишлаш офиси ва парламент офиси ишлари учун ёрдамчиларни ёллашлари мумкин.

photo_2019-07-04_10-23-34.jpg


Нимаси билан Европарламент барча одамларни ўзига жалб қилади? Табиийки, биринчи навбатда, юқори иш ҳақи билан, унинг миқдори солиқлар тўлангандан кейин 6 минг 824,85 еврога тенг. Бундан ташқари, депутатларда турли қўшимча устамалар ҳам бор. Сессиянинг ҳар бир куни учун европарламент депутатлари 320 евро миқдорида устама олади, агар улар хизмат сафарига кетаётган бўлса, унда уларга бизнес-классда учиш билети ва кунига қарийб 300 еврога тенг суткалик пул тўлаб берилади.

Шунингдек, ҳар ойда евродепутатларга улар сайланган мамлакатда офис учун 4 минг 500 евро ажратилади. Лекин депутатлар унутмаслиги керакки, агар Страсбургдаги ялпи мажлисларнинг ярмида қатнашмаса, бу нафақа икки бараварига қисқартирилиши мумкин. Агар евродепутат ўз вазифаларини сидқидилдан бажарса, унинг даромадлари ойига бемалол 10 минг евродан ошиши мумкин ( ! ЕИ мамлакатларида ўртача ойлик иш ҳаққи 2500-3000 евро).

photo_2019-07-04_10-25-23.jpg

Евродепутатларга бундан ташқари ойига қарийб 25 минг еврони ташкил этадиган ёрдамчиларни таъминлаш учун бюджет ажратилади. Депутатларга яна тўлиқ тиббий суғурта ва Европарламентда ишлаган ҳар бир йили учун ойликнинг 3,5% миқдорида пенсия тўланади. 


ЕВРОПАРЛАМЕНТ ҚАЙЕРДА ЖОЙЛАШГАН? 

Европарламент учда шаҳарда ишлайди. Страсбург (Франция) – йилига 12 та ялпи сессия ўтказиладиган расмий йиғилиш жойи. Брюсселда (Бельгия пойтахти) - алоҳида (махсус) сессиялар, шунингдек қўмиталар йиғилишлари бўлиб ўтади. Люксембургда эса (Люксембург пойтахти) - парламентнинг маъмурий тузилмалари жойлашган.

photo_2019-07-04_10-27-51.jpg


ЕВРОПАРЛАМЕНТГА ТАШРИФ! 

Очиқлик ва шаффофлик – бу евроинститутлар иш фаолиятнинг асосий принциплардан бўлгани боис, Европарламент йиғилишларига ҳар бир одам иштирок этиши мумкин. У хоҳ ЕИ фуқароси бўлсин, хоҳ сайёҳ. Йиғилишларда иштирок этиш учун паспортингизни ўзингиз билиб олиб боришингиз кифоя, факат парламент сайтидан йиғилиш бўлиб ўтадиган кунни аниқлаштириш лозим.

photo_2019-07-04_10-35-03.jpg

Жамоа бўлиб ташриф буюриш учун олдиндан рўйхатга ёзилиш керак бўлади. эътиборлиси, ташриф буюрувчилар нафакат йиғилиш залларига, балки, бошқа хоналарга ҳам бемалол киришлари мумкин. Парламент биносида суратга тушиш ва видеога олиш мумкин, асосийси шовқин қилмасангиз бас!


Ойбек ДАВРОНОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши
етакчи мутахассиси 


Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz