ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Сайловолди Платформаси (Ҳаракат дастури)


Мустақиллик миллий ўзлигимизни, ор-номус ва ғуруримизни, инсоний қадр-қимматимизни қайта уйғотди, она тилимизни, динимизни, қадрият ва анъаналаримизни қайтариб берди. Қадимий тарихимиз, миллий давлатчилигимиз тикланди, янги тарихий шароитда унинг оёққа туриб, кучли-қудратли давлатга айланиб, ривожланиши учун зарур бўлган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий асослар яратилди ва мустаҳкамлаб борилмоқда. Мамлакатда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг демократик тизими шакллантирилди ва муваффақиятли ривожланмоқда. Халқ ҳокимиятчилигининг устувор тамойиллари ишлаб чиқилди, халқ давлат ҳокимиятининг ягона манбаи ва ўз истиқболининг ҳақиқий ижодкорига айланди.

Ўзбекистоннинг саноати ривожланган замонавий давлатга айланиши ва унинг жаҳондаги иқтисодий ва индустриал жиҳатдан юксак ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиши учун зарур бўлган барча ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди.

Миллий давлатчилик ва бозор иқтисодиёти асосларини мустаҳкамлаш билан бир вақтнинг ўзида «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари» тамойили ҳам муваффақиятли жорий этилмоқда. Мамлакатимизда сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг жамият ва давлат қурилиши жараёнида фаол иштирок этишлари учун қулай ҳуқуқий шароитлар барпо этилган. Сиёсий партиялар аъзоларининг ўз иродаларини намоён эта олишлари ва уларнинг давлат бошқарувидаги иштироки механизмларини такомиллаштириш устида изчил иш олиб борилмоқда.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси мамлакатимиз ўз тараққиёт йўлида янада олға силжиши учун сиёсий тизимнинг самарадорлиги ва рақобатдош иқтисодиётга эга бўлишдан ташқари жамият бой руҳий-маънавий асосга, юксак даражада ривожланган ҳуқуқий ва сиёсий маданиятга таянган ҳолда, фуқаролар эса «Биз ким эдик ва бугун қандай даражага эришдик, қандай бебаҳо қадриятларга ворисмиз?», деган саволларнинг жавобларини чуқур англаб етишлари зарур, деб ҳисоблайди.

Шу билан боғлиқ равишда, партия миллий тикланиш масаласига алоҳида диққат-эътиборни қаратади. Миллий тикланиш деганда партия миллий ўзлик туйғусининг уйғониши ва тобора мустаҳкамланиб боришини тушунади. Миллий ўзликни англаш мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади, миллий онг инсонда Ватанга муҳаббат ҳис-туйғусини оширишда, ҳар томонлама комил инсон шахсини тарбиялашда бебаҳо ички омилдир. 

Миллий ўзликни англаш тарихни ўрганишдан бошланади. Тарихни билмасдан туриб инсон ўзлигини топиши амри маҳолдир. Ўзининг миллий давлатчилик, миллий маданият ва маънавият тараққиётининг тарихий тажрибасини ўзлаштирмаган халқ миллий тикланишга қодир эмас. Миллий ўзликни англаш ва миллий тикланиш орқали биз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда олдимизда турган вазифаларни муваффақиятли ҳал эта оламиз.

Партиянинг бош мақсади миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, барқарор миллий ривожланишни таъминлаш, мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий, гуманитар ҳаётининг барча соҳаларида миллий манфаатларни ҳимоялаш ва илгари суриш, миллий, маданий ва маънавий қадриятларни, бой тарихий меросимиз, Ўзбекистон халқининг урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ва кўпайтиришдан иборат.

Партия буюк аллома ва мутафаккирлар Ватани, улкан ва ноёб бойликлар, иқтисодий ва ақлий салоҳиятлар эгаси бўлган Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги нуфузи ва обрў-эътиборини янада юксалтириш йўлида фаолият олиб боришни ўзининг энг муҳим вазифаси, деб билади.

Юқорида баён этилган фикр ва вазифалардан келиб чиқиб, партия миллий мустақиллик ғояларига содиқ, жаҳон моддий ва номоддий меросининг ажралмас бўлаги ҳисобланган Ўзбекистон халқининг маданий, анъанавий ва миллий-маънавий қадриятларини чуқур эъзозлайдиган ватанпарвар инсонларни ўз сафида бирлаштиради ва ўз фаолиятида уларнинг манфаатини ифодалайди.

Булар, энг аввало, ижодкор зиёлилар, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати намояндалари, маданият, санъат ва ахборот соҳаси ходимлари, ватан туйғуси билан яшаётган ёшлар, шунингдек, миллий ва маънавий қадриятларни, мамлакатимизнинг тарихий ва маданий бойлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва янада купайтириш ғояларини қўллаб-қувватловчи фуқаролардир.

Партиянинг асосий сиёсий шиори: «Мақсадимиз – миллий тикланиш орқали ривожланган замонавий демократик жамият сари!».

I. Ижтимоий-сиёсий соҳадаги вазифалар

Партия ижтимоий-сиёсий соҳадаги дастурий мақсадларини бажариш учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириши зарур:

– сиёсий муносабатлар тизимида миллий ғоямиз тамойилининг устуворлигини таъминлаш, жамиятимизнинг ахлоқий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш;

– миллати, дини ва эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқи ва барча фуқароларнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш. Ўзбекистон фуқароларининг миллатлараро жипслик, ватанпарварлик, мамлакат тақдири учун масъулият ва дахлдорлик туйғуси халқ манфаатларини самарали муҳофаза этиш, маънавий қадриятларни, урф-одат ва анъаналарни, бой тарихий меросни асраб-авайлаш ва кўпайтириш, миллий тикланиш ғоясини ривожлантириш, Ватан тараққиётини таъминлайдиган халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг натижаси бўлиши керак;

– маҳалла тизимини янада такомиллаштириш, унинг ташкилий ва иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, шунингдек, унинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда, миллий ва маънавий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни тиклаш ва ривожлантиришда фуқароларнинг кенг иштирокини таъминлайдиган фуқаролик жамияти институти сифатидаги фаолиятини кучайтириш.

II. Маънавий-маърифий соҳадаги вазифалар

Партия маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни ўз олдида турган муҳим вазифа деб билади.

Партия миллий ўзликни англаш, ватандошларимизда миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғуларининг мустаҳкам қарор топиши масалаларига ҳамиша катта эътибор қаратади, «Биз киммиз? Аждодларимиз ким эди? Миллатимиз қандай фазилатларга таяниб, юксак марраларга эришди ва оламшумул шуҳрат қозонди?» деган масалаларга жавоб излаш партиянинг ҳамиша диққат марказида бўлади.

Партия миллий-маънавий тикланиш жараёнида фаол иштирок этиб, қуйидаги мақсадларни кўзлайди:

– «Юксак маънавият – енгилмас куч» деган эзгу ғояни рўёбга чиқаришда миллий анъана ва қадриятларни янада мустаҳкамлаб бориш, XXI асрда юксак маънавий-интеллектуал тараққиётга эришиш учун мамлакатни модернизация қилиш ва ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш жараёнларини кучайтириш;

– тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш, ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ушбу бойликларни камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига чуқур меҳр-ҳурмат, эҳтиром уйғотиш;

– Ўзбекистон тарихининг кенг миқёсда изчил ўрганилишини таъминлаш, бу борада тарихийлик ва холислик тамойилларига қатъий амал қилиш, тарихий ўтмишга ва ўзбек халқининг ҳозирги кундаги ҳаётига баҳо беришда бирёқлама ёндашувларга, нохолисликка йўл қўймаслик, Ўзбекистон тарихини бузиб, сохталаштириб талқин этишларга нисбатан қарши кураш олиб бориш, кенг халқаро жамоатчилик диққат-эътиборига Ўзбекистоннинг тарихий ўтмишига доир ҳаққоний ҳақиқатларни етказиш. Зеро ўз тарихи билан фахрланмайдиган халқнинг истиқболи йўқдир; 

– мавжуд маданий ёдгорликларни, Ўзбекистон шаҳарларининг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий жойлар, меъморий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори атиқалар сифатида асраб-авайлаш ва қайта таъмирлаш;

– юксак эстетик қимматга эга бўлиб келган миллий ҳунармандчилик турларини рағбатлантириш, қайта тиклаш ва ривожлантириш, қадимги бадиий-ҳунармандлик мактабларининг анъаналарини сақлаб қолиш;

– халқимизга ёт ва ёш авлод онги учун зарарли бўлган «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан ёшларни муҳофаза қилиш мақсадида уларни миллий тикланиш ғояси, миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш, шу мақсадга қаратилган телевизион кўрсатув ва радиоэшиттирувларни уюштириш, ёшларни ахборот-ресурс марказларига жалб этиш, таълим муассасаларидаги ўқувчиларнинг мамлакатимиздаги мавжуд маданий-тарихий ёдгорлик масканларига оммавий ташрифларини уюштириш, театрларда очиқ эшиклар кунларини ташкил этиш, ёшларга Ўзбекистон тарихи ва маданияти тўғрисида кўргазмали маълумотлар берадиган кўргазмаларга уларнинг ташрифини таъминлаш;

– халқимизнинг маънавияти ривожи ва жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мурувват, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, бағрикенглик, яхшилик ва саховатпешалик каби миллий хусусиятларимиз тарғиботига асосланган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

– давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштиришга, тил маданиятини, ўзаро муомала сифатини юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш, оммавий муомалада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидаларининг бузилишини олдини оладиган аниқ мақсадли ишларни олиб бориш;

– камол топиб келаётган авлодни, биринчи навбатда, китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, уларда матбаачилик маҳсулотларига қизиқишни кучайтириш, Ўзбекистон халқининг тарихи, маънавий-маданий меросига доир адабиётларни нашр этиш билан шуғулланаётган муаллифлар, босмахоналар, нашриётларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, уларга солиқ ва бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар бериш, бу йўналишда ижодий ташкилотлар, нашриётлар ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш;

– халқимизни, биринчи навбатда, ёшларнинг маънавий жиҳатдан юксалишига кўмаклашадиган маънавий-маърифий марказларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонанинг бой ахборот-кутубхоначилик фондини кўпайтириб бориш;

– Ўзбекистон халқининг маданияти ва санъати ютуқларини халқаро майдонда кенг миқёсда тарғиб этиш, ҳозирги Ўзбекистон заминида яшаб ижод этган ва жаҳон тамаддуни тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари, буюк давлат арбоблари, ҳарбий саркардалар ҳаёти ва фаолиятига бағишланган кино асарларни яратиш ва уларни дунё жамоатчилиги диққат-эътиборига етказиш;

– ёшларга маънавий ибрат бўлиб хизмат қила оладиган, ёш авлодни миллий ғоя, жасорат ва матонат руҳида тарбиялашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган фаол замондошларимизнинг бадиий образлари таъсирчанлигини кучайтириш;

– жаҳон жамоатчилигини Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий ва маънавий соҳаларда эришаётган ютуқлари билан кенг миқёсда таништириш бўйича тегишли дастурларни ишлаб чиқиш, шу жумладан, бу борада миллий ва хориждаги нуфузли оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланиш;

– болаларнинг руҳий-маънавий дунёсини ва маданий савиясини ўстириб бориш, уларнинг миллий ва жаҳон мусиқа маданиятининг энг яхши асарлари билан ошно бўлиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

– нафақат миллий, балки жаҳон мусиқа санъатининг кўпдан-кўп йўналишларини ҳам чуқур ўрганиш ва ютуқларини ўзлаштириш, санъаткор, айниқса, ёш хонанда ва созандаларимизнинг ҳалқаро нуфузли танловлар ва фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишига эришиш;

– одамларнинг турмуш тарзи, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолиси ҳаётининг обод ва фаровонлигини, уларнинг маданиятини ошириш, жумладан, ёшларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш.

Ҳар бир миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, оиланинг ўрни ва аҳамияти, ҳеч шубҳасиз, бениҳоят салмоқлидир. Биз шунга ишонамизки, агар оила соғлом бўлса, жамият ҳам мустаҳкамдир, жамият мустаҳкам экан, мамлакат барқарордир.

Партия кексаларга ҳурмат, ўзаро ҳамжиҳатлик, болаларга ғамхўрлик каби оилавий анъаналарни жамиятдаги маънавий қадриятларнинг муҳим манбаи, деб ҳисоблайди. Шунга боғлиқ равишда партия ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўяди:

– мамлакатда оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий қадриятларни ардоқлаш, ёш оилаларга ғамхўрликни ошириш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, соғлом ва мустаҳкам оилалар сонини янада кўпайтириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларга кўмаклашиш;

– жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол янги авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш ишида ҳамкорлик қилиш;

– оилалар ҳаётида ҳамон сақланиб қолаётган нохуш ҳолатлар (тўй маросимларини ўта дабдабали қилиб ўтказиш ва исрофгарчиликка асосланган бошқа тадбирлар)га барҳам беришга қаратилган ишларда фаол иштирок этиш.

Партия кенг билимли, эркин фикрлайдиган, ўз қарашларида миллий ғоямизга таянган, ўз хатти-ҳаракати, ҳаёт тарзи билан миллий маънавий қадриятларга, ватанпарварлик ва инсонпарварлик ғояларига садоқатли ёшларни тарбиялаб етиштиришни ўзининг асосий бурчи деб билади.

III. Суд-ҳуқуқ соҳаларини янада демократлаштиришга доир вазифалар

Партия жамиятнинг демократия ва демократик ислоҳотлар йўлидан босқичма-босқич ривожланиб бориши кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Шунга кўра, партия фуқароларда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга кўмаклашишни суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзининг муҳим вазифаси, деб билади.

Фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти даражаси демократик жамиятнинг негизи ва ҳуқуқий тизим етуклигининг белгисидир. Азал-азалдан мамлакатимизда ҳуқуқий маданият умумжамоа маданиятининг ажралмас таркибий қисми сифатида қабул қилинган. Шу боисдан партия Ўзбекистон халқига қадимдан хос бўлган бу фазилатни қонунга, давлат иродасига ҳурмат билан қараш менталитетини мустаҳкамлашга интилиб келади. Ишончимиз комилки, ҳар бир фуқаро наинки қонунларни билиши, балки уларни ҳурмат қилиши, қонунларда ифодаланган давлат кўрсатмаларини онгли равишда бажариши зарур. Қонунга ҳурмат ҳуқуқий давлатнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизимлар самарали фаолиятининг асосий талабларидан биридир.

Юқорида айтилганларга амал қилган ҳолда, шунингдек, замонавий сиёсий-ҳуқуқий амалиётни кўзда тутиб, партия мамлакатда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билим тарғиботини тубдан яхшилашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар қабул қилинишини муҳим вазифа, деб билади.

Шу билан бирга, партия Ўзбекистон халқининг миллий анъана ва урф-одатларини ўзида акс эттирган, унга хос бўлган мурувват, кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар суд амалиётига жорий этилишини устувор вазифаларидан, деб билади. Шу борада партия қуйидаги вазифаларнинг ижросини долзарб, деб ҳисоблайди:

– жиноий қонунчиликни янада либераллаштириш ва инсонпарварлаштириш, айрим жиноятларни дикриминализациялаш сиёсатини давом эттириш;

– маъмурий судлов соҳасига яраштирув институтини киритиш;

– халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган жиноят ҳуқуқининг замонавий институтларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, хусусан алоҳида жиноятлар бўйича фақатгина жабрланувчининг аризаси мавжуд бўлгандагина жиноят ишини қўзғатиш тартибини жорий этиш;

– оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган бошқа низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантириш, шу жумладан, ҳар қандай низони халқимизга хос бўлган тинч йўл билан ҳал этишга интилиш ва муроса йўлини излаш, шунингдек, фуқароларимизнинг серташвиш суд мажлисларига хоҳиш-истагининг йўқлигини инобатга олиб, бу борада маҳалланинг хизматидан фойдаланиш.

IV. Иқтисодий соҳадаги вазифалар

Партиянинг иқтисодий соҳадаги асосий мақсади – кучли миллий иқтисодиётни шакллантиришдир. Бундай иқтисодиёт халқаро бозорда сифатли маҳсулот ва хизматлари билан бемалол рақобатга кириша олади. Партия шу тариқа Ўзбекистоннинг жаҳондаги иқтисодий ва индустриал жиҳатдан ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этади.

Партия мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатга кўмакдош бўлиб, Ўзбекистонда миллий манфаатлардан келиб чиқиб олиб борилаётган фаол ташқи иқтисодий стратегияни қўллаб-қувватлайди.

Партия қуйидагиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва бу ишларни амалга оширишда фаол иштирок этади:

– «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш, хорижий маҳсулотлар ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга аҳд қилган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жумладан, улар учун солиқ миқдорини камайтириш, божхона имтиёз ва преференциялари, имтиёзли субсидиялар ва бошқа шакллардаги давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини жорий этиш;

– ишлаб чиқаришни техник ва технологик модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган харажатларни қисқартириш, янги, замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, республикамиз минтақаларида фаолият юритиб, истиқболли ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналарга солиқ ва мажбурий тўловлар масаласида имтиёзлар бериш йўли билан маҳаллий саноат самарадорлигини янада ошириш;

– мамлакатимиз пойтахти ва ҳудудларни, шаҳар ва қишлоқларни ўзаро уйғун ривожлантиришга, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда ҳудудлар бўйича айрим номутаносибликларга барҳам бериш, турли минтақаларимизда яшаётган одамларнинг яшаш шароити ва турмуш тарзини тенглаштиришга қаратилган солиқ-бюджет сиёсатини амалга ошириш;

– миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)дан муҳофаза этиш ва қулай сармоя муҳитини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш;

– халқимизнинг, ёшларнинг бевосита Ватанимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий сифатли кийим-кечакка бўлган эҳтиёжини қондириш, енгил ва ихчам тўқимачилик корхоналарининг сонини кўпайтириш;

– икки йирик миллий ташувчилар – «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик темир йўл компаниясининг ички ва ташқи бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш.

Шу билан бирга, ҳозирги босқичда партия мамлакатимизнинг халқаро ижобий имиджини шакллантиришда туризмни самарали восита деб билади ва уни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Туризм Ўзбекистон халқининг ноёб маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб этиш, бу бойликнинг жаҳон демократик ҳамжамияти томонидан умумбашарият тарихий меросининг ажралмас бир қисми сифатида тан олиниши йўлида самарали хизмат қилади, шунингдек, фуқароларни миллий ғурур ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашда туризмнинг ўрни ва аҳамияти эътиборга лойиқ эканини тарғиб этади.

Ўзбекистон бой тарихга ва нодир маданий-тарихий меросга эга. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда улкан салоҳияти ҳозирча тўлиқ ишга солинмаган туризм индустриясини ривожлантириш ва юртимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантириш имконини беради.

Туризм иқтисодиётнинг янада ривожланиш жараёнини тезлаштирувчи омил сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўрин тутади, қўшимча иш ўринлари яратилишига, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини оширишга, миллат фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади, иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ бўлган қатор тармоқлари, инфратузилманинг ривожланишига туртки бўлиб, янада оммавийлашади. Туризм айни пайтда маърифат ва фуқаролик жамиятининг маънавий асосларини шакллантиришда кучли восита бўлиб ҳам хизмат қилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, партия туризмни ривожлантириш бўйича қуйидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таклиф этади:

– сайёҳлик инфратузилмасининг янада ривожланишини, сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлишини, транспорт ва меҳмонҳона хизматлари ва умуман, сайёҳлик логистикаси билан боғлик барча хизматларнинг қулайлигини, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этишни таъминлаш;

– хорижий меҳмонлар учун мамлакатимизнинг халқаро нуфузини, мафтункорлигини оширишда асосий омил бўлган туристик фаолият манзилларида, халқаро аэропортларда, вокзалларда кўрсатилаётган сервис ва хизматлар сифатини яхшилаш;

– туризм саноатига йўналтириладиган инвестициялар оқимини янада рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш, жумладан, хусусий капитал ва бизнесга имтиёз ва преференциялар бериш, туристик фаолият билан шуғулланадиган субъектлар томонидан тўланадиган солиқ ва мажбурий тўловлар ҳисобидан шаклланадиган Моддий маданият меросини қайта тиклаш ва капитал таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш;

– замонавий менежмент, шунингдек, ватандошларимизга ва хорижий туристларга Ўзбекистоннинг ўтмиши ва ҳозирги куни тўғрисида ишончли ахборотни етказиш кўникмаларига эга бўлган кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг миллий тизими самарадорлигини ошириш; 

– соҳадаги мавжуд маъмурий-буйруқбозликни, хорижий ва маҳаллий туристлар учун расмиятчиликни бартараф этиш, хорижий туристларни рўйхатдан ўтказиш, туристлар учун автомобиль ташув хизматлари билан боғлиқ жараёнларни соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

– давлатнинг виза бериш тартибини соддалаштиришга қаратилган виза сиёсатини давом эттириш, бу борада, айниқса, биз билан узоқ муддатли стратегик шериклик алоқаларини ўрнатган ва барқарор туристик бозорга эга бўлган давлатлардан келаётган фуқароларга эътиборли бўлиш, ўзаро визалар алмашиш соҳасида интерактив давлат хизматларини жорий этиш;

– алоҳида қўриқланадиган ноёб табиий ҳудудларни келиб кўриш тартибини кўзда тутадиган туризмнинг фаол турларини, хусусан, экотуризмни ривожлантириш учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиш.

V. Ижтимоий соҳадаги вазифалар

Аҳоли турмуш сифати ва қулайликларини ошириш – партиянинг ижтимоий соҳада олиб бораётган фаолиятининг бош мақсадидир. Шундан келиб чиқиб, партия бу борадаги устувор вазифаларини қуйидагилардан иборат деб билади:

– озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, аҳолининг овқатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бунда генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни чеклаш;

– ривожланишнинг устувор соҳаси сифатида уй-жой қурилиши ва инфратузилмани қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларга имтиёзли фоизларда узоқ муддатли ипотека кредитлари ажратган ҳолда улар учун уй-жой қурилиши давлат дастурининг бажарилиши бундан кейин ҳам тизимли равишда давом эттирилишига кўмаклашиш; 

– қурилиш ва безак ишларида энг яхши хорижий тажриба ва миллий меъморлик анъаналарини қўллаш, тарихий шаҳарларни қайта таъмирлашга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга ошириш;

– йўловчиларга, жумладан, мамлакатимизнинг олис ва етиб бориш қийин бўлган жойлари аҳолисига транспорт хизмати тизимини яхшилаш, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари учун имтиёзли транспорт қатновини таъминлаш;

– аҳолининг электорат қисми бандлиги, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида ҳунармандлик, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш эвазига уларни иш билан таъминлашни кенгайтиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш;

– маданият муассасалари, «Баркамол авлод» болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактаблари, шу жумладан, олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ жойларни ривожлантириш учун бюджетдан маблағ ажратишни кўпайтириш;

– тўлов-контракт асосида олий таълимга эга бўлиш имкониятларини кенгайтириш, таълим жараёнига замонавий истиқболли илм-фан ютуқларини жорий этиш, мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, илмий фаолиятга истеъдодли, қобилиятли ёшларни жалб этиш орқали юқори билим-малакали жамиятни шакллантиришга кўмаклашиш;

– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлариниг вазифаларини кенгайтириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мустақиллигини кучайтириш, маҳалланинг, айниқса, эзгу урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бартараф этиш, оилада соғлом муҳитни шакллантиришдаги фаолиятининг самарадорлигини ошириш;

– маҳалланинг фуқаролар, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, ижтимоий соҳадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, жойларда жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни яхшилаш, бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишдаги саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш;

– жисмонан соғлом ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш, болалар ва ёшларнинг кенг кўламда спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, миллий спорт турларини қайта тиклаш;

– ёшларни уч босқичли тизимдаги оммавий спортга – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада мусобақаларига жалб этишни янада ривожлантиришга, шунингдек, мактаб ўқувчиларининг халқаро мусобақаларда иштирок этишига кўмаклашиш.

VI. Ахборот таъминоти соҳасидаги вазифалар

Партия миллий ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни ўз фаолиятининг устувор вазифаларидан деб билади. Бундай стратегия глобаллашув жараёнларида халқимиз маданиятининг асослари дахлсиз сақланиб қолинишини, унинг янада ривожланишини, ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнлари самарадорлиги оширилишини таъминлаши лозим. Шундан келиб чиқиб, партия ушбу соҳада қуйидагиларни ўзининг асосий вазифалари, деб билади:

– аҳоли, айниқса, қишлоқ жойлардаги фуқароларнинг юқори даражада ахборотга эга бўлишини таъминлаш, ягона миллий ахборот маконини шакллантириш орқали замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

– миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини ҳал этиш доирасида телерадиоэшиттиришлар тизимини модернизация қилиш, миллий теле-радио дастурларини бутун телекоммуникация маконларида ва энг аввало, мамлакатимизнинг энг олис минтақаларида ишончли тарзда қабул қилинадиган ҳудудларни кенгайтириш;

– миллий ахборот маконининг босқичма-босқич ривожлантирилишини, Миллий телерадиокомпаниянинг давлат томонидан бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланишини, юқори технологияли теле-радио жиҳозлардан фойдаланиш самарадорлиги оширилишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш;

– ёшларнинг камолотига хизмат қиладиган креатив ахборот муҳитини яратиш, болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказадиган ахборотлардан муҳофаза қилиш;

– идоралараро ва идора мажмуаларининг ахборот тизимларини бирлаштирувчи миллий ахборот тизимлари ва миллий ахборот ресурсларини, айниқса, интернет тармоғининг миллий сегментларини ривожлантириш;

– инсон ва фуқаронинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқлари, сўз ва ахборот эркинлигига риоя этиш, мустақил миллий ахборот воситаларини, миллий журналистикани ривожлантиришда давлат кафолатларини таъминлаш;

– оммавий ахборот воситаларининг миллий ғоямиз тамойилларини тарғиб этишдаги ролини ошириш, ҳар бир фуқаронинг онгига, маънавий дунёсига мамлакатимизда озод ва обод ҳаёт барпо этиш – бош мақсадимиз эканини кенг миқёсда ва чуқур сингдириб бориш;

– фуқаролик масъулиятини чуқур ҳис этган, замон билан ҳамқадам яшаб ижод қилаётган, энг долзарб муаммоларни дадил кўтариб, уларга кенг жамоатчилик эътиборини қаратаётган, ўзини она Ватан келажаги учун бағишлашга қодир, ҳаётимизда инсон ҳақ-ҳуқуқ ва эркинлиги, адолат ва ҳақиқат тантанаси тамойилларини мустаҳкамлашга тайёр бўлган истеъдодли журналистларни қўллаб-қувватлаш;

– давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти бўйича «ошкоралик индекси» мониторинги тизимини вужудга келтириш, ушбу жараёнга фуқаролик жамияти институтларини кенг миқёсда жалб этиш.

VII. Ташқи сиёсат соҳасидаги вазифалар

Партия бу борада Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб миллий давлатчилик манфаатлари устуворлигига, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч йўл билан ҳал этиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки ҳарбий таҳдиддан тийилиш, чегаралар дахлсизлиги ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа меъёрларига оғишмай амал қилиш каби тамойилларга асосланганидан келиб чиқади. 

Партия Ўзбекистон Республикаси ўз ташқи сиёсатининг асосий мақсад ва вазифаларини бугунги мураккаб шароитда, хавфсизликка ва барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолаётган бир вазиятда амалга оширмоқда, деб билади.

Партия қуйидаги йўналишларда фаол ташқи сиёсат олиб борилишининг тарафдори:

– миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш;

– Ўзбекистон халқининг маданияти ва санъати ютуқларини кенг миқёсда тарғиб этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имиджини мустаҳкамлаш;

– Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг хорижий давлатларда ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаш;

– бошқа давлатлар томонидан уюштириладиган ахборот хуружларига қарши курашнинг самарадорлигини таъминлаш;

– Ўзбекистоннинг айрим шериклар ва мамлакатлар гуруҳига боғлиқлигини камайтириш мақсадида иқтисодий, технологик, транспорт ва бошқа хилдаги алоқаларни кенг кўламда диверсификация қилиш;

– мамлакатимизнинг ишончли, сиёсий ва савдо-иқтисодий соҳаларда масъулиятли шерик сифатида халқаро миқёсдаги имижини мустаҳкамлаш.

Партия Марказий Осиёдаги муаммолар ташқи кучларнинг аралашувисиз минтақадаги давлатларнинг ўзлари томонидан ҳал этилиши керак, деб ҳисоблайди. Бу борада сиёсий-дипломатик ҳамда халқаро ҳуқуқ механизмларини қўллаш, зарур бўлса, мавжуд ва ёки энди юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, Марказий Осиё минтақасидаги можароли вазиятларнинг олдини олиш учун перевентив дипломатик чораларни кўриш ҳам маъқул йўл, деб ҳисоблайди.

Партия сув-энергетика масалаларининг ечимига доир давлатимиз сиёсатини тўла маъқуллайди. Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона ва адолатли фойланилиши зарур, деб ҳисоблайди. Бунда жаҳонда тан олинган халқаро ҳуқуқий меъёрлардан, жумладан, БМТнинг Трансчегаравий сув манбалари ва халқаро кўлларни асраб-авайлаш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияси (Хельсинки, 1992 йил) ва Кемалар қатнамайдиган халқаро сув манбаларидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция (Нью-Йорк, 1997 йил) қоидаларига амал қилинмоғи керак. Шунингдек, минтақадаги барча давлатларнинг манфаатлари ҳам инобатга олинмоғи зарур. Партия минтақадаги трансчегаравий дарёларда йирик гидроэнергетик иншоатларни бунёд этишга бундай қурилишнинг минтақадаги экологик ва ижтимоий-иқтисодий хавфсизликка кўрсатадиган таъсири бўйича мажбурий холисона халқаро экспертиза ўтказилганидан кейингина киришиш мумкин, деб ҳисоблайди.

Партия давлатимизнинг инсоният тамаддунининг қадимги Шарқ ва Ғарбни бирлаштирувчи, сиёсий, иқтисодий ва маданий-инсонпарварлик соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини институционал мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим ўрин тутадиган Буюк ипак йўлини қайта тиклаш, кучли «Буюк ипак йўли” брендини илгари суриш сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Партия халқ дипломатиясини фаоллаштириш тарафдоридир. Хусусан, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгашининг дунё халқлари, хорижда яшаётган хамюртларимиз билан дўстлик ва ҳамкорликни мустахкамлаш, Ўзбекистон халқининг тарихи ва маданияти билан хорижий мамлакатлар жамоатчилигини таништириш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни қабул қилишни қўллайди.

Партия миллий қадриятларимиз, матонат, жасорат, ватанпарварлик ва инсонпарварлик асосларини ўзида ёрқин мужассам этган ўзбек курашини Олимпия ўйинлари қаторига киритиш мақсадида Халқаро Олимпия Қўмитаси билан алоқани ҳар тарафлама мустаҳкамлайди.

Бизнинг асосий ғоямиз – Ўзбекистоннинг буюк келажагига бор билим ва малакамиз, ижодий куч-қудратимизни бағишлаш орқали Она Ватанимизнинг миллий манфаатлари йўлида фидокорона хизмат қилишдир.

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz