ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Норвегия Консерваторлар партияси


Норвегия Консерваторлар партияси

Норвегия Консерваторлар партияси

Норвегия Қироллиги Шимолий Европа — Скандинавия ярим оролининг ғарбий ва шимолий қисмида жойлашган. Майдони 387 минг квадрат километр. Аҳолиси 5,2 миллион. Пойтахти — Осло шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 19 фюль­ке (вилоят)га бўлинади. Норвегия бошқарув шаклига кўра, конституциявий монархия. Амалдаги Конституцияси 1814 йил 17 майда қабул қилинган бўлиб, унга кейинчалик тузатишлар киритилган.

Давлат бошлиғи — қирол. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни бир палатали парламент — Стортинг амалга оширади. Унга ҳар тўрт йилда 169 депутат сайланади. Ижро ҳокимиятини Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси билан 1992 йил 10 июнда дипломатия муносабатлари ўрнатилган. Миллий байрами — Конституция куни 17 майда нишонланади.

Норвегия кўп партияли мамлакат. Бугунги кунда Норвегия парламенти (Стортинг)да 9 сиёсий партиядан сайланган депутатлар фаолият кўрсатади. Улар Норвегия ишчи, Консерваторлар, “Тараққиёт”, Марказ, Социалистик сўл, Либерал (“Венстре”), Христиан халқ, Яшил, Қизил партиялар, деб номланади. Сўнгги йилларда мамлакатда Норвегия консерваторлар партиясининг нуфузи ва мавқеи сезиларли даражада ошди. 2013 йилга қадар мамлакат сиёсий ҳаётида Норвегия ишчи партиясининг ўрни юқори бўлиб келган. Хусусан, Марказ ҳамда Социалистик сўл партиялари билан коалицияга бирлашган Ишчи партия 2005 йил 12 сентябрда ўтказилган парламент сайловида ғалаба қозонади. 

Натижада партия вакили Йенс Столтенберг мамлакат Бош вазири этиб тайинланади ва ҳукуматни бошқаради. 2009 йил 13 сентябрда бўлиб ўтган навбатдаги парламент сайловида ҳам мазкур коалиция яна ғалаба қозонди. Бу Йенс Столтенбергга ҳукуматни яна бир бор шакллантиришга имкон берди. 2013 йилнинг 9 сентябрида ўтказилган парламент сайловида эса Норвегия ишчи партиясининг бир ўзи энг кўп — 55 мандатни қўлга киритган бўлса-да, лекин бу коалицияга ҳукуматни шакллантириш учун етарли бўлмади. Коалиция жами 72 (Социалистик сўл партияси 7, Марказ партияси 10) ўринни қўлга киритди. Мамлакат қонунчилигига кўра, ҳукуматни шакллантириш учун партия ёки партиялар коалицияси камида 85 мандатга эга бўлиши керак. 

Бу сафар энг кўп ўрин Консерваторлар партияси бошчилигидаги ўнг марказлашган коалицияга насиб этди. Консерваторлар партиясидан 48 номзод депутат этиб сайланди (аввалги сайловга нисбатан 18 нафарга кўп). Коалиция таркибидаги “Тараққиёт” партияси 29, Христиан халқ партияси 10, Либерал партия (“Венстре”) 9 мандатни қўлга киритди. Коалициянинг жами 96 вакили Стортинг депутатига айланди. Натижада Консерваторлар партияси етакчиси Эрна Сульберг ҳукуматни бошқариш имконига эга бўлди.

Норвегия консерваторлар партияси узоқ тарих ва ўзига хос анъаналарига эга. Партия 1884 йилда ташкил топган. Эмиль Станг унинг илк раҳбари сифатида фаолият кўрсатган. Мазкур партия “Хейре” деб ҳам аталади. Бу норвег тилида “ўнг” маъносини англатади. “Хейре” ташкил этилган пайтдаёқ мамлакатдаги энг йирик сиёсий партиялардан бири бўлган. Ўтган асрнинг 80-йилларида консерваторлар бир партияли ҳукуматни шакллантиришга муваффақ бўлди. 2005 йилги парламент сайловида эса ўз тарихидаги энг қуйи натижани қайд этди. 2009 йилги сиёсий жараёнда партия ўз кўрсаткичларини бироз яхшилашга эришди. 2013 йилги сайловда  сайловчиларнинг 27 фоиз овозини қўлга киритиб, парламентда ўринлар сони бўйича иккинчи партияга айланди.

Партиянинг олий органи — ер мажлиси (sentralstyret). Унинг фаолиятини марказий бошқарма (sentralstyret) ташкил этади. Марказий бошқарма йилда етти маротаба йиғилиш ўтказиб, унда энг муҳим масалалар — партия бюджети, дастури, ташкилий иш ва режаси муҳокама қилинади. Марказий бошқарманинг мажлислари оралиғида унинг вазифаларини ишчи қўмита (arbeidsutvalget) бажариб туради. Партиянинг ёшлар ташкилоти ¡ш консерваторлар миллий иттифоқи деб аталади.

Партия ўз фаолиятида учта муҳим қадрият — эркинлик, масъулият ва фикрлар хилма-хиллигига таянади. Миллий қадрият ва анъаналарни сақлаб қолиш, мамлакатни замонавий тараққиётдан ортда қолиб кетмасликка даъват этади. Ҳар қайси консерватив йўналишдаги партияларда бўлгани каби “Хейре” ҳам мамлакат маданий мероси — мусиқаси, рақси, ҳунармандчилигини муҳофаза қилиш, музейлар фаолиятини яхшилаш, уларга одамларни кўпроқ жалб қилишни ўзининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаган.

Норвегия консерваторлар партияси иқтисодий либерализмни қўллаб-қувватлайди, социализмни инкор этади. Партия солиқларни, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини, бюджет харажатларини камайтириш тарафдори.

Партия сўнгги парламент сайловида транс­чегаравий жиноятлар — одам савдоси, терроризм билан курашишда Европа Иттифоқи ҳамда халқаро ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш, болаларга шафқатсиз муносабатда бўлишга қарши курашишни кучайтириш, уларнинг ўлимини камайтириш, бунинг учун тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш каби мақсад-вазифаларни илгари сурди. Партия сайловолди дастурида оилаларда учрайдиган зўравонликларга қарши курашиш учун ҳуқуқ-тартибот органларига кенг ваколатлар бериш ҳам назарда тутилган.

“Хейре” ташқи сиёсат бўйича мамлакат учун Европа Иттифоқи билан барча соҳада яқин ҳамкорлик ўрнатиш жуда муҳим, деб ҳисоблайди. Партия Атроф-муҳит бўйича Европа агентлигининг иқлим ўзгаришлари, “яшил иқтисодиёт” борасидаги тадқиқотларини молиялаштирилиш,  ядро қуроли ва бошқа
оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқаришга қарши халқаро ҳамкорликни кучайтириш, бу борада янада самарали ҳужжатлар қабул қилинишига эришиш тарафдори.

Мамлакатнинг шимолий қисми уч округдан иборат бўлиб, табиий ресурсларга бой. Унинг имкониятларидан фойдаланиш мамлакат тараққиёти ва халқ фаравонлиги, қўшимча иш ўринларини яратишда муҳим ўрин тутади. Қолаверса, бу ерда балиқчилик, туризм, нефть саноатини ривожлантириш учун қулай имкониятлар мавжуд. Шуни ҳисобга олиб, партия ушбу минтақани ривожлантириш, бу борада кенг қамровли миллий стратегияни ишлаб чиқишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Партиянинг иқтисодий соҳадаги асосий мақсади — хусусий секторда янада сердаромад иш ўринларини яратишдан иборат. Зеро, иш билан таъминланганлик нафақат бир инсон, балки оила ва жамият фаровонлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. Консерваторлар бизнес ҳамда саноатга сармоя киритиш ва инновацияни татбиқ этиш мамлакат фаровонлигини таъминлаш, ишсизлик билан боғлиқ муаммолар ечимида муҳим ўрин тутади, деган ғояни илгари суради. Партия илгари сураётган ана шундай мақсад-вазифалар ижроси бугунги кунда тўлиқ таъминланмоқда. Хусусан, Консерваторлар партияси раиси Эрна Сульберг бошчилигидаги ҳукумат томонидан амалга оширилган ислоҳотлар туфайли ўтган йили мамлакат бўйича 50 мингта янги иш ўрни яратилди.

Партия экологик барқарорликни таъминлаш учун “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, ис гази ташланмалари миқдорини камайтиришни ҳам ўз олдига мақсад қилган. Чиқинди — бу ташлаб юбориладиган нарса эмас, аксинча қайта ишлаш, фойдаланиш имкони мавжуд катта бойлик. Шу боис партия чиқиндиларни қайта ишлаш, биоёқилғи ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, шунингдек, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кучайтиришни устувор вазифаларидан, деб билади. 

Партия сўнгги парламент сайловида мамлакат бўйлаб йўл қурилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида жароҳатланиш ва ўлим ҳолатларини 20 фоизга камайтиришга ваъда берди. Бунинг учун пиёдалар, велосипед ҳайдовчилари учун махсус йўлаклар қуриш, ҳайдовчиларнинг автомобилни бошқариш чоғида тезликни меъёрдан ошириш ҳамда спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиб бошқариш ҳолатлари устидан кучли назорат ўрнатиш бўйича ташаббуслар­ни илгари сурди.

Мамлакатда сўнгги парламент сайлови 2017 йил 11 сенябрь куни ўтказилди. Унда
Норвегия консерваторлар партияси, “Тараққиёт”, Христиан халқ партияси, Либерал партия (“Венстре”)дан иборат ўнг марказлашган коалиция жами 88 мандатни қўлга киритиб, яна бир бор ғалаба қозонди. Норвегия ишчи партиясининг бир ўзи энг кўп — 49 мандатни қўлга киритса-да, лекин бу у мансуб бўлган коалицияга ҳукуматни шакллантириш учун етарли бўлмади.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Milliy tiklanish” шарҳловчиси


Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz