ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


24.05.2019

Мақсадимиз битта — фарзандларимизнинг эртанги кунига замин яратиш


Жорий йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган 5 та муҳим ташаббус орқали ёшларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини юксалтириш, уларнинг жисмонан соғлом, маънан етук инсон сифатида вояга етишлари учун стратегия белгилаб берилди десак муболаға бўлмайди. Сабаби, ташаббусда белгиланган устувор вазифалар ёшлар комолоти учун нима қилиш керак бўлса, барчаси илгари сурилган.

Сир эмас, мустақилликдан сўнг изидан чиққан иқтисодиётни тиклаш баробарида фан, таълим, спорт, санъат ва маданият йўналишида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Ёшларнинг баркамол авлод бўлиб етук таълим-тарбия олишлари, маданияти, эстетик дунёқарашини бойитиш мақсадида театр, музей, маданият ва истроҳат боғлари, кутубхоналар қайта ташкил этилди, янгилари қурилди. Ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Аммо шундай бўлса-да, глобаллашув шароитида четдан кириб келаётган “оммавий маданият”нинг таъсири бугунги кунда яратилаётган маданият ва санъат асарларида ҳам сезилди. Айниқса, ўзбек кинофильмларида. Савияси паст даражада суратга олинган фильмлар, хусусий телеканаллар орқали эфирга узатилаётган хориж сериаллари, кўнгилочар шоу-томошалар, албатта, бугунги ёшлар мафкурасига таъсир ўтказмасдан қолмаяпти.

Шундай шароитда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган 5 та ташаббуснинг биринчисида ёшларни мусиқа, расм, адабиёт ва театр йўналишдаги билимларини янада ошириш, уларнинг бу соҳадаги истеъдодларини юзага чиқариш мақсад қилинган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Дастурида ҳам ёшларни мусиқа, театр ҳамда китобхонликка жалб этиш, бу соҳаларни рағбатлантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Ўзбек жадидчилиги асосчиси ҳисобланган Маҳмудхўжа Беҳбудий бундан юз йил муқаддам театрларнинг фаолиятига баҳо бериб, театрни ибратхона эканлигини таъкидлайди. Ҳақиқатан ҳам ўзбек маданияти ва санъатида театрнинг ўрни бетакрор. Қарийиб юз йиллик тарихга эга бу ибратхонада ўз даврининг моҳир уста актёрлари мингдан ортиқ саҳна асарини яратди ва улар орқали халқимизнинг маънавиятини, маданиятини бойитди. Ҳатто бугун ҳам ўтган асрнинг нодир дурдоналари бўлмиш “Келинлар қўзғалони”, “Олтин девор”, “Парвона” каби театр асарларини қайта-қайта кўргимиз келаверади.

Партия гуруҳи томонидан мактабларда театр труппаларини ташкил этиш, театр санъатига қизиқувчи истеъдод эгаларини аниқлаш, уларга шарт-шароит яратиш мақсад қилинган. Қолаверса, худди музейлар сингари театрлардан ҳам махсус ёшлар ҳафталиклари ёки кунларини ташкил этиш орқали республикадаги ёшлар театрларига ўқувчиларни жалб этиш, ўзбек театр дурдоналаридан баҳраманд бўлишларини таъминлаш режалаштирилган.

Шунингдек, бу йил партиянинг барча даражадаги депутатлари томонидан республикадаги мусиқа мактаблари, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фаолияти танқидий ўрганилди. Соҳадаги мавжуд ютуқлар билан бирга йиллар давомида тўпланиб қолган қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Хусусан, мусиқа тўгараклари мактабдан мустақил равишда ажратилиб, маданият бошқармаси тасарруфига ўтказилгани, кадрларни ўқитиш ва ишга жойлаштириш масалалари, мусиқа мактабларининг аҳоли турар жойларига қулай бўлмаган ҳудудларда жойлашуви ёки бир туманда фақат 2-3 та мусиқа мактабларининг ташкил этилгани ва унинг бугунги эҳтиёжлар учун етарли эмаслиги каби муаммоли масалалар кўтарилди.

Ўқитувчи-педагог сифатида шуни айтишим мумкинки, мусиқа бола камолотига, руҳиятига катта таъсир кўрсатувчи омиллардан бири сифатида кўрилади. Мусиқа билан шуғилланувчи болаларнинг табиатида фанларни яхши ўзлаштириш, бўш вақтини кераксиз машғулотларга сарфламаслик, эстетик жиҳатдан баркамол, ўзини маданиятли тута билиши каби фазилатларни кузатиш мумкин. Демак, соҳани ривожлантириш, баркамол авлод тарбияси учун нақадар муҳим омил эканлиги янада ойдинлашади.

Беш муҳим ташаббусда ёшларни китобхонликка жалб қилиш, бугунги олиб борилаётган ёшларга оид Давлат сиёсатини келгусида ҳам изчил давом эттириш назарда тутилган. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барча депутатлар ўзлари билим олган таълим муассасаларига ташриф буюриб, “китоб улашиш” акциясида фаол иштирок этгани барчани бирдек қувонтирди. Бу каби хайрли ишларнинг бардавом бўлиши, албатта, бу йўналишда мақсад қилинган натижаларга етишишда камарбаста бўлиб хизмат қилади.

Президентимизнинг шу йил 16 май куни Андижон вилояти фаоллари билан бўлган учрашувида ислоҳотлар замирида халқимиз ҳаётини яхшилаш, фарзандларимизнинг эртанги кунига замин яратиш мақсади мужассам эканлиги таъкидлаб ўтилди. Албатта, бунинг учун ҳар биримиз, хоҳ у раҳбар бўлсин, хоҳ фуқаро ислоҳотларнинг иштирокчиси сифатида бевосита ҳаракат қилиши лозим. Шундагина ислоҳотлар ҳар бир хонадонга, оилага етиб боради. Халқимиз рози бўлса, давлатимизда қут-барака, бошлаган ишимизда самара бўлади.

 


Умида РАШИДОВА,
халқ депутатлари Миробод туман Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутат
Миробод тумани 110-мактаб директори


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz