ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


Туризм ривожи йўлидаги яна бир муҳим қадам 07.01.2019

Туризм ривожи йўлидаги яна бир муҳим қадам


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида билдирилган таклифларни амалда татбиқ этиш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Фармонга мувофиқ, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.

Маълумки, туризм қисқа вақт ичида дунёнинг энг тез ривожланаётган ва сердаромад соҳага айланиб улгурди. Маълумотларга қараганда, халқаро туризмдан кўрилаётган фойда йилига 1 триллион АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилар экан. Сайёҳатга чиқувчилар сони эса 1 миллиарддан ошиқ ва бу кўрсаткич ҳар йили кўтарилиб боряпти. Шу боис, кўплаб мамлакатлар ушбу соҳани янада тараққий эттириш, тегишли инфраструктурани дунё талаблари даражасига кўтаришга ҳаракат қилмоқда. Буюк Ипак йўлининг марказларидан бирида жойлашган ва тарихий обидаларнинг кўплиги жиҳатидан дунёда етакчи ўринларда турадиган, энг эътиборлиси, халқаро сайёҳлик ташкилотлари томонидан “очиқ осмон остидаги музей” дея эътироф этилган Ўзбекистонда ҳам бу тармоқни ривожлантириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширляпти.

Ушбу соҳани тараққий эттириш мақсадида сўнгги икки йил ичида давлатимиз раҳбари томонидан муҳим фармон ва қарорлар, Давлат дастурлари қабул қилинди. Уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида қилинган саъй-ҳарактлар натижасида ўтган йили 5 миллиондан ортиқ сайёҳ юртимизга ташриф буюрди. Бу 2017 йилнинг мос даври билан таққослаганда анча юқори кўрсаткичдир.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам туризмни ривожлантириш, соҳага инвестициялар жалб этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича комплекс чоралар кўришимиз зурурлигини қайд этиб:

— Бизда туризм кўпинча қадимий шаҳарларимиз, тарихий-маданий ёдгорликлар доирасида чекланиб қолмоқда. Ҳолбуки, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, миллий қўриқхоналар, тоғли ҳудудларда туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжуд, — деган эди. Президентимиз Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш миллий концепциясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ бериб, шу асосда 2025 йилда юртимизга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони 7 миллион нафарга етишига, туризм экспортидан келадиган даромад эса 2 миллиард доллардан зиёд бўлишига эришиш лозимлигини таъкидлаган эди.

Албатта, Олий Мажлисга қилинган Мурожаатномадан бир ҳафта ўтиб, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда унга мувофиқ 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш бўйича Концепция ишлаб чиқилгани бежизга эмас. Чунки ҳаётнинг ўзи бу соҳада ҳали муаммо ва камчиликлар, қиладиган ишларимиз жуда кўплигини кўрсатмоқда. Тармоққа замонавий ахборот технологияларини жалб қилиш ҳақида эса гапирмасак ҳам бўлади.

Бугун замон шунчалик шиддат билан ривожланиб бормоқдаки, сайёҳларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда ҳар куни, ҳар соатда янгидан-янги талаб ва истаклар, имкониятлар пайдо бўляпти. Виза режимини янада либераллаштириш, чет эл фуқароларини рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш, туризм тармоғини ривожлантириш учун имтиёз ва преференциялар бериш орқали миллий туризм салоҳиятини ички ва ташқи бозорларда самарали тарғиб қилиш, шу билан бирга, тармоқни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий асосларни мукаммаллаштириш, алоҳида туризм хизматларини кўрсатиш қоидалари, чет эл фуқароларининг тоифалари, бўлиш муддатлари ва мақсадлари бўйича дунё амалиётида кенг қўлланиладиган алоҳида виза режимларини жорий қилишимиз лозим.

Туризм мавсумида сайёҳлик инфратузилма объектларининг етишмаслиги, турли транспортларда йўловчиларни ташиш тизимининг етарли даражада мувофиқлаштирилмаганлиги, туристларни мавжуд туризм салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлашни ташкиллаштириш даражасининг пастлиги, ички туризмни, мамлакат ҳудудларидаги маданий мерос объектлари ва зиёратнинг ўзига хосликларини тарғиб қилиш бўйича маркетинг компанияларининг самарасизлиги туризмни жадал ривожлантиришга салбий таъсир қилмоқда. Туризмни авваламбор хусусий секторда ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида фаол ва комплекс равишда тарғиб қилишимиз зурар.

Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан бошлаб айрим давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим, электрон кириш визасини олиш имкониятига эга бўлган мамлакатлар рўйхатини эса янада кўпайтириш белгиланди. 2019 йил 15 мартдан бошлаб эса 30 кунлик амал қилиш муддати бўлган электрон кириш визасининг янги турларини бериш тизими жорий қилинди. Шунингдек, чет эл фуқароларига Ўзбекистонда турар-жой сотиб олиш ҳуқуқи тақдим этилди.

Шу ўринда фармонда Ўзбекистоннинг логистика жозибадорлигини тубдан яхшилаш, шунингдек, маҳаллий аэропортларда парвозларга хорижий авиакомпанияларни жалб этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳи тузиш ва гуруҳнинг асосий вазифалари белгиланганини алоҳида эътироф этиш лозим. Чунки ҳаво йўллари хизмати борасида очиқ рақобатнинг йўқлиги, натижада нархларнинг юқорлиги, логистика хизматлари талаб даражасида эмаслиги нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳларнинг ҳам ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди.

Фармонда чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, тегишли вазирлик ва идораларнинг вазифалари белгиланди, топшириқлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу фармони ЎзМТДПнинг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳангдир. Партиянинг сайловолди Платформасида ҳам сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш, сайёҳлик логистикаси билан боғлиқ барча хизматларни яхшилаш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, виза бериш тартибини янада соддалаштириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган. Демак, биз - ЎзМТДП фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ушбу фармон ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоғимиз лозим.

 

Улуғбек Мусаев,
халқ депутатлари Юнусобод тумани Кенгашидаги
ЎзМТДП гуруҳи аъзоси

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz