ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Жиззаx вилояти


Янгиободда миллий санъат фестивали: Қадриятларимизни қадрлаймиз 17.04.2019

Янгиободда миллий санъат фестивали: Қадриятларимизни қадрлаймиз

Халқимизнинг ажойиб фазилатлари, урф–одат ва маросимлари, расм–русмлари ниҳоятда хилма–хилдир. Шу баробарида айтиш керакки, бугунги шиддатли замонда “миллий ўзлик” тушунчасининг аҳамияти кундан-кунга ортиб бормоқда. Миллий ўзликни англаш тарихни ўрганишдан бошланади. Тарихни билмасдан туриб инсон ўзлигини топиши амри маҳолдир. Ўзининг миллий давлатчилик, миллий маданият ва маънавият тараққиётининг тарихий тажрибасини ўзлаштирмаган халқ миллий тикланишга қодир эмас. Миллий ўзликни англаш ва миллий тикланиш орқали биз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда олдимизда турган вазифаларни муваффақиятли ҳал эта оламиз.



Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқи тарихий–маданий ҳаётида, бугуни ва истиқболида урф–одат ва анъаналар чуқур маъно ва аҳамиятга эга. Унда ҳаёт фалсафаси, инсон дунёси, хурсандчилиги, ташвишлари мужассам. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Янгиобод туман кенгаши ва Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида Янгиобод туман Агроиқтисодиёт коллежида “Қадриятларимизни қадрлайлик” мавзусида миллий санъат фестивали ҳам айни шу анъаналар асосида ташкил этилди.



Миллий мусиқамиз ижроси билан бошланган маънавий-бадиий тадбирни “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашига сайланган депутат Сабоҳат Абдураҳмонова кириш сўзи билан очиб берди.

- Миллий санъатимиз ва маданиятимиз тараннумига бағишланган бугунги тадбирда Президентимиз илгари сурган бешта муҳим ташаббуслардан бири бўлган китобхонлик тарғиботига ҳам алоҳида эътибор қаратдик. Жумладан, “Маънавият — энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз” тамойили асосида ёшларда китобхонлик ва мутолаа маданиятини юксалтириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган китоблар ярмаркасини ташкил этдик. Қувонарлиси шундакки, бугунги куннинг энг оммабоб мавзусига айланган “китоб тарғиботи”да ота-оналар фарзандлари учун китоб харид қилишни унутмадилар.


Тарихий ва маданий меросимизни сақлаш ҳамда уни ёш авлод тарбиясида кенг тарғиб этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз онгига сингдириш, этник маданий анъаналарни асраб-авайлаш ва шу асосда халқ ижодиётини қўллаб-қувватлаш, аҳоли, жумладан, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида ташкил этилган санъат фестивали давомида ўнлаб янги истеъдод эгалари кашф этилди.

“Беқасам тўнлар кийиб...” мавзусига монанд айтилган Мадина Икромова ижросидаги тарона ҳамоҳанглигида миллий матомиз бўлган беқасамдан тикилган либослар кўргазмаси, миллий лапарлар, миллий айтишувлар, миллий рақслар – ҳақиқий миллий санъат байрамига айланиб кетди, десак, хато қилмаймиз. Ушбу кўринишларда “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Ёшлар қаноти” фаоллари ўз иқтидорларини яна бир карра намойиш этишди.



Тадбир якунида иштирокчи ёшлар рағбатлантирилди. Айтиш жоиз, бундай тадбирларнинг ўтказилиши урф–одат ва анъаналаримизни авлоддан–авлодга етказиш, уларни миллий ғоямизнинг негизи сифатида миллий–маданий меросимизга, маънавий мулкимизга айлантиришга хизмат қилади. Зеро, миллий маданият ва қадриятларимизни асраб-авайлаш “Миллий тикланиш” демократик партиясининг бош мақсадидир.

 

Наргиза Шайдуллаева
ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши матбуот котиби


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz