ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Франция парламенти


Франция парламенти

Франция парламенти икки палатали бўлиб, миллий мажлисда 577 депутат, сенатда эса 348 сенатор фаолият юритади

Франция Республикаси ғарбий Европада жойлашган. Ғарбда ва шимолда Атлантика океани ҳамда Ла-Манш бўғози, жанубда Ўрта ер денгизи билан ўралган. Шимоли-шарқдан Бельгия, Люксембург ҳамда Германия, шарқдан Швейцария, жануби-шарқдан Монако ва Италия, жануби-ғарбдан Испания ҳамда Андорра билан чегарадош. Майдони — 547 минг 30 квадрат километр. Аҳолиси — 66,7 миллион. Расмий тили — француз. Пойтахти — Париж шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 18 регион, 101 департаментга бўлинган. Пул бирлиги — евро. Амалдаги Конституцияси 1958 йили референдумда қабул қилинган. Давлат бошлиғи — Президент. Қонун чиқарувчи ҳокимият — парламент, икки палата (Миллий мажлис ва Сенат)дан иборат. Ижро ҳокимиятни Президент ҳамда Вазирлар кенгаши (ҳукумат) амалга оширади. Франция Европа Иттифоқига аъзо.

Миллий мажлисда беш йил муддатга сайланадиган 577 депутат, Сенатда олти йил муддатга сайланадиган 348 сенатор фаолият юритади. Сенат таркибининг ярми ҳар уч йилда янгиланади. Шунга мувофиқ равишда унинг раиси ҳам ҳар уч йилда сайланади. Миллий мажлис раисининг ваколат муддати депутатлар каби беш йил этиб белгиланган. Президент фақат қуйи палатани тарқатиб юбориш ваколатига эга.

Қуйи палатада партия фракциялари тузилади. Ҳар бир фракция камида 20 аъзодан иборат бўлиши шарт. Ҳар бир палатада доимий, махсус, назорат ва тафтиш комиссиялари тузилади ва ишчи органлар ҳисобланади. Депутат ва сенаторлар дахлсизлик ҳуқуқига эга. Улар парламент рухсатисиз жиноий жавобгарликка тортилиши ёки қамоққа олиниши мумкин эмас.

Парламент сессияси октябрь ойининг биринчи иш кунидан бошланиб, кейинги йил июнь ойининг сўнгги иш кунигача давом этади. Парламент мажлисларини ўтказиш куни ва вақтини ҳар бир палата ўз регламентига мувофиқ белгилайди. Парламент Бош вазир ёки Миллий мажлис аъзоларининг кўпчилик қисми талаби билан навбатдан ташқари сессия ўтказади. Ҳукумат аъзолари иккала палатанинг ҳам мажлисида иштирок этиши мумкин. Парламент мажлислари очиқ-ошкора ташкил этилади. Ҳар бир палата Бош вазир ёки ўз аъзоларининг ўндан бир қисми талаби билан ёпиқ мажлислар ҳам ўтказади.

Парламент ҳамда ҳукумат қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Одатда, қонунлар уч ўқишда қабул қилинади. Қуйи палата қабул қилган қонун юқори палатага тақдим этилади. Палаталар қабул қилган қонун Президентга юборилади. Давлат раҳбари парламент қабул қилган қонунни кўриб чиқиб, 15 кун ичида имзолаши лозим. Президент қонунни қайта кўриб чиқиш учун ўз эътирозлари билан парламентга қайтаришга ҳақли. Агар парламент аъзоларининг кўпчилик қисми қонунни дастлабки кўринишда қайта маъқулласа, Президент уни имзолаши шарт. Давлат раҳбари парламент томонидан унга тақдим этилган ҳар қандай қонунни Конституцияга қанчалик мувофиқ келиши масаласига ойдинлик киритиш мақсадида уни кўриб чиқиб, хулоса бериш учун Конституциявий кенгашга тақдим этиши мумкин.

Францияда сайловгача 18 ёшга тўлган мамлакат фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга. 23 ёшга тўлган фуқаро депутат, 35 ёшга тўлган фуқаро сенатор сифатида сайланишга ҳақли. Мамлакатда 577 сайлов округи тузилади. Депутатлар мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли округлардан сайловчиларнинг энг кўп овозини олиш воситасида сайланади. Ҳар бир партия сайловда депутат билан бирга унинг ўринбосарлари номзодини ҳам илгари суради. Ўринбосарлар сайланган депутат турли сабаблар (вазир лавозимини эгалласа, вафот этганда ёки бошқа важлар) билан ишдан кетган тақдирда унинг ўрнини эгаллайди. Депутат ва унинг ўринбосарлигига номзод битта округдан кўрсатилиши шарт.

Биринчи турда ғалаба қозониш учун округдан рўйхатдан ўтган сайловчиларнинг мутлақ кўпчилик овозини (бироқ 25 фоиздан кам бўлмаслиги лозим) қўлга киритиш талаб этилади. Борди-ю номзодларнинг бирортаси ҳам сайловчиларнинг мутлақ кўпчилик қисми овозини қўлга кирита олмаса, бир ҳафтадан сўнг қайта сайлов ўтказилади. Биринчи турда сайловчиларнинг камида 12,5 фоиз овозини қўлга киритган номзодларгагина иккинчи турда иштирок этишга рухсат берилади. Иккинчи турда сайланиш учун сайловчиларнинг нисбатан кўпчилик овозини қўлга киритиш талаб этилади. Агарда номзодлар тенг овозни қўлга киритса, улар орасида ёши улуғ номзод ғалаба қозонган деб топилади.

Шу йилнинг 11-18 июнь кунлари Францияда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унинг биринчи турида “Олға, республика!” партияси сайловчиларнинг 28,21 фоиз, у билан ягона альянс таркибига кирувчи Демократик ҳаракат партияси эса 4,12 фоиз, ўнг йўналишдаги Респуб¬ликачилар партияси 15,77 фоиз овозини қўлга киритди. Қолган сиёсий партиялар эса етарли овоз йиға олмади.

18 июнда ўтказилган сайловнинг иккинчи турида “Олға, республика!” партияси 308 депутатлик мандатини қўлга киритиб, ғалаба қозонди. Мазкур партия билан бир альянсда бўлган Демократик ҳаракат партияси эса 42, Республикачилар партияси 112 мандатни қўлга киритди.
Бу галги сайловда парламентга сайланган аёл депутатлар сони бўйича рекорд натижа қайд этилди. Агар 2012 йилги сайловда 155 аёл депутат этиб сайланган бўлса, бу йил қуйи палатадаги 577 депутатлик ўрнининг 223 тасини хотин-қизлар эгаллади. Бу парламент аъзолари умумий сонининг қарийб 40 фоизи дегани. Сайланган депутатларнинг ўртача ёши 48 ёшни ташкил этди. 424 нафар (73 фоиз) депутат қуйи палата аъзолигига илк бор сайланди.

Бугун Франция парламентида энг кўп депутатлик ўрнига эга “Олға, республика!” партиясига ўтган йилнинг 6 апрелида “Олға” деган ном билан мамлакатнинг амалдаги Президенти Эммануэль Макрон асос солган. Жорий йилнинг май ойидан эътиборан унга Катрин Барбару раислик қилиб келмоқда. Айнан шу вақтдан бошлаб, у “Олға, республика!” деб қайта номланди. Айни пайтда партиянинг 339 минг 751 нафар аъзоси бор. Партия номзодлари сайловолди ташвиқоти жараёнида меҳнат ҳамда нафақа қонунчилигига ўзгартиш киритиш, терроризмга қарши янги қонун қабул қилиш, давлат харажатлари миқдорини камайтириш билан боғлиқ қатор ташаббус ва мақсад-вазифаларни илгари сурди.

“Milliy tiklanish” мухбири
Шаҳзод Ғаффоров тайёрлади


Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz