ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Партия дастури


ЎЗБЕКИСТОН “МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ” ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ ДАСТУРИ

 

Кириш

Мустақилликка эришилганидан сўнг Ўзбекистонимизда қадимий илдизга эга бўлган миллий давлатчилик тикланди. Мустақиллик йилларида ўзбек давлатчилигини янги тарихий шароитда тиклаш ва янада ривожлантиришнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий асослари яратилди ва мустаҳкамланди.

Бугун биз мамлакатимизда давлатчиликнинг барча асосий тамойиллари ва мажбурий воситалари тўлиқ амалга оширилаётганлиги ҳақида ишонч билан таъкидлашимиз мумкин. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг демократик тизими яратилди.

Миллий давлатчилик асослари мустаҳкамланиши билан бирга “кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили жорий этилмоқда.

Ўз келажагининг ҳақиқий бунёдкорига айланган халқнинг олий манфаатларига жавоб берувчи ички ва ташқи сиёсат муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тармоқларига бўлиниши амалга оширилди. Самарали ишлайдиган икки палатали парламент шакллантирилиб, фаолият юритмоқда. Сиёсий партияларнинг давлатни бошқариш ва жамиятни ислоҳ қилишдаги роли кучайиб бормоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партия фракцияларини ва халқ депутатлари Кенгашларида партия гуруҳларини фаоллаштириш, шу жумладан уларнинг жамиятни демократлаштириш ва янгилашда, мамлакатни модернизациялаш ва ислоҳ қилишда, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда, уларнинг хоҳиш-иродасини ифодалашда амалий иштирок этиши учун тубдан янги шароитлар яратилди. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда, оммавий ахборот воситаларини эркинлаштиришда бевосита иштирок этувчи фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш жараёнлари чуқурлашмоқда. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизимини узлуксиз такомиллаштириш борасида жадал ишлар олиб борилмоқда.

Бозор ислоҳотларини изчил амалга ошириш натижасида иқтисодий ўсишга эришилди. Иқтисодиётнинг янги тармоқлари барпо этилиб, ривожланмоқда, фермерлик ҳаракати кенгаймоқда, меҳнат унумдорлиги ошмоқда. Буларнинг барчаси биргаликда барқарор иқтисодий ўсиш ва халқ фаровонлигининг ошишига эришиш учун зарур бўлган инфратузилмавий базани шакллантирди.

Мамлакатимизда сиёсий партияларнинг жамият ва давлатни ривожлантириш жараёнидаги асосий вазифаларини амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий база яратилган. Натижада сиёсий партияларнинг шу жумладан жамият ва давлат бошқаруви соҳасидаги роли ва ваколатларини янада ошириш учун янги имкониятлар очиб берилди ва бу халқаро стандартларга тўлиқ мос келади.

Мамлакатнинг янада тараққий эттиши учун, самарали сиёсий тизим ва рақобатбардош иқтисодиётдан ташқари бой маънавий асос, ҳуқуқий ва сиёсий муносабатларнинг юқори маданияти ҳам муҳим ўрин тутади. Шунинг учун миллий ғояни янада ривожлантиришнингҳаққоний зарурати ҳам мавжуд бўлиб, унинг моҳияти юз бераётган жараёнларга нисбатан ўз нуқтаи назарига эга бўлган фуқаронинг, шахснинг маънавиятини такомиллаштиришдан иборатдир.

Шу билан бирга, сиёсий партияларнинг ушбу йўналишдаги фаолияти ҳар томонлама комил ва ватанпарвар инсонни тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий ишларга нисбатан қўйиладиган талабларга ҳар доим ҳам жавоб бермайди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг бош мақсади миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, барқарор миллий ривожланишни таъминлаш, мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий, гуманитар ҳаётининг барча соҳаларида миллий манфаатларни ҳимоялаш ва илгари суриш, миллий, маданий ва маънавий қадриятларни, бой тарихий меросимиз, Ўзбекистон халқининг урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ва кўпайтиришдан иборат.

Партия ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, фан-техника тараққиётини ва Ўзбекистоннинг глобаллашиб бораётган жаҳонда муносиб ўрин эгаллашини таъминлашни ёқлайди. У биз фахрланадиган миллий анъаналар ва қадриятларимизни сақлаб қолиш тарафдорлари бўлган инсонлар манфаатларини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Бундай шахслар – партиянинг асосий ижтимоий қатламидир. Партия мустақиллик йилларида бошланган миллий қадриятларни тиклаш, ўзликни англаш, миллий ғояларни шакллантириш ва миллий мустақиллик мафкурасини мустаҳкамлаш, халқнинг маънавий ҳаётида диний анъаналарни тиклаш каби хайрли ишларни изчил, босқичма-босқич ва тизимли равишда давом эттириш тарафдоридир. Ушбу ишни сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш, унинг самарадорлигини ошириш зарур.

Партиянинг асосий сиёсий шиори: «Мақсадимиз – миллий тикланиш орқали ривожланган замонавий демократик жамият сари!».

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси қуйидаги соҳаларда вазифаларни амалга ошириш орқали ҳокимият учун курашиш, сайловчиларнинг энг кўп овозини олиш ва вакиллик ҳокимияти органларида энг кўп ўринларни эгаллашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

I. Партиянинг умумсиёсий вазифалари

Давлатнинг янги халқаро шароитларда ва геосиёсий воқеликда миллий манфаатларни рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш юзасидан амалий қадамларининг тактик ва стратегик мақсадлари ва вазифалари замирида миллий тикланиш ва ривожланишнинг умумий мафкураси ва кенг қамровли дастури мавжудлиги – бизнинг муқаддас орзумиз ва стратегиямиз бўлган - юрт тинчлигиВатан тараққиётихалқ фаровонлиги – умуммиллий ғояси атрофида жамиятимизни бирлаштиришга асосланган йўлини Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси (ЎзМТДП) қўллаб-қувватлайди. Бу ғоя бизнинг асрий орзу-умидларимиз, стратегиямизни, мамлакатимиз фуқаролари томонидан замонавий оламдаги ўз ўрни ва ролини, давлатимизнинг тактик ва стратегик мақсад-вазифаларини, унинг янги халқаро шароитлар ва геосиёсий воқеаларда миллий манфаатларни амалга ошириш ва ҳимоя қилиш борасидаги амалий қадамларини тўғри англаш ва тушуниш замиридаги миллий тикланиш ва тараққиётнинг умумий мафкура ва кенг қамровли дастурининг моҳиятини ташкил этади.

Партия Ўзбекистон келажагини иқтисодий ривожланган ва кучли сиёсий таъсирга эга, бой маънавий меросга асосланган, инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимояланган давлат сифатида кўради.

Ўзбекистонда умуммиллий манфаатлар устуворлигига асосланган мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлигини, миллатлараро ва динлараро тотувликни ҳамда ўзаро тушунишни янада мустаҳкамлаш зарур.

Ўзбекистон бизнинг тасаввуримизда – бу демократик йўлдан ривожланувчи, ижтимоий ва маънавий ҳаётнинг туб умуминсоний ҳамда кўп асрлик миллий қадриятлари муштараклигига асосланган мамлакатдир. Бундай уйғунлик XXI аср тажовузлари ва таҳдидларига мос жавоб топишга ёрдамлашишга қаратилган. Партия илғор мамлакатлар тараққиётининг юқори стандартларига эришиш учун Ўзбекистонда социал-иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни изчил чуқурлаштириб бориши лозим деб ҳисоблайди.

Бу фуқаро, жамият ва давлатни жамиятни бошқариш, ислоҳотларнинг тақдири, ҳокимият тизимини демократлаштириш ва янгилаш учун масъулиятини тубдан оширишни, ҳокимият жамият назорати остида бўлишини, чинакам ўзини ўзи бошқариш асосларининг мустаҳкамланишини талаб этади. Айни мана шу ҳаётий масалаларда янги ўзбек давлатчилиги модели бутун тузилмаларининг яратувчанлик асоси мужассамланган бўлиб, мамлакатни янада ривожланишини ҳуқуқий асосини таъминлашнинг муҳим устуворлигидир.

Партиянинг ишончи комилки, халқнинг онгида чуқур илдиз отган ва илҳомлантирувчи “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” ғояси туб ўзак ғоя бўлиб, ХХI асрда Ўзбекистонда миллий ўзликни англаш шу асосда қурилади ва ривожланади.

Ўзбекистон бизнинг орзуимизда “эркин шахс – кучли фуқаролик жамияти – тараққий этувчи иқтисодиёт – демократик ҳуқуқий давлат” формуласи бўйича ривожланаётган мамлакатдир.

Партиянинг муайян умумсиёсий вазифалари шундан келиб чиқади ва улар қуйидагиларда ўз ифодасини топади:

- одамларнинг сиёсий маданияти, демократик онги ва тафаккурини сифат жиҳатдан ўстиришнинг зарурий шартлари сифатида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва маънавий соҳани бойитишда;

- барча даражадаги ҳокимият ва бошқарув органларига юқори ахлоқий, касбий хусусиятларга ҳамда мамлакат ва халқ тақдири учун масъулиятга, юксак ватанпарварлик тафаккурига эга бўлган инсонлар келиши учун шарт-шароитларни таъминлашда;

- жамоатчиликнинг эътиборини мазкур муаммоларга қаратиш, жамоат назоратини кучайтириш, сиёсий партиялар ва уларнинг парламентдаги фракциялари, шунингдек давлат ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳлари ваколатларидан кенг ва самарали фойдаланиш орқали давлат бошқаруви органларининг фаолиятидаги таъмагирлик, коррупция, маҳаллийчилик ва қариндош-уруғчиликка, қоғозбозлик, фуқароларнинг эҳтиёжларига нисбатан лоқайдлик ва бошқа салбий ҳолатларга барҳам беришда;

- фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалий воситалари сифатида сўз эркинлигини таъминлаш;

- Ўзбекистон учун анъанавий бўлган ахлоқий, маънавий ва диний қадриятларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишда;

- маҳалла институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқаришнинг бошқа шаклларини янада ривожлантиришда;

- этник ва диний мансублигидан қатъи назар Ўзбекистоннинг барча фуқароларини ягона умуммиллий мақсад, давлатчилик ва умуммиллий ғурур рамзлар атрофида янада жипслаштиришда;

- жамият ва халқ фаровонлигини ошириш, унинг манфаатларини турли таҳдид ва тажовузлардан ҳимоя қилишнинг асоси сифатида аҳолининг барча ижтимоий гуруҳлари ва қатламларини узлуксиз маънавий юксалиши вазифаларини ҳал этиш учун бирлаштиришда.

Партия, шунингдек, ислоҳотларни амалга ошириш, мамлакатни сиёсий ва иқтисодий модернизация қилиш жараёнида Ўзбекистонда давлат хизматининг ролини ва аҳамиятини оширилмоқдадеб ҳисоблайди. Бу, асосан, давлат бошқаруви органлари вазифаларининг салмоқлилиги билан белгиланган бўлиб, бу ҳол уларни юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан таъминлашни талаб қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, давлатимиз ўз Ватани - Ўзбекистонга хизмат қилишни шарафли ва нуфузли касб деб ҳисоблайдиган давлат хизматчиларининг юқори малакали корпусини шакллантириш йўлидан бориши зарур. Партия давлат хизматига киришда хизматчилар Ўзбекистонга, мустақиллик ғояларига содиқлиги ҳақида қасамёд қабул қилишлари лозим деб ҳисоблайди.

Шу нуқтаи назардан, партия амал қиладиган асосий сиёсий принциплар қуйидагилардан иборат: ВАТАНПАРВАРЛИК, УМУММИЛЛИЙ БИРДАМЛИК, ХАЛҚ ҲОКИМИЯТИ, МИЛЛИЙ МАНФААТЛАР, БАҒРИКЕНГЛИК ва МАЪНАВИЯТ.

II. Партиянинг маънавий-марифий соҳадаги вазифалари

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси маънавий-ахлоқий тарбия ва маърифатни янада чуқурлаштиришни миллий тикланиш жараёнида бутун жамият ва давлатнинг муҳим вазифаси деб ҳисоблайди. Партия ушбу фундаментал вазифанинг ҳал этилиши жамиятда ва инсон салоҳиятининг ривожланишида туб ўзгаришларни амалга ошириш имконини беришига ишонч билдиради. Шу муносабат билан миллий ғурурни мустаҳкамлаш партиянинг муҳим вазифасига айланмоғи керак. Бу – аҳолининг катта қисми, шу жумладан ёшлар қалбидан жой олган ва ундан ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш ишида фойдаланиш лозим бўлган буюк туйғудир.

Партия жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосини миллий ғоя ташкил этиши тўғрисидаги концепцияни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Партия миллий ғоя асосида ва буюк келажак йўлида мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллатларнинг бирлашишига, фуқароларни ватанпарвар ва ўз мамлакатининг тақдири учун масъул бўлишга ундашга ҳар томонлама кўмаклашади.

Шу муносабат билан партия ватанпарварлик бугунги кунда – нафақат мамлакатни ташқи душманлардан ҳимоя қилишига ички жиҳатдан шай туришгина эмас, шу билан бирга салбий ижтимоий ҳодисалар, ижтимоий иллатлар билан курашишга чуқур тушуниб етилган тарзда қарор қилганлик ҳамдир, деган концепцияни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Ҳақиқий ватанпарвар биринчи навбатда бутун халқ фаровонлиги ҳақида ўйлаши лозим. Шунингдек адолатли ҳуқуқий давлат жамиятда ватанпарварликни мафкуравий жиҳатдан асослаб беришга ҳамда инсонда олижаноблик ва юқори аҳлоқий ҳис-туйғуларни жўш уришига хизмат қилади. Ватанпарварлар нафақат жамият ва давлатнинг хавфсизлигини ҳимоя қилиши, балки халқнинг фаровонлиги ҳақида ҳам қайғуришлари лозим, бу ижтимоий сиёсатнинг самарадорлигига ҳамда турмушнинг юқори даражаси, сифати ва узвийлигини, жамиятнинг муҳтож қатламларини аниқ мақсадли қўллаб-қувватлашни таъминлаш каби моддий омилларга боғлиқ.

Партия, шунингдек Ўзбекистон сингари кўп миллатли мамлакатда миллий ғоя ижтимоий ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда асосий йўналишга айланиши, жамият ва давлат қурилишида ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилиши лозимлигини уқтиради. У биринчи галда, омма онгида мустаҳкамланиши, айниқса, ёшлар муҳитини қамраб олиши ва, пировардида, аҳолининг барча ватанпарварлик кайфиятидаги қатламларини ўз томонига оғдириши лозим.

Айнан миллий ғоянинг зафар қучиши Ўзбекистоннинг миллий ва ижтимоий яхлитлигини сақлаб қолиш, унинг жаҳон сиёсий ва иқтисодий макондаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлаш имкониятини кенгайтиради. Ушбу жараёнлар Ўзбекистонда миллий тикланишга кўмаклашишига партиянинг ишончи комил.

Халқимизнинг миллий ўзлиги асрлар мобайнида шаклланди ва ҳамма вақт адолатнинг фундаментал ғояларига, эзгулик, меҳр-мурувват ва шафқат ғояларига хизмат қилишга таянди. Ҳозирги шароитда жамият, давлат ва қонун ушбу жиҳатларни инсон ҳуқуқларининг ҳозирги тушунчасига монанд уйғунлаштириши лозим. Бу эса миллий тикланиш ғояси Ўзбекистон халқининг миллий ўзига хослиги ва маданиятини сақлаб қолиш ҳамда янада ривожлантириш, Ўзбекистоннинг келажакка кириб бориш стратегиясини амалга ошириш учун реал имкониятлар яратган ҳолда тараққиётнинг қудратли воситасига айланиши учун хизмат қилади.

Бизнинг тушунчамизда миллий тикланишнинг бош принципи – бу анъаналар ва тараққиётнинг бирдамлик принципидир. Қарама-қарши қўйиш эмас, айнан бирлик.

Биз миллий тикланишнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил қилувчи миллатнинг ўзига хос ижтимоий-маданий жиҳатларимизни сақлаб қолишга интилишимиз лозим. Шу билан бир қаторда шуни ёдда тутишимиз зарурки, миллий тикланиш жараёнлари нафақат ўзбеклар ичида, балки бир вақтнинг ўзида ўзини, ўзининг этник маданий асосларини англашнинг фаол жараёнлари Ўзбекистонда яшовчи бошқа миллатлар вакиллари ичида ҳам кечмоқда.

Партия Ўзбекистоннинг барча элатларининг миллий-маънавий жиҳатдан янада тикланиши ва ривожланиши учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратишни ўз мажбурияти деб ҳисоблайди, чунки уларнинг ҳар бири бизнинг умуммиллий ва жаҳон маданиятини бойитувчи жиҳатларни ўзида мужассам этган. Партия шуни чуқур англаб етадики, ўз миллатига, умумий Ватанимиз – мустақил Ўзбекистонга муҳаббат ва келажак учун масъулият саъй-ҳаракатларни умумий вазифаларни ҳал этиш йўлида бирлаштиришни кафолатлайди, бизнинг миллатни кўтариш борасидаги ҳаракатларимизга мазмун-маъно бахш этади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, бошқа партиялардан фарқли ўлароқ, миллий ғурур ва шаън туйғусини мустаҳкамлаган ҳолда, халқимизда миллий ўзликни англашни ўстириш масалаларига ҳамма вақт катта эътибор қаратади. “Биз киммиз? Бизнинг аждодларимиз ким? Бизнинг миллатимиз нима ҳисобидан юксалди ва бутун жаҳонга машҳур бўлди? Бугунги кунда жаҳон аренасига чиқиш учун қандай имкониятлар мавжуд? Биз келажаги буюк давлатни қуришни истар эканмиз, у ҳолда бунинг учун қанақа ҳаётий шарт-шароитлар мавжуд?” каби саволлар ҳамма вақт Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг диққат марказида бўлади.

Бунда партия маънавий маданиятнинг умуминсоний мазмуни ривожланган миллий шаклларга асосланади, шунинг учун миллий тикланиш бутун халқ маънавиятининг тикланишидир деб ҳисоблайди.

Партия Ўзбекистон халқлари анъанавий қадриятларининг маънавий-ахлоқий аҳамиятини тушуниш билан бир қаторда, мамлакатни изчил ва жадал ривожлантиришнинг долзарб вазифаларини замонавий тараққиёт ютуқларидан фойдаланмасдан туриб, интеллектуал ошкораликсиз, жаҳон фани ва таълими тизимлари билан ижодий интеграциясиз ҳал этиб бўлмайди деб ҳисоблайди.

Партия миллий-маънавий тикланиш жараёнларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларда фаол иштирок этган ҳолда қуйидагилар тарафдоридир:

- фаол маънавий-маърифий ва хайрия фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

- Ўзбекистон шаҳарларининг маданий ёдгорликларини, тарихий қиёфасини муҳофаза қилиш, тарихий иншоотлар ва меъморий ёдгорликларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш;

- миллий давлатчилигимизнинг минглаб йиллик тарихини, шунингдек унинг асосида тикланган янги ўзбек давлатчилигини ривожлантиришнинг ҳозирги принципларини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, жамиятни янгилаш ва мамлакатни модернизация қилишнинг асосий мақсадларини илмий-назарий жиҳатдан асослаш, аждодларимизнинг жаҳон илмий тафаккурининг ривожланишига қўшган бебаҳо ҳиссасини англаб етиш, улар томонидан яратилган ҳуқуқий таълимотдан зарур билимларни олиш;

- Ўзбекистон халқларининг тарихи, фалсафаси, маънавий-маърифий мероси бўйича китоблар нашр қилишни ривожлантириш, бундай нашрларни тарғиб қилиш ва уларни турли тилларда тарқатиш;

- Ўзбекистонда яшовчи турли миллатлар ва этник гуруҳлар вакилларининг ўз миллий-маданий ўзига хослигини сақлашга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш;

- таълим ва илм-фан миллий тизимини жаҳон тизимига интеграциялаш;

- аждодларимиз учун анъанавий ҳисобланган юксак фуқаролик фазилатлари – ватанпарварлик, фидокорлик, ташаббускорлик ва тадбиркорликнинг изчиллигини таъминлаш;

- ўзини тенг даражада ҳам эркин, ҳам масъулиятли шахс сифатида англаб етувчи маънавий бой ва эътиқоди мустаҳкам шахсни шаклантириш;

-ёшларни халқимизга ёт бўлган «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан, маънавий-аҳлоқий шаклланишига, қадриятларига, ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотлардан ҳимоя қилиш.

Партия жамиятда оиланинг этник анъаналарини маънавий қадриятларнинг доимий таъминланишининг буюк манбалари сифатида ҳисоблайди. Катталарни ҳурмат қилиш, ўзаро ёрдам, болалар ҳақида қайғуриш каби анъаналар ҳамма вақт миллий оиланинг асосий принциплари бўлиб келган. Шу билан бирга партия оила қадриятларини мустаҳкамлаш даврида, атрофимиздаги доимий ўзгариб турувчи олам талабларини ҳисобга олиши лозим деб ҳисоблайди.

Партия шунингдек, оила ижтимоий ҳаётининг айрим салбий кўринишларига (дабдабали тўйлар қилиш ва исрофгарчиликка асосланган боқша тадбирлар) барҳам беришга фаол кўмаклашиш тарафдоридир.

Умуман олганда, партия ўзбек миллатининг, Ўзбекистоннинг бутун кўп миллатли халқининг маънавий-маданий, демократик ривожланиши бутун мамлакатни тиклаш ва янгилаш гаровидир, деб ҳисоблайди.

III. Партиянинг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасидаги вазифалари

 

Партия жамиятнинг демократия ва демократик ислоҳотлар йўлидан босқичма-босқич ривожланиб бориши кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Шунга кўра, партия фуқароларда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга кўмаклашишни суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзининг муҳим вазифаси, деб билади.

Фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти даражаси демократик жамиятнинг негизи ва ҳуқуқий тизим етуклигининг белгисидир. Азал-азалдан мамлакатимизда ҳуқуқий маданият умумжамоа маданиятининг ажралмас таркибий қисми сифатида қабул қилинган. Шу боисдан партия Ўзбекистон халқига қадимдан хос бўлган бу фазилатни қонунга, давлат иродасига ҳурмат билан қараш менталитетини мустаҳкамлашга интилиб келади. Ишончимиз комилки, ҳар бир фуқаро наинки қонунларни билиши, балки уларни ҳурмат қилиши, қонунларда ифодаланган давлат кўрсатмаларини онгли равишда бажариши зарур. Қонунга ҳурмат ҳуқуқий давлатнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизимлар самарали фаолиятининг асосий талабларидан биридир.

Юқорида айтилганларга амал қилган ҳолда, шунингдек, замонавий сиёсий-ҳуқуқий амалиётни кўзда тутиб, партия мамлакатда ҳуқуқий таълим ва маърифатни, жамиятда ҳуқуқий билим тарғиботини тубдан яхшилашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар қабул қилинишини муҳим вазифа, деб билади.

Шу билан бирга, партия Ўзбекистон халқининг миллий анъана ва урф-одатларини ўзида акс эттирган, унга хос бўлган мурувват, кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар суд амалиётига жорий этилишини устувор вазифаларидан, деб билади. Шу борада партия қуйидаги вазифаларнинг ижросини долзарб, деб ҳисоблайди:

- жиноий қонунчиликни янада либераллаштириш ва инсонпарварлаштириш, айрим жиноятларни декриминализациялаш сиёсатини давом эттириш;

- маъмурий судлов соҳасига яраштирув институтини киритиш;

- халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган жиноят ҳуқуқининг замонавий институтларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, хусусан алоҳида жиноятлар бўйича фақатгина жабрланувчининг аризаси мавжуд бўлгандагина жиноят ишини қўзғатиш тартибини жорий этиш;

- оила, мерос, уй-жой даъвоси ва маиший турмуш манбаида туғиладиган бошқа низоларни судгача ҳал этиш тизимини ривожлантириш, шу жумладан, ҳар қандай низони халқимизга хос бўлган тинч йўл билан ҳал этишга интилиш ва муроса йўлини излаш, шунингдек, фуқароларимизнинг серташвиш суд мажлисларига хоҳиш-истагининг йўқлигини инобатга олиб, бу борада маҳалланинг хизматидан фойдаланиш.

IV. Партиянинг иқтисодий соҳадаги вазифалари

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Ўзбекистоннинг изчил ва барқарор иқтисодий ривожланишга эришишига – миллий тикланиш ва ривожланишнинг иқтисодий асосларини яратиш ва ривожлантириш, мамлакат салоҳиятини ошириш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш ва пировардида, аҳолининг турмуш даражасини оширишга йўналтирилган яхлит иқтисодий стратегия сифатида қарайди.

Партия томонидан табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ривожланган бозор инфратузилмасини шакллантириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратиш, давлатни иқтисодий ривожлантириш ва унинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим йўналиши сифатида қаралади.

Партия қуйидагиларга йўналтирилган чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва амалга оширилишига фаол кўмаклашишни ўзининг иқтисодий соҳадаги асосий вазифалари деб ҳисоблайди:

- иқтисодиётни эркинлаштиришни янада чуқурлаштириш, ушбу жараён йўлидаги тўсиқларга барҳам бериш;

- бюджет-солиқ сиёсатини доимий равишда такомиллаштириш, молиявий воситаларнинг рағбатлантирувчи ролини ошириш юзасидан амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш;

- микроиқтисодий даражадан то макроиқтисодий даражагача харажатлар самарадорлигини ошириш;

- ички бозорни сифатли ва зарур маҳсулотлар билан тўлдириш, иқтисодий фаолиятнинг илғор шаклларига асосланган замонавий корхоналарни ривожлантириш йўли билан миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга йўналтирилган саноатга оид сиёсатини такомиллаштириш;

- маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш;

- инфляция жараёнлари билан курашишга доир чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш;

миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)дан муҳофаза этиш ва қулай сармоя муҳитини шакллантиришнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш;

- чет эллик хусусий ва юридик шахслар учун инвестиция муҳитини янада яхшилаш;

- жаҳон иқтисодий ҳамжамияти билан интеграциялашувни чуқурлаштириш;

- иқтисодиёт соҳасидаги ҳар қандай ҳуқуқбузарликларга қарши аёвсиз курашиш.

Партия, шунингдек хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қўшма корхоналар ташкил этиш, илғор технологияларни жорий этиш асосида саноат корхоналарини ва иқтисодиётнинг бошқа секторларини доимий равишда модернизациялаш орқали рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш чора-тадбирларининг амалга оширилишига кўмаклашишни ҳам ўзининг иқтисодий соҳадаги устувор вазифалари деб ҳисоблайди.

Партия мамлакат иқтисодиётининг муҳим таркибий қисми сифатида аграр тармоқни изчил ривожлантириш тарафдоридир. Мазкур соҳада бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш доирасида партия қуйидагиларни амалга оширади:

- одамларда ерни асраб-авайлаш кўникмасини шаклантиришга кўмаклашиш;

- қишлоқ хўжалигида табиий ва моддий ресурслардан тежамкорлик ва оқилона фойдаланишни кафолатловчи ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларни такомиллаштиришда фаол иштирок этиш;

- қишлоқда мулкчиликнинг янги шакллари, шу жумладан фермерлик хўжаликларини жадал ривожлантириш сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

- қишлоқ хўжалиги субъектларига хизматлар кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш, ушбу йўналишдаги фаолият доирасини кенгайтириш (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва уларни сақлаш, аграр соҳаси субъектларига ташкилий-иқтисодий ёрдам кўрсатиш, қишлоқ хўжалигида илмий-техникавий ва технологик сервисни ривожлантириш ва ҳ.к.) тарафдори бўлиш;

- аграр секторнинг янада саноатлашувига, қишлоқ ва шаҳарнинг ижтимоий-маиший шарт-шароитларини яқинлаштириш жараёнини тезлаштиришга кўмаклашиш.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳам мамлакат иқтисодий салоҳиятини оширишнинг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади. Шу муносабат биланпартия кичик ва ўрта бизнес субъектларига ҳуқуқий ва молиявий хизматлар кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш ва янада соддалаштириш, уларнинг тадбиркорликнинг ушбу тури янада ривожланишини таъминловчи рағбатлантирувчи ролини кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилиши тарафдоридир. Партия амалдаги қонун ҳужжатларига асосланиб, бунинг учун барча зарур ҳуқуқий механизмлардан фойдаланган ҳолда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи камчиликларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш борасидаги изчил ишларни чуқурлаштириш зарур деб ҳисоблайди.

V. Партиянинг ижтимоий соҳадаги вазифалари

Халқ фаровонлигини оширишнинг кафолати сифатида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол ва тўлақонли иштирок этиши тарафдоридир. Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини, унинг янада эркинлашувини, партия халқ фаровонлигини ошириш ва ҳар бир фуқаронинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ишончли асос сифатида қарайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, партия ушбу мақсадларни амалга оширишга йўналтирилган ҳар қандай конструктив ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

Аҳоли фаровонлиги ва унинг даромадлари ўсишини таъминлаш учун партия қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратади:

- аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлари ва механизмларини такомиллаштириш;

- иш берувчилар билан ходимлар ўртасидаги иқтисодий ва ҳуқуқий ўзаро муносабатларни тартибга солувчи қонунларни ҳаётга татбиқ этиш;

- меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларни тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

- аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш;

- шаҳар ва қишлоқ жойларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш.

Партия, шунингдек саноат ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, умуман иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва жадал ривожланишини таъминлаш халқ фаровонлигини оширишнинг асоси деб ҳисоблайди.

Партия яна қуйидагиларни ўзининг ижтимоий соҳасидаги муҳим вазифалари деб ҳисоблайди:

- ҳукуматнинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шунингдек ижтимоий хавфли касалликларга (сил ва бошқалар) барҳам бериш юзасидан мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашади;

- таълим тарбия тизимини янада ривожлантириш ва уни жаҳон ютуқларини ҳисобга олган ҳолда сифат жиҳатдан янги даражага кўтариш орқали инсон омилини ривожлантириш, мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлашга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол иштирок этиш;

- интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва ривожлантиришга йўналтирилган ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни кенгайтиришга кўмаклашиш, фан ва техниканинг замонавий ютуқларидан оқилона фойдаланиш;

- жамиятнинг истеъдодли ва омилкор аъзоларининг яратувчанлик меҳнатига интилишларини қўллаб-қувватлаш.

Партия ёшларни ўзининг ижтимоий соҳадаги сиёсати марказига қўяди. Ёшлар – бу мамлакат келажаги, жамиятнинг таянчи ва ажралмас қисми, у табиий равишда катта авлод ўрнига келади. Партия ёшларнинг салоҳиятини Ватанга хизмат қилишга йўналтиришни ўз вазифаси деб билади. Мазкур вазифани самарали ҳал этиш учун ёшларнинг ўзини кўрсатиши учун шарт-шароитларни доимий равишда яхшилаш зарур. Партия ушбу талабга жавоб берадиган қонун лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.

Партия ёшлар кўпроқ талаб этиладиган соҳаларни ривожлантириш мақсадида ёшлар сиёсатининг долзарб муаммоларини ўрганиш ва муҳокама қилиш билан боғлиқ тадбирларда фаол иштирок этади. Партия, шунингдек ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг тарқалишига қарши, болалар жиноятчилиги ва уни келтириб чиқарувчи сабаблар, бошқа салбий ҳолатларга барҳам бериш йўлида фаол кураш олиб боради.

Партия ёшларга оид сиёсатида яна қуйидагиларга интилади:

- ёшлар ўзининг ижтимоий ҳуқуқлари ва ижодий имкониятларини амалга оширишида ижтимоий адолат принципларига оғишмай амал қилиш;

- ёшларни ҳар томонлама камол топтириш, барча тоифадаги ёшларнинг таълим олиш, меҳнат қилиш, маданият, спорт билан шуғулланиш, уларга тиббий хизмат кўрсатилиши ва ижтимоий қўллаб-қувватланиши имкониятларини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш;

- иқтисодиётнинг барча соҳаларида ёшларнинг ишга жойлашиши ва бандлиги масалаларининг ҳал этилишига фаол кўмаклашиш;

- имтиёзли солиқ солиш, кредитлаш, ёш оилаларга уй-жой ва бошқа ҳаётий муҳим мол мулкларни харид қилиш учун ссудалар бериш ва бошқа иқтисодий ёрдам кўрсатилишини назарда тутувчи мақсадли дастурлар ва вазифаларнинг амалга оширилишида иштирок этиш ва кўмаклашиш;

- қизиқишларига қараб турли тўгараклар, секциялар ва клублар фаолиятини кенгайтириш ҳамда уларга мумкин қадар кўпроқ ёшларни жалб қилиш орқали ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда иштирок этиш ва кўмаклашиш;

- Ўзбекистон халқининг тарихий, маданий ва маънавий мероси асосида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- ёшларга юксак ахлоқий хусусиятларга эга бўлган ҳар бир шахсга хос бўлган бурч, тўғрилик, ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат ҳиссини сингдириш.

VI. Партиянинг ахборот соҳасидаги вазифалари

 

Партия миллий ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни ўз фаолиятининг устувор вазифаларидан деб билади. Бундай стратегия глобаллашув жараёнларида халқимиз маданиятининг асослари дахлсиз сақланиб қолинишини, унинг янада хавфсиз ривожланиши учун асос яратилишини, ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнлари самарадорлиги оширилишини таъминлаши лозим. Шундан келиб чиқиб, партия ушбу соҳада қуйидагиларни ўзининг асосий вазифалари, деб билади:

– аҳоли, айниқса, қишлоқ жойлардаги фуқароларнинг юқори даражада ахборотга эга бўлишини таъминлаш, ягона миллий ахборот маконини шакллантириш орқали замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

– миллий ахборот хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини ҳал этиш доирасида телерадиоэшиттиришлар тизимини модернизация қилиш, миллий теле-радио дастурларини бутун телекоммуникация маконларида ва энг аввало, мамлакатимизнинг энг олис минтақаларида ишончли тарзда қабул қилинадиган ҳудудларни кенгайтириш;

– миллий ахборот маконининг босқичма-босқич ривожлантирилишини, Миллий телерадиокомпаниянинг давлат томонидан бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланишини, юқори технологияли теле-радио жиҳозлардан фойдаланиш самарадорлиги оширилишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш;

– ёшларнинг камолотига хизмат қиладиган креатив ахборот муҳитини яратиш, болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказадиган ахборотлардан муҳофаза қилиш;

– идоралараро ва идора мажмуаларининг ахборот тизимларини бирлаштирувчи миллий ахборот тизимлари ва миллий ахборот ресурсларини, айниқса, интернет тармоғининг миллий сегментларини ривожлантириш;

– инсон ва фуқаронинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқлари, сўз ва ахборот эркинлигига риоя этиш, мустақил миллий ахборот воситаларини, миллий журналистикани ривожлантиришда давлат кафолатларини такомиллаштириш;

– оммавий ахборот воситаларининг миллий ғоямиз тамойилларини тарғиб этишдаги ролини ошириш, ҳар бир фуқаронинг онгига, маънавий дунёсига мамлакатимизда озод ва обод ҳаёт барпо этиш – бош мақсадимиз эканини кенг миқёсда ва чуқур сингдириб бориш;

– фуқаролик масъулиятини чуқур ҳис этган, замон билан ҳамқадам яшаб ижод қилаётган, энг долзарб муаммоларни дадил кўтариб, уларга кенг жамоатчилик эътиборини қаратаётган, ўзини она Ватан келажаги учун бағишлашга қодир, ҳаётимизда инсон ҳақ-ҳуқуқ ва эркинлиги, адолат ва ҳақиқат тантанаси тамойилларини мустаҳкамлашга тайёр бўлган истеъдодли журналистларни қўллаб-қувватлаш;

– давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти бўйича «ошкоралик индекси» мониторинги тизимини вужудга келтириш, ушбу жараёнга фуқаролик жамияти институтларини кенг миқёсда жалб этиш.

VII. Партиянинг ташқи сиёсат соҳасидаги вазифалари

Партия Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб миллий-давлат манфаатлари устуворлиги, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, барча низоли масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид солмаслик, чегаралар дахлсизлиги ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа нормаларига оғишмай амал қилиш тамойилларига асосланиши нуқтаи назаридан келиб чиқиб фаолият олиб боради.

Партия бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсати асосий мақсадлари ва вазифаларининг амалга оширилиши хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид сақланиб турган мураккаб шароитда таъминланаётганлигини чуқур англайди.

Партия мамлакатнинг қуйидагиларга йўналтирилган тишқи сиёсий йўлини қўллаб-қувватлайди ва унинг амалга оширилишида фаол иштирок этади:

- миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон халқининг маданияти ва санъати ютуқларини кенг миқёсда тарғиб этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имиджини мустаҳкамлаш;

- Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг хорижий давлатларда ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаш;

- барча мамлакатлар билан иқтисодий, сиёсий ва гуманитар соҳаларда ўзаро фойдали ҳамкорликни чуқурлаштириш;

- мамлакатни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланган минтақавий, глобал хавфсизликни таъминлаш;

- Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар фаолиятида фаол иштирок этиши, Осиё, Европа ва жаҳон хавфсизлик, иқтисодий, гуманитар ҳамкорлик тузилмаларига интеграциялашиши;

- мамлакатимизнинг ишончли, сиёсий ва савдо-иқтисодий соҳаларда масъулиятли шерик сифатида халқаро миқёсдаги имижини мустаҳкамлаш.

Партия Ўзбекистон Республикасининг Марказий Осиё минтақасида ва унинг ташқарисида низоларнинг олдини олиш ва уларни ҳал этиш мақсадида бундан кейин ҳам халқаро ва давлатлараро тузилмалар фаолиятида фаол иштирок этиши лозим деб ҳисоблайди.

Партиянинг Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий ва ўзгармас вазифаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатларини, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлашдан иборат бўлиб қолишига ишончи комил.

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz