ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Жиззаx вилояти


ЎзМТДП Зомин туман кенгаши Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигига бағишланган анжуман ташкил этди 17.12.2018

ЎзМТДП Зомин туман кенгаши Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигига бағишланган анжуман ташкил этди

Бир замину осмон остида умргузаронлик қилиб, тили, дили, дини бирлиги билан Марказий Осиё маданияти тараққиётига ҳисса қўшиб келаётган туркий халқларнинг вакиллари бўлмиш ўзбек ва қирғиз эллари азалдан қон-қардошлик, яхши қўшничилик анъаналарига содиқлар. Бугунги кунда ҳам ушбу икки халқ  биродарлиги тобора мустаҳкамланиб, қадим анъаналар қайта тикланиб келаяпти.

Шуларнинг исботи ўлароқ, буюк қирғиз адиби, давлат ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллик юбилейи муносабати билан юртимизнинг кўплаб гўшаларида, муассаса ва жамоат бирлашмаларида қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Зомин туман кенгаши ташаббуси билан туманидаги “Бешкуби” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Қорамозор қишлоғида жойлашган 13-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбир ҳам ана шулар сирасидандир.

Қирғиз тилига ихтисослашган мактабда адибнинг 90 йиллик юбилейи муносабати билан “Қалбларни бирлаштирган адиб” шиори остида катта анжуман ташкил этилди. Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Зомин туман кенгаши фаоллари, туман халқ таълими бўлими вакиллари, қирғиз тилига ихтисослашган мактаблар маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, фахрий педагоглар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва қишлоқ аҳли иштирок этди.

Тадбир мактаб ўқувчилари томонидан саҳналаштирилган концерт дастури билан бошланди. Ўқувчилар томонидан ўзбек-қирғиз халқларининг ўзаро аҳиллигини, дўст-биродарлигини тараннум этувчи шеър ва қўшиқлар ижро этилди. Буюк адибнинг “Момо ер”, “Биринчи муаллим”, “Оқ кема”, “Қиёмат” каби асарлари асосида саҳналаштирилган кўринишлар ўқувчи ёшлар томонидан жуда чиройли, ранг-баранг саҳналарга бой ва мазмунли тарзда кўрсатиб берилди.

- Бугунги тадбирда қирғиз ўланлари, элат тарихидан сўйлагувчи “Манас” достонидан парчалар барчага бирдек манзур бўлган бўлса, ёшларнинг қирғиз тилида сўзлашувлари, ўлан ва қўшиқларни айнан қирғиз тилида куйлашлари, шу халқ урф-одатларига монанд миллий либослари тадбирга яна ҳам кўрк бағишлади, - дейди, ЎзМТДП Зомин туман кенгаши раиси Ўрозали Бердибеков. - Анжуманнинг аҳамияти, икки халқ, икки миллат адабиётида ўзига ҳос ўрин эгаллаган адиб ва шоирлар, асрий анъаналарнинг ёшлар қалбига шу каби тадбирлар орқали яқинлашиб боради. Асосан, қирғиз миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилувчи қишлоқ мактабида буюк адиб Чингиз Айтматовнинг хотираси ёд этилиши нафақат улуғ адибнинг, балки икки халқ донишларининг ҳам руҳини шод этди, десак айни муддао бўлар эди.

Анжуман якунида партия туман кенгаши номидан фаол иштирокчиларга бадиий китоблар ва фахрий ёрлиқлар тақдим этилди.          

Абдулазиз Кенжаев,

ЎзМТДП Зомин туман кенгаши ижрочи котиби


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz