ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Андижон вилояти


Андижоннинг зиёратгоҳ масканлари: бирма-бир ўрганилмоқда 18.10.2018

Андижоннинг зиёратгоҳ масканлари: бирма-бир ўрганилмоқда

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси дастурида мамлакатимизда мавжуд маданий мерос объектлари тарихини ўрганиш, уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодга бус-бутун етказиш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган. Ҳозирда партия Марказий кенгаши ташаббуси билан ҳудудлардаги мавжуд археология, архитектура, монументал санъат ёдгорликлари ҳамда диққатга сазовор барча жойни хатловдан ўтказиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар жойларда тизимли ўрганишларни амалга оширмоқда.

— Партия Андижон вилоят кенгаши, вилоят маданият бошқармаси ҳамда Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш давлат инспекцияси вакиллари ўзаро ҳамкорликда ҳудуддаги қатор объектларни ўрганиб, хатловдан ўтказмоқда, — деди халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати Муҳаммадамин Охунов. — Вилоятда ҳозирги кунда 378 маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Жумладан, Қўрғонтепа туманида 23 маданий мерос объекти мавжуд бўлиб, уларнинг бугунги ҳолати юзасидан ишчи гуруҳ қатор таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқмоқда. Улар орасида, айниқса, табаррук қадамжо ҳисоб­ланган Бибисешанба зиёратгоҳи ҳамда Қалъа ёдгорлиги ҳудудини келгусида янада кенгайтириш ва ободонлаштириш келувчилар сонини янада кўпайтиришга хизмат қилади.

Қўрғонтепа туманининг “Жаннатбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Султонобод қишлоғида жойлашган Бибисешанба зиёратгоҳи қарийб икки аср илгари бунёд этилган бўлиб, доимо одамлар билан гавжум. Хусусан, зиёратгоҳ атрофидаги шифобахш булоқ сувининг маъданларга бойлигини мутахассислар ҳам эътироф этган.

Вилоятдаги тарихий обидалардан яна бири Қалъа меъморчилик ёдгорлиги ҳисобланади. Мазкур иншоот 1880-1881 йилларда мудофаа қўрғони сифатида бунёд этилган. Қалъанинг 10 метрдан баланд деворидан Андижон шаҳрининг ҳар бир маҳалла ва кўчалари кафтдек кўриниб турган. Умумий ер майдони 1 ярим гектарча келадиган бир неча бино, қурол-аслаҳа омборлари, ошхона ва тўпхоналардан иборат қўрғондан мудофаа мақсадида фойдаланилган. Қалъа 130 йил давомида жуда кўп тарихий воқеаларнинг гувоҳи бўлган.

Ҳудуддаги яна бир тарихий бино — Девонабой масжиди. Тарихчи олим Сайфиддин Жалилов маълумотига кўра, мазкур иншоот  XIX асрнинг 70-йилларида бунёд этилган бўлиб, марказий намозгоҳ вазифасини ўтаган. Девонабой қорасувлик катта ер-сув эгаси ҳисобланиб тақводор, саховатпеша, моддий ва маънавий бой инсонлардан бири бўлган. Ушбу масжид унинг ташаббуси билан қурилгани боис ҳозиргача Девонабой номи билан юритилади.

Андижонда бу сингари мозий ҳақиқатидан сўзловчи маданий мерос объектлари кўп бўлиб, хорижлик сайёҳлар ҳамда юртимиз аҳлининг эътибори ва ҳайратини қозониб келмоқда. Уларнинг келиб чиқиш тарихини ўрганиш, бугунги кундаги ҳолати ва амалга оширилиши лозим бўлган ишларни ўз вақтида адо этиш муҳим вазифалардан биридир.


Сардор ДАМИНОВ,
ЎзМТДП Андижон вилоят кенгаши
бош мутахассиси



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz