ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


Шоштепани асраб қолиш учун шошмасак бўлмайди 05.10.2018

Шоштепани асраб қолиш учун шошмасак бўлмайди

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Тошкент шаҳар кенгашида пойтахтимиздаги мавжуд моддий маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳи Сергелида бўлиб, тумандаги маданий мерос объектларини ўрганди.

Тошкент шаҳар ва вилоят маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат испекциясидан олинган маълумотларга кўра, Сергели туманида Шоштепа(Чоштепа), Куйгайтепа(Култепа) ҳамда Хонободтепа археология ёдгорликлари рўйхатга олинган.

Маълумки, Шоштепа ташқи ва ички қишлоқ ҳамда баланд арк — қалъадан иборат шаҳар харобаси ҳисобланиб, Жўн канали бўйида жойлашган. Археологик маълумотларга кўра,  ёдгорликдан Бурганли маданияти (милоддан авввалги IX–VI асрлар)га оид ўтроқ деҳқонлар қишлоғининг қолдиқлари топилган. Бурганли қишлоғи харобалари ўрнида милоддан аввалги 2-асрда (яъни, 2200 йил аввал) атрофи ҳалқа девор билан ўралиб, ўзига хос хочсимон бино қурилган. У хоч ва ҳалқа уйғунлиги — қуёшнинг энг қадимий рамзи тамойилида бунёд этилган. Шундай қилиб, камида 2200 йил аввал Тошкент ҳудудида шаҳарсозлик соҳасида биринчи тажриба амалга оширилган. III–VI асрларда Шоштепадаги ҳаётнинг иккинчи йирик жонланиш даври бўлиб, VII–VIII аср бошларида анча юксалган, сўнг вайрон бўлган. XI–XII асрларга келиб ундаги ҳаёт бироз тикланган.

hyguy.jpg

– Бир неча йил олдин Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланган эди, – халқ депутатлари туман Кенгашига партиядан айланган депутат Хирожиддин Ибрагимов. – Тарихчи олимларимиз пойтахтимизнинг ёшини аниқлашда айнан Шоштепа ва ундан топилган ашёларни асос қилиб олган эди. Шундай узоқ тарихга эга бўлган Шоштепанинг бугунги аҳволи ачинарли ҳолатда. Ёдгорликнинг на бирон ҳужжати бор, на эгаси. Обида қоровсиз бўлгани учун борган сари нураб боряпти ва бир пайтлар 25 гектар ҳудудга эга бўлган харобанинг бугунга келиб атиги 1 гектари қолган холос. Эътибор қаратмасак, тез орада бу ҳудуд ҳам йўқолиб кетиши мумкин. Чунки тепалик яқинида кўп қаватли уйлар қурилмоқда, аҳоли ҳовлилари ҳам харобанинг шундоқ чегарасида жойлашган.

Ишчи гуруҳи шу куни Куйгайтепа (I-XII асрлар) ёдгорлигида ҳам бўлиб, бу тарихий обиданинг сақланиш ҳолати талаб даражасида эмаслигини аниқлади. Бу археология ёдгорлигининг ҳам на ҳужжати бор, на эгаси, қоровсиз бўлгани учун борган сари нураб боряпти.

Ишчи гуруҳининг тарихий ёдгорликларни ўрганиш ишлари давом этмоқда.

 

ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши матбуот хизмати

  


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz