ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Германия парламенти


Германия парламенти

Германия парламенти

Германия Федератив Республикасининг амалдаги Конституцияси 1949 йил 23 майда қабул қилинган бўлиб, шу кунгача унга бир неча бор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Марказий Европада, Шимолий ва Болтиқ денгизлари соҳилида жойлашган бу давлатнинг майдони 357 минг квадрат километр, аҳолиси — 82 миллиондан зиёд. Пойтахти — Берлин шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 16 ер (вилоят)га, ерлар округларга, округлар туманларга, туманлар жамоаларга бўлинади. Давлат бошлиғи — Федерал президент. Уни махсус чақириладиган федерал мажлис беш йил муддатга сайлайди.

Қонун чиқарувчи ҳокимиятни парламент — Бундестаг ҳамда Бундесрат (ер (вилоят)лар ижро ҳокимияти вакиллик органи бўлиб, маҳаллий ҳукумат аъзоларидан иборат) амалга оширади. Бундестагда аҳоли томонидан тўрт йил муддатга сайланадиган 709 депутат фаолият олиб боради. Бундесрат эса маҳаллий ҳукуматлар ўз орасидан тўрт йил муддатга тайинлайдиган 69 вакилдан иборат. Ижро ҳокимиятини Федерал канцлер бошчилигидаги Федерал ҳукумат амалга оширади. Президент таклиф этган номзод Бундестагда кўпчилик овоз билан Федерал канцлер этиб сайланади. Вазирлар Федерал канцлернинг таклифи билан Президент томонидан тайинланади.

Мамлакат Конституциясига мувофиқ парламент қонунларни қабул қилиш, халқаро шартномаларни ратификация қилиш, Федерал канцлер ва судьяларни сайлаш, Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини назорат қилиш, давлат бюджетини тасдиқлаш каби ваколатларга эга.

Бундестагнинг илк мажлиси сайловдан 30 кун ўтиб ўтказилади. Қуйи палата раиси депутатлар таркибининг учдан бир қисми, Президент ёки Федерал канцлер талаби билан мажлисни олдинроқ чақириши ҳам мумкин. Бундестаг фаолиятини парламент томонидан сайланадиган президиум бошқаради. У раис ва унинг ўринбосарларидан иборат бўлади. Бундестагда партия фракциялари тузилади. Фракция раҳбарлари доимий комиссияларни тузиш ва уларнинг раисларини тайинлашда иштирок этади. Депутатлар дахлсизлик ҳуқуқига эга. Улар қуйи палата розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.

Бундестаг мажлислари очиқ-ошкора тарзда ўтказилади. Унинг аъзолари ўндан бир қисми ёки Федерал ҳукуматнинг учдан икки қисми талаби билан ёпиқ мажлислар ҳам ўтказилиши мумкин. Бундестаг ва унинг қўмиталари ҳукуматнинг исталган аъзосини ўз мажлисида иштирок этишини талаб қилиши мумкин.

Бундесрат ўз раисини бир йилга сайлайди. Унинг мажлиси очиқ-ошкора ўтказилади. Бироқ муайян вазиятларда ёпиқ мажлислар ҳам ўтказилиши мумкин. Бундесратда ҳар бир ердан қанча вакил фаолият юритиши уларнинг аҳолиси сонига боғлиқ. Ушбу палатада 16 та қўмита доимий асосда фаолият юритади.

Қонун лойиҳалари Бундестагга депутатлар, Бундесрат ёки ҳукумат аъзолари томонидан киритилади. Парламентда қонун ижодкорлиги жараёни анъанавий услубда амалга оширилади: қонун лойиҳаси аввал Бундестагга киритилади. Бу ерда тегишли қўмита муҳокамасидан ўтказилиб, қабул қилингач, палата ялпи мажлиси муҳокамасига қўйилади. Бундестагда қабул қилинган қонун лойиҳаси Бундесратга юборилади. Юқори палата тасдиқлаган қонун лойиҳаси қабул қилинади ва кучга киради. Борди-ю, Бундесрат лойиҳага ўзгартиш киритса, у ҳолда келишув комиссияси тузилади. Бундес¬таг баъзи ҳолатларда Бундесрат рад этган қонун лойиҳасини депутатларнинг учдан икки қисмининг овозисиз ҳам қайта қабул қилиши мумкин.

Депутатлар умумий, тўғридан-тўғри, эркин ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида тўрт йил муддатга сайланади. Мамлакат Президенти сайлов кунини белгилайди. У одатда якшанба куни ўтказилади. Бундестаг аъзолари аралаш сайлов тизими асосида сайланади. Уларнинг ярми бир мандатли сайлов округларида мажоритар сайлов тизими воситасида, қолган ярми эса пропорционал тизим асосида — кўп мандатли сайлов округларида федерал ерларнинг партия рўйхати воситасида сайланади. Сайлов муносабати билан мамлакатда 299 бир мандатли округ тузилади. Уларнинг ҳар биридан бир депутат сайланади. Партия рўйхатига овоз бериш эса 16 кўп мандатли округда амалга оширилади. Ҳар бир федерал ер (вилоят)да битта ана шундай округ тузилади. Федерал ерларнинг ҳар биридан қанча депутат сайланиши ҳам уларнинг аҳолиси сонига боғлиқ. Сайловда партиялар рўйхати асосида сайловчиларнинг камида беш фоиз овозини олган ёки бир мандатли округларда ўз вакилларининг камида уч нафарининг сайланишига эришган сиёсий партияга парламентдан жой ажратилади.

18 ёшга тўлган мамлакат фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга. Ҳар бир сайловчи икки маротаба овоз беради. Фуқаро аввалига бир мандатли округдан қўйилган номзодлардан бирига, кейин эса партиялар рўйхатига овоз беради. Сиёсий партиялар ҳамда фуқаролар Бундестагга номзодларни илгари суриш ҳуқуқига эга. Ҳар бир номзод битта сайлов округидан ёки федерал ерлардан бирининг партия рўйхатида ўз номзодини илгари суриши мумкин.

Шу йилнинг 24 сентябрида Германияда парламент сайлови ўтказилди. Унда жами 42 сиёсий партия иштирок этди. Сайловда мамлакат Федерал канцлери Ангела Меркель бошчилигидаги Германиянинг Христиан-демократик иттифоқи/Христиан-социал иттифоқи (ХДИ/ХСИ) партиялари альянси сайловчиларнинг 33 фоиз овози (246 мандат)ни қўлга киритиб, ғалаба қозонди. Бироқ бу уларнинг 1949 йилдан буён ўтказилган сайловлар орасида энг ёмон кўрсаткичи бўлди, дейиш мумкин. Партия 2013 йилга қараганда деярли тўққиз фоиз кам овоз тўплади. Мартин Шульц бошчилигидаги Социал-демократик партия 20,5 фоиз овоз (153 мандат), “Германия учун муқобил” партияси эса 12,6 фоиз овоз (94 мандат) тўплаб, мос равишда иккинчи ва учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, яна 3 та сиёсий партия — Озод демократик партия (10,7 фоиз овоз), “Сўллар” (9,2 фоиз) ва “Яшиллар” (8,9 фоиз) партиялари Бундес¬тагга кириш учун зарур бўлган 5 фоизлик бўсағадан ўтиб, парламентдан ўрин олди.

Германиянинг Христиан-демократик иттифоқи/Христиан-социал иттифоқи (ХДИ/ХСИ) партиялари альянсининг сайловда ғалаба қозонишида ушбу сиёсий кучнинг сайловолди дастури муҳим роль ўйнади, дейиш мумкин. Ушбу альянс сайловолди ташвиқоти пайтида мамлакатда ишсизлик даражасини 3 фоизга камайтириш, илм-фан соҳасига ажратиладиган сарф-харажатлар миқдорини 3,5 фоизга ошириш каби мақсад-вазифаларни кўтариб чиқди. Шунингдек, партиялар альянси иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш, даромад солиғини 15 миллиард еврогача тушириш, болали оилаларга ҳар ой ажратиладиган хайрия маблағларини 25 еврога ошириш, 2020 йилгача болалар боғчалари учун 1,1 миллиард евро ажратиш каби ташаббусларни ҳам илгари сурди.

Бу йилги сайловда Социал-демократик партиянинг иккинчи ўринни қўлга киритишидан кўра, “Германия учун муқобил” партиясининг учинчи ўринни банд этгани кўпчиликни ажаблантирди. Зеро, бу йилги сиёсий синов ушбу партиянинг нуфузи сезиларли ошганидан далолат берди. Консерватив йўналишдаги мазкур партия 2013 йилнинг 6 февралида ташкил этилган бўлиб, ўша йили ўтказилган парламент сайловида 4,7 фоиз овоз тўплаб, номзодларининг парламент депутатлигига сайланишига эриша олмади. Шунга қарамай, сиёсатчилар бу натижа янги ташкил топган партия учун ёмон кўрсаткич бўлмаганини эътироф этди. Бу йилги сайловолди жараёнларида ўтказилган сўнгги сўровномадан сайловчиларнинг 8-12 фоизи ушбу партияни қўллаб-қувватлаши олдиндан маълум бўлганди. Ушбу сиёсий партия бу сафар нафақат беш фоизлик довондан ўта олди, балки қўлга киритилган депутатлик ўринлари бўйича парламентда учинчи сиёсий партияга айланди.

“Германия учун муқобил” партияси Германиянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси бўлишига эришиш, мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун полиция ва адвокатура хизматлари учун харажатларни ошириш, ноқонуний муҳожирларга нисбатан чора кўриш, миллий қадрият ва анъаналарни сақлашга кўмаклашиш каби мақсад-вазифаларни илгари суради. Бундан ташқари, мазкур партия евро валютасидан воз кечиш, унинг ўрнига аввалги миллий валюта — марка ёки бошқа янги пул бирлигига ўтиш, агар Бундестаг бу таклифни рад этган тақдирда мамлакатнинг Евроҳудуддан чиқиши масаласини референдумга қўйиш каби ташаббусларни илгари сурмоқда.


Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz