ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


Ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам 08.10.2019

Ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам


Самарқанд — “Шарқ тароналари”, Бухоро — “Ипак ва зираворлар”, Шаҳрисабз — мақом, Термиз — бахшичилик, Марғилон — “Атлас байрами” каби халқаро миқёсда мунтазам ўтказиб келинаётган фестиваллар қаторидан яна бир нуфузли анжуман ўрин олди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 октябрда “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб боришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” қабул қилган фармонига кўра, эндиликда ҳар икки йилда бир марта сентябрь ойида Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ҳамда унинг доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги илмий-амалий конференция ўтказиладиган бўлди.

Бундай қарорга келингани бежиз эмас. Сўнгги йилларда мамлакатимизда қадимий ва бой тарихимиз, миллий ўзлигимиз, бетакрор қадриятларимиз тимсоли бўлган халқ амалий санъатини ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг бу борадаги улкан салоҳиятини дунёга намоён этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда ҳар йили мазкур йўналишда юздан зиёд фестиваль ва ярмаркалар, савдо кўргазмалари ташкил қилинаётганидан ҳам билиш мумкинки, ҳунармандчилик санъати халқимиз кундалик ҳаётидан тобора мустаҳкам ўрин эгаллаяпти.

Маълумки, шу йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳри илк бор халқаро ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилди. ЮНЕСКО шафелигида ўтказилган анжуманда дунёнинг 80 давлатидан 400 га яқин моҳир ҳунарманд, таниқли маданият арбоблари, санъатшунос олимлар қатнашди. Шунингдек, халқаро ташкилот ва 14 давлатдан 35 нафар юқори мартабали меҳмонлар иштирок этди.

Жаҳон ҳунармандлар ташкилоти Ўзбекистонни халқ амалий санъати, ҳунармандчиликнинг қадим анъана ва мактабларини сақлаб қолган мамлакатлардан бири сифатида эътироф этиб, Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” мақомини берди. Шу кунгача дунёнинг 36 та шаҳри шундай юксак номга муносиб кўрилган эди ва Қўқон МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб шундай юксак унвонга сазавор бўлди.

Албатта, дунё халқ амалий санъатининг ажралмас қисми ҳисобланган ўзбек миллий ҳунармандчилигини асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилган бундай эзгу ишлар бебаҳо меросимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, бу йўлдаги саъй-ҳаракат ва имкониятларимизни бирлаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб боришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон юртимизда халқ амалий санъатини ривожлантириш, миллий қадриятларимиз давомийлигини сақлаш, кенг тарғиб этиш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги ўрни ва аҳамиятини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фармонда энди ҳар икки йилда бир ўтказиладиган Қўқон халқаро ҳунармандчилик фестивали ҳамда илмий-амалий конференциянинг асосий вазифалари белгиланди. Халқаро анжуманни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларга муносиб тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича манзилли “йўл харитаси”ишлаб чиқилади.

Фестивалга иқтидорли ҳунармандлар ва истеъдодли ёшларни жалб этиш мақсадида “Мен Қўқонга бораман” шиори остида икки босқичдан иборат кўргазма ва кўрик-танлов ташкил этилда. Биринчи босқич — туман (шаҳар)лар бўйича йилнинг апрель ойида, иккинчи босқич эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича фестиваль ва илмий-амалий конференция ўтказиладиган йилнинг июнь ойида ташкил этиш белгиланди. Ушбу тадбирларнинг мақсад ва вазифаларини маҳаллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Фестивални тарғиб қиладиган қисқа ва тўлиқ метражли ҳужжатли фильмлар тайёрланиб, кенг намойиш этилади. Марғилон ва Қўқон шаҳарларини 2020-2022 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурда 2021 йилда фестивални юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ бўлган барча зарур инфратузилма объектлари, шу жумладан, замонавий меҳмонхоналар қурилади.

Ҳунармандчилик миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва ҳунармандлар миллат маданиятини авлоддан-авлодга етказувчи ижодкорлардир. Шу маънода, миллий ҳунармандчилик турларини рағбатлантириш, қайта тиклаш ва ривожлантириш, бадиий-ҳунармандлик мактаблари анъаналарини сақлаб қолиш каби вазифларни бош ғояси билган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда унинг ҳудудий ташкилотлари Президентимизнинг мазкур Фармони ижросини таъминланишида фаол иштирок этишлари лозим.

 

 

Мансурбек ҚОДИРОВ,
ЎзМТДП Яшнобод туман кенгаши раиси


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz