ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


Учтепа туманидаги айрим оилавий поликлиникалар замонавий тиббиёт ускуналари билан таъминланмаган 27.12.2018

Учтепа туманидаги айрим оилавий поликлиникалар замонавий тиббиёт ускуналари билан таъминланмаган

Шу кунларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва депутатлари томонидан Президентимизнинг “2016-2021 йилларда Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижроси доирасида Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишларининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, тиббиёт соҳасига малакали кадрларни жалб қилиш, тайёрлаш ишлари ўрганилмоқда.

ЎзМТДП Учтепа туман Кенгаши Халқ депутатлари туман кенгаши депутатлари билан ҳамкорликда тумандаги тиббиёт бирлашмалари фаолияти билан танишди ва бир неча муаммо ва камчиликларни аниқлади.    

— Одатда туман ва қишлоқларимиздаги тиббиёт муассасалардаги шарт-шароитлар яхши эмаслиги ҳақида кўп гапирамиз ва буни одатий ҳол сифатида қабул қилишга ўрганиб ҳам қолганмиз, — дейди Халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Абдурашид Абдушукуров. — Лекин шаҳримизда ҳам бу борада бир талай муаммолар, қилиниши лозим бўлган юмушлар кўп экан. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли поликлиникалар ва 3-болалар клиник шифохонаси фаолиятини ўрганишимиз жараёнида бир талай камчиликлар аниқланди.

Жумладан, тумандаги 22-23-25 ва 26 оилавий поликлиникалар замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан етарли даражада таъминланмаган. Поликлиникаларда ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган УЗД ва рақамли рентген ускуналари ўрнатилмаган. Ҳатто шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси ҳам УЗД ва рақамли рентген ускуналарига муҳтож. Шифохона замонавий лапороскоп, МСКТ, ЭхоКГ, ЭЭГ, РЭГ ускуналари билан таъминланмаган. 9-рақамли туғруқ комлексига чақалоқлар, кам вазн билан дунёга келган гўдаклар, ҳомиладор аёллар соғлигини мустаҳкамлаш учун керакли бўлган асбоб-ускуналар зарурлиги аниқланди.   

— Оилавий поликлиникаларнинг айримлари капитал таъмирга муҳтож, иссиқликни сақловчи пластик ромлар ҳамон ўрнатилмаган, — дея суҳбатни давом эттирди партия гуруҳи аъзоси Жамшид Каримов. — Кундуз кунлари ётиб даволанадиган хоналар зарур жиҳозлар билан таъминланмаган. Ўрганишлар жараёнида шаҳар болалар сил касаллиги сиҳатгоҳининг том қисми таъмирга муҳтожлиги аниқланди.

ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Илёс Абдумажидов тиббиёт муассасаларининг кадрлар билан таъминланиш даражаси ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.

— Тиббиёт муассасаларининг шифокорлар билан таъминланганлик даражаси 91,6 фоизни ташкил қилар экан. Улардан 68,6 фоизи олий, 12 фоизи биринчи, 19,2 фоизи эса иккинчи тоифага эга шифокорлардир. Ҳамширалар билан таъминланиш даражаси 100 фоизни ташкил қилади ва улардан 51,2 фоизи олий тоифа ҳисобланади.

Ўрганишларда тумандаги 18 ёшгача бўлган болаларнинг 69.9 фоизи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилгани ва касаллиги аниқланган 18200 нафар боланинг барчаси соғломлаштирилгани аниқланди. Вакциналарни тежаш ва тирбандликнинг олдини олиш мақсадида болаларни эмлаш ишлари бир ойда олти кун давомида амалга оширилмоқда.

Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари ҳукуматимиз томонидан бу борада кенг кўламли чора-тадбирлар ўтказилаётгани ва келгуси 2019 йилда аниқланган камчиликлар ўз ечимини топишига умид билдирди.

ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши матбуот хизмати


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz