ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Ўзбекистон тарихи давлат музейи


Ўзбекистон тарихи давлат музейи

Ўзбекистон тарихи давлат музейи

Ўзбекистон тарихи давлат музейи минтақамиздаги энг йирик маънавият ва маърифат масканларидан бири. Унинг захирасида 300 мингдан ортиқ бебаҳо осориатиқалар, археология, нумизматика, этнография, тасвирий санъат, ҳужжатлар, фотонегативлар мавжуд бўлиб, улар замонавий шарт-шароитда сақланмоқда. Айниқса, мустақиллик йилларида музейда тарихий ҳақиқатларни қарор топтириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 150 дан ортиқ тарихий, илмий асарлар, монографиялар қайтадан нашр этилди. “Темурийлар сулоласининг тангалари”, “Ўзбекистоннинг XVIII — XX асрлардаги металл ва сопол буюмлари каталоги”, “Ўзбек миллий кийимлари”, “Ўзбеклар: маиший ва маданий ҳаёт”, “XIX — XX асрларда Ўзбекистон дўппилари”, “Амир Темур ва темурийлар давлати молиявий сиёсати ва пул муносабати”, “Кўҳна олам сирлари”, “Музей предметлари атрибуцияси ва экспертизаси” каби китоблар ана шулар жумласидандир.

Шу кунларда эса музей экспонатлари асосида тўрт тилда (ўзбек, рус, инглиз, япон) “Ўзбекистон маданий ёдгорликлари хазинаси” номли каталогни китоб ҳолида чоп этиш устида изланишлар олиб борилаяпти.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи экспозиция заллари қайта янгилангандан кейин ташриф буюрувчилар сони кескин ошди. Нафақат мамлакатимиз, шу билан бирга, хориждан ташриф буюраётган меҳмонлар ҳам масканимиздаги тарихий асарларни катта қизиқиш ва ҳаяжон билан томоша қилаяптилар. Кейинги йилларда АҚШ, Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Латвия, Франция, Германия, Япония каби давлатлардан ташриф буюраётган санъат ихлосмандлари сони, айниқса, кўпаймоқда. Улар экспонатларни кўздан кечирар экан, ҳар сафар халқимизнинг бой тарихи, унинг дунё цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини юқори баҳолайдилар.

Шу ўринда музейимизнинг Япония фонди билан ҳамкорликда 2011 йилдан буён ўтказиб келинаётган лойиҳаси ҳақида алоҳида тўхталсак. “Ўзбекистонда инсон ресурслари ва маданий мерос муҳофазаси” мавзуидаги илмий-амалий тренингда япониялик соҳа мутахассислари юртимиз археолог, реставратор ва музейшунослари билан ўзаро фикр алмашадилар, музей экспозициясида сақланаётган ашёларни асраб-авайлаш устида изланишлар олиб борадилар.

Чунончи, музей археологлари Токио университети музейи ходимлари билан биргаликда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Чироқчи туманлари ва Навоий вилоятининг Нурота тумани ҳудудидаги ўрта тош даври ёдгорликларини ўрганиб келмоқдалар. Ана шундай изланишлар натижасида экспедиция аъзолари Нурота вилоятининг Пашшоп қишлоғи ёнидаги булоқ атрофидан ҳам мустье даврига тегишли тош қуролларни топишга муваффақ бўлишди. Шунингдек, Китоб туманининг Аёқчисой қишлоғи ёнидаги Ангалак ғорида тош даврига оид қадимги маданий қатламлар ана шундай саъй-ҳаракатлар туфайли топилди. Бундан ташқари, Селунғур (мил. авв. 1,5 млн. йил), Тешиктош ва Обираҳмат ғорларидан топилган қадимги одам қолдиқлари, Фарғона водийсидан топилган икки бошли илон шаклидаги тош тумор (мил. авв. II минг йиллик), Фаёзтепа ибодатхонаси деворий суратлари (I-III асрлар), Обурдон қишлоғидан келтирилган X асрга оид нақшинкор ўйма устун каби жаҳонга машҳур осориатиқалар музей экспозициясидан муносиб ўрин эгаллаган.

Музейимизга ташриф буюрганларни нумизматика фонди коллекциялари бефарқ қолдирмайди. Чунки бу ерда мил. авв. V асрдан — XIX асргача зарб қилинган ноёб тангалар сақланади. Улар орасида Аҳамонийлар, Юнон-Бақтрия, Кушон, Хоразм, Сўғд ва Чочда зарб қилинган тангалар алоҳида диққатга сазовор. Унда ўрта асрларда ҳукмронлик қилган Тоҳирийлар, Сомонийлар, Қорахонийлар, Чингизийлар, Темурийларга мансуб сулолалар томонидан муомалага киритилган тангалар намойиш этилган.

Этнографияга оид ёдгорликларни катта маданий-тарихий ва бадиий аҳамиятга эга бўлган уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечак ҳамда ҳунармандликка доир буюмлар ташкил этади.

Музей қошида тузилган “Мўъжизалар оламида” болалар музейи ҳам доим жажжи санъатсеварлар билан гавжум. Унда болаларбоп ноанъанавий дастур ҳамда кўргазмалар уюштирилади. Бу эса ўғил-қизларнинг тарихга оид билимлари юксалишига кўмаклашади.

Болалар музейнинг “Археология” бўлимида Кампиртепа ёдгорлиги тасвири билан уйғунлаштирилган қазилма майдончасида қазиш ишларини олиб боришлари, “Нумизматика” бўлимида эса тангаларни зарб қилиш тарихи билан танишишлари, уларнинг аҳамиятли жиҳатларини ўрганишлари мумкин. “Кулоллик” бўлимидаги миллий сопол буюмлари аждодларимизнинг қўли гул ҳунарманд эканлигидан далолат берса, “Каштачилик”, “Тасвирий санъат” бўлимларида болалар дўппидўзлик, расм ва миниатюра чизишни ўрганадилар.

Возврат к списку


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz