ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Қашқадарё вилояти


ХАЛҚАРО МАҚОМ САНЪАТИ АНЖУМАНИ МАЙДОНИ миллий анъана ва урф-одатларимиз билан ҳамоҳанг 08.09.2018

ХАЛҚАРО МАҚОМ САНЪАТИ АНЖУМАНИ МАЙДОНИ миллий анъана ва урф-одатларимиз билан ҳамоҳанг

Кенг миқёсда ўтказилаётган Шаҳрисабз халқаро мақом санъати анжуманига ташриф буюрувчи меҳмонлар қадим ва бетакрор шаҳарнинг ўзига хос кўрки ва жозибасидан ҳайратда қолишмоқда. Айниқса, шаҳарнинг «Амир Темур» хиёбони бугун гўзал ва фуснкорлик касб этган. Хиёбонда республикамизнинг барча вилоятларини ўзида акс эттирган турфа декорациялар, жумладан, бир неча минг йилликларга туташувчи тоғ ва тепаликлар, қадимий манзилгоҳ ва ёдгорликлар, мадрасалар, қолаверса, бугунги кундаги замонавий бино ва иншоотлар, миноралар, йўл ва кўприклар, жаҳон стандартлари асосида қурилаётган объектларнинг намуналари, умуман олганда, ўтмиш ва бугуннинг уйғун тарзда очиб берилганини кўрасиз. Ҳар бир ҳудуд учун ажратилган саҳна майдонларида мақом ва фольклор-этнографик ансанблларининг ўз миллий анъана ва урф-одатларини намоён этишаётгани, қолаверса, павильонлардан ўрин олган ҳунармандчилик буюмлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, уста кулолларнинг моҳир қўлларидан яратилаётган намуналар янада кўрк ва ўзига хослик бағишлаб турганига гувоҳ бўласиз.

Мусиқа асбоблари устаси, андижонлик моҳир созгар Абдумалик Мадраимовнинг темурийлар даврига оид чолғу асбобларини ўз қўли билан ясашини кўриб, лол бўлдик. «Ғижжаки бобурий», «Дилрабо», «Дилнаво», «Ҳушнаво», «Мерос» ҳамда «Какнус» каби мусиқа асбобларига тикилиб, бир зум бўлсада ўтмиш билан нафас олгандек бўлдик. Шу ўринда бир янгиликни қувонч билан таъкидлаш ўринлики, А.Мадраимов томонидан яратилган «Ғижжаки бобурий» чолғу асбобининг баланд овоз берувчи, бугунги кундаги замонавий «Бас» чолғу асбобидан илк маротаба Шаҳрисабздаги мақом халқаро анжуманида фойдаланилиши ҳам созгар устанинг катта ютуғи. Нафақат, катта ютуғи, қолаверса, у учун бу улкан шараф ва қувонч ҳамдир.

IMG_5053.JPG

— Бу ютуғим мени янада улкан марралар сари илҳомлантиради, — дейди А.Мадраимов. — Кейинги фаолиятимда ўз самарасини намоён этади. Шуни таъкидлашни ўринли деб биламанки, қадимги чолғу асбобларининг бугунги кунга, замонавий шаклга мослаштириб ясалиши ўтмишга, миллий қадриятларимизга бўлган ҳурматимизнинг ўзига хос намунаси, санъатимизга, маданиятимизга ҳамда тарихимизга бўлган эътиборнинг кўриниши десак, муболаға қилмаймиз.

Улкан ва маҳобатли майдонда Қашқадарё вилоятининг ҳар бир туман (шаҳар)лари ҳам ўз анъана ва қадриятлари, миллий урф-одатларини намоён этишмоқда. Касби туманининг «Кулол шодаси» фольклор этнографик ансанбли жамоасининг жўр бўлишиб, «Маконимиз Касбидир», «Кулоллар», «Тўй қилай, данғиллатиб», «Болам рўзғор дегани», «Қиш қошини ювади», «Опажон» ҳамда «Истиқлолим, омон келдинг» сингари фольклор қўшиқларини бирма-бир куйлашаётгани ҳам хиёбонга ташриф буюрувчи меҳмонларнинг эътиборини тортмоқда.

— Касби тумани қадимдан кулоллар юрти бўлиб келганлиги сабабли фольклор этнографик ансанблимиз жамоаси номини «Кулол шодаси» деб номлаганмиз, — дейди ушбу жамоа бадиий раҳбари Моҳира Эргашева. — Шуни таъкидлашни ўринли деб биламанки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мақом санъатига кўрсатаётган эътиборлари самараси ўлароқ, биз фольклор ансанблларининг ҳам имкониятларимиз кенгайди. Шиддат билан ривожланиб бораётган замонамизни янада жўшиб куйлаш, ўз қўшиқларимизда баралла акс эттиришга бўлган иштиёқимизни икки ҳисса оширди. Ҳа, биз нимадан илҳом оламиз, ана шундай осудалик ва доруломон кунлар, тинчлик ва юксак эътибор ғайратимизни, шижоатимизни янада оширади, тинимсиз меҳнат ва ҳаракатга ундайди.

IMG_5070.JPG

Китоб туманининг «Ризвонгул» фольклор этнографик халқ ансанбли жамоаси ҳам нуфузли тантананинг янада кўтаринки ўтишида беқиёс ҳиссаларини намоён этаётирлар. «Қашқадарё навоси» композициясидан ўрин олган «Чанқовуз», «Кел, жўра», «Гаштак», «Чўпон таёқ», «Қаддингни ур Қашқадарё» сингари фольклор қўшиқларини тинглаган ҳар бир кишининг қалбида миллийлигимизга бўлган ҳурмат, анъаналаримизга бўлган садоқат туйғуси жўш уриши тайин. Қолаверса, китобликларнинг миллий ўзбек хонадонини акс эттириб, сандалидан тортиб, жулхуз гиламлари, паранжи, тўн, яктак, дўппи, қадимий кашта матолари, ўтмишдаги чойнак ва пиёла кабиларни намоён этишгани ҳар жиҳатдан аҳамиятли, албатта. Айниқса, миллий ўзбек хонадонидаги XIX аср охири ва XX аср бошларида ишлатилган қадимги паранжи бизнинг эътиборимизни тортмай қолмади.

— Бугунги кунда Китоб тумани келинларини ота уйидан куёв уйига қадар олиб боришда паранжида ёпинтириб бориш урф бўлиб келмоқда, — дейди Китоб туман маънавият ва маърифат маркази раҳбари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига ЎзМТДПдан сайланган депутат Гуландом Сатторова. — Бундан ташқари махси-ковуш, момоларнинг оқ куйлаги билан ёпинтириш ҳам анъанамиздан чекинмаган. Бу ноёб қадриятларимизни асраш, бундан кейинги авлодларга ҳам тўла даражада етказишни  муҳим вазифамизга айлантирмоғимиз лозим. Шундагина момомерос анъаналаримизни сақлаб қолиш, уларга бўлган содиқлик туйғуси шаклланади.

IMG_5117.JPG

Наманган вилоятининг «Ёр-ёр» фольклор халқ ансанбли жамоаси томонидан тайёргарлик жараёнларида куйланаётган мақом ва фольклор қўшиқлари эътиборимизни тортди.

Ҳай-ҳай ўлан, жон ўлан,

Жон қайда бор, ёр-ёр.

Бир яхшига бир ёмон,

Ҳар қайда бор ёр-ёр.

Икки яхши бир бўлса,

Кун қайда бор ёр-ёр.

«Наманган ёр-ёри» деб номланган бу фольклор қўшиғининг маъноси теран. Ана шундай теран маънога эга қадимги қўшиқларни куйлаётган мазкур жамоа аъзолари яна шунингдек, «Ҳо-ҳо ялла», «Катта ўйин», «Бозорга баққол ярашган», «Зарпечак» каби халқ қўшиқларини ҳам маромига етказиб куйлашмоқда.

Умуман олганда, бугунги кунда «Амир Темур» хиёбонига ташриф буюрувчи меҳмонлар майдондаги ўзига хос миллийлигимиз ва турфа гўзалликдан лол бўлишмоқда. Хуллас, майдонга кирган киши қайси бир детал ёки декорацияни, миллий удумларимиз асосидаги чиқишларни томоша қилишни билишмайди. Чунки, ҳар бир жараён бир-биридан кўзни қувнатади. Сиз ҳам қадим Шаҳрисабзнинг «Амир Темур» хиёбонига ташриф буюринг ҳамда турфа гўзалликлардан баҳраманд бўлинг!

сам1.jpg

 

Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА,

ЎзМТДП Қашқадарё вилоят

кенгаши матбуот котиби

                       Қурбонова Маъмура,

ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши

 “Аёллар қаноти”етакчи мутахасссиси



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz