ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


Юнусобод Оқтепаси лоқайдлигимиз қурбонига айланмоқда 27.09.2018

Юнусобод Оқтепаси лоқайдлигимиз қурбонига айланмоқда

Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари томонидан мамлакатимиздаги мавжуд моддий маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш, уларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолати ўрганилмоқда.

Куни кеча партия фаоллари, депутатлар ва мутахассислар пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган Оқтепа археологик ёдгорлигида бўлиб, унинг бугунги ҳолатини ўргандилар. 

Ёдгорликнинг бугунги ҳолати ачинарли аҳволда.

photo5289662046964656551.jpg

Оқтепа – Ўрта Осиёда қадимги бинолар қолдиқлари ва археологик маданий қатламлар сақланган тепаликлар бўлиб, Тошкент шаҳрининг ўзида бир нечта Оқтепалар мавжуд. Булар Кўкча Оқтепа, Чилонзор Оқтепа, Соғбон Оқтепа, Чиғатой Оқтепа, Юнусобод Оқтепа каби номланади. Уларнинг орасида Юнусободда жойлашган Оқтепа ёдгорлиги ўзининг қадимийлиги билан ажралиб туради.

Тарихий маълумотларга қараганда, Оқтепа канали бўйида жойлашган Юнусобод Оқтепа тарихи V-XIII асрларга бориб тақалади. 1886 йилдан бошлаб олимлар томонидан тепаликлар тарихи ўрганила бошланган. Турли йиллар давомида археологлар томонидан бир неча бор қазилма ишлари олиб борилган. Жанубий томони баландроқ тепалик кўринишидаги арк ва қишлоқдан иборат бўлган. Арк харобалари шимолдан жануб томонга чўзилган ва қишлоқдан чуқур жарлик билан ажратилган. Аркка ёндашган кенг ҳовли ва унинг жанубий қисмида арк харобалари жойлашган бўлиб, қазиш вақтида хом ғишт ва пахсадан қурилган, меъморий жиҳатдан яхши сақланган бинолар қолдиқлари очилган. 

Юнусобод Оқтепаси VII-VIII аср бошида яшаган чошлик йирик зодагоннинг қасрли чорбоғи, саройи бўлганидан далолат беради. Топилмалар, жумладан, уммавийлар халифалиги (VIII-асрнинг биринчи ярми)га оид кумуш тангаларнинг кичик хазинаси топилган. Ёдгорликдаги ҳаёт VIII-аср иккинчи ярмида қайта жонланган, IX-XII асрларда эса у Бинкат вилоятининг мустаҳкамланмаган қишлоқларидан бўлиб, XIII аср бошида мўғуллар истилоси даврида инқирозга учраган.

Бир пайтлар ҳудуди қарийб юз гектарни эгаллаган тарихий обиданинг бугунга келиб атиги тўрт гектари қолган холос. Бир пайтлар ўзининг сўлим гўшалари, боғ-роғлари, шириндан-шакар мевалари билан машҳур Оқтепа бугун ёввойи ўт-ўланлар билан қопланган харобага, чиқинди ташлаш ҳудудига айланган. Бир пайтлар Оқтепанинг ариқларидан шифобахш сувлар оққан. Бугун эса ўша сув тугул ариқлардан ҳам асар қолмаган. Бир пайтлар нафақат маҳаллий аҳолининг, ҳатто хорижликларнинг ҳам зиёрат қилиб, дам оладиган бир сўлим масканига бугун одам қадам босишга қўрқади.

– Оқтепанинг тарихини ўрганган олимлар Тошкент шаҳрининг тарихи айнан шу тепаликлардан бошланишини эътироф этган, – дейди “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими бошлиғи Дурбек Муҳаммадкаримов. – Шундай тарихга эга бўлган обидамизнинг бугунги аҳволи ачинарли. Айниқса, сўнгги ўн йил ичида айрим раҳбарларнинг лоқайдлиги сабаб, обиданинг ҳудуди ҳисобидан шахсий уй эгаларига ҳар йили ер ажратиб берилаверган. Оқибатда ҳудуди етмиш гектар бўлган обидадан бугун тўрт гектари қолган. Оқтепанинг айни ҳолатини сақлаб қолиш ишларига жиддий эътибор қаратмас эканмиз, қолган қисмидан ҳам айрилиб қолиш ҳеч гап эмас. 

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши пойтахтимиздаги мавжуд моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш ишларини давом эттирмоқда.


Барно Мелиқулова


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz