ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Бухоро вилояти


Мурожаатлари ечимидан аҳоли мамнун 11.07.2019

Мурожаатлари ечимидан аҳоли мамнун


Аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларнинг ўй-ташвишларига шерик, муаммолари ечимига елкадош бўлиш бугуннинг муҳим талабидир. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳам халқ розилиги ва эртанги кунга бўлган ишончини юксалтириш, бир сўз билан айтганда, инсон ва унинг манфаатлари устуворлигини таъминлашдек олий қадрият ётади.

Шу маънода халқ ўзи сайлаган вакили – депутатга суянади. Муаммолари ечимида мадад кутади. Депутатга бўлган ишонч ва эътиборнинг юксалиши эса унинг амалий ишларида, фаол ва ташаббускорлигида кўзга ташланади.

Шофиркон тумани Дўрмен МФЙ, Дўрмен қишлоғида яшовчи фуқаро Самад Ёдгоровнинг ЎзМТДПдан халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутат Дилафрўз Аҳмедовага мурожаати асосида қўшниларининг уй-жойлари ва томарқа ерларига халақит бермаган ҳолда йўл ажратилди.

- Депутатга йўллаган мурожаатим бесамар кетмади. Д.Аҳмедова туман Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимига депутатлик сўрови юборди. Мутасаддилар томонидан атрофлича ўрганилиб чиқилган муаммо ижобий ечим топди. Томарқада ерга ишлов бериш, техника ишларини бажаришда трактор ва бошқа транспорт воситаларидан бемалол фойдаланиш имкониятига эга бўлдим, - дейди Самад Ёдгоров.

Халқ депутатлари Ромитан туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Завқий Қурбонов кўмагида тумандаги Қаҳрамон МФЙ Қаҳрамон қишлоғида яшовчи фуқаролар Азиза Камолова, Матлуба Файзиева, Муборак Файзуллаева ҳамда Нафосат Аминовалар ЎзМТДП фаоли Йўлдош Аминов раҳбарлигидаги Ромитан туман мактабгача таълим муассасасига қарашли Йўлдош Аминов оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасасига шартнома асосида инглиз ва рус тили ўқитувчилари, ҳамшира ҳамда ошпаз бўлиб иш бошлашди.

Партиядан Қоровулбозор туман Кенгаши депутатлигига сайланган Ўткир Жумаевнинг ўз сайлов округида сайловчилар билан учрашуви чоғида депутатга уй-жой, бандлик ва тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли кредитлар масаласида амалий ёрдам сўраб мурожаатлар бўлди.

Жумладан, 1992 йилда туғилган, II гуруҳ ногирони Соҳиб Саидов Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қарашли Маданият саройида тўгарак раҳбари бўлиб ишлаши, бошпанага эҳтиёжи борлигини айтиб, арзон уйлардан олишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ижобий ечим топди. Тумандаги “Чўлқувар” МФЙда кам таъминланганлар учун қурилган уч хонали уйлардан олиб берилди. Фуқаро депутат кўмагида ўз уйига эга бўлди.

Шунингдек, депутат Ўткир Жумаев томонидан тумандаги Ал-Бухорий маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи II гуруҳ ногирони Бахшулло Жабборовнинг уйининг том қисми шифер билан ёпилиб, моддий таъминоти учун кўмак ҳам берилди.

Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳи аъзолари фаолиятидан бу каби амалий ишларни кўплаб келтириш мумкин.

2019 йилнинг ўтган шу даврига қадар ЎзМТДП вилоят Кенгаши партия ташкилотлари ва партиядан сайланган депутатларга жисмоний ва юридик шахслар томонидан жами 379 та мурожаатлар келиб тушган. Шулардан бандлик масаласида 131, коммунал соҳа - 64 , уй-жой ва ер масаласи - 73 , ижтимоий масалалар ва соғлиқни сақлаш - 49 , банк кредит масаласи - 25 ва бошқа масалаларда 32 та мурожаатлар амалга оширилган.

Ижросига аҳамият қаратадиган бўлсак, 112 нафар фуқаролар мурожаатлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, 116 та мурожаатлар тегишли ташкилотларга юборилган. 151 та мурожаатлар ечими ижобий ҳал этилишига эришилган.

Партиянинг халқ депутатлари Бухоро вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги гуруҳи аъзолари томонидан айни кунларда янада фаолликда аҳолининг турли қатламлари орасига кириб бориб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ижобий ҳал этиш борасида амалий иш олиб борилмоқда.

 

 

ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши Ахборот хизмати



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz