ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Қатағон қурбонлари хотираси музейи


Қатағон қурбонлари хотираси музейи

Қатағон қурбонлари хотираси музейи

Истиқлол йилларида миллий қадриятларни тиклаш, тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганиш, азиз сиймолар хотирасини эъзозлаш, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар фаолияти, уларнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш, тарғиб ва ташвиқ қилиш, тарихий адолатни қарор топтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2001 йил 1 майдаги “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилган “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи 2002 йилнинг 31 августида очилди. Мана ўн икки йилдирки, халқимизнинг ўтмиши ва бугунини ўзида акс эттирган мазкур музей тобора бойитилиб, шаҳар аҳли ва меҳмонларининг азиз қадамжоларидан бирига айланди.

“Қатағон қурбонлари хотираси” музейи миллий маънавиятимизнинг юксалишида тарихий аҳамиятга эга бўлган музейлардан биридир., музей экспозициясини ташкил қилиш учун керакли бўлган ашёвий база яратилди. Тегишли архив ҳужжатлари, фотосуратлар, ашёвий буюмлар, китоблар, видеоматериаллар тўпланди, республикамизнинг барча вилоятларидаги ўлкашунослик музейларида сақланаётган қатағон даврига оид экспонатлар, керакли ҳужжатлар ишчи гуруҳ аъзолари томонидан музейга олиб келинди. Унинг 2008 йилда янгиланган экспозициясида Ўрта Осиё (Туркистон)нинг чор Россияси томонидан босиб олинишидан тортиб, бугунги кунгача бўлган давр воқеалари 10 та бўлим орқали намойиш этилган. Масалан, биринчи бўлим Ўзбекистоннинг мустамлака даври тарихига бағишланган бўлиб, мамлакат мустақиллиги, эрки ва озодлиги учун курашлар давомида шаҳид кетган халқимизнинг минглаб ватанпарвар ва фидойи фарзандлари хотираси акс этган. Истиқлол йўлида жонини қурбон қилган аждодлар ҳақидаги тарихий ҳақиқатни акс эттириш, улар хотирасини абадийлаштириш музей экспозициясининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.


“Мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш йўлида амалга оширилган тарихий ишлар” деб номланган бўлим 1991 йилдан кейинги даврни ўз ичига олиб, мустақиллик йилларида тарихий адолат ва миллий қадриятларнинг тикланиши, истиқлол туфайли берилган имкониятлар, ёшлар масаласидаги ўзгариш ва янгиланишлар далиллар асосида кўрсатилди. Юртимиз фахрига айланган, жаҳон майдонларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган истеъдодли, маҳоратли ёшлар фаолияти ҳам экспозицияларда намойиш қилинган.


Шунингдек, мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоатчилик комиссияси ҳузурида “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси тузилган бўлиб, унинг асосий вазифаларидан бири мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича жамоатчилик ишини ташкил этиш ва комиссия зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилишига ёрдам бериш, қатағон этилган фидойи ватандошларимизни номма-ном аниқлашдир. Шу мақсадда бугун жамоатчилик комиссияси томонидан мамлакатимиз ҳудудларида тузиладиган илмий ишчи гуруҳлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шаҳид бўлган юртдошларимиз номини абадий сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Юртбошимиз музей нафақат қатағон қурбонлари ҳақида, балки мустамлакачилик сиёсатидан азият чеккан халқимиз кечмиши тўғрисида ҳикоя қилиши лозим, дея таъкидлаган эдилар. Бугунги кунда ушбу фикрлар ва олдимизга қўйилган вазифалар борасида кенг кўламли ишлар бажариб келиняпти. Жумладан, сўнгги йилларда амалга оширилган илмий-маънавий тадбирларнинг натижаси ўлароқ, “Катта қирғин”нинг келиб чиқиш сабаблари ва омиллари, “Жабирдийда ёзувчилар адабий мероси мустақиллик хизматида”, “Катта қирғин”нинг келиб чиқиши арафасидаги сиёсий ижтимоий ва иқтисодий шароит”, “1937-1938 йиллардаги “Катта қирғин” тарихининг муҳим саналари”, “Катта қирғин”нинг ҳуқуқий ҳужжатлар базаси” номли тўпламлар нашр қилинди. Ўзбекистонда илк бор эълон қилинган мазкур ҳужжатлар қимматли аҳамиятга эга. Чунки уларда қатағон қурбонларининг аянчли қисмати, уларга ва оилаларига нисбатан қилинган шафқатсиз зўравонлик ҳолатлари яққол намоён бўлади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, 2014 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи ва “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди ҳамкорлигида Республика миқёсидаги “Маҳмудхўжа Беҳбудий меросининг миллий ғоя тарғиботидаги аҳамияти” мавзуидаги илмий-амалий анжуманнинг ўтказилиши бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчиллигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Анжуманда соҳа олимлари иштирокида мазкур масала кенг муҳокама қилинди. Тўплам Туркистон жадид маърифатпарварларининг раҳнамоси, драматург, публицист ва жамоат арбоби Беҳбудийнинг эрк ва ҳуррият ғояларига лиммо-лим асарлари, умуман, ижодий мероснинг баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамиятини таҳлил қилишга бағишланган. Илмий мақолалар тўплами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг “1937-1938 йиллардаги сиёсий қатағон: “Катта қирғин”нинг келиб чиқиш сабаблари ва фожиали оқибатлари” мавзуидаги амалий тадқиқот лойиҳаси доирасида нашрга тайёрланди ва чоп этилди. Худди шу йилнинг май ойида “Абдулла Қодирий ижодининг миллий ғоя тарғиботи ва баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамияти” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди ва анжуман материаллари алоҳида илмий мақолалар тўплами сифатида чоп қилинди. “Тарихнинг номаълум саҳифалари” китобининг бешинчи нашри мамлакатимиз истиқлолининг 23 йиллиги муносабати билан музей жамоасининг камтарона совғаси сифатида нашрга тайёрланмоқда.

Дарвоқе, “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи билан бир қаторда Қибрай туманида Бўзсувнинг Салар қўрғонидан ўтган жойида Биродарлик қабристони барпо этилиб, “Шаҳидлар боғи” ташкил этилган.  1998 йили бу жой аҳолидан келган хатлар асосида ўрганилганида бир пайтлар иккинчи қатлгоҳ бўлгани маълум бўлди. Бу ерда 1942-1947 йилларда анчагина юртдошларимиз қатл қилинган экан. Шу боис вилоят ҳокимининг қарори билан 1 гектарлик ер ажратилиб, “Шаҳидлар боғи” барпо этилди. Ҳозирда бу боғда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни, Наврўз айёми сайл ва маросимлар ташкил этиб келинмоқда.

Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва бойитишни ўзининг асосий мақсади сифатида белгилаб олган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 2010 йилда “Қатағон қурбонлари” музейи ва “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, шунингдек, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган. Мақсадлар муштараклиги ташкилотларнинг биргаликда, фаол ҳаракат қилишига сабаб бўлди.

Ҳозирда ушбу ташкилотлар ҳамкорлигида мустабид тузум давридаги оммавий қатағонлар туфайли қурбон бўлган, инсонлик шаъни, ғурури топталган ватандошларимизнинг хотирасини тиклаш, мамлакатимиз тарихида рўй берган ижтимоий-сиёсий, маданий воқеалар ва қатағон сиёсатининг салбий оқибатларини холисона ўрганиш, фуқароларимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, партия ва музей ҳамкорлигида таълим муассасалари, маҳалла ва музей биносида сиёсат арбоблари, тарихшунос, социолог, адабиётшунос олимлар ҳамда бошқа соҳа мутахассислари иштирокида қатор маънавий-маърифий тадбирлар, учрашув, очиқ мулоқот, хотира кечаси ва давра суҳбатлари ўтказиб келинаётгани муштарак мақсадларнинг амалдаги ифодаси бўлмоқда. Жумладан, ҳар йили музейда Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб “Хотира боқийдир, қадр - муқаддас”, “Хотира абадий, инсон қадри азиздир”, “Аждодлар хотираси - муқаддас” мавзусида ҳамда 31 август - Қатағон қурбонларини ёд этиш кунига бағишлаб ўтказилаётган турли тадбирлар шулар жумласидандир. Мазкур тадбирларда иштирок этаётган ёшлар аждодларимизнинг маънавий жасоратидан озуқа олиб, мустақилликнинг олий неъмат эканлигини яна бир карра ҳис этишмоқда.

Дарҳақиқат, мустабид тузум йилларида қатағонга учраган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти, илмий ижодий меросини чуқур ўрганиш ёшларимиз қалбида аждодларимиз руҳига эҳтиром, ижтимоий адолат тантанасига ишонч, истиқлол ғояларига садоқат, ватанпарварлик ва фидойилик туйғуларини уйғотиши шубҳасиз.

Дилфуза Рўзиева

Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz