ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Чойхона палов


Чойхона палов

Чойхона палов

Палов хусусида тинмай гапириш мумкин, ҳар гал паловимиз ҳақида гап кетганда палов бу миллий таомлар фахри, сарбони, қироли, ташриф қоғози ва ҳоказолар дейилади. Баъзи бир манбааларда, палов келиб чиқиш тарихи Ибн Сино бобомиз даврига бориб тақалишини ва у киши ўз беморларини айнан палов билан даволаганлар ҳам дейишади.

Айни пайтда палов тарихи ҳақидаги маълумотлар билан танишишни бироз кейинга сурамизда, тайёрламоқчи бўлган чойхона паловимизга навбат берамиз.
Нега айнан чойхона палов дейишади? 
Номи ҳам билдириб турганидек, бу палоини асосан чойхонада, бир неча кишилик улфатлар учун тайёрлашади. Қўй ёғи, қўй гўштларида бўлгани боис жуда ҳам калорияли таомлардан ҳисобланади.

Керакли маҳсулотлар: (6-8 кишилик)

Қўй думбаси - 400 гр
Қўй гўшти - 1 кг
Гуруч - 1 кг
Сабзи - 1 кг (бўлса сариқ, бўлмаса қизил)
Пиёз - 300 гр
Туз ва зираворлар - таъбингизга кўра
Сув

Тайёрланиши:

Қозонга 2х2 см кубик шаклида тўғраб олинган думба ташлаб, жизза тилла ранг тусга кириб, ёғи чиққунга ва жизза тилла тусга киргунга қадар эритилади ва жиззасини сузиб олинади. (Агарда жиззасини емайдиган бўлсангиз ва ёғи кўпроқ чиқсин десангиз жиззани бироз кўпроқ қозонда ушлаб туриш керак бўлади)

Жиззани асло ташлаб юборманг, чунки бу ҳам ўзгача бир таъм ва лаззатга эга. Иссиқина жиззани устига туз ва мурч сепиб, озига тўғралган пиёз билан қўшиб танаввул этилади.

Қизиб турган ёғга аввал ярим халқа шаклида тўғралган пиёзни ташлаб, пиёз жигарранг тусга киргунча қовурилади, бу жараён кейинчалик чойхона паловимиз рангини чиройлик чиқишини таъминлайди.

Жигарранг тусга кирган пиёз устига 2х2 см кубик шаклида тўрғаб олинган гўшт солиб, гўштни суви чиқиб тугагунча қовурилади, бу орада туз солиб юборса ҳам бўлади.

Сўнгра сомон шаклида тўғралган сабзи ташлаб 10-15 дақиқа қовурилади, бу жараённи маҳаллий тил билан "зирвак" дейилади.

Кейин сув қуйиб, 5-10 дақиқа қайнатилади.

Сув қайнаб чиққач, тузини кўриб, кам-кўсти бўлса тўғриланади, сўнгра илиқ сувда ивитилган гуручни қозонга аввал четидан бошлаб, кейин ўртасига солинади.

Паловни тайёрлаш жараёни нақадар муҳим бўлса, дамлаш жараёни ундан-да ҳушёрликни талаб қилади, бўлмаса натижа кутилганидек чиқмаслиги мумкин.

Қозонда ичидаги гуруч имкон қадар бир хилда қайнаши керак бўлади, остидаги олов бўлса жуда баланд ҳам, паст ҳам бўлмаслиги лозим.
Чунки паст оловда палов гуручлари бўшашиб ланж бўлиб қолиши мумкин, баланд оловда эса ҳали гуручлар буғланмасдан, пишмасдан олдин суви тугаб, тагига олиши мумкин.

Қозондаги гуруч 1-2 дақиқа қайнаб, буғлангач, гуручларни оҳисталик ила аралаштирасиз, аниқроғи гуручни устки қисмини остига, паст қисмидагини устидан чиқазиш лозим бўлади, шу ҳолни то суви қайнаб тугунга қадар яна бир ёки икки марта такрорлайсиз.

Суви қайнаб тугаган ва 2-3 марта айлантирилган гуручни ўртага тўплаб, устига зирани эзиб солиб юборасиз, таъбга кўра майиз ҳам қўшиб, 15-20 дақиқага димлаб қўясиз.

Тайёр бўлган чойхона паловни яхшилаб аралаштириб, лаганга солиб, таъбга кўра безатиб дастурхонга тортиқ қилинади.

Асл чойхона палов ортиқча қўшимчаларсиз бўлиши кераклигини уқтиришади устозларимиз. Лекин шунга қарамай баъзи паловхўрлар қўшимчалар қўшишади. Мисол учун, қази, думба, бедана тухуми, саримсоқ ва ҳ.к. Бу каби қўшимчалар ҳар бир кишининг ўз истаги ва таъбига кўра; истаган қўшиши ёки қўшмаслиги мумкин.


Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz