ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Фарғона вилояти


14.08.2019

“Оммавий маданият” – маънавият кушандаси


Юксак миллий маданият, маънавият ҳар бир даврда жаҳон халқларини бир-бирига яқинлаштирувчи асосий восита бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай бўлиб келмокда.

Миллий-маънавий маданиятимизни минтақавий ва умуминсоний қадриятлар билан яқинлаштириш ғоят муҳим аҳамият касб этади. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг сермазмунлиги ва кўпқирралилиги билан жамиятимиз ҳаётида ўз аксини топмоқда.

Миллий ва умуминсоний маданиятни уйғунлаштириш, унинг энг яхши намуналарини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ёш авлодни маънавий тарбиялашнинг асоси бўлмоғи лозим. Ҳаётимизга шиддат билан кириб келаётган техника ва технологиялар, глобаллашув жараёнларида бундай бойликнинг моҳиятини янада чуқурроқ англаш долзарб аҳамият касб этади. Бугун кескин тус олаётган “оммавий маданият” ҳам маънавий таҳдидлардан биридир.

Ахборот омма орасида шу даражада жадаллик билан кириб бормоқдаки, ҳар бир қатлам ундан баҳраманд бўлишга интилмоқда. Замонавийлик, тезкор тараққиёт, сўнги ахборот маконини забт этиш ёшларимизнинг ҳаёт тарзига айланиб бормоқда. Албатта, бу қувонарли ҳол. Бир неча тилда сўзлаша олиш, интернет оламига кириб дунё янгиликларидан хабардор бўлиш имкониятининг мавжудлиги уларнинг билими, дунёқараши кенгаяётганлигидан дарак беради. Бироқ турли ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқлар тобора авж олиб бораётганлигини кўриш мумкин. Ёшлар онгини заҳарлашда улар турли даражадаги кўз илғамас усуллардан фойдаланишмоқда.

Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали биргина ҳаракатнинг ўзи бузғунчи кучлар қуршовига тушиб қолишга сабаб бўлаётир. Аслида “оммавий маданият” соясида кириб келаётган аҳлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик ва бузуқлик каби иллатлар дунёдаги ҳеч бир халқнинг миллий маданиятига ҳам, умумбашарий қадриятларга ҳам тўғри келмайди.

Халқимизнинг гўзал маънавий қадриятларга йўғрилган ор-номус, андиша, шарму - ҳаё каби тушунчалари ҳаётимизга сингиб кетган. Айниқса, ота-онага ҳурмат, аёлга эҳтиром, мардлик ва жасурлик сингари туйғуларимиз бутун дунё халқларини ром этиб келади. Диёримизда аҳолининг кўпчилик қисмини ёшлар ташкил этганлиги боис, уларнинг исёнкор ғояларга қарши туриши учун юртимизда ўзига ҳос ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида бу масалага тўхталиб, ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда, дея алоҳида таъкидлайди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ёшларни ижодий салоҳиятини инобатга олган ҳолда ҳамда уларнинг турли оқимларга кириб қолишини олдини олиш учун турли эътиборга молик ишларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Камол топиб келаётган ёш авлодни китобга муҳаббат ва ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялаш, мавжуд маданий ёдгорликларни, тарихий жойлар, меъморий ёдгорликларни асраб авайлашда партиянинг ўрни беқиёс. Партиянинг бош мақсади ҳам миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, миллий, маданий ва маънавий қадриятларни, бой тарихий меросимиз, халқимизнинг урф-одат, анъаналарини асраб авайлаш ва кўпайтиришдан иборат.

Шундай экан ёш авлодни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишига қарши турли тадбирларнинг кенг тарғиб қилиниши ҳам бунинг яққол исботи дейиш мумкин. Партиянинг йиллик иш режасида белгиланган дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида турли мавзулардаги давра-суҳбатлари, мулоқотлар, семинарлар ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларда ёш авлодни урф-одат, анъаналарга ҳурмат ҳиссини уйғотиш, уларни “оммавий маданият” таъсирига тушиб қолмаслиги учун чора тадбирларни кучайтириш каби вазифалар акс этади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида халқимизга ёт ва ёш авлод онги учун зарарли бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан ёшларни муҳофаза қилиш мақсадида уларни миллий тикланиш ғояси, миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш, шу мақсадга қаратилган телевизион кўрсатув ва радиоэшиттиришларни уюштириш, ёшларни ахборот-ресурс марказларига жалб этиш, таълим муассаларидаги ўқувчиларнинг мамлакатимиздаги мавжуд маданий-тарихий ёдгорлик масканларига оммавий ташрифларини уюштириш, театрларда очиқ эшиклар кунларини ташкил этиш, ёшларга Ўзбекистон тарихи ва маданияти тўғрисида кўргазмали маълумотлар берадиган кўргазмаларга уларнинг ташрифини таъминлаш каби устувор вазифалар белгилаб олинган.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, фикрлар ранг-баранглиги, ҳар бир ҳалқнинг анъана ва қадриятларига эҳтиром кўрсатиш жамиятимизнинг энг муҳим тамойиллари этиб белгиланган. Бунга муносиб бўлиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир!

 

 

Шарофиддин Ҳакимов,
ЎзМТДП фаоли



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz