ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


16.05.2019

Инсониятнинг болаликдаги қўшиғи


Ҳар бир халқнинг тарихи ва маданияти, аввало, унинг оғзаки ижоди ҳисобланган фольклор санъатида намаён бўлади ва у барча санъатларнинг бошланишидир. Чунки асл фольклор асарлари мағзида инсоният камолоти учун хизмат қиладиган эзгу ғоялар, миллий қадриятлар мужассам, у халқнинг боқий ўтмишини ўзида акс эттиради, уни келгуси авлодларга етказади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра, шу йилнинг 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтган эди. Ушбу тадбир мамлакатимизда бахшичилик ва достончилик санъатини ривожлантириш, уни жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишда янги босқични бошлаб бергани билан аҳамиятлидир. ЮНЕСКО шафелигида илк бор ўтказилган ушбу санъат байрамида дунёнинг 74 та давлатидан 160 дан зиёд вакиллар иштирок этди. Уларнинг орасида нуфузли ҳалқаро ташкилотлар, атоқли маданият арбоблари, фольклор санъати намояндалари бор эди. Шунингдек, 20 дан ортиқ давлатдан келган журналистлар халқаро санъат анжуманини бевосита шу ернинг ўзидан ёритиб, халқимизнинг миллий маданияти, маънавияти, қадриятларини дунёга кўз-кўз қилди.

Халқаро фестивалнинг очилиш маросимида мамлакатимиз раҳбари иштирок этиб, барчани Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг тантанали очилиши билан муборакбод этган эди.

“Турли халқларнинг миллий ўзлигини, уларнинг тили ва ҳаёт тарзини, анъана ва урф-одатларини ифода этадиган бахшичилик санъати умумбашарий маданиятнинг узвий қисми сифатида барчамиз учун қадрлидир. Жаҳон маданий меросининг бу ўлмас асарлари бизга инсониятнинг наслу насаби, тарихий илдизлари, олижаноб идеаллари бир эканини, бинобарин, турли миллат ва элат вакилларининг келажак сари интилишлари ҳам муштарак эканини англатади. Айни вақтда ҳозирги глобаллашув даврида, тижорат воситасига айланган “оммавий маданият, шоу-бизнеснинг салбий таъсири тобора кучайиб бораётган мураккаб зомонда ҳар қандай миллий маданиятнинг булоғи бўлган фольклор санъатига эътибор ва қизиқиш, афсуски, сусайиб бораётгани ҳам сир эмас. Ҳолбуки, фольклор санъати, таъбир жоиз бўлса, бу — инсониятнинг болалик қўшиғирдир, — дея таъкидлаган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев тадбирнинг тантанали очилиш маросимида.

Қарийб бир ҳафта давом этган ушбу санъат фестивали кутилганидан ҳам самарали бўлди. 32 гектардан иборат асосий тантаналар майдонида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларнинг рамзий қўрғонлари бунёд қилиниб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одати, анъана ва қадриятлари акс эттирилди. Фестивалда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Сербия, Туркия, Болгария, Белгия сингари хорижий давлатидан 60 нафардан ортиқ маҳоратли бахши ва достон айтувчилар ўз чиқишлари билан қатнашади. Ғолиблар турли даражадаги диплом, ҳайкалча ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди. “Энг ёш бахшичилик санъати иштирокчиси”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи”, “Энг яхши чолғу ижрочиси” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Халқаро фестивалнинг шукуҳи, қувонч ҳали кўнгиллардан узоқлашмай куни кеча Ўзбекистон Республиаси Президентининг “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Қарорда яқинда Термиз шаҳрида илк бор ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивали халқаро миқёсдаги йирик маданий ҳодиса сифатида кенг эътироф этилиб, халқимиз маданиятининг ҳаётбахш сарчашмаси бўлган бахшичилик санъатини янада ривожлантириш, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги ўрни ва аҳамиятини юксалтириш, ёш авлодни миллий ўзликни англаш, Ватанга садоқат, тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида Термиз шаҳрида давлат муассасаси шаклида Республика Бахшичилик санъати маркази ҳамда унинг ҳузурида Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ҳақидаги таклифлар маъқулланди.

Бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш, соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари, “устоз-шогирд” анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш, бахши-шоирлар ижодига кенг йўл очииш, маданий тадбирларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, бахшичилик санъатининг сара намуналарини тўплаш ва фондини яратиш, уларнинг аудио ва видео вариантларини кўпайтириш, бахшичилик санъати йўналишида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, бу борада ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш марказнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди. Шунингдек, янги ташкил қилинадиган жамғарманинг вазифалари тасдиқланди.

Тегишли вазирлик ва идораларга Термиз шаҳридаги бахшичилик мактаби негизида бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган Республика мактаб-интернатини ташкил этиш, ҳудудларда бахшичилик санъати ривожи учун зарур бўлган мусиқа чолғулари (дўмбира, сибизға, чанқовуз, қўшнай, ғажирнай, бўламон, қўбиз кабилар) ишлаб чиқарадиган усталар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, устахоналар учун жой ажратиш, махсус ёғоч ва металл маҳсулотлари билан таъминлаш чораларини кўриш вазифалари топширилди. Ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган бахшичилик санъатини ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Президент қарорида белгиланган вазифалар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мақсад ва вазифалар билан ҳамоҳанг ва уйғундир. Қарор ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш билан бирга уни янада кенг тарғиб қилиш, айниқса, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Баҳром ШАРИПОВ,
халқ депутатлари Миробод туман Кенгашига
"Миллий тикланиш" ДП дан сайланган депутат

 


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz