ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


10.07.2019

Мустақиллик ҳар қачонгидан кенг, шоду хуррамлик билан нишонланади


Жонажон Ватанимиз — Ўзбекистон Республикаси  давлат мустақиллигини қўлга киритганига бу йил 28 йил тўлади. Истиқлол халқимиз учун ўз тараққиёт йўлини мустақил белгилаш, қадрият, урф-одатларимизни тиклаш, миллат сифатида жаҳонга юз тутиш, ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қиммат топиши, ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди.  

Албатта, 28 йил тарих учун жуда қисқа муддат. Аммо ўтган вақт ичида юртимизда улкан ўзгаришлар амалга оширилди. Айниқса, мамлакатимизда сўнгги йилларда одамларнинг яшаш шароитини яхшилаш, Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш мақсадида барча соҳаларда кенг кўламли изчил ва самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим”, “Одамлар эртага эмас, бугун ҳам яхши яшашга ҳақли!”, “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун”, “Халқ манфаати барча нарсадан устун!” каби эзгу ғоялар остида қилинаётган тезкор ўзгаришлардан кўзланган бош мақсад, фуқаролар фаровонлигини ошириш, келажагимиз эгалари ҳисобланмиш ёшларни ҳар томонлама юксак маънавиятли, етук билимдон, миллий қадриятларимизни улуғловчи, маънавиятли шахс бўлиб камол топишини кафолатлашдир.

Мустақиллик кўҳна тарих, бой меросимиз, миллий давлатчилик, муқаддас дин, урф-одат ва анъаналаримизни қайта тиклаши билан бирга, меҳр-оқибат, бағрикенглик, кечиримлилик, ҳамжиҳатлик каби эзгу фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларимизни қайта тикланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мамлакатимиз тарихида ўчмас саҳифа очган буюк истиқлол туфайли Ватанимиз қисқа давр ичида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади ва бугун миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” қарори эълон қилинди.

Қарорга мувофиқ, жорий йилда ушбу байрам мамлакатимиз бўйлаб “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деган бош ғоя асосида кенг нишонланади ва бу борада ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури ишлаб чиқилади.

Дастурда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг маъно-мазмуни ва руҳи мужассам этилишига алоҳида эътибор қаратилади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Мустақиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашув, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар ўтказилади. Маданий тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида таниқли олим, ижодкор зиёлилар ва санъаткорлардан иборат тарғибот гуруҳлари ташкил этилиб, улар аниқ режа асосида фаолият олиб боради.

Тадбирларни ташкил этишда мамлакатимизни модернизация қилиш, турли соҳа ва тармоқларни либераллаштириш борасида қўлга киритилган ютуқ ва натижалар бу йўлдаги дастлабки қадамлар эканини таъкидлаган ҳолда, баландпарвоз, расмиятчилик ва юзакилик ҳолатларига йўл қўймасдан, холис ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида иш олиб боришга алоҳида эътибор қаратилади.

Юртимиз истиқлолини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари учун “Ягонасан, муқаддас Ватан!” республика танловининг якуний босқичи ўтказилади ва ғолиб ва совриндорлар Мустақиллик байрами арафасида эълон қилиниб, муносиб тақдирланади. Шунингдек, “Энг улуғ, энг азиз”, “Ранглар жилосида — она диёр”, “Ватан учун яшайлик!” каби анъанавий кўрик-танловларни юқори даражада ўтказиш таъминланади.

Халқимиз шу кунларда истиқлол имкониятлари, эркинлик қадри ҳақида гапириб, бугунги дориломон кунлар, тинчлик ва хотиржамликнинг шукронасини айтмоқда. Шу маънода, энг улуғ, энг азиз байрамга айланган мустақилликнинг 28 йиллиги тантаналари ҳар қачонгидан кенг, шукуҳли, катта тантана ва шоду хуррамлик билан ўтказилади.


 

Баҳром ШАРИПОВ,
халқ депутатлари Миробод туман Кенгашига
"Миллий тикланиш" ДПдан сайланган депутат

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!