ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Словения парламенти


Словения парламенти

Словения парламенти

унда қонун лойиҳалари сайловчиларнинг камида беш минг нафари ташаббуси билан ҳам илгари сурилиши мумкин

Словения Республикаси — Болқон ярим оролининг шимоли-ғарбида жойлашган давлат. Майдони 20,3 минг квадрат километр. Аҳолиси 2 миллиондан зиёд. Пойтахти — Любляна шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 62 туманга бўлинган. ўарбдан Италия, шимолдан Австрия, шарқдан Венгрия ҳамда жануби-шарқдан Хорватия билан чегарадош. Пул бирлиги — евро. 2004 йил 1 майдан бошлаб Европа Иттифоқининг аъзоси. Амалдаги Конституцияси 1991 йил 23 декабрда қабул қилинган. Унга 1997-2006 йилларда беш марта тузатиш киритилган. Давлат бошлиғи — Президент. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни икки палатали парламент — Давлат мажлиси ва кенгаши, ижро ҳокимиятини Бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади. Парламент аъзолари Любляна шаҳрида таниқли меъмор Винко Гланц лойиҳаси асосида 1954-1959 йилларда бунёд этилган саройда йиғилади.

Давлат мажлисида умумий, тенг, тўғридан-тўғри ҳамда яширин овоз бериш йўли билан тўрт йил муддатга сайланадиган 90 депутат фаолият юритади. Уларнинг 88 нафари пропорционал, бир нафари италян, яна бир нафари венгер миллий жамиятидан мажоритар сайлов тизими асосида сайланади. Давлат мажлиси ўз фаолиятини депутатлар таркибининг учдан икки қисми овози билан қабул қилинадиган регламентга мувофиқ ташкил этади. Давлат мажлиси раиси депутатлар кўпчилик қисмининг овоз бериши орқали сайланади. 2014 йилдан буён Милан Брглез палата спикери лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Парламент сайловини Президент эълон қилади. Парламентга сайлов амалдаги депутатларнинг ваколат муддати тугашига кўпи билан икки ой, камида 15 кун қолганида ўтказилиши лозим. Давлат мажлиси тарқатиб юборилган тақдирда парламентнинг янги таркиби икки ой ичида сайланиши шарт. Аввалги чақириқ парламент аъзоларининг ваколати янги сайланган депутатлар иштирокида ўтказиладиган илк сессияда ниҳоясига етади. Парламентнинг янги аъзолари иштирокидаги илк сессия сайловдан сўнг йигирма кундан кечиктирилмай, Президент ташаббуси билан чақирилиши лозим. Парламент одатдаги ҳамда навбатдан таш­қари сессияларда йиғилади. Ҳар иккала сессияни Давлат мажлиси раиси чақиради. Фавқулодда сессиялар эса депутатлар таркибининг тўртдан бир қисми ҳамда Президент ташаббуси билан чақирилиши мумкин.

Парламент қонун ва қарорлар қабул қилиб, халқаро шартномаларни ратификация этади. Қонун лойиҳалари ҳукумат, сайловчиларнинг камида беш минг нафари ташаббуси билан ҳам илгари сурилиши мумкин. Давлат мажлиси қонун ва қарорларни сессияда депутатларнинг асосий қисми ҳозир бўлганида қабул қилади.

Парламент аъзолари дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. Ҳеч қайси депутат парламент мажлислари ҳамда унинг ишчи органларида билдирган фикрлари, берган овозлари учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Агар депутат беш йил муддатга озодликдан маҳрум этишга сабаб бўлувчи жиноят содир этмаган бўлса, Давлат мажлиси рухсатисиз қамоққа олинмайди, жиноий жавобгарликка тортилмайди.

Парламент аъзолари таркибининг учдан бир қисми ёки қирқ минг сайловчи қўллаб-қувватлаган тақдирда Давлат мажлиси ҳар қандай масала юзасидан референдум ўтказиши мумкин. Референдумда сайлаш ҳуқуқига эга фуқаролар иштирок этади. Референдум ўтказиш тартиби депутатларнинг учдан икки қисми овоз бериши орқали қабул қилинадиган қонун воситасида тартибга солинади.

Давлат кенгаши юқори палатага хос ваколатларга эга, 40 аъзодан иборат. Уларнинг 22 нафарини маҳаллий ҳокимият органлари сайловчилари сайлайди. Палатага сайланадиган аъзоларнинг 18 нафари эса иш берувчилар касаба бирлашмаси, маданият, таълим, илм-фан, саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, хусусий тадбиркорлар ҳамда бош­қа касб эгаларидан иборат бўлиши керак. Палата аъзоларининг ваколат муддати — беш йил. Улар тўлиқ асосда фаолият юритмайди ҳамда парламент депутатлар оладиган маошнинг 30 фоизига тенг миқдорда ҳақ олади. Давлат кенгаши раиси 2,5 йил муддатга сайланади. Унинг ваколати яна шунча муддатга, яъни палата аъзолари ваколати тугагунига қадар давом этиши мумкин. Давлат кенгаши ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан мажлислар ўтказади, Давлат мажлиси кўриб чиқиши учун қонун ло­йиҳаларини илгари суради. Давлат кенгаши аъзоларининг кўпчилиги иштирок этган тақдирда улар қабул қилган қарор қонуний кучга эга. Давлат кенгаши аъзоси бир вақтнинг ўзида Давлат мажлисининг ҳам аъзоси бўлиши мумкин эмас. Палата аъзолари ҳам худди депутатлар сингари дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади.

Давлат кенгаши қуйи палата қабул қилган қонунни у эълон қилингунига қадар, етти кун ичида қайта кўриб чиқишни талаб қилишга ҳақли. Қонунни қайта кўриб чиқиш жараёнида уни палата депутатларининг асосий қисми маъқуллаган тақдирда қонун қабул қилинган ҳисобланади. Президент қабул қилинган қонунни саккиз кундан кечиктирмай эълон қилиши шарт. Меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар одатда давлат расмий ахборотномасида чоп этилади. Эълон қилинган қонун ўн беш кун ўтиб, кучга киради.

Зарурат туғилганида парламент ҳукумат таклифи билан фавқулодда вазият эълон қилиши ва уни бартараф этиш юзасидан зарурий чора-тадбирлар кўриши мумкин. Агар фавқулодда ҳолат депутатлар ваколат муддати тугайдиган пайтга тўғри келиб қолса, палата аъзолари ўз фаолиятини вақтинча давом эттириб туради. Уларнинг ваколати фавқулодда вазият бекор қилинганидан олти ой ўтиб ёки Давлат мажлиси қарори билан ундан аввалроқ тугатилиши мумкин. Бундан таш­қари, Давлат мажлиси депутатлари ёки Давлат кенгашининг учдан бир қисми талаби билан жамоатчилик қизиқишларига тааллуқли масалалар юзасидан тафтиш ўтказиш юзасидан қарор қабул қилади. Бунинг учун тафтиш комиссияси тузилади.

Қабул қилинадиган қонунлар Конституцияга мувофиқ бўлиши даркор. Қолаверса, қонунлар халқаро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган меъёрлари, парламент ратификация қилган амалдаги халқаро шартномаларга зид бўлиши мумкин эмас. Конституцияга ўзгартиш киритиш ташаббусини Давлат мажлисининг йигирма нафар депутати, ҳукумат ҳамда ўттиз мингдан кам бўлмаган фуқаролар илгари суриш ҳуқуқига эга. Асосий қонунга ўзгартиш киритиш борасидаги қарор парламент мажлисида ҳозир бўлган депутатлар кўпчилигининг учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинади. Давлат мажлисининг камида ўттиз депутати талаби билан Конституцияга ўзгартиш киритиш масаласи референдумга қўйилиши мумкин. Референдумда иштирок этган сайловчиларнинг аксарияти бу масалани маъқуллаб овоз берган тақдирда унга ўзгартиш киритилади. Халқаро шарт­номалар ратификация қилинаётган пайтда Давлат мажлиси аъзоларининг учдан бир қисми, Президент, ҳукумат уни Конституцияга нечоғлик мувофиқ келиши масаласига ойдинлик киритиш учун Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бундай вазиятда Конституциявий суд қарори ҳисобга олиниши шарт.

2014 йил 13 июлда Словенияда муддатидан аввал парламент сайлови ўтказилди. Унда 2013 йилда мамлакатнинг амалдаги Бош вазири Мирослав Церар асос солган сўл марказлашган SMC партияси 36 мандатни қўлга киритиб, ғалаба қозонди. Словения демократик партияси 19 мандат билан иккинчи ўринни банд этди. Пенсионерлар демократик партияси эса 10 мандат билан учинчи бўлди. Қолган сиёсий партиялар эса парламентда нисбатан кам ўринга эга бўлди. Энг ажабланарлиси, 2011 йилги сайловда сайловчиларнинг 28,55 фоиз овозини қўлга киритиб, парламентда 28 ўрин билан ғолиб бўлган “Ижобий Словения” партияси бу гал бирорта ҳам ўринни қўлга киритмади. Ғолиб бўлишига қарамай, SMC партияси ҳукуматни шакллантириш учун етарли ўринларга эга бўлмади. Шу боис бошқа сиёсий партиялар билан коалицияга бирлашишга мажбур бўлди.

Шаҳзод Ғаффоров

Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz