ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


24.07.2019

“Депутат бўлиб кўп нарса йўқотдим”


Одамларнинг муаммосини ҳал қиламан деб, ўзи муаммолар қуршовида қолган депутат номзодини навбатдаги сайловгақўймоқчи эмас

Шу йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Аввалгиларига қараганада “бошқача” ўтиши кутилаётган сайловда энди тепадан “шу номзод ўтиши шарт” деган буйруқлар бўлмаслигига умид бор ҳарқалай. Президентимиз айтганидек, шу пайтгача номзоди сўзсиз “қўллаб-қувватланган” “ҳокимбува”лар ҳам энди депутатликка кўрсатилмайди. Энди бизга оёғи ердан узилган депутатлар керак эмас.

Ҳали сайлов кампаниясига расман старт берилмаган бўлса-да, номзодларни саралаш ишлари бошлаб юборилган. Албатта, партиялар ҳам биринчи навбатда шу кунларда депуталик мақомига эга бўлиб, халқнинг ишончини оқлаган халқ вакилларининг номзодини илгари суриши турган гап. Навбатдаги сайловга шундай муносиб номзодлардан бири ЎзМТДПдан халқ депутатлари Миробод туман Кенгашига 18-Фитрат округидан сайланган депутат Қаҳрамон Каримовдир.

Яқинда партия тадбирларидан бирида депутат билан учрашиб қолдим ва навбатдаги сайловга номзоди қўйилган-қўйилмагани билан қизиқдим.

Депутат оғир ўксиниб олди-да:

— Э-э, бу галги сайловга номзодимни қўймасам керак. Чарчадим, энди тинчгина ўз соҳам бўйича ишласам дейман, — деди хафа бўлгандек бўлиб.

— Ҳазиллашманг ака! Давлатга сизга ўхшаган ҳақиқий маънода халқни ўйлайдиган, бир ишни бошласа охирига етказадиган ватанпарварлар керак! Округингизда ҳамма сизни билади, ҳурмат қилади, номзодингизни қўйсангиз бу гал ҳам албатта ғалаба қозонасиз.

— Тўғри, сайловчиларимдан кўнглим тўқ. Маҳалла фуқаролари номзодимни юз фоиз қўллашига ишонаман. Аммо шу икки йил ичида депутат бўлиб топганимдан шахсий йўқотишларим кўп бўлди. Кичик бўлса-да мансабимдан айрилдим, маошим камайиб кетди, энг ёмони, соғлиғимни йўқотдим.

 

— Нима, ишхонангизда муаммо туғилдими?

 

— Биласиз, “Ўзбекнефтегаз” АЖга қарашли “Автогазтаъминот” МЧЖда 2005 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаман. Ишимга доимо виждонан ёндашиб, ҳалол бажариб келганман. Айтсам ишонмайсиз, депутат бўлиб сайланганимдан бери раҳбарим билан ҳеч келишолмаяпман. Депутатнинг югур-югурлари кўп: туман кенгаши сессияларида иштирок этишга мажбур, ҳар ҳафтада бир марта сайловчилар билан учрашиши керак, партия тадбирлари, ҳар хил йиғинлар. Бунинг учун раҳбарингиздан ижозат олишингиз зарур, баъзан рухсат бермайди. Гоҳо қилиб ўтирган ишингизни ташлаб, қабулингизга келган фуқаро билан гаплашишга мажбур бўласиз.

Депутатнинг биринчи раҳбар бўлгани яхши экан, ҳеч кимнинг қош-қовоғига қарамай хоҳлаган пайтингизда сайловчиларингиз олдига чиқиб кетаверасиз. Аммо тепангизда бошлиқ бўлса-ю, сизнинг ҳар қадамингизни кузатиб турса, камига кунора кайфиятингизни бузиб, мажлисларда кап-катта одамни турғазиб уялтирса – ишдан ҳам кўнгил қоларкан. Ҳатто корхона директори бир неча бор “Жуда чарчаб, қариб қолибсиз, сизга шу депутатлик нима беради, керакми сизга?”, дея танбеҳ ҳам берди. Охири пичоқ суягига бориб тақалдими, раҳбарим: “Депутатлик фаолиятинг жонимга тегди! Менга сенинг депутатлигинг керак эмас, ё ишда ўтирасан, ё...”, деб ҳақоратлашгача борди. Мажлисда масалам кўрилиб, Меҳнат кодексининг 181, 182 бандларини бузганим учун “ҳайфсан” беришди. “Сайловчиларим тез-тез келади, уларни алоҳида хонада қабул қилишим керак”, деган гап-сўзларимга ҳам қулоқ тутмай, тўрт киши базўр ўтирадиган бошқа хонага кўчишим кераклигини айтишди.

Албатта, раҳбарнинг талабини тўғри тушинаман. У ҳам шахсий ишини талаб қилаётгани йўқ. Лекин мен депутатман, сайловчиларим манфаати учун ҳам хизмат қилишим керак.

— Наҳот директорингиз “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунидан хабардор бўлмаса?! Сизга депутатлик фаолиятингиз учун зарур шароитларни яратиб беришга мажбур ва бу қонунан тасдиқланган. Қолаверса, бугун халқ вакилллари ҳам уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиши, уларнинг ечимини топиб, жойида ҳал қилиш чораларини кўриши айни сиёсатимизнинг энг устивор вазифаси сифатида белгиланган-ку!

— Ўзбекистон Республикасининг ушбу қонуни 10-моддасида Депутатнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш:

Ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланади, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинади.

Депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгар бўладилар.

Депутатни ҳақорат қилиш, шунингдек, унга нисбатан туҳмат қилиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Депутатлик ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилиш мақсадида депутатга қанақа тарзда бўлмасин таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Депутат олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, депутат фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар. Ёки

14-моддасида Депутатлик фаолиятини ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифасини бажариш билан уйғун тарзда олиб бориш:

Депутат ўз ваколатларини ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда амалга оширади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари депутатни у ўз депутатлик вазифаларини бажарадиган вақтда, унинг иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда, ишдан озод қилишлари шарт,

деб ёзиб қўйилган.

Ушбу қонундан кўчирма олиб, раҳбаримизга етказдим ҳам.

ЎзМТДП Марказий кенгашига ҳам бу ҳақда маълум қилдим. Улар ҳам “тепа”дан кимларнидир аралаштириб, раҳбаримга қўнғироқ қилишди. “Энди бемалол асосий ишингиз билан ҳам, депутатлик фаолиятингиз билан ҳам шуғулланаверинг, сизни қонун ҳимоя қилади”, дейишди. “Энди қулоғим тинч бўлди”, деб чучварани хом санаган эканман. Вазият юмшаш ўрнига баттар таранглашди. “Ҳозироқ аризангизни ёзинг, бизга “тепа”га арз қиладиган ходим керак эмас”, дейишди.

Шу куни қон босимим кўтарилиб, бир ҳафта даволанишга мажбур бўлдим. Фитрат маҳалласи раиси, фаоллар келиб ҳолимдан хабар олиб кетишди. “Энди депутатликдан воз кечаман” деб қатъий қарорга келдим. Бунга қарши бўлган маҳалла аҳли йиғилиб, партия Тошкент шаҳар кенгашига ҳам борган экан. Буни ЎзМТДП раҳбарилари эшитиб, яна “ким”ларгадир чиқишган. Эртаси куни раҳбарим қўнғироқ қилиб, тезроқ ишга чиқишимни сўради.

“Энди инсофга келиб қолибди-ёв”, деган ўйда соғлиғимни тўла тиклаб-тикламай ишга ҳам чиқдим. “Майли, хоҳлаган пайтингизда халқ дарди билан шуғулланаверинг, фақат қачон, қаерга кетаётганингизни мен билай”, деди мулойим оҳангда. Аммо мени бўлим бошлиғи лавозимидан бўшатиб, бош мутахассисликка тушириб бўлган эди, маошим ҳам камайди. Бош омон бўлса, кўраверар экансиз. Ноилож ишсиз қолмаслик учун рози бўлишдан бошқа иложим қолмаган эди. Энди депутатлик фаолиятим билан бемалол шуғулланяпман, бироқ соғлиғим учун доимо дори ичиб юришга мажбурман. Ишхонамда ҳурматим ҳам аввалгидек эмас.

— Эшитишимча, маҳаллий раҳбарлар билан ҳам муносабатингиз яхши эмас экан?

— Ҳадеб аҳоли муммоларини кўтариб бораверсанг, маҳаллий раҳбарларга ҳам ёқмай қоларкансан.

Мақтанмоқчи эмасман, депутатлик фаолиятим давомида уйма-уй юриб, жами мингдан ортиқ хонадонга кириб чиқдим. Фуқароларнинг 500 га яқин муаммосига ечим топдим. Шу кунга қадар жами 200 дан ортиқ фуқарони қабул қилдим ва барча мурожаатлари ижобий ҳал этилди, 38 нафар фуқарони ишга жойлаштирдим. Бунинг учун давлат идоралари эшигини бир неча бор тақиллатишга мажбур бўлдим. Депутатлик сўровларимга белгиланган муддатда жавоб бермайди. Бергани ҳам ваъдасини вақтида ёки умуман бажармайди. Одамларни эса ҳозир раҳбарлар орасида урфга кирган гап: “Муаммонинг иккинчи ярим йиллик дастурига киритилибди, йил охиригача қилишга ваъда берди” деб алдаб бўлмайди. Ёқтирмаса-да, аҳолини ўйлаб қонунни рўкач қилиб, раҳбарлардан қайта-қайта талаб қилаверасиз ва отнинг “қашқаси”га айланасиз.

Маҳаллада ишсиз юрган беш йигитни “Тошкент сити”га ишга жойлаштириш учун қарийб икки ой югурдим. Лекин фойдаси бўлмади. Кейинчалик билмас, у ерга оддий “қора иш”га жойлашиш учун ҳам яхшигина таниш керак экан. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Яқинда туман ҳокими ишонч билдириб, коммунал бўйича ўринбосарлик лавозимига таклиф қилди. Аммо рад этдим. Ҳокимиятда коммунал йўналиш бўйича ишлар ва муаммолар ўз ечимини топмаяпти, муҳит яхши эмас. Кечагина ўқишни битириб келган фарзандингиз қатори йигитлар гўёки сизни ўзлари депутат қилиб сайлаб қўйгандек қўпол муомала қилишади, ақл ўргатишади. Қўлидан бирон тайинли иш келса ҳурматини жойига қўясиз, ахир улар ҳокимият вакиллари! Фақат буйруқ бериб, бажармасангиз дўқ қилишни билади, холос.

— Назаримда бугун депутатлар асосий вазифаси қолиб, ижтимоий муаммолар билан ўралашиб қолгандек?

— Тўғри, биз биринчи навбатда Қонун, қарор, фармойиш ва давлат дастурларининг жойларда ижросини назорат қилишимиз, ижро ҳокимияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишимиз лозим. Аммо одамлар сизни ўз вакили қилиб сайладими, биринчи навбатда уларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишингиз лозим. Қолаверса, кейинги пайтларда қабул қиланётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг асосий қисми ижтимоий масалаларда бўлмоқда. Чунки йиллар давомида аҳоли турмушида шунчалик кўп ижтимой муаммолар йиғилиб қолган экан-ки, бугун ҳокимият вакиллари, тегишли идоралар қайси бирини қандай ҳал қилишни билмай боши қотган. Аксарият аҳоли мурожаатлари эътиборсиз қолдириляпти. Аввал маблағ билан боғлардик. Энди эса маҳаллий бюджетда ҳам миллиард-миллиард сўм қоляпти-ку! Ҳокимликларга мустақил ишлатиш ҳуқуқи берилган. Шундай пайтларда биз ўз ваколатимиз доирасида давлат идораларига таъсир ўтказиб, одамларни қийнаётган масалаларга ижобий ечим топишга ҳаракат қилаяпмиз, лекин айримларга ёқмаяпмиз.

Президентимиз ҳам сўнгги йилларда партия ва депутатларга янада кўпроқ ҳуқуқ ва эркинлик беришга ҳаракат қилаяпти. Чунки халқ вакилларига айрим вазирлик ва давлат идоралари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан баъзан ошкора, баъзан хуфёна тарзда асоссиз қаршиликлар ҳамон давом этаяпти. Шу сабаб, шахсан Президентнинг ўзи раҳбарларнинг депутатлар олдидаги масъулияти ва жавобгарлигини янада кучайтириш чораларини кўряпти.

Албатта, биз ҳам аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб ёзилган депутатлик сўровларига ўз вақтида ва амалий жавоб қайтарилишини хоҳлаймиз. Ҳокимият вакиллари, идоралар раҳбарлари ҳам депутатларга яхши муносабатда бўлиб, хушмуомалалик билан кутиб олиб, муаммоларни бамаслаҳат ҳал қилиш чораларини кўришини истаймиз. Чунки, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари ҳалққа хизмат қилиши лозим. Бу ғоя остидаги саъй-ҳаркатлар машаққатлар билан амалга оширилаётган бўлса-да, албатта тез орада ҳақиқий ижросини топади. Зеро, бугун мамлакатимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга ошириляпти. Бундан кўзланган бош мақсад — инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳар бир ўтаётган кунидан рози қилишдир. Одамлар фақат эртага эмас, бугун ҳам яхши яшашга, эркин ва фаравон ҳаёт кечиришга ҳақли.

P.S: Биз Қаҳрамон Каримовнинг депутатлик фаолияти билан боғлиқ бундай муаммоли вазиятлар ҳақида ёзиш ва ёзмаслик ҳақида жуда кўп ўйладим. Ёзсам кўпчилик худди депутат раҳбарининг устидан шикоят қилибди, деган хулосага бориши мумкин. Ёзмасам айрим раҳбарлар ҳақиқатан ҳам депутатларга қонун доирасида муносабатда бўлмаяпти. Бу ҳақда билсак-да, шу пайтгача “жим” юрдик. Худди депутат шахсий муаммоларини кўтариб чиқаётгандек. Қолаверса, одамларнинг муаммосини ҳал қиламан деб, ўзи муаммолар қуршовида қолган депутатимизни қўллаб-қувватлаш зарур.

Ахир Президентимиз йўлга қўйган аниқ тизим туфайли депутатлар ҳам кечани кеча, кундузни кундуз демай, тиним билмай ишламоқда. Ҳамманинг бош мақсадимиз эса одамларнинг турмушини яхшилаш, уларнинг яшаши учун муносиб шароит яратишдир. Бироқ оёғи ердан узилган айрим валломат раҳбарларнинг ўзибилармонлиги, беэътиборлиги, қонун-қоидаларни билса-да, амал қилмаслиги, ишини, талабини бугунги кун шарт-шароитидан келиб чиқиб ташкил қилмагани сабабли, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бошлаган ислоҳотларимиз жуда қийинчиликлар билан амалга оширилмоқда.         

 


“Milliy tiklanish” мухбири
Равшан МАҲМУДОВ суҳбатлашди


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz