ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хива –шарқ меъморчилигининг жавоҳири


Хива –шарқ меъморчилигининг жавоҳири

Хива –шарқ меъморчилигининг жавоҳири

Курраи заминнинг энг кўҳна шаҳарлардан бири – Хива ўзининг буюк тарихига эга. Хива Амударёнинг чап соҳилида, Ўзбекистоннинг ҳозирги Хоразм вилоятининг жанубида жойлашган. Бу — минтақада бутунлигича сақланиб қолган ягона нодир обида-шаҳардир.

Узоқ ўтмиш, асрлар оша бус бутун бизгача етиб келган “Ичан-қалъа”га бугун дунёнинг турли бурчакларидан минглаб сайёҳлар ташриф буюрмоқдалар, ҳайратга тушмоқдалар.

Ҳар сафар ушбу қадим ва навқирон шаҳарга ташриф буюрарканман, аждодларимиз томонидан бунёд этилган минораю, масжидлар, хонақоҳ ҳамда мақбараларнинг салобати ва маҳобати кишини олис тарихга хаёлан саёҳатга ундайди. Бир зум, Ота даврвоза олдида олдида турарканман, бир пайтлар бу дарвозадан ўтган шоҳлар ва хонлар, буюк боболаримизнинг қадамларини ҳис этаман. Шаҳар ичига кирар эканман, ястаниб ётган тош йўлакларнинг баъзиларига синчиклаб қарайман. Унда от араваларининг изларини пайқаганим замон, қулоғимга арава қўшилган отларнинг сарой ичкарисига кириб келаётганию, унинг устида ёш йигит-қизларнинг шўх-шодон кулиб, Хоразм лазгисини ҳиргойи қилиб келаётгани чалинади. Атрофда чўгирма кийган ёшу қари, ҳиром айлаб рақсга тушаётган хушсурат қизларнинг ноз-карашмаларига бурканган оҳанжамалари ақлимни шоширади. Лазгининг дилтортар оҳанги қулоқларим остида жаранг сочаркан елкаларим куйгамонанд қимирлай бошлагнини ҳис қиламан.
DSC_5003.JPG

Хива – бу буюк мўъжиза.

Ушбу гап чин ҳақиқат. Мовий гумбазлар, осмонўпар миноралар, сержило обидалар гўзалликка ташна ҳар бир инсонни ўзига мафтун этади.

IMG_7945.jpg

Хива – энг қадимий шаҳарлардан бири бўлиб, Ўрта аср шарқ меъморчилигининг тенгсиз жавоҳиридир.

“Ичан-қалъа” шаҳристон ўзига хос яхлит меъморий иншотлардан иборат бўлиб, баланд пахса девор билан ўралган, тўрт дарвоза - Ота дарвоза, Полвон дарвоза, Тош дарвоза ва Боғча дарвоза – тўрт томонга қаратиб қурилган. “Ичан-қалъа” атрофида асримизнинг бошларида бутун бир шаҳар пайдо булган.

1990 йил 12 декабрда “Ичан-қалъа” ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мерослар рўйхатига киритилиб, 1997 йилда ушбу ташкилот қарори билан Хива шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи жаҳон миқёсида кенг нишонланди.

Таъкидлаш керакки, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб, буюк аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросимизга эътибор тобора ортиб бормоқда. Истиқлол йилларида Хива шаҳри билан бирга “Ичан-қалъа” ҳам қайта таъмирланди. Ҳозирги пайтда ушбу ҳудудда жаҳон маданиятига молик 54 та тарихий-меъморий обида мавжуд.

Девор айланасининг узунлиги қарийб 2200 метргача баландлиги 7-8 метрга, тагзамининг қалинлиги эса 5-6 метрга тенг. “Ичан-қалъа” тўғри тўрт бурчак шаклида қурилган бўлиб, узунлиги 650 метр, эни 400 метр, яъни 26 гектар майдонни эгаллайди.

ЮНЕСКО нинг собиқ бош директори Федрико Майор бу шаҳар ҳақида шундай деган - «Хива –жаҳон шаҳарларнинг олмосидир».

Халқаро экспертлар, тарихшунослар Хива шаҳри ёшини қадимги Афина, Рим ва Қоҳира шаҳарлари билан тенглаштиради.  

Топилган қадимий тангалар ва хивалик тарихчи Худойберди бин Аваз Муҳаммад (1773 ёки 1774 йилда туғилган) келтирган қизиқарли афсона Хиванинг жуда қадимийлигидан далолат беради. У “Дили ғаройиб” асарида бундай деб ёзади: “Хоразмнинг яна бир шаҳри Рамлдир. Унга Сом бин Нуҳ асос солган, ҳозир уни Хейвақ деб атайдилар. Яна айтадиларки, бу сўзда (Хейвақ) Ҳазрати Паҳлавон (Маҳмуд) вали вафот этган тарихи (санаси) яширинган. Шу тариқа бу тарих мазкур шаҳарнинг номи бўлиб қолди. Унинг аввалги номи Рамл, бу қумлоқ демакдир.

Кунлардан бир кун Сом бин Нуҳ у ерда ётиб ухлаб, тушида узини уч юз ёниқ машъала ўртасида кўрибди. Хушнуд кайфиятда уйғониб, ўзидан хотира колдирмокчи бўлибди ва шу жойни текислаб, шаҳар қурибди. Бошка бир гал бу ерга келганида атрофини девор билан ўрабди ва унинг ғарб томонида булоқ очибди. Хуллас, ҳикоя қилишларича, Хейвақ кўп марталаб вайрон бўлган ва қайта тикланган”.

Хива тарихчисининг ёзганларидан ва афсона маълумотларидан тарихий ҳақиқатни фаҳмлаб олишга интилса бўлади. Аввало, Хива қумлоқдан иборат бўлган жой - Рамл деб аталган, унинг пайдо бўлган вақти ва унга асос солган зотнинг номи Нуҳ ўғли Сом билан боғлиқ.

“Ичан-қалъа” мажмуасини бир кун ичида муфассал айланиб чиқиш, унинг асори-атиқалари ҳақида тўлиқ маълумот олишга бир кун етарли эмаслиги саёҳатимнинг илк кунида маълум бўлган эрса-да, оқшом чўкаётган қадим шаҳарнинг кўчаларидаги одамларга эргашган бўламан.

“Ичан-қалъа”нинг ҳақиқий гўзаллигини ҳис этмоқчи бўлган сайёҳ, у ерни тонг отишида, кундузи, қуёш ботишида ва кечаси у ерда бўлиши мақсадга мувофиқдир.

IMG_7904.jpg

IMG_7943.jpg

IMG_7951.jpg

Ғарб осмонида ботаётган қуёш нурлари “Ичан-қалъа”нинг бор бўй-бастини намойиш этгандек бўлади. Миноралар, масжид, мақбаралар қуёш нурида товланиб, ажиб тусга киргандек бўлади. Бу жараённи бироз томоша қилгач оқшом ўз сепини ёйади.

IMG_7940.jpg

IMG_7976.jpg

Шаҳар ичидаги чироқлар ёқилиб, эртакнамо гўшага айланган “Ичан-қалъа” ўзга оламга тушиб қолгандек таассуротни беради. Кун давомида шаҳарни айланганим боис бироқ ҳордиқ чиқариш мақсадида қатор чорпояларнинг бирига ёнбошлайман. "Очиқ осмон остидаги музей" музей деган таъриф, бежизга айтилмаганини ҳис этаман. Осмонга тикиларканман, юлдузларнинг ажиб шуъласию, милтиллашлари кўзни қувнатади. Самонинг барча ёрқин юлдузлари “Ичан-қалъа” осмони узра ёйилганга ўхшарди. Саёҳатимнинг илк куни таассуротларга бой бўлди.

000000000010ac62.jpg

000000000010ac64.jpg

000000000010ac63.jpg

000000000010ac60.jpg

Мақолада келтирилган рақам ҳамда фактлар, “Ичан-қалъа” мажмуаси гид-экскурсаводларидан эшитганларимдир. “Ичан-қалъа”га саёҳатимиз давом этади...

Фотосуратлар муаллифи:Бобур Алимжанов

Акбар Жиянов,

ЎзМТДП Марказий кенгаши

ахборот хизмати ходими



Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz