ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ЎЗБЕКИСТОН “МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ” ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИНИНГ УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1.1. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси (бундан буён матнда Партия деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қонуний манфаатлари ва сиёсий иродасини ифода этувчи умуммиллий сиёсий ташкилотдир. Партия Ўзбекистонни ривожлантиришнинг – Юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти, Халқ фаровонлиги – умуммиллий ғоялари атрофига бутун жамиятни жипслаштиришга асосланган йўлини қўллаб-қувватлайди. Бу ғоя Ўзбекистоннинг дунёдаги ўрни ва роли, давлатнинг тактик ва стратегик мақсадлари ва вазифалари, унинг янги халқаро шароитларда ҳамда геосиёсий воқеликларда миллий манфаатларни рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш борасидаги амалий қадамларини фуқаролар томонидан тўғри идрок этиш ва англашига асосланади. У бизнинг асрий орзу-умидларимиз ва умумий мафкурамиз, стратегиямиз ҳамда кенг қамровли миллий тикланиш дастурининг моҳиятини ифодалайди.

Партия жамиятнинг турли гуруҳлари ва қатламларига мансуб бўлган, миллий манфаатларни устувор қўйган ҳамда миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашда, демократик ҳуқуқий давлат барпо этишда, юртнинг гуллаб-яшнашини таъминлаш ҳамда халқ фаровонлигини оширишда онгли ва масъулиятли тарзда иштирок этувчи мамлакатимиз фуқароларини ихтиёрий асосда бирлаштиради.

1.2. Партия Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва Ўзбекистон “Фидокорлар” миллий-демократик партиясининг бирлашуви орқали ташкил этилди.
 
1.3. Партия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий Қонуни, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ушбу Уставга мувофиқ амалга оширади.
 
1.4. Партиянинг фаолияти ватанпарварлик, умуммиллий бирдамлик, адолат, бағрикенглик, маънавий етуклик, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, Партияга кириш ва чиқишнинг ихтиёрийлиги, ўз аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги, қонунийлик, очиқлик ва ошкоралик принципларига асосланади. 
 
1.5. Партия ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширади. 
 
1.6. Партия юридик шахс бўлиб, ўз муҳри, тамғаси, бланкаларига, Ўзбекистон банкларидаги ҳисоб-китоб рақамларига эга бўлади. 
 
1.7. Партия мол-мулкка, мулкий ҳуқуқларга эгалик қилади, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида юридик шахснинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эга бўлади. 
 
1.8. Партиянинг тўлиқ расмий номи: 
 
- ўзбек тилида: Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси;
 
- рус тилида: Демократическая партия Узбекистана “Миллий тикланиш”.

Партиянинг қисқа расмий номи: 
 
- ўзбек тилида: ЎзМТДП;
 
- рус тилида: ДПУз “Миллий тикланиш”.
 
1.9. Партия ўз рамзлари сифатида байроғи, эмблемаси ва вимпелларига эга бўлиши мумкин, улар Партиянинг Марказий Кенгаши Пленуми томонидан тасдиқланади. 
 
1.10. Партиянинг доимий фаолият кўрсатувчи раҳбар органининг манзили: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уй

II. МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

2.1. Партиянинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат: 
 
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларида миллий ўзликни англашнинг ўсиши, миллий ғурур, Ватанга садоқат ва муҳаббат туйғусини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш;
 
- ўз сафида юртнинг ватанпарварларини бирлаштириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини Ўзбекистон манфаатлари ҳамда унинг халқаро обрў-эътиборини ошириш йўлида сафарбар этиш;
 
- ёшларни ўз Ватанини ҳурмат қилиш, севиш ва у билан фахрланиш, ҳар қандай шароитда миллий мустақилликни, халқнинг қадриятлари, анъаналари ва урф-одатларини асраш ва ҳимоя қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек, унинг маънавий эҳтиёжлари ва қизиқишларини чеклашга бўлган уринишларга қарши курашишга таъсирчан ҳисса қўшиш.
 
2.2. Партия ўз мақсадларига эришиш учун қуйидаги масалаларни ҳал этади:
 
- аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширади, Партиянинг мақсад ва вазифаларини аҳолига етказишга қаратилган дастурларни амалга ошириш чораларини кўради, аҳолини Партия Дастури, жорий фаолияти ҳақида хабардор қилади, Партиянинг сайловларда иштирок этувчи номзодлари учун сайловолди ташвиқотини ташкил этади;
 
- ёшлар билан мунтазам иш олиб боради, уларни Партиянинг ёшларга оид сиёсатини амалга оширишда иштирок этишга жалб қилади, Партия мафкурасини ёқловчи сиёсий фаол фуқароларнинг ёш авлодини шакллантиришга кўмаклашади;
 
- жамоатчилик эътиборини муҳим ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларга қаратади ҳамда бу муаммоларни партиявий воситалар орқали ҳал этиш йўллари тўғрисида ижобий ижтимоий фикрни шакллантиради;
 
- Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг манфаатлари, эҳтиёжларини ўрганади, таҳлил этади ва умумлаштиради, янги қонунлар ва давлат ҳокимияти органларининг қарорлари лойиҳалари юзасидан таклифлар кўринишида ўз сайловчиларининг манфаатларини амалга ошириш шаклларини излаб топади ва таклиф этади;
 
- бошланғич партия ташкилотларининг раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракциялари аъзоларини ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги партия гуруҳлари аъзоларни, шунингдек, бошқа фаолларни ўқитади. Партия олдида турган вазифаларни самарали ҳал этишга қодир ва келгусида Партия раҳбар органлари лавозимларига ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда иштирок этиш учун номзодлар кўрсатиш мақсадида партия кадрлари заҳирасини тайёрлайди;
 
- Халқ депутатлари  туман ва шаҳар кенгашларидан  то Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасигача  бўлган сайловларда барча шакллантириладиган сайлов округлари бўйича  Партиядан номзодларини кўрсатиш орқали демократик сайловларда фуқароларнинг тўлақонли иштирок этишини таъминлайди;
 
- Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этади;
 
- Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракциялари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги партия гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириб боради, давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари этиб сайланган Партия аъзоларига ёрдам кўрсатади, улар орқали Партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун ҳужжатларини қабул қилишга йўналтирилган сиёсий ташаббуслар билан чиқади;
 
- фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан бевосита ҳамкорликни амалга оширади.

III. ПАРТИЯГА АЪЗОЛИК

3.1. 18 ёшга тўлган, партиянинг мақсад ва вазифаларини ёқловчи, унинг Уставига амал қилувчи ҳамда фаолиятида фаол иштирок этувчи Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари партия аъзолари бўлиши мумкин. 
 
3.2. Партияга аъзолик – якка тартибда ихтиёрий, қайд этиладиган бўлади. 
 
3.3. Партияга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ёзма аризаси асосида бошланғич партия ташкилотининг йиғилиши томонидан ҳал қилинади. Партияга қабул қилиш Партиянинг тегишли туман (шаҳар) ташкилотлари томонидан амалга оширилиши мумкин. 
 
3.4. Партияга аъзолик Партиянинг аъзолик билети билан тасдиқланади. 
 
3.5. Партияга аъзолик бошқа партияларга аъзолик билан бирга бўлиши мумкин эмас. 
 
3.6. Партияга аъзолик қуйидаги ҳолларда тугатилади: 
 
- ихтиёрий ҳоҳиш билдирганда (бошланғич, туман ёки шаҳар ташкилотига ёзма ариза асосида);
 
- Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум бўлганда;
 
- ҳарбий хизматга ўтиш, миллий хавфсизлик идораларига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ишга ўтиш, судья этиб сайланганда;
 
- Партиянинг Уставига риоя этмаганлик учун, шунингдек Партия обрўсига путур етказувчи ёки унинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳаракатлар учун Партиядан чиқарилганда;
 
- бошқа партияга кирганда;
 
- вафот этганда.
 
3.7. Партияга аъзоликни тўхтатиш шу жумладан унинг сафидан чиқариш тўғрисидаги қарор туман ёки шаҳар партия ташкилоти йиғилиши томонидан қабул қилинади ва кейинчалик Марказий Кенгаш Ижроия Қўмитаси томонидан тасдиқланади. Партиядан чиқариш тўғрисидаги қарор устидан юқори партия органларига шикоят қилиниши мумкин.
 
3.8. Партия аъзоси қонун ҳужжатларига асосан сиёсий партияларга аъзо бўлиш чекланган давлат ва бошқа турдаги лавозимларга тайинланган тақдирда Партияга аъзоликни тўхтатади. Аъзоликни тўхтатиш Партия аъзоси ушбу лавозимга тайинланган кундан эътиборан туман (шаҳар) ёки бошланғич ташкилотнинг ёзма хабарномаси асосида амалга оширилади. 
 
3.9. Партия аъзоларини ҳисобга олиш ҳисобга олиш варақаси, электрон маълумотлар базаси ва Партия аъзоларининг рўйхати асосида амалга оширилади.

IV. ПАРТИЯ АЪЗОСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

 
4.1. Партия аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга: 
 
- Партиянинг дастурий ва бошқа ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
 
- Партиянинг турли даражадаги ташкилотлари ўтказадиган тадбирларда иштирок этиш;
 
- Партиянинг раҳбар органларига сайлаш ва сайланиш;
 
- Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимияти вакиллик органи депутатлигига номзод этиб кўрсатилиш;
 
- Қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият юритувчи жамоат бирлашмаларида, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фондларда Партиянинг тавсия этилган вакили бўлиш;
 
- ўз фикрини эркин ифода этиш, Партия фаолиятига доир масалаларни муҳокама қилиш, оғзаки ёки ёзма шаклда таклифлар киритиш;
 
- Партиянинг исталган идорасига ўзини қизиқтирувчи масалалар юзасидан мурожаат қилиш ва тегишли жавоб олиш;
 
- Партия ва унинг сайланадиган органлари фаолияти тўғрисида маълумот олиш;
 
- Партияга янги аъзоларни жалб қилиш юзасидан иш олиб бориш.
Партия аъзоси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. 
 
4.2. Партия аъзоси: 
 
- Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, жамиятнинг маънавий принципларига ва ахлоқий меъёрларига риоя қилиши;
 - Партия Дастури ва Устави талабларини бажариши, партия интизомига сўзсиз риоя қилиши;
 
- Партия раҳбар органларининг қарорларини бажариши;
 
- Партиянинг манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг ғояларини, мақсад ва вазифаларини тарғиб этиш, уларни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этиши;
 
- Партия фаолиятида шахсан иштирок этиши, ҳаракатлари ва фаолияти билан Партияга мансублигини исботлаши, унинг аҳоли ўртасида обрў-эътибори ва таъсири ортиб боришига эришиши;
 
- аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаши;
 
- турар жойи ўзгарган ҳолда ўз вақтида ҳисобга туриши шарт.

V. ПАРТИЯНИНГ ТУЗИЛИШИ

5.1. Партия Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига мувофиқ ҳудудий принцип бўйича тузилади. Партия тузилишининг асосини ҳудудий ташкилотлар, уларнинг туман (шаҳар) ва бошланғич партия ташкилотлари ташкил этади. 
 
5.2. Ҳудудий партия ташкилоти – Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маъмурий ҳудудида ташкил этилган таркибий бўлинмасидир. Ҳудудий партия ташкилоти туманлар ва шаҳарларда шакллантирилган партия ташкилотларининг фаолиятини бошқариш, мувофиқлаштириш ва бирлаштириш мақсадида ташкил этилади. Ҳудудий ташкилот Партиянинг Марказий Кенгаши қарорига кўра ташкил этилади. 
 
Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий партия ташкилотларига уларнинг мурожаати асосида юридик шахс мақоми берилади. 
 
5.3. Туман (шаҳар) партия ташкилоти ҳудудий партия ташкилотининг таркибий бўлинмаси бўлиб, бошланғич партия ташкилотларининг фаолиятини бошқариш, мувофиқлаштириш ва бирлаштириш мақсадида ташкил этилади. Туман (шаҳар) партия ташкилоти ўз фаолиятини тегишли маъмурий-ҳудудий тузилма доирасида амалга оширади.
 
Туман (шаҳар) партия ташкилоти тегишли ҳудудий партия ташкилоти таклифига кўра, Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг қарори билан ташкил этилади ва тугатилади. 
 
Туман (шаҳар) партия ташкилотларига ушбу ташкилотлар аъзоларининг сони 2000 (икки минг) кишидан ортиқ бўлган ҳолларда юридик шахс мақоми берилиши мумкин. 
 
5.4. Туман (шаҳар) партия ташкилоти таркибида бевосита Партия аъзоларининг яшаш жойи ва иш жойига кўра бошланғич  ташкилотлар ташкил этилади. Улар Партиянинг қуйи тузилмаси бўлиб, аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан бевосита иш олиб бориш ва уларга таъсир кўрсатиш юзасидан имкониятларга эга бўлади. 
 
Бошланғич партия ташкилоти ҳар томонлама билимли, обрў-эътибори ҳамда сиёсий ва ижтимоий тайёргарлиги бўлган партия аъзоларининг ихтиёрий бирлашуви асосида туман (шаҳар) партия ташкилоти таклифига кўра ҳудудий партия ташкилотининг қарори билан ташкил этилади, ушбу Устав, юқори турувчи органларининг қарорлари асосида фаолият кўрсатади ва Партиянинг дастурий ҳужжатларига амал қилади. 
 
5.5. Партиянинг юқори турувчи раҳбар органлари ҳудудий, туман (шаҳар), бошланғич партия ташкилотларининг қарорларини бекор қилиш ёки уларнинг ижро этилишини тўхтатиб туришга ҳақлидир.

 VI. ПАРТИЯНИНГ РАҲБАР ОРГАНЛАРИ

6.1. Партиянинг олий раҳбар органи Партия Съезди бўлиб, у камида беш йилда бир марта чақирилади. Съезд унда Съезд делегатларининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. 
 
6.2. Навбатдан ташқари Съезд Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг, Партия Марказий назорат-тафтиш комиссиясининг таклифига кўра ёки Партия аъзоларининг умумий сонидан камида учдан бир қисмини бирлаштирувчи бир нечта партия ташкилотларининг талабига кўра Марказий Кенгаш  қарори билан чақирилади. Навбатдаги ва навбатдан ташқари Съездни чақириш тўғрисидаги қарор, унинг белгиланган ўтказилиш муддатидан кечи билан бир ой илгари Партия Марказий Кенгаши томонидан қабул қилинади. Бу қарорда, шунингдек Съезднинг кун тартиби, вакиллик миқдори ва делегатларни сайлаш тартиби белгиланади. 
 
6.3. Съезд делегатлари Партиянинг ҳудудий ташкилотларида ҳисобда турган аъзолари конференцияларида Партия Марказий Кенгаши томонидан белгиланган вакиллик миқдори бўйича сайланади. Тасдиқланган вакиллик миқдоридан ташқари, Партия Марказий Кенгаши, Марказий назорат-тафтиш комиссиясининг аъзолари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Партия фракциясининг аъзолари ҳам Съезд делегати бўлишади. 
 
6.4. Съезднинг мутлақ ваколатларига қуйидагилар киради: 
 
- делегатлар ваколатларини текшириш, ўзининг иш тартибини белгилаш, зарур раҳбар ва ишчи органларини сайлаш;
 
- Партия Уставини ва Дастурини қабул қилиш ҳамда тасдиқлаш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;
 
- Партия фаолиятининг асосий стратегик йўналишларини белгилаш;
 
- Марказий Кенгаш аъзолари ва Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзоларини беш йил муддатга сайлаш ҳамда  вазифаларидан муддатидан илгари озод қилиш;
 
- Партиянинг матбуот органини таъсис қилиш;
 
- Партия Марказий Кенгаши, Марказий назорат-тафтиш комиссияси ҳисоботларини тинглаш ва тасдиқлаш;
 
- Партия Марказий назорат-тафтиш комиссияси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш;
 
- Партияни тугатиш ва қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
 
- Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод кўрсатиш;
 
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш.
 
Съезд қонунда белгиланган тартибда бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин. 
 
Съезд қарорлари Партиянинг барча органлари, ташкилотлари ва аъзолари учун мажбурий кучга эга. 
 
6.5. Съездлар орасидаги даврда Партиянинг марказий раҳбар органи Партия Марказий Кенгашидир. У Партиянинг манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш юритади, Партия Дастурини, Партия Съездлари ва Партия Марказий Кенгашининг Пленумлари қарорларини рўёбга чиқариш каби масалаларни амалга оширади. 
 
6.5.1. Партия Марказий Кенгаши Съезд сайлаган бошқа раҳбар органларнинг ҳисоботларини эшитади, муҳокама қилади ва тегишли қарорлар қабул қилади, Партия фракциясининг ва партия гуруҳларининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тинглайди ва тегишли қарорлар қабул қилади. 
 
6.5.2. Съездлар орасидаги даврда Партия Марказий Кенгаши зарур бўлган ҳолларда Партия Марказий Кенгаши аъзоларидан ташкил топган Пленумни чақириши мумкин. Пленум Партиянинг раҳбар органлари таркибига ўзгартишлар киритишга ҳамда дастурий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга. 
 
6.5.3. Партия Марказий Кенгашининг аъзолари Съездда ҳудудий партия ташкилотлари вакилларидан беш йил муддатга сайланади. Партия Марказий Кенгаши аъзоларининг сони ва таркиби Съезд томонидан белгиланади. 
 
6.5.4. Ҳудудий партия ташкилотлари Кенгашлари Ижроия Қўмиталарининг раислари Партия Марказий Кенгашининг сайланмайдиган аъзолари бўлади. Пленум томонидан Партия Марказий Кенгашининг таркибига ўзгартишлар киритилиши мумкин ва кейинчалик улар Съездда тасдиқланади. 
 
6.5.5. Партия Марказий Кенгашининг Пленуми Партия Марказий Кенгашининг асосий фаолият шакли бўлиб, йилига камида икки марта чақирилади ва аъзоларининг учдан икки қисмидан ортиқ аъзоси иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. Партия Марказий Кенгаши аъзоларининг ярмидан кўпининг ташаббусига кўра навбатдаги ва навбатдан ташқари Пленум чақирилиши мумкин. 
 
6.5.6. Партия Марказий Кенгашининг мутлақ ваколатларига қуйидагилар киради: 
 
- Партиянинг сиёсий фаолиятига раҳбарлик қилиш;
 
- Съезд чақириш тўғрисида қарор қабул қилиш;
 
- Партия Марказий Кенгашининг Ижроия Қўмитаси таркибини сайлаш;
 
- Партия Марказий Кенгашининг Ижроия Қўмитаси раисини ва раис ўринбосарларини сайлаш;
 
- Партиянинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган масалаларга доир нуқтаи назарини белгилаш;
 
- Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод кўрсатиш таклифини кўриб чиқиш учун Съездга киритиш;
 
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш таклифини кўриб чиқиш учун Съездга киритиш;
 
- Съездлар орасидаги даврда Партия Марказий Кенгаши таркибидан чиқиб кетган аъзолари ўрнига янги аъзоларни сайлаш ва тасдиқлаш (улар кейинчалик навбатдаги Съездда тасдиқланади);
 
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни ўрни бўшаб қолган депутатлар ўрнига кўрсатиш;
 
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Партия фракциясининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тинглаш;
 
- Партия Дастурини амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшган партия аъзоларини давлат мукофотларига тақдим этиш;
 
- Партия молиявий сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, Партия бюджетини тасдиқлаш;
 
- ҳудудий партия ташкилотларини ташкил этиш;
 
- Партия матбуот органлари бош муҳаррирларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, таҳририят Уставини ҳамда ҳайъати таркибини тасдиқлаш;
 
- аъзолик бадаллари миқдорини ва уларни тўлаш тартибини белгилаш.
 
6.5.7. Партия Марказий Кенгаши мазкур Уставда кўрсатилган ваколатларидан баъзиларини Партия Марказий Кенгашининг Ижроия Қўмитасига бериши мумкин.
 
6.6. Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси 
 
6.6.1. Партия Марказий Кенгашининг Пленумлари орасидаги даврда Ижроия Қўмитаси унга Партия Съезди ва Партия Марказий Кенгаши томонидан берилган ваколатлари доирасида Партия манфаатларини ифода этади ва унинг номидан ҳаракат қилади. 
 
6.6.2. Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси мажлислари зарур бўлган ҳолларда, лекин камида уч ойда бир марта ўтказилади. 
 
6.6.3. Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси: 
 
- Партия Съездлари ва Партия Марказий Кенгаши Пленумларининг чақирилиши ва ўтказилишини ташкил этади;
 
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасига сайловларда Партиянинг иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилади;
 
- Давлат ҳокимиятининг марказий ва маҳаллий вакиллик органларига номзодларни танлаб олиниши ва тақдим этилишини ташкил этади;
 
- Партия иштирок этадиган сайлов кампаниялари ўтказилиши учун масъул бўлади;
 
- Партия аъзоларининг марказлаштирилган ҳисобини ташкил этади;
 
- Партия аъзолик бадаллари келиб тушишининг ҳисобини ташкил этади;
 
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Партия фракциясининг фаолиятини мувофиқлаштиради;
 
- Партия аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари, туман (шаҳар) партия ташкилотлари, бошланғич партия ташкилотларининг раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракциясининг аъзолари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги партия гуруҳларининг аъзоларини ўқитиш ва малакасини ошириш ишларини ташкил этади;
 
- нодавлат нотижорат ташкилотлари билан сиёсий ҳамкорликни амалга ошириш доирасида қабул қилинган махсус дастурлар ва режаларнинг ижро этилишини таъминлайди;
 
- Партиянинг йиллик бюджети лойиҳасини ишлаб чиқади ва Партия Марказий Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этади;
 
- Партия муассасалари, корхоналарини ташкил этади, уларнинг Уставларини тасдиқлайди, раҳбарларини тайинлайди ва вазифасидан озод қилади ҳамда уларнинг фаолиятини назорат қилади;
 
- ҳудудий партия ташкилотининг мақомини, ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитасининг раисини ҳамда раис ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлайди;
 
- Партиянинг туман (шаҳар) ташкилоти тўғрисидаги намунавий Уставни ва бошланғич партия ташкилотлари тўғрисидаги намунавий йўриқномани тасдиқлайди;
 
- Ижроия Қўмита Партия Марказий Кенгаши олдида ҳисоб беради.
 
6.6.4. Ўзининг ваколатларига кирувчи масалалар бўйича Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси қарорлар ва фармойишлар қабул қилади, мазкур ҳужжатлар Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг Раиси ёки унинг тегишли йўналишдаги ўринбосарлари томонидан имзоланади. 
 
6.7. Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг Раиси қуйидаги ваколатларга эга: 
 
- Партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси мажлисларида раислик қилиш;
 
- Партия Марказий Кенгаши Пленумларига раислик қилиш;
 
- Партия Марказий Кенгаши ва Ижроия Қўмитасининг қарорларини имзолаш;
 
- Партия Марказий Кенгашининг Ижроия Қўмитаси, ҳудудий партия ташкилотлари девонларининг ходимлари штатлар жадвалини тасдиқлаш;
 
- Партия фаолиятига оид молиявий ҳужжатларни имзолаш;
 
- Марказий Кенгаш Партия Ижроия Қўмитаси девони ходимлари, ҳудудий партия ташкилотлар Кенгашлари Ижроия қўмиталарининг раҳбарлари билан меҳнат шартномаларини белгиланган тартибда тузиш ва бекор қилиш;
 
- Партия олдида турган алоҳида вазифаларни ҳал қилиш мақсадида Марказий Кенгаши Партия Ижроия Қўмитаси қошида комиссиялар, ишчи ва эксперт гуруҳларини тузиш ва уларнинг мақомларини белгилаш;
 
- Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик қилиш;
 
- Партия Уставига мувофиқ Партия Съезди ва Марказий Кенгашининг мутлақ ваколатларига кирмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш.
 
6.8. Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Раисининг ўринбосарлари, Партия таркибий бўлинмалари раҳбарларининг вазифалари, ваколатлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Партиянинг Марказий Кенгаши ҳамда Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан тасдиқланадиган Низомлар билан белгиланади. 
 
6.9. Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг жорий фаолиятини Партиянинг Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси девони амалга оширади
 
Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси девонининг таркиби, сони, иш тартиби Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси қарори билан тасдиқланади. Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси девонининг масъул ходимлари Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Раисининг буйруқлари билан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади. 
 
6.10. Партиянинг Марказий назорат-тафтиш комиссияси
 
6.10.1. Партиянинг Марказий назорат-тафтиш комиссияси (бундан буён МНТК) Партиянинг марказий назорат қилувчи органи бўлиб, Партиянинг раҳбар ва ижроия органлари, қуйи партия ташкилотлари устидан ушбу Устав талаблари ҳамда Партия раҳбар органларининг қарорларини бажариши юзасидан назоратни амалга оширади, шунингдек уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини тафтиш қилади. 
 
6.10.2. МНТК Партия Съезди томонидан тасдиқланган Низом ва ушбу Устав асосида фаолият олиб боради. 
 
6.10.3. МНТК Партия Съездида беш йил муддатга сайланади. МНТК аъзоларининг сони Партия Съезди томонидан белгиланади. 
 
6.10.4. МНТК нинг биринчи мажлисида унинг ваколат муддатига Раис ва ўринбосарлари сайланади.
 
6.10.5. МНТК мажлисларида Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси аъзолари иштирок этиши мумкин. 
 
6.10.6. МНТК ваколатларига қуйидагилар киради: 
 
- Партия фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига риоя қилиш, Партия Дастури ва Уставининг қоидалари, Съездлар, Пленумлар қарорларининг Партия раҳбар органлари ва барча даражадаги партия ташкилотлари томонидан бажарилишини ташкил этиш ва устидан назорат қилиш;
 
- Партия аъзоларидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш;
 
- Партия ва унинг тузилмалари молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш ҳамда текшириш, Партиянинг молиявий, тадбиркорлик ва бошқа фаолияти соҳаларида амалдаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, Партия молиявий-хўжалик фаолиятини ҳар йиллик текширишларини амалга ошириш.
 
Молиявий-хўжалик фаолияти текширишларини ўтказишда барча мансабдор шахслар ва штатдаги ходимлар МНТК талабига кўра зарур ҳужжатларни тақдим этиши ҳамда тушунтиришлар бериши шарт. 
 
МНТК аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар ва таклифларни Партия раҳбар органларига, ҳатто партия Съезди даражасигача киритишга ҳақлидир. 
 
Ҳудудий, туман (шаҳар) партия ташкилотларининг назорат-тафтиш комиссиялари МНТК талабига кўра партия ташкилотининг Партия раҳбар органлари қарорларининг бажарилиши, Партия Уставига ва молиявий интизомга риоя қилиниши борасидаги фаолияти тўғрисидаги зарур ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этишлари шарт. 
 
6.10.7. МНТК фақат Партия Съезди олдида ҳисобдордир. 
 
6.10.8. МНТК аъзолари барча даражадаги Партия раҳбар органларининг мажлисларида маслаҳат овози билан иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. 
 
6.10.9. МНТК мазкур Устав ва Съезд қарорларидан келиб чиқадиган бошқа ваколатларни амалга ошириши мумкин.

VII. ПАРТИЯНИНГ ҲУДУДИЙ ТАШКИЛОТЛАРИ

7.1. Ҳудудий партия ташкилоти – партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудида ташкил этилган таркибий бўлинмасидир. Ҳудудий партия ташкилоти туманларда ва шаҳарларда шакллантирилган партия бўлинмаларининг фаолиятини бошқариш, мувофиқлаштириш ва бирлаштириш мақсадида ташкил этилади. 
 
7.2. Ҳудудий партия ташкилотлари юридик шахс мақомига эга бўлади. 
 
7.3. Ҳудудий партия ташкилотининг олий органи конференциядир. Конференция ҳудудий партия ташкилотининг Кенгаши томонидан камида беш йилда бир марта чақирилади. 
 
7.4. Ҳудудий партия ташкилотининг навбатдан ташқари конференцияси ҳудудий партия ташкилот Кенгаши қарорига кўра ёки ҳудудий партия ташкилоти аъзоларининг учдан бир қисмининг талабига биноан чақирилади. 
 
7.5. Ҳудудий партия ташкилотининг конференцияси: 
 
- раҳбар органларнинг қарорларига мувофиқ Партия ҳудудий кенгаши фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаб беради;
 
- ҳудудий партия ташкилоти Кенгашини сайлайди, Кенгаш таркибини, аъзоларининг сонини ва унинг ваколатларини белгилайди;
 
- ҳудудий партия ташкилоти назорат-тафтиш комиссиясининг аъзоларини сайлайди;
 
- ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши, назорат-тафтиш комиссияси, ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитаси раисининг ҳисоботларини тасдиқлайди;
 
- сайлов кампанияларида иштирок этиш, жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органларига номзодлар кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилади;
 
- жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органларига номзодлар кўрсатади;
 
- Партия Марказий Кенгаши томонидан белгиланган тартибда ва вакиллик миқдорига мувофиқ Партия Съездига делегатлар сайлайди.
 
Конференция ҳудудий партия ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа қарорларни қабул қилишга ҳақлидир. 
 
7.6. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши тегишли ҳудудий партия ташкилотининг конференциялари орасидаги даврдаги раҳбар органи ҳисобланади, унинг манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш кўрилади.
 
7.6.1. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг мажлислари зарур ҳолларда, лекин камида бир йилда икки марта ўтказилади. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг қарорлари ҳисобдор органлар ва қуйи партия ташкилотлари учун мажбурийдир. Алоҳида ҳолларда, ушбу Уставда белгиланган ҳолатларда ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг қарорлари  Партия Марказий Кенгаши ёки Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан тасдиқланганидан кейин кучга киради. 
 
7.6.2. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг мажлисида ҳудудий партия ташкилотининг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш учун ушбу Кенгаш аъзолари ичидан ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитасининг Раиси ва унинг ўринбосарлари сайланади. 
 
7.6.3. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг мажлиси конференциялар орасидаги даврда ушбу Кенгаш таркибидан чиқиб кетган аъзолар ўрнига янги аъзоларни сайлашга ҳақлидир, улар кейинчалик конференцияда тасдиқланади.
 
7.6.4. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши ва назорат-тафтиш комиссиясининг аъзолари ҳудудий партия ташкилоти конференциясининг тўғридан-тўғри делегатлари ҳисобланади. 
 
7.6.5. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши: 
 
- ҳудудий партия ташкилоти конференциянинг чақирилиши ва ўтказилишини ташкил этади;
 
- ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг Ижроия Қўмитасини сайлайди;
 
- Партия раҳбар органларининг қарорлари бажарилишини ташкил этади;
 
- тегишли давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлигига номзодлар кўрсатади;
 
- Партия иштирок этадиган сайлов кампанияларининг ўтказилиши учун масъул бўлади;
 
- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Партия фракцияси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги Партия гуруҳи фаолиятини мувофиқлаштиради;
 
- Партиянинг раҳбар кадрлари ва бошқа фаолларини ўқитиш ҳамда малакасини ошириш ишларини ташкил этади;
 
- бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни амалга ошириш доирасида махсус дастурлар ҳамда режаларнинг қабул қилиниши ва бажарилишини таъминлайди;
 
- Ҳудудий партия ташкилоти бюджетининг лойиҳасини ишлаб чиқади ва Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасига тасдиқлаш учун тақдим этади;
 
- тегишли ҳудуд бўйича Партия аъзоларининг ҳисобини ташкил этади;
 
- Партия аъзолик бадалларининг келиб тушиши ҳисобини ташкил этади;
 
- ҳудудий партия ташкилоти  Партия Уставида кўрсатилган бошқа ваколатларга эга бўлиши мумкин.
 
7.6.6. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши унинг ваколатларига кирувчи масалалар бўйича ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг Ижроия Қўмитаси Раиси ёки унинг ўринбосарлари томонидан имзоланадиган қарорлар ва фармойишлар қабул қилади. 
 
7.7. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитасининг Раиси қуйидаги ваколатларга эга бўлади: 
 
- Партия раҳбар органларининг қарорлари бажарилишини ташкил этади ва шу мақсадларда қуйи партия ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;
 
- ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг, ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитасининг мажлисларини олиб боради, ушбу мажлисларнинг қарорларини тасдиқлайди;
 
- ҳудудий партия ташкилотининг жорий фаолиятига раҳбарлик қилади, ташкилот номидан ишларни ишончномасиз юритади, ишончномалар беради, битимлар, меҳнат шартномалари тузади ва бошқа ҳужжатларни имзолайди;
 
- ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитасига умумий раҳбарликни амалга оширади;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилотларининг туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитасининг раисини ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлайди;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашининг девони раҳбарлари ва ходимлари, Ижроия қўмита девонининг ходимлари билан белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузади ва уларни бекор қилади;
 
- ҳудудий партия ташкилоти ваколатига тааллуқли молиявий ҳужжатларни имзолайди;
 
- Партия аъзоларининг ҳисобга олинишини ташкил қилади, аъзоликка қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш чораларини кўради, аъзоликни тўхтатиб туришни қайд этади;
 
- ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг фаолияти соҳасига кирмайдиган аммо Партия Устави билан белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади. 
 
7.8. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитаси тегишли ҳудудий партия ташкилотининг доимий фаолият кўрсатувчи органидир.  Ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг мажлислари орасидаги даврда ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг Ижроия Қўмитаси унга берилган ваколатлар доирасида тегишли ҳудудий партия ташкилотининг манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш кўради. Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитасининг иш тартиби ҳудудий партия ташкилоти тўғрисидаги Низомда белгиланади. 
 
Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитасининг жорий фаолиятини ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитасининг девони амалга оширади. 
 
Ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитаси ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари партиянинг барча қуйи бўғинлари учун мажбурийдир.
 
7.9. Ҳудудий партия ташкилотининг назорат-тафтиш комиссияси
 
7.9.1. Ҳудудий партия ташкилотининг назорат-тафтиш комиссияси ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг ва партия қуйи ташкилотларининг устав ва молия-хўжалик фаолиятини, партия бюжетини шакллантириш ва тегишлича бажарилишини назорат қилувчи органдир. 
 
7.9.2. Ҳудудий партия ташкилотининг назорат-тафтиш комиссияси ўз таркибидан комиссия раисини сайлайди. Ҳудудий партия ташкилоти раҳбарлари, унинг Кенгаши ва Ижроия Қўмитаси аъзолари назорат-тафтиш комиссияси аъзолари этиб сайланиши мумкин эмас. 
 
7.9.3. Назорат-тафтиш комиссияси:
 
- ҳудудий партия ташкилоти ва туман (шаҳар) партия ташкилотларининг молия-хўжалик фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка риоя этилиши, Партиянинг Устави ва Дастури, Партия раҳбар органлари қарорларининг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
 
- ҳудудий партия ташкилотининг молия-хўжалик фаолиятини текширади;
 
- ҳудудий партия ташкилоти конференцияларида ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот беради;
 
- ҳудудий партия ташкилоти молия-хўжалик фаолиятининг ҳар йиллик текширувларини амалга оширади;
 
- ҳудудий партия ташкилоти молия-хўжалик фаолиятининг мақсадли ва режадан ташқари текширувларини ўтказиши мумкин;
 
- Партия аъзоларининг аризалари ва шикоятларини кўриб чиқади.
 
Назорат-тафтиш комиссияси ҳудудий партия ташкилоти конференциясигача бўлган даврда аниқланган  камчиликларни бартараф этиш юзасидан тақдимномалар ва таклифлар киритишга ҳақлидир. 
 
7.9.4. Ҳудудий партия ташкилотининг назорат-тафтиш комиссияси ҳудудий партия ташкилоти конференцияси олдида ҳисобдордир. 
 
7.9.5. Ҳудудий партия ташкилотининг назорат-тафтиш комиссияси ўз фаолиятида Партия Устави, ҳудудий партия ташкилоти тўғрисидаги Низом ва Партия Марказий назорат-тафтиш комиссиясининг норматив ҳужжатларига амал қилади.

VIII. ТУМАН (ШАҲАР) ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ

8.1. Туман (шаҳар) партия ташкилотининг олий органи унинг конференциясидир. Ташкилот конференцияси туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгаши томонидан камида беш йилда бир марта чақирилади. 
 
8.2. Туман (шаҳар) партия ташкилотининг навбатдан ташқари конференцияси туман (шаҳар) партия ташкилотининг Кенгаши қарорига кўра ёки туман (шаҳар) партия ташкилоти аъзоларининг учдан бир қисмининг талабига биноан чақирилади. 
 
8.3. Туман (шаҳар) партия ташкилотининг конференцияси ваколатларига қуйидагилар киради: 
 
- Партиянинг дастурий мақсадлари, Партия Съезди, Марказий Кенгаши, Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг, тегишли ҳудудий партия ташкилотининг қарорларидан келиб чиқадиган вазифаларни аниқлаш ҳамда уларни бажариш юзасидан чора-тадбирларни белгилаш;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашини ва Кенгашининг Ижроия қўмитаси аъзоларини сайлаш;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашининг ҳисоботларини эшитиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш;
 
- туман (шаҳар) халқ депутатлари Кенгаши депутатлигига белгиланган тартибда номзодлар кўрсатиш;
 
- тегишли юқори ҳудудий партия ташкилоти конференциясига делегатларни сайлаш;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилоти тўғрисидаги Уставда белгиланган бошқа ваколатларни амалга ошириш.
 
8.4. Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгаши тегишли туман (шаҳар) партия ташкилотининг конференциялари орасидаги даврда раҳбар орган ҳисобланади, унинг манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш кўради.
 
8.4.1. Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашининг мажлислари зарур бўлган ҳолларда, лекин камида бир йилда икки марта ўтказилади. Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашининг қарорлари ҳисобдор партия органлари учун мажбурийдир. Алоҳида ҳолларда, мазкур Уставда белгиланган ҳолатларда Кенгашнинг қарорлари уларнинг ҳудудий партия ташкилоти томонидан тасдиқланганидан кейин кучга киради. 
 
8.4.2. Туман (шаҳар) партия ташкилотининг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш учун туман (шаҳар) партия ташкилотининг Кенгаши мажлисида унинг таркибидан тегишли Кенгаш Ижроия Қўмитасининг Раиси ва унинг ўринбосарлари сайланади. Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашининг Ижроия қўмитаси Раисини ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги қарори тегишли ҳудудий партия ташкилоти томонидан тасдиқланади. 
 
8.4.3. Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашининг мажлиси навбатдаги конференцияда тасдиқлаш шарти билан конференциялар орасидаги даврда тегишли Кенгашнинг янги аъзоларини унинг таркибидан чиқиб кетганлар ўрнига сайлашга ҳақлидир.
 
8.4.4. Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашининг аъзолари туман (шаҳар) партия ташкилоти конференциясининг тўғридан-тўғри делегатлари ҳисобланади. 
 
8.5. Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгаши: 
 
- Туман (шаҳар) партия ташкилоти конференциясини чақирилиш ва ўтказишни ташкил этади;
 
- Партия раҳбар органларининг қарорларини бажаришни ташкил этади;
 
- маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик идораларининг депутатлигига номзодларни кўрсатади;
 
- Партиянинг раҳбар кадрлари ва бошқа фаолларини ўқитиш ҳамда малакасини ошириш ишларини ташкил этади;
 
- бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни амалга ошириш доирасида махсус дастурлар ва режаларнинг қабул қилиниши ва бажарилишини таъминлайди;
 
- тегишли туман (шаҳар) бўйича Партия аъзоларининг ҳисобга олинишини ташкил этади;
 
- бошланғич партия ташкилотининг тузилиши тўғрисида қарор қабул қилади;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилоти сметасининг лойиҳасини ишлаб чиқади ва юқори турувчи партия идорасига тасдиқлаш учун тақдим этади;
 
- Партия аъзолик бадалларининг келиб тушишининг ҳисобини ташкил этади;
 
- Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашидаги партия гуруҳининг фаолиятини мувофиқлаштиради;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилоти тўғрисидаги Низомда кўрсатилган бошқа ваколатларга эга бўлиши мумкин.
 
8.6. Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгаши ўз ваколатларига кирувчи масалалар бўйича туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашининг Ижроия Қўмитаси Раиси ёки унинг ўринбосарлари томонидан имзоланадиган қарорлар ва фармойишлар қабул қилади. 
 
8.7. Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашининг Ижроия Қўмитаси раиси: 
 
- Партия раҳбар органларининг қарорлари бажарилишини ташкил этади ва шу мақсадларда бошланғич партия ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилоти, туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгаши Ижроия қўмитасининг жорий фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгаши ва унинг Ижроия қўмитасининг мажлисларини олиб боради, ушбу мажлисларнинг қарорларини имзолайди;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашининг Ижроия қўмитасининг раисини ва унинг ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлайди;
 
- бошланғич партия ташкилотининг Партия аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги қарорни тасдиқлайди;
 
- Партия аъзоларининг ҳисоби, аъзоликка қабул қилиш, аъзоликнинг тўхтатиб турилиши ва аъзоликдан чиқариш юзасидан чораларни бевосита амалга оширади;
 
- ҳудудий партия ташкилотининг Кенгаши, туман (шаҳар) партия ташкилотининг Кенгаши ва конференцияси томонидан берилган бошқа ваколатларни амалга оширади. 
 
8.8. Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгашининг Ижроия Қўмитаси тегишли туман (шаҳар) партия ташкилотининг доимий ишловчи органидир. 
 
Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгаши мажлисларининг орасидаги даврда Ижроия Қўмита ўзига берилган ваколатлар доирасида тегишли туман (шаҳар) партия ташкилотининг манфаатларини ифода этади ва унинг номидан иш кўради. Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитасининг иш тартиби туман (шаҳар) партия ташкилоти тўғрисидаги ва ҳудудий партия ташкилоти тўғрисидаги Низомлар билан белгиланади. 
 
Туман (шаҳар) партия ташкилоти Кенгаши Ижроия Қўмитаси ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари бошланғич партия ташкилотлари учун мажбурийдир.

IX. БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТЛАРИ

9.1. Бошланғич партия ташкилоти ушбу Устав асосида фаолият юритади, ҳудудий-ишлаб чиқариш белгисига кўра Партиянинг камида учта аъзоси мавжуд бўлганда ташкил этилади. 
 
9.2. Бошланғич партия ташкилоти тегишли туман (шаҳар) партия ташкилотининг қарори билан тузилади ва тугатилади. 
 
9.3. Бошланғич партия ташкилоти: 
 
- қонунчилик доирасида аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради, ушбу йўналишда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари ва бевосита фуқароларнинг ўзи билан ҳамкорликни амалга оширади;
 
- турли ижтимоий гуруҳлар вакиллари билан алоқалар ўрнатади, улар билан мунтазам учрашувлар ташкил этади ва юзага келган муаммоларни ўрганади, уларни қонуний воситалар билан ҳал этишга ёрдам беради;
 
- Партия электоратининг қонуний манфаатларини ифода этувчи ижтимоий-сиёсий, социал ва бошқа масалалар бўйича материаллар ва таклифларни тайёрлайди;
 
- Партия сафларига янги аъзоларни жалб этади, туман (шаҳар) партия ташкилотига ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисоботлар тақдим этади;
 
- аъзолик бадалларини Партия ҳисоб-китоб варақларига ўтказилишини таъминлайди, бу ҳақда туман (шаҳар) партия ташкилотига мунтазам ҳисобот тақдим этади;
 
- бошланғич партия ташкилотида иш юритилишини таъминлайди;
 
- юқори турувчи партия ташкилотлари тақдим этган партия ҳужжатлари ва моддий бойликларнинг тўлиқ сақланиши учун масъул бўлади.
 
9.4. Бошланғич партия ташкилотининг олий раҳбар органи умумий йиғилишдир. Умумий йиғилиш зарур ҳолларда, лекин камида йилига тўрт марта чақирилади. Навбатдан ташқари умумий йиғилиш бошланғич партия ташкилоти аъзоларининг ярмидан ортиқ қисмининг талабига кўра чақирилиши мумкин. 
 
Умумий йиғилиш унинг ишида бошланғич партия ташкилоти аъзоларининг ярмидан ортиқ қисми иштирок этса ваколатли бўлади. Бошланғич  партия ташкилотида қарорлар умумий йиғилишда кворум мавжуд бўлган тақдирда иштирок этувчи аъзоларнинг кўпчилик овозлари билан қабул қилинади. 
 
Умумий йиғилиш:
 
- бошланғич партия ташкилотининг фаолиятига оид масалаларни кўриб чиқади ва улар бўйича қарорлар қабул қилади;
 
- бошланғич партия ташкилоти кенгашини, унинг раисини ва ўринбосарини бир йил муддатга сайлайди, кенгашнинг сон таркибини белгилайди;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилоти конференциясига делегатлар сайлайди;
 
- туман (шаҳар) партия ташкилоти, ҳудудий партия ташкилоти раҳбар органларининг таркибига номзодларни тавсия этади;
 
- Бошланғич  партия ташкилоти Кенгаши раҳбарларининг ҳисоботларини тинглайди.
 
9.5. Бошланғич партия ташкилоти Кенгаши умумий йиғилишлар орасидаги даврда доимий ишловчи раҳбар коллегиал органидир. Кенгаш мажлислари зарур бўлган ҳолларда, лекин камида уч ойда бир марта чақирилади. Кенгаш бошланғич партия ташкилоти Умумий йиғилиши олдида ҳисобдордир. 
 
Бошланғич партия ташкилоти Кенгаши бошланғич партия ташкилотида 50 (эллик) нафардан ортиқ партия аъзолари бўлганда сайланади. 
 
Кенгашнинг ваколатларига қуйидагилар киради: 
 
- фуқароларни Партия аъзолигига қабул қилиш, тўхтатиб қўйилган аъзоликни қайд этиш ва Партия аъзолигидан чиқариш;
 
- Партия раҳбар органларининг қарорларини бажаришга доир ишларни ташкил этиш;
 
- бошланғич партия ташкилоти умумий йиғилишларига материаллар тайёрлашни амалга ошириш;
 
- зарур бўлган ҳолларда йирик бошланғич партия ташкилотида бошланғич партия ташкилоти Ижроия Қўмита Раиси ва унинг ўринбосари ҳамда бошқа аъзолардан иборат Ижроия Қўмита  ташкил этилиши мумкин;
 
- бошланғич партия ташкилотларида партия аъзолари бўлмаган тарафдорларининг секциялари, семинарлари ва клублари ташкил этилиши мумкин.
 
9.6. Бошланғич партия ташкилотининг (Кенгаши) раиси:
 
- бошланғич партия ташкилоти Кенгашининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;
 
- Партия раҳбар органларининг қарорлари бажарилишини таъминлайди;
 
- бошланғич партия ташкилотининг умумий йиғилиши ва бошланғич партия ташкилоти Кенгашининг олдида ҳисобдор бўлади;
 
- раис йўқлигида унинг вазифаларини раис ўринбосари бажариб туради.

Х. ДЕПУТАТЛАР БИРЛАШМАЛАРИ

10. Партия манфаатларини ифода этиш мақсадида давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Партия фракциялари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида қонунда белгиланган тартибда депутатлар гуруҳларини тузади. 
 
10.1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида партия фракцияси (бундан буён матнда Фракция деб юритилади) Партия томонидан кўрсатилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар орасидан тузилади. 
 
10.1.1. Фракция ўз ишини Партиянинг дастурий ҳужжатлари, Партия Съездида белгиланган парламент фаолиятининг вазифалари ҳамда Партия марказий ва ижроия идораларининг тавсияларига мувофиқ ташкил этади. 
 
10.1.2. Фракция Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади. 
 
10.1.3. Муҳим сиёсий масалалар юзасидан нуқтаи назарларни келишиб олиш учун Фракция ва Марказий Кенгашнинг ёки Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг қўшма мажлислари ўтказилиши мумкин. Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида овоз бериш давомида биргаликда ишлаб чиқилган нуқтаи назарларга асосланади. 
 
10.1.4. Фракциянинг фаолияти Партиянинг марказий идоралари томонидан мувофиқлаштирилиб турилади. Фракция Партиянинг Марказий Кенгашига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда мунтазам ҳисобот тақдим этади. Фракциянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги вакиллиги давридаги ҳисоботи Партия Съездида тингланиши мумкин. 
 
10.2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Партия фракцияси ва Халқ депутатлари вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларидаги партия гуруҳлари (бундан буён матнда – партия гуруҳлари деб юритилади) Партия томонидан кўрсатилган ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайланган депутатлар орасидан тузилади. 
 
10.2.1. Партия гуруҳларининг фаолияти тегишли ҳудудий ва туман (шаҳар) партия ташкилотларининг раҳбар органлари томондан мувофиқлаштирилади. 
 
10.2.2. Партия гуруҳлари ўз фаолиятини Партиянинг дастурий ҳужжатлари, тегишли ҳудудий партия ташкилоти конференцияси қонун ижодкорлиги фаолияти вазифаларидан,  тегишли ҳудудий партия ташкилоти Кенгашининг тавсиялари, шунингдек юқори партия идораларининг қарорларидан келиб чиқиб ташкил этади.
 
10.2.3. Назорат вазифалари самарадорлигини ошириш мақсадида Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар  Кенгашларининг партия гуруҳларига Ўзбекистон Республикаси Президентига вилоят ва Тошкент шаҳри ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти ҳақида асосланган хулосаларни тақдим этиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқи берилади. 
 
Ушбу хулосаларнинг асосланиши вилоят ва Тошкент шаҳри ҳокимининг фаолиятини мунтазам ахборот-таҳлилий мониторинг қилишга асосланиши ҳамда ҳудудий партия ташкилоти билан келишилиши лозим. Зарур бўлган ҳолларда ҳудудий партия ташкилоти тегишли маслаҳатлар олиш учун Партия Марказий Кенгашига мурожаат қилиши, шунингдек келишиш бошланган пайтдан кўпи билан 20 (йигирма) кун ичида мустақил экспертларни хулосаларни таҳлил этиш учун  жалб этиши мумкин. 
 
10.2.4. Партия гуруҳлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, Халқ депутатлари вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар  Кенгашларига сайловлар юзасидан, тегишли сайлов округи бўйича партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди кампанияси ташкилий ва ташвиқот-тарғиботини таъминлайдиган, округ сайловчилари олдида Партиянинг ижобий нуфузини шакллантириш мақсадида партия гуруҳлари ва партия ташкилотларининг округ бирлашмаларини ташкил қилади.
 
10.2.5. Партия гуруҳларининг аъзолари маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларида овоз беришда Партиянинг биргаликда ишлаб чиқилган нуқтаи назарларига таянади. 
 
10.2.6. Муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича нуқтаи назарларни келишиб олиш учун партия гуруҳлари ва тегишли ҳудудий партия ташкилоти Кенгашларининг қўшма мажлислари ўтказилиши мумкин. 
 
10.2.7. Партия гуруҳларининг аъзолари томонидан Партия манфаатларига зид келувчи ҳаракатлар содир этган ёки улар била туриб инкор этилган тақдирда ҳудудий партия ташкилоти қонун ҳужжатларига мувофиқ депутатларни чақириб олиш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш масаласини кўтариши мумкин. 
 
10.2.8. Партия гуруҳлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тегишли ҳудудий партия ташкилотига белгиланган муддатларда тақдим этади. Уларнинг вакиллик даври мобайнидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлар тегишли ҳудудий партия ташкилоти конференцияларида тингланади. 
 
10.3.1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов округларида туман (шаҳар) партия бирлашмалари тузилиши мумкин. 
 
10.3.2. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, Халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов округларида бошланғич партия ташкилотларининг округ бирлашмалари тузилиши мумкин. 
 
10.3.3. Партия раҳбар органларининг қарорларига кўра сайлов округларидаги тегишли партия бирлашмаларининг раҳбарларига ушбу бирлашмалар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳуқуқи берилиши мумкин. 
 
10.3.4. Партия гуруҳларини ва партия ташкилотларининг сайлов округларидаги  округ бирлашмаларини тузиш тўғрисидаги Низом Партия Марказий Кенгашининг Ижроия Қўмитаси томонидан тасдиқланади.

XI. ПАРТИЯНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТЛАРИ САЙЛОВИДА ИШТИРОК ЭТИШИ

11.1. Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида иштирок этиши тартиби Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида” ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади. 
 
Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларида иштирок этиши тўғрисида қарор сайловолди кампанияси бошланиши тўғрисидаги эълондан кейин бир ҳафта ичида Партиянинг Марказий Кенгаши Пленумида қабул қилинади. 
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига Партия томонидан номзод кўрсатиш Партия Съезди томонидан амалга оширилади. Бу ҳақдаги қарор Партия Съезди делегатларининг кўпчилиги ижобий овоз берган тақдирда қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилганидан сўнг тегишли ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига топширилади. 
 
11.2. Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этиши тартиби Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов тўғрисида” ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади. 
 
11.3. Партиянинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этиши тўғрисидаги қарор сайловолди кампанияси бошланиши тўғрисидаги эълондан кейин бир ҳафта ичида Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан қабул қилинади. 
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатишни партия Марказий Кенгаши тақдим қилган рўйхатга асосан Съезд амалга оширади.
 
Партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳақидаги қарори Партия Съезди делегатларининг кўпчилиги ижобий овоз берган тақдирда қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилганидан сўнг тегишли ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига топширилади. 
 
Ўрни бўшаб қолган депутатлар ўрнига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси тақдим қилган рўйхат асосида  Партия Марказий Кенгаши  томонидан  амалга оширилади. 
 
11.4. Партия Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари депутатлигига сайловларда иштирок этиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари  билан белгиланади. 
 
Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари депутатлигига сайловларда иштирок этиши тўғрисидаги қарор сайловолди кампанияси бошланиши тўғрисидаги эълондан кейин бир ҳафта ичида тегишли ҳудудий партия ташкилотларининг Кенгашлари томонидан қабул қилинади. 
 
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳудудий партия ташкилотлари, туман (шаҳар) партия ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
 
Партия томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлигига, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳақидаги қарор тегишли ҳудудий партия ташкилоти Кенгаши, туман (шаҳар) партия ташкилотлари Кенгашлари томонидан мажлисда иштирок этувчи аъзоларнинг кўпчилик овозлари билан қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилганидан сўнг тегишли сайлов комиссиясига топширилади.

XII. ПАРТИЯНИНГ БОШҚА СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ВА ЖАМОАТ БИРЛАШМАЛАРИ БИЛАН МУНОСАБАТЛАРИ

12.1. Партия Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари доирасида бошқа партиялар ва жамоат бирлашмалари билан иттифоқларга (блоклар, коалицияларга) ва шартнома муносабатларига киришиши мумкин. 
 
Партия чет эл партиялари ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиши мумкин. 
 
12.2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Партия фракцияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар  Кенгашларидаги партия гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида расмий фаолият юритувчи бошқа сиёсий партияларнинг депутатлик бирлашмалари билан умумий нуқтаи назарини келишиб олиши ёки уларга нисбатан мухолифатда бўлиши мумкин. 
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бошқа партиялар билан бирга ишлаб чиқилган нуқтаи назар тўғрисидаги қарор Фракция раҳбари томонидан Партиянинг Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси билан келишилган ҳолда қабул қилинади.
 
12.3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида расмий фаолият юритувчи бошқа сиёсий партияларнинг депутатлик бирлашмалари билан биргаликда ишлаб чиқилган нуқтаи назари ҳақидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Партия фракцияси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларидаги партия гуруҳининг раҳбари томонидан тегишли ҳудудий (туман, шаҳар) партия ташкилотининг Кенгаши билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

XII. ПАРТИЯ ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ, УНИНГ МУЛКИ ВА ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ

13.1. Партия Дастурида кўрсатилган устувор мақсад ва вазифаларга эришиш учун қуйидаги молиявий манбалардан қонунда белгиланган тартибда фойдаланиши мумкин:
 
- партия аъзолик бадаллари;
 
- жисмоний ва юридик шахслар томонидан қонунга мувофиқ тақдим этиладиган хайрия ёрдами;
 
- қонунга мувофиқ давлат бюджетидан ажратилган маблағлар;
 
- қонунга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;
 
- амалдаги қонунларда тақиқланмаган бошқа тушумлар. 
 
13.2. Ушбу Уставда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун Партия бинолар, иншоотлар, корхоналар ва хўжаликлар, нашриётлар, турар жой, жиҳоз-ускуналар, транспорт воситалари, инвентарлар, маданий-маърифий ва соғломлаштириш мақсадлари учун мўлжалланган мол-мулклар, пул маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидаги маблағлар, қимматли қоғозларга ва муомалада чекланмаган бошқа мол-мулкка эга бўлиши мумкин. 
 
13.3. Ҳудудий партия ташкилотлари ва бошқа қуйи ташкилотларга бириктирилган мол-мулк Партиянинг мулкидир. Ҳудудий партия ташкилотлар ва бошқа қуйи ташкилотлар ўзларига бириктирилган мол-мулкни тезкор равишда бошқаради. 
 
13.4. Партия тадбиркорлик фаолиятини қонун билан белгиланган тартибда, фақат мазкур Уставда белгиланган вазифаларни ҳал этиш учун амалга оширади. Партиянинг тадбиркорлик фаолияти натижасида олинган даромадлар Партия аъзолари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва фақат Уставда билан белгиланган вазифаларни бажариш учун фойдаланилади. 
 
13.5. Партия аъзолик бадалининг миқдори ва уни тўлаш тартиби Партиянинг Марказий Кенгаши қарори билан белгиланади. Нафақахўрлар ва талабалар партия аъзолик бадалларини тўлашдан озод этилади. 
 
13.6. Ҳар ойлик партия аъзолик бадалларининг ҳамда туман (шаҳар) партия ташкилотлари бошқа тушумларининг ўн фоизи ҳудудий партия ташкилотларининг ҳисобида қолади, беш фоизи Партиянинг Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг ҳисобига ўтказилади. Партия аъзолик бадалларининг ҳамда бошқа тушумларнинг қолган қисми тегишли партия ташкилотларининг Уставда белгиланган вазифаларни самарали ҳал этиш учун ишлатилади. Партиянинг ҳисоб-китоб варағига тушган маблағларнинг ишлатилиш тартиби Партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан белгиланади. 
 
13.7. Партия ўз бюджетини ҳар йили ҳамманинг эътибори учун эълон қилади ва ўз фаолиятини маблағлар билан таъминлаш манбалари тўғрисида ваколатли органларга белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.

XIV. ПАРТИЯДА ОВОЗ БЕРИШ ЖАРАЁНИ

14.1. Партия ҳар бир органининг қарори унинг мажлисида  ушбу  орган вакилларининг ярмидан кўп қисми иштирок этса қонуний кучга эга бўлади. 
 
14.2. Барча қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан,  овозларнинг кўпчилигини олиш орқали қабул қилинади (Партия фаолиятининг тугатилиши тўғрисидаги қарорлар бундан мустасно).

XV. ПАРТИЯ УСТАВИ  ВА ДАСТУРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ, УЛАРГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТАРТИБИ

15.1. Партия Устави, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш Партия Съезди томонидан қабул қилинади ва тасдиқланади. 
 
15.2. Партия Съездининг Партия Устави, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва Партия Съездида иштирок этаётган делегатларнинг учдан икки қисмидан иборат кўпчилиги ижобий овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.

XVI. ПАРТИЯ ФАОЛИЯТИНИНГ ТУГАТИЛИШИ

16.1. Партия фаолиятининг тугатилиши ушбу Уставда ва амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга мувофиқ қайта ташкил этиш ёки тугатиш шаклида амалга оширилади. Партияни тугатиш тўғрисидаги қарор Партия Съездида унинг барча ташкилотлари фикри ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади. Бу қарор Съезд делегатларининг учдан икки қисми ёқлаб овоз берса қонуний ҳисобланади. 
 
16.2. Партия Съездининг қарорига кўра тугатиладиган мол-мулк ва маблағлардан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатларига  мувофиқ белгиланади. 
 
16.3. Партия тугатилган тақдирда партия барча қуйи ташкилотларининг ижроия аппарати ходимларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси билан белгиланган тартибда амалга оширилади.
 
16.4. Партия ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат архив идораларига топширилади.

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz