ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


Эзгуликка хизмат қилувчи мусиқа фестивали 04.09.2019

Эзгуликка хизмат қилувчи мусиқа фестивали


Яқинда Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтди. 1997 йилдан буён ҳар икки йилда мунтазам ўтказиб келинаётган навбатдаги мусиқа байрамида дунёнинг 75 та давлатидан 340 нафар хонанда-ю созанда иштирок этди. Мусиқа фестивалини ёритишда юзлаб маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, илк бор таниқли блогер, инфлюенсерлар қатнашди.

Таъкидлаш лозим, эзгу мақсадларга хизмат қилиб келаётган ушбу фестиваль дунё халқларининг миллий мусиқа маданияти анъаналарини асраб-авайлаш, тарғиб этиш, тили, дини, миллатидан қатъи назар, барча халқларни санъат орқали яқинлаштириш ва улар ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда. Чунки халқлар маданияти бирлашгандагина бир-биридан куч олиб, янада тараққий этади, ривожланади.

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, сайёрамизда турли келишмовчилик ва қарама-қаршиликлар, уруш ва низолар авж олган таҳликали замонда, одамзот тобора ўз дунёсига ўралиб бораётган бир шароитда мусиқа инсонга инсонлигини эслатиб, унинг қалбида келажакка умид ва ишонч уйғотади. Мусиқа санъати маданий феномен сифатида янги авлодни тарбиялаш ва камолга етказиш борасида чексиз имкониятларга эгадир. Санъат билан ошно бўлган ёшларнинг ҳаётга муносабати, миллий урф-одат ва умумбашарий қадриятларга ҳурмати баланд бўлади. Ва мен ишонаман, улар дунёни маънавий таназзулдан қутқаришга қодир бўлган, ўзаро аҳиллик ва бирдамликни улуғловчи авлод бўлиб майдонга чиқади. Шу маънода, мусиқа – ҳеч нарса билан ўлчаб, солиштириб бўлмайдиган беқиёс илоҳий таъсир кучига эга, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Ҳақиқатан ҳам, мусиқа, қўшиқ инсон қалбидаги энг нафис туйғуларни жунбушга келтириши билан бирга, одамзодни эзгу ишларга руҳлантиради, янги ғоя, янги ташаббуслар билан яшашга ундайди. Тил, миллат танламайдиган наволар таржимонсиз, ҳеч бир воситасиз инсон юрагининг туб-тубига кириб боради. Дилларни, элларни бир-бирига боғлайди. Миллатлараро тинчликни, маданият, маънавиятни, маърфатни тарғиб этади, инсонийликнинг ўлмас қадриятларини улуғлайди.

Халқаро нуфузи тобора ошиб бораётган мазкур анжуманда нафақат моҳир хонанда ва созандалар, мусиқа, санъатшунос олимлар қатнашди, балки чет эл ташкилотлари раҳбарлари, давлат арбоблари ва таниқли сиёсатчилар иштирок этди. Фестиваль доирасида музей ва ҳунармандлар марказлари, меҳмонхоналарда анжуман тарихига оид суратлар, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари, чолғу асбоблари кўргазмалари намойиш этилди. Аждодларимиздан мерос бир неча асрлик тарихий обидалар, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, таълим муассасалари, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, Амир Темурнинг тарихий боғларига саёҳатлар уюштирилди.

Хорижлик иштирокчиларнинг таъкидлашларича, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган йирик савдо ва маданият маркази, “Ер юзининг сайқали” ҳисобланмиш Самарқанд шаҳри энг қадимий, бетакрор, мўъжизавий шаҳар сифатида яна бир бор дунёга ўзини намаён қилди. “Шарқ тароналари” ҳақиқий маънода шаҳарнинг ўзига хос ташриф қоғози, тарих ҳақида куйловчи, тинчликни улуғловчи халқлар бирдамлиги рамзига айланди.

Таъкидлаш лозим, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали нафақат мамлакатимиз, минтақамиз, балки дунёда туризмни янада ривожлантиришга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Фестиваль доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси номоддий маданий мероси халқаро ахборот ва ҳамкорлик маркази (ICHCAP) ўртасида Ипак йўлидаги маданий меросни сақлаш бўйича меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат халқимизнинг такрорланмас моддий ва номоддий маданий меросини ўрганиш, тарғиб этиш ва асраб-авайлашга ва ундан дунё аҳлини яқиндан хабардор этишга хизмат қилади.

30 август куни турли цивилизациялар, халқлар ва миллатлар ўртасида ўзига хос маданий ҳамкорлик ҳамда мулоқот майдонига айланган Регистонда “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали ғолиб ва совриндорлар аниқланди. “Энг яхши либос ва мусиқа уйғунлиги”, “Меҳр-оқибатни тараннум этгани учун”, “Шарқ халқлари мусиқа санъати жонкуяри”, “Анъаналарга содиқ жамоа”, “Қадриятлар давомчиси” каби номинациялар бўйича ғолиблар муносиб тақдирланди. Қувонарлиси, “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини — Гран-прига ватандошимиз Меҳринигор Абдурашидова сазовор бўлди. 

Фестиваль якунида юртимиз санъат усталари, ёш ижрочилар, фестиваль ғолиблари иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчилари 2021 йилда яна Самарқандда учрашиш ниятида хайрлашди. 

 

 

Карима ЗАРИПОВА,
халқ депутатлари Яккасарой туман Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутати


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz