ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


Аёллари қадр топган юрт! 05.07.2019

Аёллари қадр топган юрт!


Ҳадиси шарифда “Жаннат оналар оёғи остидадур”, “Аввал онангизга, яна онангизга ва яна онангизга, сўнгра отангизга яхшилик қилинг”, — деган беназир сўзлар бежиз айтилмаган. Чунки, ҳар қайси жамиятнинг маънавий, маърифий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан ўлчанади. Жамият барқарорлиги, тараққиёти ҳам аёлларга, ёшлар, оилага бўлган муносабат ва эътибор билан баҳоланади. Шу маънода, давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, гендер тенглиги ва репродуктив саломатлигини таъминлаш бўйича олиб бораётган одилона сиёсати дунё ҳамжамияти, нуфузли ташкилотлар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Ўтган қисқа даврда хотин-қизлар манфаатларини мустаҳкамлашга қаратилган бир неча фармон, қарор ва давлат дастурлари қабул қилинди. Уларнинг изчил ва ишончли ижроси таъминланиши натижасида аёллар ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ йиллар давомида тўпланиб қолган кўплаб муаммога ечим топилди. Айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш орқали моддий манфаатдорлигини ошириш, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, уй-жой билан таъминлаш бўйича самарали ишлар амалга оширилди.

Яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 22 июндаги Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган “Хотин-қизлар — демократик жараёнларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси” мавзусидаги вебинар бўлиб ўтган эди. Тадбирда партия етакчиси Алишер Қодиров бугунги кунда аёллар учун яратилаётган шарт-шароит ва қулайликлар тўғрисида гапириб, Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида “Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади”, деган ҳикматли сўзларда чуқур маъно борлигини таъкидлаган ҳолда, оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этиб ўтди.

Албатта, хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни, ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида жуда кўп гапириш, баҳс-мунозара қилиш мумкин. Лекин адолат нуқтаи назаридан қараганда, юқорида таъкидланганидек, қайсики мамлакатда аёлларга эътибор қилинмас экан, ўша жамиятда тараққиёт ҳам, ривожланиш ҳам бўлмайди. Аёл ҳаётимизнинг ҳар бир бўғинида бизга инсонийлик, меҳр-муҳаббат туйғуларидан сабоқ беради.

Ҳақиқатан ҳам аёлларда улкан салоҳият, куч-қудрат бор. Ўтмишда Тўмарис момомиз тенгсиз ақл-заковат, шижоати билан юртимизга бостириб кирган босқинчиларни даф этгани, Бибихоним эса Амир Темурдек буюк бобомизга давлат ишларида доимо маслаҳатчи бўлгани, Нодирабегимдек мард аёл салтанат ишларига кўмаклашгани фикримиз тасдиғидир.

Бундай салоҳият замонамиз аёлларининг ҳам қонига сингган. Бугун аёлларимиз ҳам халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг шунчаки иштирокчиси эмас, ташаббускор ғоялари билан фаол иштирок этмоқда. Аёл депутат, мураббий, аёл тадбиркор, шифокор, аёл маҳалла раиси, спортчи. Улар барча соҳаларда эркаклар билан ёнма-ён. Ҳатто қатъиятлилиги, меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги билан баъзи эркакларни ортда қолдираётган ҳам бор гап. Буларнинг барчаси хотин-қизларга яратилаётган имтиёз ва шароитлар туфайлидир.

“Миллий тикланиш” демократик партияси тизимида, хусусан, Тошкент шаҳар кенгашида ҳам хотин-қизлар фаоллиги борган сари ошиб бормоқда. Бугун шаҳар кенгашининг умумий аъзолари сони 16979 нафарни ташкил қилган бўлса, улардан 8148 нафари аёллардир. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашида икки, туман кенгашларида эса 12 нафар аёл депутат фаолият юритмоқда.

Партиянинг “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида биринчи ярим йилликда аёл депутатлар томонидан 240 хонадонга ташриф буюрилиб, 300 га яқин муаммога амалий ечим топилди. Шунингдек, шаҳар ва туман кенгашлари томонидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда “Жамиятнинг маънавий-маърифий соҳаси ривожида хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида мунтазам ўқув семинарлари ташкил этиб келинмоқда.

“Аёллар қаноти” томонидан Халқаро оила куни муносабати билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Намунали ҳарбийлар оиласи” кўрик танлови, жойларда “Оила жамият танянчи” мавзусида 14 маротаба маданий-маърифий тадбир, давра суҳбати ташкил этилди. Унда 245 нафар аёл ва турмуш қуриш бўсағасида турган ёшлар қамраб олинди.

Партиянинг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида 10 та ҳунармандчилик курси ташкил этилди ва уларда 61 нафар хотин-қиз бириктирилиб, бугун улардан олти нафари мустақил фаолият бошлаган. Шунингдек, аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва зарарли одатлардан асраш, жисмоний тарбия ва спорт фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида “Жисмоний ва руҳий баркамоллик сари!” мавзусида соғломлаштириш акцияси, Мирзо Улуғбек туманидаги “Экопарк”да эса “Спорт — саломатлик гарови!” шиори остида мусобақалар ўтказиш анъанага айланди.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириш мақсадида шаҳар кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан Тошкент шаҳридаги барча умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида “Мустақиллик — менинг тасаввуримда” кўрик-танлови ташкил қилган эди. Эътиборли жиҳати, танловда иштирок этган беш минг иштирокчининг асосий қисмини қизлар ташкил қилди. Янада эътиборли томони, шеърият ва рассомлик йўналиши бўйича туманда ғолиб бўлиб, шаҳар босқичига йўлланма олган 22 нафари ўқувчининг 16 нафарини қиз болалар ташкил қилди.

Демак, бундан кўриниб турибдики, мактабларда иқтидори ва интилиши билан фаоллик кўрсатаётган бундай ўқувчи қизларимиз эртага оналари, опалари қатори жамият ҳаётида фаол иштирок этишига ишончимиз комил. Зеро, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанпарвар, юртга, халқига садоқатли фарзанд қилиб тарбиялаш, комиллик сари етаклаш мақсадида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар замирида ҳам шундай улуғ мақсадларга ётибди.

 

Лола МИРАЛИЕВА,
ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши
аёллар масалалари бўйича етакчи мутахассиси


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz