ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


19.08.2019

Юртимизда туризмни янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар очилди


Туризм қисқа вақт ичида дунёдаги энг тез ривожланаётган ва сердаромад соҳага айланди. Маълумотларга қараганда, халқаро туризмдан кўрилаётган фойда йилига бир триллион АҚШ долларидан кўпроқни ташкил қилса, саёҳатга чиқувчилар сони бир миллиарддан ортиқ бўляпти ва бу кўрсаткич ҳар йили кескин ошяпти.

Ўзбекистонда ҳам туризм иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айланди. Бу соҳани янада ривожлантириш мақсадида сўнгги йилларда кўплаб фармон, қарор, давлат дастурлари қабул қилинди ва улар бугун муваффақият билан ижро қилинётир. Натижада юртимизга келаётган хорижий сайёҳлар сони 2016 йилда 2 миллион, 2017 йилда эса 3 миллион кишига етди. Ўтган йили эса 5 миллиондан зиёд сайёҳни қабул қилдик. Шу йилнинг 6 ойда юртимизга 3 миллион нафардан ортиқ хорижий турист ташриф буюрди. Бу ўтган йилга нисбатан 30 фоизга кўп.

Бугун замон шунчалик шиддат билан ривожланиб бормоқдаки, сайёҳларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда ҳар куни, ҳар соатда янгидан-янги талаб ва истаклар, имкониятлар пайдо бўляпти. Шу маънода, соҳани янада ривожлантириш бўйича ечимини кутаётган янгидан янги муаммолар туғиляпти. Хусусан, хизматлар сифатини янада ошириш, жаҳон бозорларида миллий туризм маҳсулотларини фаол тарғиб қилиш, кадрлар салоҳиятини кучайтириш орқали бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини кучайтириш ҳамда республикага кириб келаётган хорижий фуқаролар сонини кескин кўпайтириш зарурати вужудга келди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 13 август куни “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” эълон қилган фармони айнан юқорида қайд этилган масалаларга ечим топиши билан аҳамиятлидир.  

2019-2025 йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантириш концепциясининг асосий йўналишларига мувофиқ қабул қилинган фармонда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ “Қарши”, “Нукус” ва “Термиз” халқаро аэропортларида “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни қўллаган ҳолда, шунингдек, “Бухоро” халқаро аэропортида “бешинчи ҳаво эркинлиги”ни хорижий давлатлар фуқароларини ташишда қўллаган ҳолда “Очиқ осмон” режимини жорий этилади.

2020 йил 1 январдан туризм фаолияти субъектлари ва авиаташувчиларнинг хорижий мамлакатлардан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш бўйича харажатларининг бир қисми ҳар бир хорижий турист учун, у республика ҳудудида камида беш кеча тунаб қолган тақдирда 20 АҚШ доллари, қиш мавсумида (20 ноябрдан 20 февралгача) эса 50 АҚШ доллари миқдорида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қоплаб берилади. Хорижий кинокомпанияларнинг мамлакатимиз ҳудудида аудиовизуал маҳсулотлар (кино, теле ва видеофильм, клип, мультфильм, анимелар) яратишдаги харажатларининг бир қисми (“rebate”) давлат бюджети ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг 20 фоизигача, лекин битта маҳсулот учун 300 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қопланади.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий ва афсонавий шахслари тўғрисидаги тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли бадиий, хроникал ҳужжатли фильмларни суратга олиш учун лойиҳа қийматининг 30 фоизи, лекин 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда грантлар ажратилади. Тадбиркорлик субъектларининг республика ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) чет эл таомларига ёки алоҳида йўналишга ихтисослаштирилган мавзули овқатланиш шохобчаларини, шунингдек, “караоке” заллари ва туристик қўнгилочар муассасаларни ташкил этиш харажатларининг бир қисми Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар бир лойиҳа учун 10 миллион сўм миқдорида қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича моддий маданий мерос объектлари ҳудудларига 5 тоннадан юқори вазнга эга катта ҳажмли автотранспорт воситаларининг киришига чеклов қўйилади. ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилган маданий мерос объектлари ва давлат муҳофазасига олинган тарихий ёки маданий ёдгорликлар ҳудудида фақат мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сувенир маҳсулотлари сотилиши белгиланди.

2019 йил 1 ноябрдан бошлаб энг юқори туризм салоҳиятига эга бўлган фуқаролар йиғинлари рўйхатини шакллантиради. Фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 20 тадан кам бўлмаган оилавий меҳмон уйлари ташкил этилганда ва туристлар учун камида беш хил хизмат турлари кўрсатилган тақдирда уларга “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақомини беради. 2020 йилдан бошлаб шундай мақоми берилган фуқаролар йиғинлари “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларига биринчи навбатда киритилади.

Фармонга кўра, “Uzbekistan Airports” АЖ фаолияти ва ҳуқуқи янада кенгайтирилади. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига янги ваколатлар берилди. 2020 йил 1 январдан бошлаб 20 та мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан бошлаб 30 кун муддатга визасиз режим жорий этилади. Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрига боғланган ҳолда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ шаҳригача “Ўзбекистон туризм магистрали” туризм транспорт коридори ташкил этилади. Ушбу каридор бўйлаб автомагистраль йўллари ва йўлбўйи инфратузилмаси ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилади ва унинг ваколатлари белгиланди.

Ушбу Фармон аввалгиларига қараганда кенг қамровлиги билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, замонавий санитария-гигиена шохобчаларини қуриш, ички автомобиль йўлларини таъмирлаш, электр энергия, газ ва сув таъминоти, канализация тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш, мобил алоқа ва интернетни яхшилаш, халқаро аэропортларни реконструкция қилиш ва парвозлар географиясини кенгайтириш бўйича ҳам бир қатор вазифлар белгиланди. Хусусий сектор фаолиятига кўпроқ имконият ва имтиёзлар берлди. Тегишли давлат идораларининг туризмни ривожлантириш бўйича янги вазифлари белгиланиб, масъулияти янада оширилдин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу фармони ЎзМТДПнинг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг. Шу кунларда партиянинг жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинаётган Дастури ва 2020-2025 йилларга мўлжалланган сайловолди Платформаси лойиҳасида ҳам сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш, сайёҳлик логистикаси билан боғлиқ барча хизматларни яхшилаш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, виза бериш тартибини янада соддалаштириш бўйича бир қатор янги вазифалар белгиланган.

 

Абдулҳаким ШАУБАЕВ,
ЎзМТДП Яккасарой туман кенгаши раиси ўринбосари


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz