ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Фарғона вилояти


17.06.2019

Энди “чанг босган” дипломлар қолмайди



Мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш сифатини янада яхшилаш, олис ҳудудлардаги умумий ўрта таълим муассасаларини малакали ўқитувчилар билан етарли даражада таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона вилоятининг анклав ҳудудида жойлашган Сўх тумани қўшни Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари билан чегарадош бўлиб, мактабларда айрим фанлардан ўқитувчилар етишмайди. 

Вилоят ҳокимлиги томонидан бу борада аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритадиган педагог ходимларни жалб қилиш бўйича рағбатлантириш жорий этилган. Бугунги кунда 27 нафар ўқитувчилар туманда бошқа ҳудудлардан келиб, ўқувчиларга таълим бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олис ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог ходимларнинг меҳнатини янада рағбатлантириш тўғрисида”ги қарори ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айнан мазкур масалада партиямизнинг депутатлик гуруҳи ҳам аниқ таклифларни билдирмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Халқ депутатлари Сўх тумани кенгашига сайланган депутатларга ушбу туманда яшовчи Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олган фуқаролар томонидан хорижий давлатларда олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш масаласида кўплаб мурожаатлар бўлди. Партиямиз марказий кенгашига бу борада тегишли таклифлар берилиб, мутасадди ташкилотлар томонидан бугун кўп йиллардан буён сўхликларни ҳам қийнаб келаётган муаммони амалий ҳал этишга киришилди.

Сўх тумани умумтаълим мактабларида таълим асосан тожик тилида олиб борилади. Шу сабабдан туман аҳолисининг кўпчилик қисми Тожикистон Республикасининг олий таълим муассасаларида таҳсил олган. Ҳозирги вақтда хорижий давлатларда берилган олий таълим олинганини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш талаб этилмоқда. Маълумки, бу борада Президентимизнинг 2019 йил 16 январда “Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори қабул қилинган. 1 мартдан хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилишнинг янги тартиблари жорий этилди. 81 нафар фуқародан таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисида мурожаат бўлди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳозирда Сўх туманида бўлиб, тегишли тартибда ишларни олиб бормоқда. 

Энди ҳеч қаерда “чанг босган” диплом қолмайди. Айниқса, Сўх туманида кўпдан буён нострификациялаш масаласида жиддий қийинчилик кўрганлар бугун соддалашган тартибдан мамнун бўлишмоқда. Мухтасар айтганда, мазкур масаланинг ечим топиши олис ҳудудлардаги мактабларни ўқитувчилар билан таъминлаш, шунингдек, ўқувчиларга таълим бериш жараёнида давлат таълим стандартлари тўлақонли бажарилишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.



Умиджон ЖАББОРОВ,
ЎзМТДП Фарғона вилояти кенгаши раиси


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz