ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Фарғона вилояти


10-15 сентябрь кунлари Қўқонда I Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади 05.09.2019

10-15 сентябрь кунлари Қўқонда I Халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтади


Юртимизда ҳунармандчилик қадимдан тараққий этган, аждодларимиз ушбу соҳанинг кўплаб турлари билан шуғулланган. Халқимиз ҳунар ўрганиб, турли бежирим буюмлар яратиш, кундалик ҳаётда асқотадиган жиҳозлар тайёрлаш, шу орқали ўз меҳнати билан одамларга наф келтиришни қадрият даражасига кўтарган. Уста ҳунармандларимизнинг қўл меҳнатлари орқали гўзал кўринишга келган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўплаб хорижий давлатларда ташкил этилаётган кўргазмаларда муваффақият қозониб, уларнинг ҳайратини ошираётганлигини кўриш мумкин.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан 2019 йил 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида I Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Айни кунларда мазкур санъат байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Қўқон халқ амалий санъати, ёғоч ўймакорлиги, миллий ҳунармандчилик мактабининг муносиб вориси, уста ҳунармандлар сулоласининг бешинчи авлоди, “Миллий тикланиш” ДПдан халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашига сайланган депутат Муҳаммадали Юнусов ҳам ўз шогирдлари билан фестивалга муносиб тайёргарлик кўрмоқда.

Ўзбекистон Республикаси халқ устаси М.Юнусов шогирдлари кўмагида Ўрда майдонига ўрнатиладиган фестивалнинг асосий саҳнасини шарқона услубда – турли безаклар ва нақшлар асосида тайёрлаш ишларини якунламоқдалар.

ae9306f5104de20a38df50ab8b557095.jpg

Шунингдек, моҳир устага Қўқон шаҳридаги тарихий Жоме масжиди устунлари, айвонлари, алоҳида хоналари ва ички ҳовлисини таъмирлаш ишлари ҳам ишониб топширилган. Тарихий масжидда 3 асрни ўзида мужассам этган устунлар қад ростлаган. Жоме масжидига кираверишда ўнг томонингизда XIX асрдаги устунлар, тўғрида XX асрга таалуқли устунлар, чап томонда эса уста томонидан барпо этилган нақшинкор кўринишдаги айвон ва 21 та устун ушбу меъморий обидани 21 томонидан юксакка кўтариб турмоқда. М.Юнусовнинг меҳнатлари самараси сифатида кўркам кўринишга келган меъморий обида XXI асрдан ёдгорлик сифатидаги фестиваль иштирокчиларига намойиш этилади. Бу ҳам моҳир ҳунарманднинг келажак авлод учун муносиб туҳфаси десак муболаға бўлмайди.

- Халқаро фестивални ҳар томонлама муносиб ўтказиш учун 100 нафар шогирдларим билан қўлимиз-қўлимизга тегмай ишлаяпмиз, - дейди моҳир ҳунарманд М.Юнусов. - Фестиваль доирасида бир неча янги лойиҳаларимиз билан иштирок этиб, ҳунармандчилик маҳсулотларимизни халқаро миқёсда эътироф этилишига ўз ҳиссамизни қўшаётганлигимиздан хурсандмиз.

Таъкидлаш жоизки, миллий ҳунармандчилик соҳасида 50 йиллик тажрибага эга уста мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилган тарихий қурилиш-бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. Ҳунармандчилик соҳасидаги ярим асрлик фаолияти мобайнида уста минг нафарга яқин шогирдлар тайёрлашга муваффақ бўлди.

Ҳозирда тажрибали уста Фурқат тумани марказида ташкил этилган “Уста Юсуфжон наққош” оилавий ҳунармандчилик корхонасининг “Устоз-шогирд” мактабида ёшларга амалий тажриба ва билимини қунт билан ўргатяпти. Фурқат туманининг Шохтўра қишлоғида жойлашган устахонада эса 100 нафар шогирдлари ҳаётий сабоқларни олмоқда.

Бугунги кунда устоз-шогирдлар жамул-жам бўлиб, Қўқон шаҳрида ўтказиладиган халқаро ҳунармандчилик фестивалига жиддий ҳозирлик кўрмоқдалар.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида юксак эстетик қимматга эга бўлиб келган миллий ҳунармандчилик турларини рағбатлантириш, қайта тиклаш ва ривожлантириш, қадимги бадиий-ҳунармандчилик мактабларининг анъаналарини сақлаб қолиш партиянинг муҳим вазифалардан этиб белгиланган. Ушбу вазифаларни амалда ижросини таьминлаётган жонкуяр, маҳоратли, фаол ҳунарманднинг партия сафида эканлиги ҳамда миллийлигимизни ўзида акс эттирган ҳунармандчилик маҳсулотлари орқали нафақат юртимиз балки хорижий меҳмонларнинг ҳам олқишига сазовор бўлаётганлиги таҳсинга сазовордир.

Бир сўз билан айтганда, бу халқаро анжуман ҳунармандларимизнинг сеҳрли бармоқлари эвазига яратилаётган ҳунармандчилик ва амалий санъатимизни кўз қорачиғидек асраш, уларни келгуси авлодларга бойитиб етказиш, ёшларга ўргатиш орқали авлодларимизнинг эстетик дидини ўстириш ҳамда уларни юксак маданиятли кишилар қилиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

 

 

Шарофиддин ҲАКИМОВ,
ЎзМТДП Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz