ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Андижон вилояти


Маданий мерос объектлари ҳимояси – бош мақсадимиз 02.11.2018

Маданий мерос объектлари ҳимояси – бош мақсадимиз

Мамлакатимиз, хусусан, вилоятимизда тарихий обида ва маданий ёдгорликлар жуда кўп. Улар халқимизнинг ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадриятларимиз намунаси, халқимизнинг бебаҳо мулки ҳисобланади.

Маълумки, Ўзбекистон “Миллий тикланиш”демократик партияси ўз дастурида мамлакатимизда мавжуд маданий мерос объектлари тарихини ўрганиш билан бир қаторда уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодга бус-бутунлигича сақлаш каби ғояларни асосий мақсадларидан бири сифатида белгилаган.

ЎзМТДП ташаббуси билан ҳудудлардаги мавжуд археология, архитектура, монументал санъат ёдгорликлари ҳамда диққатга сазовор жойлар бирма-бир хатловдан ўтказилди. Партия Андижон вилоят кенгаши, вилоят маданият бошқармаси ҳамда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш давлат инспекцияси вакиллари ҳамкорлигида вилоятдаги объектлар ўрганилиб, хатловдан ўтказилди.

Вилоятда 378 та маданий мерос объектлари рўйхатга олинган. Жумладан, Андижон шаҳрида 52 та маданий мерос объектлари мавжуд.

Андижонга ташриф буюрган киши борки, дастлаб музейлар фаолияти билан танишади. Зеро, мазкур маданият маскани ўтмиш билан бугунни боғловчи кўприкдир. Бугунги кунда вилоятда 5 та музей фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар орасидан, айниқса, Ўлкашунослик музейига ташриф буюрувчилар сони анчагина. 1934 йилда ташкил этилган ушбу музейда 30 мингдан ортиқ ноёб экспонатлар сақланаётган бўлиб, улар Фарғона водийси халқлари тарихи, турмуш тарзидан сўзлайди.

Ўлкашунослик музейига туташ ҳудудда жойлашган Жомъе мадрасаси тарихий обидалардан яна бири бўлиб, у 1883-1890 йилларда бунёд этилган. Масжид, мадраса ва минорадан иборат мажмуанинг узунлиги 123 метр. Майдон ўртасида пештоқ қад кўтарган. Унинг икки ёнида безакдор минора бор. Бурчакларида гумбазли дарсхоналар, уларнинг ўртасида икки қаватли ҳужралар жойлашган. Минора баландлиги 32 метр. Бу ерда олиб борилган таъмирлаш ишлари мажмуага янги ҳаёт бағишлади. Жомъе орқа томонига Андижон Регистони деб ном олган хиёбоннинг барпо этилиши эса музей ва мадраса кўркига янада кўрк қўшди. Тарихи бевосита вилоят ўтмиши, қадрияти, аҳоли турмуш тарзи билан чамбарчас боғлиқ бўлган “Девонабой” масжиди ҳам таниб бўлмас даражада ўзгариб, янгича қиёфа касб этмоқда.

Ҳунармандлар растаси эса кечаю-кундуз меҳмонлар билан гавжум. Сабаби, ҳунармандлар шу ерда истиқомат қилиб, отамерос касб-корларини юритадилар.

“Мирпўстин ота” зиёратгоҳи атрофлари ободонлаштирилиб, ёнида 1000 ўринли чойхона бунёд этилди.

Биргина Андижон шаҳрида “Боғишамол”,“Андижон”, “Андижон элита”, “Карвонсарой”,“Афросиёб”,“Ҳамкор” каби 20 та меҳмонхона фаолият кўрсатаяпти. 

Бир сўз билан айтганда, мазкур маданий мерос объектларини ўрганиш, ободонлаштириш, муҳофаза қилиш бош мақсадимиздир. Тарихий обида ва маданий ёдгорликлар юртдошларимиз қалбида муқаддас она заминга муҳаббат, ўтмишга дахлдорлик ҳиссини, фахр-ифтихор туйғуларини шакллантириши, қолаверса, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, маданий мерос ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

 

Бехзод ИМИНОВ,

ЎзМТДП Андижон шаҳар кенгаши раиси



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz