ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Бухоро вилояти


Сайловчилар билан юзма-юз мулоқотларда муаммоларга ечим топилди 03.06.2019

Сайловчилар билан юзма-юз мулоқотларда муаммоларга ечим топилди


Жондор туманида ташкил этилган оммавий сайёр қабулда вилоят ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, республика Марказий банки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши фаоллари иштирок этди. 
 
Тумандаги истироҳат боғида ўтказилган сайёр қабулда ҳудуд ҳамда унга ёндош туманлар аҳолисининг турли соҳаларга оид муаммолари, талаб ва таклифлари эшитилди.

Сайёр қабулда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Жаҳонгир Шириновга Қалмоқ МФЙ Хумин қишлоғида яшовчи фуқаро, кам таъминланган оила аъзоси  Мухитдин Махмудов ўғлининг оилавий шароити оғирлиги, уй-жой қурилиши  қилаётганлиги, уйининг том қисмини шифер қилишга имкони йўқлигини билдириб, амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. 

Мазкур масала юзасидан депутат туман ҳокимлиги билан келишиб, М.Махмудовнинг ўғлига уй-жой қурилиши учун шифер ва шифер ости ёғоч материалларини ҳомийлик асосида етказиб беришга эришди. 

Қабул давомида ҳудуд фуқароси  Норгул Ҳусенова Баҳористон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ички йўлларни асфальт қилиш, Ҳожиканда қишлоғидаги трансформаторни юқори қувватли трансформаторга алмаштириш зарурати каби масалаларни депутат олдига қўйди. Депутат Жаҳонгир Ширинов томонидан муаммоларнинг ечими юзасидан вилоят мутасадди ташкилотлар раҳбарлари жалб этилиб, топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Вилоят автомобил йўллари бошқармаси бошлиғи Шаҳрилло Абдуллоев Жондор туманидаги барча ички йўллар, шу жумладан Баҳористон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги йўлларни таъмирлаш бўйича 3 йиллик дастур тузилганлиги ва ушбу давр мобайнида улар тўлиқ таъмирланишини маълум қилди. Вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари Истам Ахметов эса Ҳожиканда қишлоғидаги трансформатор юқори қувватлисига жорий йилнинг сентябрь ойигача алмаштирилишини маълум қилди.

Сайёр қабулда Кўлиён маҳалла фуқаролар йиғини Кўлиён қишлоғида истиқомат қилувчи  фуқаро Элмурод Остонов аҳолига автомашинада ташиб келтириладиган ичимлик суви охирги пайтда умуман етказиб берилмаётганлигидан шикоят қилди. Депутат томонидан ушбу муаммо ечимига жалб этилган вилоят мутасаддилари график асосида ичимлик сувининг етказиб берилишини доимий  назоратга олишларини маълум қилишди.  Вилоят  уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Зафар  Жумаев эса ўша куннинг ўзида автомашинада ичимлик суви етказиб берилишини таъминлашини маълум қилди. 

Мустақиллик МФЙ Юқори Мохончўл қишлоғи оқсоқоли Ҳусен Беков қишлоқда электр токи қуввати жуда пастлиги, трансформаторни юқори қувватлисига алмаштириш зарурлиги, Навработ қишлоғида  яшовчи Қурбон Орзиев Зарафшон тракти 4-R-48 йўли 268 -372 км ларида умуман асфальт бузилиб шағаллари қолганлиги, йўл ўта таъмирталаб ҳолатда эканлигини билдирди ва ушбу йўлни асфальтлаштиришга амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилишди. Вилоят автомобил йўллари бошқармаси ва Электр таъминоти корхонасига топшириқ берилгандан сўнг электр таъминоти ҳамда йўл масаласидаги мурожаатлар жорий йилнинг октябрь ойи охиригача ҳал этиладиган бўлди. 

Ромиш маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида чорвачилик билан шуғулланаётган “Жахонгир-Мухиддин” фермер хўжалиги раҳбари Нодира Ражабова депутатга фермер хўжалигида 80 та қорамол, 10 мингта парранда борлигини, уларни  боқиш учун 5 гектар ер ажратилганлигини гапириб,  чорвага қўшимча ер ажратишда амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаат юзасидан ЎзМТДП фракцияси аъзоси Жаҳонгир Ширинов туман ҳокимлиги билан боғлангандан сўнг  фермер хўжалигини ривожлантиришга қўшимча ер ажратиш масаласи жорий йилнинг июль ойида ҳал этиладиган бўлди.

Алели маҳалла фуқаролар йиғини Алелича қишлоғида яшовчи фуқаро  Акмал  Шукуров 2018 йил ноябрь ойида туман ҳокимининг қарори билан  маҳалла гузари қурилиши режалаштирилган бўлсада, бу ерда бошқа бир фуқаро  ноқонуний қурилиш қилганини  билдириб, ушбу масалани адолатли ҳал этишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.  Депутат Жаҳонгир Ширинов томонидан мазкур масалага туман прокурори Феруз Очилов ва туман ҳокими ўринбосари Азиз Тўхтамишовларни жалб этгандан сўнг ноқонуний қурилиш қилган фуқарони суд орқали чиқариш бўйича чоралар кўриладиган бўлди. 

Бундан ташқари, сайёр қабул давомида Зарафшон маҳалла фуқаролар йиғини Зарафшон кўчаси 21-уйда яшовчи фуқаро Нодирбек Шомуродов маданий меърос объектларида, ушбу объектлар ҳақида маълумот берувчи таблолар, электрон киосклар йўқлигини билдириб, ушбу ишларни ташкил қилиш таклифини берди.  Ушбу мурожаат юзасидан вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Йўлдош Кенжаев яқин кунларда биринчилардан бўлиб Арк қўрғонига ўрнатилишини маълум қилди.  ЎзМТДП вилояти кенгаши раиси Махсуд Мухаммедов ҳам мазкур таклиф юзасидан Маданият бошқармаси билан ҳамкорликда иш олиб боришини билдирди.  

Шунингдек, Зарафшон фуқаролар йиғини Дўстлик кўчасида яшовчи Нодира Жумаева мурожаат қилиб, ҳудуддаги фуқаролар Феруз Қоилов ва унинг онаси Мухтарам Неъматоваларнинг ногиронлиги ва улар даволанишга муҳтожлигини айтиб, амалий ёрдам сўради. Депутат саъй-ҳаркатлари билан  айни дамда тиббий муолажага муҳтож фуқаролар туман тиббиёт бирлашмасида бепул даволанишмоқда.

Шу куни депутат Жаҳонгир Ширинов Бухоро туманида ҳам бўлиб, сайловчилар билан учрашди. Учрашувлар давомида Жондор туманида бўлгани каби муаммолар ҳудуд фуқаролари томонидан ҳам кўтарилди. Айни пайтда депутат мурожаатларнинг амалий ечими борасида  тегишли тартибда иш олиб бормоқда.





ЎзМТДП Бухоро вилоят кенгаши Ахборот хизмати


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz