ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Жиззаx вилояти


12.05.2019

Она-Ватанга муҳаббат давлат тилини ҳурмат қилишдан бошланади

Энг кўҳна ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили шаклланиши жараёни бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Алишер Навоий қаламида ўз ҳурмати ва эътиборига эга бўлган тилимиз асрлар мобайнида шакл шамойилига эга бўлиб борди. Ўз она тилимизда яратилган афсона ва эпосларни миллий маънавиятимиз сарчашмаларида қанчалик муҳим ўрин тутиши, қалбларда эзгулик уруғини уйғотувчи она тилидаги алла ва ёр-ёрларни халқимиз маданиятида қанчалик ўрин тутганлигини унутишга уриниш маданиятсизликдир. 

Минг афсуски, ўзбек тили ўтган асрда писандсиз таҳқирлашларни бошдан кечирди. Кечагидек эсимизда давлат идораларига рус тилида мурожаат қилишни билмаган халқ қанчалар ҳақоратланганлигини.

Бугунги кунда бир неча ўн миллион халқ гаплашадиган тилни асраб авайлаш ва келажак авлодга етказиб бериш қанчалик муҳимлигини билиш қийин эмас. Тилга бўлган менсимаслик ҳисси шу юртда яшаётган халққа ҳурматсизликдир. Қолаверса, ҳали ҳануз давлат идоралари раҳбарлари томонидан имзоланаётган хатлар, буйруқ ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рус тилида олиб борилаётганлиги табни хира қилмасдан қолмайди. 

Шундоқ ҳам кўчаларимизни безаб турган реклама панноларидаги ўзга тиллардан келган номлар остидаги ёзувларни кенг миқёсда тарғиб қилиб борилиши, баркамол авлод тарбиясига ўзининг таъсирини кўрсатмасдан қолмайди.

Шу ўринда Алихонтўра Соғунийнинг қуйидаги фикрларини келтириш мақсадга мувофиқ, деб уйлайман “Арабча, форсийчаларни ёзиш-сўзлашгина эмас, балки, бу икки тилда китоб ёзиш, шеър айтиш қобилияти менда бўлса ҳам, ўз туркий она тилимни бошқа тиллардан ортиқроқ кўрдим. Чунки, қайси бир миллатнинг она тили ўз ҳожатини ўтаёлмай, бошқа ёт тиллар олдида мағлубиятга учраб тиз чўкар экан, ундай миллат кўп узоқламай, инсоний туйғуларидан ажралган ҳолда ҳаёт дафтари устига инқироз қалами чекилиши, шубҳасиздир. Ундай миллатлар ёлғизгина Ватанларидан эмас, балки бутун борлиғи билан тарих юзасидан йўқолишга мажбур бўлади”. 

Маърифатпарварларимиз тил ва ёзув маданиятига бежизга эътибор қаратмаган. Чунки миллатнинг юксалиши энг аввало, тилнинг халқаро миқёсида тан олинишига боғлиқдир. Бугун ўзбек курашидаги терминлар халқаро миқёсда эътироф этилаётган бир вақтда ўзга тилни расмий тил сифатида илгари сурилишини қандай тушуниш мумкин.

Тўғри, тил бу кўприкдир, миллатларни ўзаро яқинлаштирадиган, халқаро муносабатларнинг калитидир. Бу борада мамлакатимизда кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан инглиз, рус ва бошқа тилларга ихтисослашган таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. Чет тилларини билиш дунёга янгича нигоҳ билан қарашга асос бўла олади. 

Жаҳон адабиётининг нодир намуналари давлат тилига таржима қилинмоқда. Лекин ўз она тилига шерик қидириш бу - мантиқсизликдан бошқа нарса эмас. Миллатнинг маънавий сарчашмалари ҳамда бой тарихини асраб-авайлаб келажак авлодга етказиб беришда ўзбек тилининг мавжудлиги ва бирламчилиги асло йўқолмайди.

Сарвар Назарқосимов,
ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши раиси


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz