ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


07.10.2019

Партия етакчиси kun.uz сайтига сайловолди жараёнлари ҳамда партия фаолияти борасида интервью берди (видео)

Шу йилнинг 20 сентябрь куни Ўзбекистонда Парламент сайловлари кампаниясига старт берилди. Унга кўра, 2019 йилнинг 22 декабрь санаси Ўзбекистонда Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловлари куни деб эълон қилинди.

Kun.uz мазкур жараёнларнинг бориши ҳамда партиялар фаолияти борасида батафсил фикрлашиш мақсадида Ўзбекистондаги мавжуд бешта сиёсий партиялар раҳбарлари билан суҳбатларни ташкил этмоқда.

Мазкур лойиҳанинг биринчи меҳмони Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров бўлди.

- Маълумки, 2008 йил 20 июнь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва «Фидокорлар» миллий демократик партиясининг негизида янги, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ташкил этилди. 11 йиллик ва агар, партиянинг дастлабки ташкил этилган йилларидан ҳисобланса, 20 йилдан зиёдроқ тарих.

Алишер ака, Партияга раҳбар бўлдингиз. Хўш, сиз бу ерга келгач унинг ривожланиш, ўзгариш босқичларини таҳлил қилиб чиқдингизми? Партия ўз тарихидан то шу кунга қадар қандай йўлларни босиб ўтди ва қайси томонга кетяпти?

- Партиямизнинг ташкил этилгандан буён ғоявий пойдевори ўзгаргани йўқ. «Миллий тикланиш» партияси Ўзбекистондаги барча зиёли қатламни, халқни бугунги кундаги орзу ҳавасларини, мақсадларни, ўтмиш, бугун ва келажакка йўналган ғояларни ифодалайди.

Партиямизда тарихда йўл қўйилган хатолар, миллий ривожланиш йўлидаги муаммоли, инқирозли ҳолатларни чуқур ўрганиб, янгиланаётган Ўзбекистонни қандай кўриш бўйича аниқ режалар бор ҳамда улар партия ғояларида ўз аксини топган.

- Партия раҳбарларининг маблағ етишмовчилиги борасида фикрларини кўп эшитамиз. Нима деб ўйлайсиз, сиёсий партиялар учун кўпроқ маблағ керакми ёки бор маблағлар тартибга солиниши керакми?

- Партия бу – белгиланган ғоя ва уни жамиятда амалга оширишга интиладиган ҳамда бу йўлда бошқарувдаги маълум қудратга эга бўлиш учун курашадиган жамоат ташкилоти.

Албатта, бу жараёнда маблағ муҳим, лекин партияга маблағни ким бериши керак? Амалдаги қонунчилик бўйича ҳар бир партияга парламентдаги депутатлик ўрнига қараб маблағ ажратилади. Бу маблағлар эса партияларнинг худудий кенгашларидаги ходимларини ойлик маошлари ва партия режаларини амалга оширишга ишлатилади.

Агар партиялар яна ривожланишни ва сиёсий куч сифатида жамиятда ўзини шакллантиришни истаса аъзолари, тарафдорлари сонини кўпайтиради. Аъзолар, ҳомийлар сони ошган тақдирда, маблағ масаласи ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Албатта, партия бирор ғояни илгари суриши мумкин лекин уни тарихий, сиёсий-ижтимоий жиҳатдан мукаммал таҳлиллар орқали энг тўғрисини топиш мумкин. Бу эса илмий таҳлил марказлари орқали амалга оширилади. Бугунги партияларнинг бирортасида ушбу масала йўқ ва бу биринчи навбатда молиявий етишмовчилик билан боғлиқ ҳолат.

- Сиз партияларни молиялаштиришда мавжуд қонунчилик ҳақида сўз очдингиз. Айтинг-чи, сиёсий ҳокимият учун курашувчи партияларни давлат бюджетидан молиялаштирилиши қанчалик тўғри?

- Давлат бюджети қандай пул? Давлат бюджети бу – халқнинг пули. Қонунда белгилаб қўйилган, қайси партия парламентда кўпроқ депутатлик ўрнига эга бўлса, маблағи ҳам шунга яраша бўлади. Маблағни манбаси бу – халқ.

Хўш, бу ҳал қилувчи маблағ бўлиши керакми? – Йўқ, бу ҳал қилувчи бўлиб қолиши керак эмас.

- Алишер ака, сир эмас, бугун сиёсий партиялар аҳоли томонидан билдирилаётган ишончни оқлай олмаяпти, норозиликлар жуда кўп. Ҳатто бу борада партияларга нисбатан «Чўнтак партия» деган ибора ишлатилиб келинади. Хўш, партияларимиз учун бу норозиликлардан чиқиш йўлларини нималарда кўрасиз?

- Биласизми, Парламент бу – аввало халқнинг ваколатхонаси. Халқ ўз муаммоларини қонунчиликда акс этишида, ҳокимиятлар билан алоқада амалдаги парламентга таяниши керак.

Бугун халқнинг парламентга ишончсизлигининг ўз асослари бор. 

Бир нарсани эътироф этиш керак, Ўзбекистон мустақиллик эълон қилгандан кейин деярли барча даврларда кучли ижро ҳокимиятига эга бўлди, яъни, ижро  этувчи ҳокимият ҳар доим кучли бўлиб келди. Албатта, қонунчиликка қаралса парламентда ваколат кўп эди лекин ўзининг фойдаланиши мумкин бўлган ресурсларидан тўла фойдаланишга йўл берилмагани натижасида парламент кўпинча ҳукумат билан ҳисоблашадиган, яъни, акси бўлиб, ҳукумат ҳисоблашадиган эмас, парламент ҳукумат билан ҳисоблашадиган ҳокимиятга айланиб қолди.

Натижада, халқ парламентга ишончини йўқотди. Лекин тан олайлик, охирги 3 йилликдаги янгиланаётган Ўзбекистонда бу йўналишда ҳам туб ислоҳотлар бошланди. Буни мен ёш сиёсатчи, бугунги жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида айтишим керак.

Ишончим комил, янги парламент бутунлай бошқача кайфиятда иш олиб боради.

Сиёсий партияларимиз сўнгги 5 йил давомида зерикарли бир ҳаёт тарзини яшади. Лекин сайлов кампаниялари бошлангач бирданига фаоллашиб қолди. Нега партияларимиз сайлов жараёнлари бошлангандагина фаоллашади?

- Саволингизга турлича жавоб бериш мумкин. Масалан, биринчидан, сайлов эълон қилингач партиялар ўз-ўзидан фаоллашади. Бу мантиқан тўғри. Лекин мавжуд ҳолатга реал қараб жавоб берадиган бўлсак, партияларнинг фаолияти молиявий имкониятларига боғлиқ бўлиб қолган. Шу сабабдан, партиялар сайлов кампанияси жараёнлари бошлангач, тарғиботлар учун бюджетдан маблағ ажратилган вақтда кўпроқ фаоллашади.

Ўша маблағлар ҳисобига партиялар бутун фаолияти давомида амалга оширмаган ишлари, тарғиботларини амалга ошириб қолишга интилади.

Сайловчилар буни партияларнинг сайлов жараёни бошлангандагина фаоллашиб қолиши билан изоҳлашади, йўқ -бу маблағ билан боғлиқ.

Сайлов жараёнлари ўтгач партиялар ҳозир танқид қилинаётган ёпиқ иш жараёнига ўтишади.

- Сиз Миллий тикланиш демократик партияси раҳбарисиз. Россия, Туркия каби давлатларда ҳам бундай партиялар бор. Улар миллий қадриятлар, тил, дин, давлатнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишади, унинг ривож топиши учун ҳаракат қилишади. Қарашлари, ташаббуслари ҳам шу йўналишларда бўлади.

Айтинг-чи, нега «Миллий тикланиш» демократик партияси фаолиятида бу борада жиддий позиция сезилмайди. Масалан, қонунчилигимизда ҳужжатларнинг аксарияти ҳамон рус тилида эълон қилинади, муҳокамага ташланади, жадид боболаримизга нисбатан икки хил қараш мавжуд, айрим кишиларда ҳамон совет даврини қумсаш ҳолати борлиги, ўзбек тили борасида масалаларнинг ўз ҳолатига ташлаб қўйилгани...

Бундан ташқари, Ўзбекистондан ташқаридаги ўзбек миллати вакилларига ёрдам кўрсатиш, дарсликлар етказиб бериш, газеталар, китоблар етказиб беришда ҳам бирор ҳаракатни сезмаймиз. Аслида Миллийликни, миллий тикланишни илгари сурадиган партия ана шу масалаларда бўлиши керак эмасми?

- Эътирозларингизга тўлиқ қўшиламан. Ҳақиқатдан ҳам, сиз айтган масалалар бўйича даъвогар бўлишига қарамасдан, буни ўз фаолиятида акс эттира олмаган.

Бунинг сабабларини объектив, субъектив, умуман, турли томондан кўрсатиш мумкин.

Аслида партиямиз мустақилликни илк йилларида ўз тарафдорлари бўлган зиёлилар ёрдамида бу масалаларни кўтаришга ҳаракат қилган, лекин кейинчалик бу масалалар геополитик ёндашув, минтақадаги сиёсий мувозанат, дунёдаги сиёсий масалаларга боғланган ҳолда муаммоларнинг устини ёпишга ҳаракат қилинган.

Биз ҳам жадидчилар, унинг бугунги кунга инъикоси, давлат тили масаласи, миллий ўзликни англаш каби масалаларни кўтарганимизда жуда кўп машҳур сиёсатчилар (исмини айтиш шарт эмас) ушбу масалаларни қўшни давлатлар билан ҳисоблашишга мажбурлигимизни айтишади.

Агар партия ҳақиқатдан ҳам миллатни тикланиши ва юксалишини ўйласа, унга геополитик ҳолат ёки минтақадаги сиёсий вазият иккиламчи бўлиши керак.

Албатта, булар ҳам ҳисобга олинади, лекин давлат тилини ҳимоя қилишда бизга ҳеч кимнинг таъсири бўлиши керак эмас. Бугун партиямиз сайловларга айнан мана шу масалаларни ҳам кўтариб киряпти, бу бизнинг дастурларимизда бор.

Биз албатта ривожланишни, замонавийлашишни қўллаб-қувватлаймиз, лекин  бу албатта миллий қадриятларимизга таянган ҳолатда, тарихимиздан тўғри хулоса чиқариб амалга оширилиши керак.

- Президент Мирзиёев бу вазифага келганидан сўнг жамиятда ривожлантириш талаб этилаётган, муаммоли ҳисобланган деярли барча йўналишларда ташаббус кўрсатмоқда. Хўш, Миллий тикланиш демократик партияси ўз ташаббуси билан қандай ташаббусларни ўртага ташламоқда, нима таклифларни билдирмоқда?

Умуман, партия ташкил этилганидан буён жамиятда катта ўзгаришга сабаб бўлган қандай қонун ташаббусларини илгари сурди ва уни жамиятга тарғиб қилишга эриша олди?

- Масалан, бизни партиямиз ўтган чақириқлардан бери мактабгача таълим масаласини кўтариб келган. Бизнинг партиямиз шундай ташаббусни илгари суряптики, жамиятни янгилаш учун, биз инсонни янгилашимиз керак.

Бугун бизнинг таълим тизимимизда тарбия қисми тушиб қолган.

Жамиятнинг келажаги шу масалага боғлиқ бўлгани учун ҳам биз шу масалани кўтариб чиқаяпмиз. Яъни, мактабгача таълим ва тарбия тизимини йўлга қўйиш керак.

Бугун мактабгача таълим муассасаларида тарбия методикалари мавжуд эмас.

- Бу йўналиш ҳам керак албатта, хўш, партия жамиятда сиёсий ислоҳотларга сабаб бўладиган яна қандай қонун ташаббусларини кўтариб чиқди?

- Мана, масалан, сиёсий партиялар тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш масаласини олиб чиқдик. Унга кўра, аввал сиёсий партияларда бюджетдан ажратилган маблағни ишлатилмаган қисмини яна бюджетга қайтариш мажбурияти бор эди. Яъни, партиялар олинган маблағни ёки тўлалигича ишлатиб улгуриши керак эди, ёки ишлатилмаган қисмини бюджетга қайтариб бериши керак эди.

Қонунга киритилган ўзгаришга кўра, эндиликда партиялар ишлатилмаган маблағни ўз захирасига олиш ва ўз мақсадларида йўлида ишлатиш имконига эга бўлди.

- Алишер ака, тарбия, партия маблағи ўз йўлига, мен сўраётганим Миллий тикланиш демократик партияси шу кунларда жамият, одамлар сезаётган қандай катта янгиликларга қўл урди. Балки у мудофаадир, балки у ташқи сиёсатдир.

- Сиз натижалар ҳақида сўраяпсиз. Унақа сиз айтаётган партия ҳали йўқ. Бизда сиз сўраётган тайёр ислоҳотларни олиб чиқадиган партия бўлиши учун бизда биринчидан, тўғридан-тўғри таъсир кучига эга шароитлари бўлиши керак.

Келинг, Миллий тикланиш ҳақида эмас Ўзбекистон Либерал Демократик Партияси ҳақида гапирамиз. Бу партия ҳукуматни тавсия қилди, ҳокимиятни ташкил қилди, лекин парламентда ҳукуматга таъсирини ўтказа олдими?

Бизда бундай партия ҳали шакллангани йўқ.

Миллий тикланиш ҳозирда жамият учун зарур бўлган, ҳақиқатда миллий юксалиш учун зарур бўлган ислоҳотларга қўл урмоқда. Қачондан бошлаб? Биз эркин ҳаракатда бўлган давримизга неча йил бўлди? - Уч йил.

Бизни парламент ҳақиқатда ноёб парламент. Бошқача бир сиёсий муҳитда фаолиятини бошлаб, бутунлай бошқача бир сиёсий муҳитда давом эттиряпти.

Биз парламентда фаолиятимизни бошлаган пайтимизда биринчи кўтарган масалаларимдан бири «Давлат тили тўғрисида»ги қонун эди. Бу масалани муҳокамага чиқаришга ҳаракат қилиш чоғида кўпчиликдан дакки эшитасиз, қўрқитишади. Худдики, айрим давлатлардаги нотинчликлар шундан келиб чиққанини айтишади, сиёсий тус беришади.

Аслида бизнинг мақсадимиз «Давлат тили тўғрисида»ги қонунни ислоҳ қилиш орқали давлат тилига бўлган ҳурматни ошириш эди.

Икки йил шундай сиёсий воқеликда яшади парламент.

Мен сизга очиқ айтаман, ўша пайтларда белгиланган ҳаракатдан ортиқча ҳаракат қилган ва жазо олган депутлар ҳам бор эди.

Икки йиллик сиёсий реалликни ўзингиз тасаввур қилинг. Ўзбекистонда янгиланиш даври бошланди.

Президент айтди, халқ фақат мени сайлаган эмас, депутатларни ҳам сайлаган. “Нега энди ҳамма юкни фақат мен елкамга олишим керак? Мени ёнимда депутатлар турмайдими?”, деган масалани кўтаргандан кейин парламентда ўзгариш бошланди.

Ҳозир 30-40 фоиз атрофида депутатлар ўзгарди. Улар янги сиёсий воқеликларга мослашяпти.

Биз энди ўзгараётган парламентга мукаммал жамиятларда шаклланган парламентни талабини қўйишимиз нотўғри.

Миллий тикланиш демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров суҳбат давомида шунингдек, Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги жанговор Парламентни қайтиши учун бизга нималар етишмаётгани, депутатликка номзодларни тепадан тасдиқлаб бериш ҳолати ҳозир ҳам бор ёки йўқлиги ва бошқа мавзуларда ўз фикрларини билдирди.



kun.uz


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz