ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент политехника музейи


Тошкент политехника музейи

Тошкент политехника музейи

Бугун фан-техника тараққиёти янги-янги марраларни забт этмоқда. Таъбир жоиз бўлса, ҳар куни инсониятга янада қулай шароит ва имконият яратилмоқда. Бироқ унинг ибтидоси ҳақида ҳамма ҳам тўлиқ тасаввурга эга эмас. Автомобилсозлик саноати бугунга қадар қандай йўлларни босиб ўтган? Бир неча аср муқаддам яратилган илк машиналар, тракторларнинг кўриниши қандай бўлган? Улар қандай ҳаракатланган?

Бу каби саволларга яқинда иш бошлаган, Марказий Осиёдаги ягона — Тошкент политехника музейида жавоб топасиз...

Истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида музейлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳа ривожи йўлида қабул қилинган ўттизга яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир. Айни пайтда мамлакатимизда халқимизнинг миллий маданияти, тарихи, санъати, қадимий анъана ва қадриятларини ўзида мужассам этган беш юзга яқин музей фаолият юритмоқда. Улар қаторидан жой олган политехника музейи ўз экспонатлари билан бошқаларидан тубдан фарқ қилади...

Музейга қадам қўйдик... У уч — “Жаҳон автомобилсозлик тарихи”, “Ўзбекистон автомобилсозлик тарихи” ва “Интерактив амалиёт” бўлимларидан иборат. Жаҳон ва мамлакатимиз автомобилсозлик саноати тарихи, экспонатлар, макетлар — барчаси биринчи қаватда жойлашган.

“Жаҳон автомобилсозлик тарихи” бўлимида дунёда ясалган биринчи ғилдирагу машиналар макетидан тортиб, ХХ асрда энг оммабоп бўлган “Wolksvagen Juk”, “Москвич 400”, “ГАЗ-13”, “Чайка” каби автомобиль намуналарини учратасиз. Шунингдек, буғ, электр, ички ёнув двигителлари, шу асосда ҳаракатланган автомобилларнинг макетларини Тошкентдаги Турин политехника университети талабалари худди аслидек ясаган.

— Бу бўлим нафақат ретро автомобиль ихлосмандларини, балки оддий инсонларни ҳам қизиқтириши шубҳасиз, — дейди экскурсовод Адиба Қурбонова. — Чунки автомобилсозликнинг энг қадимий кўриниши, яратилиш тарихи ҳақидаги маълумотлар, юртимиздаги илк трамвай ва троллейбусларнинг макетлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Томошабинлар махсус ўрнатилган монитор орқали уларнинг қайси кўчаларда, қандай ҳаракатланганини ўз кўзлари билан кўришлари мумкин.

Музейнинг яна бир диққатга сазовор экспонати — Қўқон ва Хоразм араваларидир. Қўли гул, моҳир усталар ясаган бу ўзига хос техника юртимизнинг бугун автомобилсозлик саноатида эришаётган ютуқларининг асоси ва пойдевори бўлса, ажаб эмас...

Қишлоқ хўжалиги ривожи дастлаб омоч ва кетмондан бошланган. Аммо бугунги ёшларнинг аксари улар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Шунинг учун ҳам музейдаги ҳўкизга қўшилган омоч экспонати кўпчилик эътиборини тортади. Унинг ёнида ўтган асрда ишлаб чиқарилган “Фордзон”, “Универсал” русумли, нарироқда эса Тошкент трактор заводининг замонавий тракторларига кўзингиз тушади. Бу экспонат кечаги ва бугунги кун ҳақида, аждодларимиз босиб ўтган залворли йўл, истиқлол берган имконият, қисқа вақт ичида мустақил Ўзбекис­тон эришган муваффақият ҳақида сўзлайди.

Юртимизда автомобилсозлик саноатига асос солиниши халқимизнинг истиқлол йилларида эришган энг катта ютуқларидан бири бўлди. Бугунги кунда мамлакатимизда автомобилсозлик иқтисодиётнинг жадал ривожланаётган соҳаларидан бирига айланиб, ўзбек автосаноати замонавий технологиялар билан жиҳозланган кўплаб корхоналарни ўз ичига олади. Жаҳондаги нуфузли компаниялар билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатишга асосланган ривожланиш стратегияси жаҳон стандартлари даражасида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга хизмат қилмоқда. Асакадаги “GM Uzbekistan” автомобиль заводида халқаро стандартларга жавоб берадиган, қулайлиги, хавфсизлиги, ишончлилиги ва тежамкорлиги билан дунё бўйича рақобатлаша оладиган енгил автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Самарқанддаги “SamAvto” заводида тайёрланаётган “ISUZU” русумли автобуслар, юк автомобиллари, ихтисослаштирилган транспорт воситалари — автофургон, сув ва чиқинди ташиш машиналари, автоминоралар, эвакуаторлар ишончлилиги ва фойдаланишда қулайлиги билан харидорларга манзур бўлмоқда. “JV MAN Avto — Uzbekistan” қўшма корхонасида эса замонавий юк ташиш автомобиллари ишлаб чиқарилмоқда. Политехника музейи залида ана шу заводларнинг макети, “Матиз”, “Нексия, “Спарк” автомобилларининг илк, “Ласетти” русумли автомобилнинг эса миллионинчи намунаси ўрин олган. Уларни кузата туриб, салкам йигирма йил мобайнида автомобилсозлик соҳасида эришилган ютуқлар бир-бир кўз олдингиздан ўтади...

— Интернет сайтларида бу музей ҳақида хабар топишим билан фарзандларимни олиб, томошага шошилдим, — дейди тошкентлик Нилуфар Эшбекова. — Очиғи, бунчалик кўп таассуротга эга бўлишимни кутмаган эдим. Фарзандларим илгари фақат киноларда кўрган автомобилларни ўз кўзлари билан кўриб, роса ҳайратланди. Айниқса, “Spark” автомобилининг ясалиш жараёнлари ҳақидаги уч ўлчамли қисқа метражли фильм катта таассурот қолдирди.

Иккинчи қаватда “Интерактив амалиёт” бўлими жойлашган. Бу ерда сизни аниқ фанлар бўйича улкан ютуқларга эришган шарқ ва ғарб алломалари кутиб олгандек бўлади гўё. Айниқса, дунёдаги илк ўлчов бирликлари, телескоп, юртимиз тарихига оид қизиқарли фактлар, тесла шари, велогенератор, уй шаклидаги соат, Архимед ричаги, Леонардо да Винчи кўприги, рақсга тушувчи роботлар — буларнинг барчаси ёшлар ва ҳатто катталарнинг ҳам ақлини чархлашга, ҳаётда физика қонуниятлари асосида қандай ишларни амалга ошириш мумкинлиги ҳақида қизиқ маълумотлар олишга хизмат қилади.

— Бўлимдаги интерактив амалиёт ва экспонатлар фарзандларнинг ақлини чархлабгина қолмай, дунёқарашини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади, — дейди музей директори Гулчеҳра Аҳмедова. — Масалан, кўзгули лабиринт ва лабиринт китоблари градус ҳақида маълумот берса, иллюзия хонаси, блокли механизмлар кўпроқ мушоҳадага чорлайди, физика қонунлари ва ахборот коммуникацияларини чуқурроқ ўрганишга ундайди. Яқин кунларда бу ерда физика, математика, кимё фанлари, робот ясашга қизиқувчи ёшлар учун махсус курслар ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу ерда кичик ёшдаги болалар учун махсус майдончалар бор. Бу уларни мурғаклигидан музейлар билан ошно тутинишига туртки беради...

Музейлар ёш авлод маънавиятини, дунёқарашини бойитувчи, ўтмиш ва келажак ўртасидаги муҳим воситадир. Шу маънода, Тошкент политехника музейи ҳам юртимиз техника тарихи ва унинг бугунги салоҳиятидан дарак берувчи муҳим манба сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Улардаги экс­понатлар ҳар бир юртдошимиз қалбида Ватанга бўлган муҳаббатни дилдан ҳис қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz