ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ИЧАН ҚАЛЪА


ИЧАН ҚАЛЪА

ИЧАН ҚАЛЪА

Ичан қалъа — Ўрта Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорлик. Хиванинг ички қалъа (Шаҳристон) қисми. Ичан қалъа шаҳарнинг Дишан қалъа (ташқи қалъа) қисмидан кунгурадор девор билан ажратилган. У Хива работи (Дишан қалъа)дан баланд қўрғонтепага ўхшаб кўринади. Ичан қалъага 4 дарвоза (Боғча дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза, Ота дарвоза)дан кирилган.

Хоразм халқ меъморлигининг ажойиб обидалари: мадраса, масжид, сарой ва миноралар, асосан, Ичан қалъада. Ундаги меъморий ёдгорликларнинг яратилиш тарихи, асосан, 4 даврга тааллуқли: биринчиси Хоразмнинг қад. давридан то мўғуллар истилоси даврига қадар, бу даврдан Кўқна аркнинг ғарбий девори, қалъа деворининг шимолий-шарқий бурчагидаги қадимги даврга мансуб бурж ва қалъа девори қоддиқлари сакланиб қолган. Иккинчиси Хоразмнинг 1220 йилдаги мўғуллар истилосидан кейин тикланиш даври. Бу даврда Сайид Аловуддин мақбараси ва бошқа маҳобатли бинолар қурилган. Учинчи даври XVI—XVII асрларга тўғри келади. Шу пайтда (Абулғозихон ва Асфандиёрхон ҳукмронлик даври) Ичан қалъада Анушахон ҳаммоми (1657), пешайвонли Оқ масжид (1675), Хўжамбердибек мадрасаси (1688) кабилар бунёд этилди, Кўҳна арк истеҳкомлари мустақкамланди, кўринишхона (хоннинг қабулхонаси) қурилди (1686—88). Бухоро билан Эрон ўртасида Хива хонлиги учун бошланган уруш натижасида (XVIII асрнинг 1-ярми) Ичан қалъа ва умуман, Хива шаҳри қаттиқ шикастланди (Хива бир қанча вақт Эронга тобе вилоят бўлиб турди).

Тўртинчи даври XVIII—XX асрларни ўз ичига олади. Бу даврда Ўрта Осиё маҳаллий меъморлиги анъаналари асосида масжид, Мадраса, тим ва тоқилар қурилди. Ота дарвозадан Полвон дарвозагача катта йўл ўтказилди. XVIII аср охирида Жума масжид қайта қурилди ва унинг ёнида баланд минора қад кўтарди. Ичан қалъанинг ҳароба деворлари тикланди, бир қанча иморатлар таъмир қилинди. 1840—12 йилларда икки қаватли Кутлуғ Мурод Иноқ мадрасасига қаратиб тим ва тоқилар қурилди. Муҳаммад Раҳимхон (1806—25), Оллоқулихон (1825—42), Муҳаммад Аминхон (1845—55) ҳукмронлиги даврида Ичан қалъада қурилиш авж олди. Муҳташам сарой, Мадраса, мақбаралар барпо этилди: Кўҳна арксат сарой қурилиши тугалланди. Янги ва катта Тош ҳовли саройи қурилди. Полвон дарвозага яқин қўрғон деворининг бир қисми бузилиб, ўрнига Оллоқулихон карвон саройи, мадрасаси ва тими қурилди, халқ ижодининг ажойиб намунаси Паҳлавон Маҳмуд мақбараси қад кўтарди. Араб Муҳаммадхон ва Муса Тура мадрасалари ҳам шу даврда яратилди. Муҳаммад Аминхон Ичан қалъанинг ғарбий қисмига — Кўҳна арк ёнига Калпш минор номи билан машҳур бўлган минора қурдирди. Бу минора гарчи битказилмай қолган бўлсада, Ичан қалъа мужассамотида катта ўрин тутади.

Ичан қалъа қурилишида Хива меъморлари Ўрта Осиёда қадимдан қўлланиб келган услуб — иншоотларни рўпарама-рўпара қуриш услуби ("қўш")дан фойдаланишган. Маc, Оллоқулихон мадрасаси билан Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасаси, Шерғозихон мадрасаси билан Паҳлавон Маҳмуд мақбараси шу услубда қурилган. Ичан қалъа меъморлигининг яна бир ўзига хос хусусияти биноларнинг алоҳида ансамбл ҳолида қурилганлиги. Мас, Жума масжид ёнидаги иккита кичик Мадраса, Муҳаммад Амин Иноқ ва Матпанобой мадрасаси ҳамда Матниёз девонбеги мадрасаси анча йирик ансамблдир. Полвон дарвоза олдидаги бир неча масжид ва мадрасалар, ҳам-мом, тоқи, карвонсарой ва хон саройи ўзига хос ансамблни ташкил этади. Қутлуғ Мурод Иноқ билан Оллоқулихон мадрасаси, Тош ҳовли билан Оқ масжид ўртасидаги майдонча шу ансамблнинг мужассамот марказидир.

Ичан қалъа меъморий ёдгорликлари ёғоч ўймакорлиги, сангтарошлик, ганчкорлик, сиркор сопол ва бошқа ранг-баранг наққошлик безаклари билан безатилган. Ичан қалъа ансамбли меъморий ёдгорлик сифатида муҳофазага олиниб, музейга айлантирилган (1961). 1990 йилдан Ичан қалъа Бутун жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган.

1997 йилда Хива шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан асосий йўналишларда жойлашган ёдгорликларни мунтазам равишда таъмирлаштиклаш ишлари олиб борилди.

ЎзМЭ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz