ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


19.07.2019

Қонун мустаҳкамланди, фақат ижро этилса бас


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2019 йил 16 апрелда қабул қилган,
 Сенат 2019 йил 21 июнда маъқуллаган “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирда қабул қилинди

Қисқа вақт ичида иқтисодиётимизнинг муҳим тармоғига айланган туризм соҳасида ҳам бугун сайёҳларнинг хоҳиш-истагидан келиб чиққан ҳолда ҳар куни, ҳар соатда янги талаб-истаклар пайдо бўляпти. Чунки ҳаёт ўзгармоқда, бугунги шиддатли давр талабларига ҳамоҳанг одамларнинг ҳам эҳтиёжлари эврилишга юз тутмоқда. Шу маънода 20 йил олдин қабул қилинган “Туризм тўғрисида”ги қонунни бугунги кун талабларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш ҳаётнинг ўткир талаби ва зарурати эди, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Айни шу ҳаётий зарурат боис амалдаги “Туризм тўғрисида”ги қонун тубдан такомиллаштирилиб, янги таҳрирда тайёрланди. Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди. Олий Мажлисда соҳа мутахассислари иштирокидаги франциялар йиғилишларида бир неча бор муҳокама қилинди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз ғояси ва cайловолди Платформасидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизнинг халқаро имиджини шакллантиришда туризмни самарали восита деб билади ва бу борадаги мавжуд қонунчилигимизни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, янги қонун лойиҳаси бўйича ЎзМТДП фракцияси ҳудудий партия ташкилотлар иштирокида қатор учрашувлар ўтказди. Билдирилган таклиф ва мулоҳазаларга қонунни тайёрлашда алоҳида эътиборга олинди.

Хўш, янги қонун аввалгисидан нимаси билан фарқ қилади?

Ушбу қонундан Президентимизнинг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонидан келиб чиқиб, ҳаволаки нормалар чиқариб ташланди, тўғридан-тўғри амал қилувчи моддалар киритилди. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қисқартирилиб, қонун лойиҳасининг ўзида акс эттирилди. 3-моддадаги асосий тушунчалар такомиллаштирилди. Мазкур моддага “гид (гид-таржимон)”, “йўриқчи-йўл бошловчи”, “мустақил туризм”, “туризм соҳасининг субъектлари”, “тур”, “туристик ваучер” каби атамалар таҳрир қилиниб, аниқлаштирилди.

Шунингдек, туроператорлар ва турагентлар туристик фаолиятни ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширади. Уларга туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади. Бунда экскурсия хизматлари кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор бўлган жисмоний шахсларга туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия олиш талаб қилинмайди. Шу билан бирга, туристик зоналар, туристик кластерлар алоҳида боб сифатида, янги нормаларга эса экскурсиячилар, гид, йўриқчи-йўлбошловчилар сертификати, туристик маҳсулотларни сотиш ва бошқалар киритиди.

Қонун дастлаб 26 моддадан иборат бўлган бўлса, энди 45 моддага етди. 5 янги боб билан тўлдирилди. Туризм тури бўйича тўртта янги йўналиш киритилди. Сайёҳларга зарурат туғилганда қутқарув ва тезкор хизмат кўрсатиш ҳам янги қонунда ўз аксини топди. Қонунни маромига етказиш мақсадида 15 дан ортиқ давлатнинг тажрибаси ўрганилди. Туризмга алоқадор халқаро шартномалар, жумладан, “Халқаро туризм соҳасидаги Манила декларацияси”, “Минг йиллик Осака декларацияси” ҳамда халқаро ҳужжатлар — БМТнинг “Бутун жаҳон туризм ташкилотининг резолюцияси”нинг амалиётда қўлланишига эътибор қаратилди.

Ушбу соҳага қаратилаётган эътибор туфайли юртимизга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилда 2 миллиондан ортиқ бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилда 3 миллион кишига етди. Ўтган йили эса 5 миллиондан зиёд сайёҳни қабул қилдик. 2025 йилгача туристлар сонини 7 миллиондан ошириш, сайёҳлик экспортидан келадиган даромадни эса 2 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.

Ҳисоб-китобларга қараганда, сайёҳлик экспортидан келаётган даромаддан ташқари ҳар 12 нафар хорижий сайёҳ 1 янги иш ўрнини яратар экан. Шу жиҳатдан қараганда, ушбу қонун сайёҳлик ривожига тўсиқ бўлаётган айрим муаммо ва камчиликларни ечиш билан бирга, ишсизликка бироз бўлса-да барҳам беради. Шунингдек, янги қонун соҳани жадал ривожлантириш ва бу борадаги инфратузилмани жаҳон стандартларига мос равишда такомиллаштиришга хизмат қилди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


Равшан МАҲМУДОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz