ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Тошкент шаҳар


20.06.2019

Ўзбекистон Миллий университет фаолияти тубдан такомиллаштирилади


Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим, илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли амалий ишлар қилинмоқда. Ушбу соҳани янада ривожлантиришга қаратилган эътибор, ғамхўрлик натижасида Ўзбекистонда ҳам илм-фан тараққиёти янги босқичга кўтарилди. Аммо шиддат билан кечаётган глобаллашув даврида юртимизда ҳам халқ манфаати йўлида тезкор самарали ўзгаришлар қилинаётганини эътиборга олсак, амалга оширилаётган тадқиқотлар, илм-фаннинг бугунги ҳолати айни талаб ва эҳтиёжга жавоб бермайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашувида илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратган эди. Хусусан, истеъдодли ёшларни излаб топиш ва уларни мақсадли тарбиялаш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлаб, илмни, тарбияни тўғри қилсак, ҳамма соҳаларни малакали мутахассисларнинг ўзлари ривожлантиришини, янги фикр, янги ғоя, инновацияга таянган давлат ҳар доим катта муваффақиятга эришиб, тараққиётга юз тутишини қайд этганди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча қабул қилган “2019-2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг айнан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган махсус қарор қабул қилиниши замирида ҳам рамзий маъно бор. Чунки университет мамлакатимиздаги барча таълим даргоҳларининг карвонбошиси саналадли. Ўз фаолияти даврида таълим ва илм-фанни ривожлантириш, республика иқтисодиётининг барча тармоқлари учун кадрлар тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Ўтган даврда 100 нафардан ортиқ академик ва 2,5 минг нафар фан доктор ва номзодларни тайёрлади. Сўнгги 10 йилда турли йўналиш ва мутахассисликлар бўйича 26 мингдан ортиқ малакали битирувчилар университет дипломини олди. Ҳозирги вақтда 114 та, шу жумладан, 18 та халқаро илмий ва илмий-таълим лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларда университетнинг 50 фоиздан ортиқ ўқитувчиси иштирок этаётгани эътиборга молик.

Давлат томонидан кўрилаётган ҳар томонлама ёрдам ва қўллаб-қувватлаш университет фаолиятида фақат “... ижодий ва тизимли фикрлайдиган, ностандарт қарорлар қабул қилишга қодир бўлган, мамлакат манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган юқори малакали мутахассислар...” тайёрлашгагина эмас, балки қобилиятли ва истеъдодли талаба-ёшларнинг тарбиясига ҳам сўзсиз кўмаклашмоқда.

Бироқ ўрганишлар жараёнида “отахон” университетда ҳам юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий ва кўп қиррали инсон капиталини ривожлантириш соҳасида жиддий тўғаноқ ва тўсиқ бўлаётган комплекс камчилик, муаммолар аниқланди. Кейинги йилларда олий билим юртининг Миллий университет мақомига муносиб бўлиши учун амалий ва самарали чора-тадбирлар таъминланмади. Қабул квоталари реал эҳтиёждан анча орқада қолмоқда. Кўпинча ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига, меҳнат бозори ва кадрларнинг буюртмачилари эҳтиёжларига мос келмайди. Битирувчиларнинг ишга жойлаштирилиши ҳамма вақт ҳам эгалланган мутахассисликка мувофиқ эмас.

Синовдан ўтган ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлган замонавий педагогик технологияларни жорий этиш даражаси паст. Таълим жараёни инновацион ва технологик ривожланишидан орқада қолмоқда, талабаларнинг назарий ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш самарали эмас. Кадрлар захирасини тайёрлашнинг аниқ ифодаланган тизими йўқ. Университет ўқитувчиларининг атиги 59,0 фоизи илмий даражага эга, фан докторларининг ўртача ёши 61, фан номзодларининг ўртача ёши эса 54 ёшни ташкил этмоқда. Университет нуфузли халқаро агентликлар рейтингига ҳам киритилмаган. Университетда IT мутахассисларининг ўз ишини билиши паст даражада қолмоқда. Юқори тезликдаги Интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти йўқ, университет ҳудудининг атиги 7,0 фоизида Интернетга уланиш мумкин, холос.

Ўтказилган социологик тадқиқотлар йигитлар ва қизлар, шунингдек, ёш педагоглар билан олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдириш, уларда билимга интилишнигина эмас, балки инсонпарварликнинг миллий анъаналарига содиқлик ва юксак маънавиятни тарбиялаш, ёт ғоялар ва мафкураларга нисбатан танқидий тафаккур ва иммунитетни мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатмоқда. Талабалар яшаш жойларида ўринлар тақчиллиги мавжуд, университет ходимлари ва чет элдан таклиф қилинадиган мутахассислар учун турар жой етарли эмас.

Қарорда кўрсатиб ўтилган муаммо ва камчиликларни тезроқ бартараф этиш, 2019-2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилишини таъминлаш мақсадида университет ректорати, тегишли вазирлик ва идоларга талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, университетнинг илмий салоҳиятини ривожлантиришнинг мустаҳкам асоси, амалий механизми ва кафолати бўлишга қаратилган 9 та мақсадли дастурни ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди. Мақсадли дастурларнинг асосий йўналишлари тасдиқланди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 августга қадар — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та ташаббусини барча курсларда, университетнинг таркибий бўлинмаларида амалга ошириш тартибини ва чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. С.Сирожиддинов номидаги академик лицей “табиий ва аниқ фанлар”га ихтисослаштирилган С.Сирожиддинов номидаги республика академик лицейи этиб қайта ташкил этилиши белгиланди.

Қарорда ходимлар ва профессор-ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида белгиланган топшириқларни ўз вақтида бажариш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида 2020 йил 1 январдан бошлаб стажёр-тадқиқотчилар институтини жорий этиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини икки ой муддатда ишлаб чиқиш ва киритиш вазифаси белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш юклатилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси дастури, сайловолди Платформасида таълим, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш вазифалари устувор этиб белгиланган. Партиянинг ҳудудий кенгашлари ва ундан сайланган депутатлар мамлакатимиз раҳбарининг илм-фанни ривожлантиришга қартилган ушбу қарор ижросини таъминлашда фаол иштирок этмоғи зурар.

 


Қаҳрамон КАРИМОВ,
халқ депутатлари Миробод туман Кенгашига
“Миллий тикланиш” ДПдан сайланган депутат


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz