ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


Энди барча даражадаги раҳбарлар халқ вакиллари олдида масъулдир 28.12.2018

Энди барча даражадаги раҳбарлар халқ вакиллари олдида масъулдир

Тошкентдаги муҳташам анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасини тинглаб, оддий бир фуқароси сифатида юрагим тўлқинланди, кўнглим бир тоғ қадар юксалди. Эртанги фаровон кунимизга бўлган ишончим ортиб, Юртбошимиз талаб қўйганидек, сайловчилар вакили сифатида бугунги ислоҳотлар жараёнининг шунчаки иштирокчиси эмас, балки янгича ғоя ва таклифлар билан чиқиш, шу Юрт, меҳнаткаш Халқ учун сидқидил ва виждонан ишлаш масъулиятини яна бир бор ҳис қилдим.       

Муҳтарам Президентимиз ўз маърузасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларда якунига етаётган 2018 йилда амалга оширилган ишларни таҳлил қилиб, келгуси 2019 йилда қилиниши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берди, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди. 

Маълумки, мамлакатимизда янги бошланаётган йилга ном бериш ва бу йўналишда амалга оширишимиз лозим бўлган муҳим вазифаларни белгилаб олиш одати мавжуд. Келгуси йилда тадбиркорлик, бизнес учун янада қулай муҳит барпо қилиш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг реал даромадларини кўпайтириш, пенсия таъминотини яхшилаш каби ўта долзарб бўлган ишларни ҳисобга олиб, 2018 йилда бошланган ишларнинг мантиқий давоми сифатида муҳтарам Президентимиз кириб келаётган янги — 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном беришни таклиф қилди ва бу нафақат анжуман иштирокчилари, бутун халқимиз томонидан қўллаб-қувватланди. 

Президентимиз ўз маърузасида мамлакатимизда демократик давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга қартилган бир неча таклифларни илгари сурди. Жумладан, Парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиши ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини жонлантириш лозимлигини таъкидлаб, ҳозирги кунда Конституцияга мувофиқ парламент Бош вазирни тасдиқлайди, лекин, вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди. Шунинг учун, Ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этмаётгани қайд этилди ва Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини жорий этиш таклифини берди. 

“Бўлажак вазир парламент аъзолари олдида соҳани ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилсин ва унга эришиш йўлларини асослаб берсин. Бир сўз билан айтганда, лавозимга муносиб эканини исботласин”, — деди давлатимиз раҳбари. 

Халқ вакили сифатида Юртбошимизнинг яна бир таклифидан жуда-жуда хурсанд бўлдим. 2019 йилда ҳокимларнинг айни вақтда Халқ депутатлари Кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатишига доир тартиб бекор қилинади. Олий Мажлис палаталари раҳбарларига икки ой муддатда ушбу масалаларни депутат ва сенаторлар ўртасида ҳамда жойлардаги вакиллик органларида атрофлича муҳокама қилиб, амалий чоралар дастурини қабул қилиш тавсия этилди. 

Янги йилдан бошлаб сиёсий ҳаётимизда янги бир амалиёт жорий этилади. Кириб келаётган йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида Бош вазир ҳукумат аъзолари билан бирга Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб туради.
Бу жараённи оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш, шу тариқа фуқароларнинг Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижроси бўйича олиб борилаётган ишлардан хабардорлигини таъминлаш имкони яратилади. 

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада туризмни ривожлантириш, соҳага инвестициялар жалб этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс чоралар кўришимиз лозимлигини қайд этди. 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш миллий концепциясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берилди. Шу асосда 2025 йилда юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони 7 миллион нафарга етишига, туризм экспортидан келадиган даромад эса 2 миллиард доллардан зиёд бўлишига эришиш лозимлиги таъкидланди. 

“Бизда туризм кўпинча қадимий шаҳарларимиз, тарихий-маданий ёдгорликлар доирасида чекланиб қолмоқда. Ҳолбуки, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, миллий қўриқхоналар, тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд”, — деди Шавкат Мирзиёев. 

Президентимиз ўз маърузасида Халқни ўйлаган ҳар бир  раҳбар маънавиятли ва маърифатли бўлмоғи лозимлигини таъкидлади. Халқимизнинг тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ушбу бойликларни камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига чуқур меҳр-ҳурмат, эҳтиром уйғотиш, мамлакатимизни жаҳон туризми марказларидан бирига айлантириш  каби эзгу вазифалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг энг асосий мақсад ва вазифалари ҳисобланади. Демак, Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган ва белгиланган муҳим топшириқ ҳамда таклифларни амалга оширишда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик корпуси фаол ва ташаббускор бўлади. Бу борада қабул қилинган қонун, қарор ва дастурлар ижросини депутатлик, жамоатчилик ва парламент назоратига олиш биз учун энг муғим вазифа бўлиб қолади. 

Зулайҳо Камалходжаева, 
Халқ депутатлари Яшнобод туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz