ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


31.07.2019

Чегара билмас жиноятга қарши кураш янада кучайтирилади


Одам савдоси дунё ҳамжамиятини хавотирга солаётган ХХI асрнинг энг жиддий муаммолардан бирига айланди. Чегара билмас ушбу иллат инсон шаъни, қадр-қиммати, тинч-осойишта ҳаётига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятлардан бири бўлиб, ўз домига асосан ёшлар ва аёлларни тортаётгани билан катта хавотир уйғотмоқда. Унинг ноқонуний қурол савдоси, гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний муомаласи каби оғир оқибатларни келтириб чиқараётгани янада ташвишланарлидир.

Маълумотларга қараганда, ҳар йили дунёда 3 миллионга яқин шахс одам савдоси қурбонига айланади. Ташвишланарлиси, жабрланганларнинг 80 фоизини аёл ва болалар ташкил қилмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятдан олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетди. Афсуски, дунёда “одам савдоси” бозори ва унга бўлган талаб кундан-кунга ошиб боряпти. Сўнгги маълумотларига кўра, ушбу жиноят 124 мамлакат ҳудудида учраган, унинг жабрдийдалари эса 152 давлат фуқаролари ҳисобланади.

Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ушбу жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг ижроси доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб, фуқароларнинг чет элга бемалол чиқиши учун кенг имконият яратилди. Аммо айрим шахслар бундай шарт-шароитлардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, одамларни турли алдов ва фирибгарлик йўли билан хорижга олиб чиқиб кетишга уринмоқда. Оқибатда юртимиз фуқаролари ҳам одам савдоси қурбонига айланяпти. Ушбу иллатнинг жамиятимизга олиб келиши мумкин бўлган салбий оқибатларини чуқур англаган ҳолда, ўтган йиллар мобайнида республикамизда одам савдоси жиноятининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди, жумладан, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида” қонун қабул қилинди, халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди, қарор, фармон ва давлат дастурлари ишлаб чиқилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан, устувор йўналиш ҳисобланган одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни таг-томири билан йўқотиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва уларнинг ижтимоий реабилитацияси, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдамларни кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.

Натижада болалар меҳнатига бутунлай барҳам берилди. Қишлоқ хўжалиги ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш даврида айрим соҳа ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилинишини тўхтатиш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилди. Одамларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатлаш, халқаро майдонда давлатимиз имижини ошириш мақсадида фуқаролик жамияти вакиллари ҳамда мазкур соҳадаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Бироқ шу билан бирга ҳозирги вақтда одам савдоси ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши самарали курашишга тўсқинлик қилаётган бир қатор салбий омиллар ҳамон мавжуд.

Жумладан, ваколатли органлар ташаббускорлиги етарли бўлмаяпти, идоралараро ҳамкорлик мавжуд эмас, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тўғрисида холис ва ишонарли ахборотни кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамиятга етказиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар уйғунлаштирилмаган, қонунчилик базаси халқаро стандартларга номувофиқ, бу эса одам савдоси ва мажбурий меҳнатга алоқадор шахсларни самарали таъқиб қилиш ва жазолашга тўсқинлик қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Фармон мамлакатимизда трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш ишларини янги босқичга кўтариш, замон талаблари даражасида қайтадан кўриб чиқиш, чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фармонда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилиниши белгиланди. Миллий комиссиянинг асосий вазифалари тасдиқланди.

Миллий комиссия бир ой муддатда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия тўғрисидаги низом, шунингдек, 2019-2020 йилларда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар режаси (“Йўл харитаси”)ни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилиши ва унинг функциялари Миллий комиссия раиси зиммасига юклатилиши белгиланди. Миллий маърузачининг асосий вазифалари тасдиқланди. Миллий комиссиянинг расмий веб-сайтини ишлаб чиқиш ва фаолият юритишини таъминлаш вазифаси топширилди. Тегишли вазирлик ва идораларга ушбу фармон ижросини тўла таъминлаш бўйича топшириқлар берилди, вазифалари белгиланди.

 


Илёс АБДУМАЖИДОВ,
халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашига
"Миллий тикланиш" ДП дан сайланган депутат

 




Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz