ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Қашқадарё вилояти


08.07.2019

Хотин-қизлар муаммолари ечимида партия Қашқадарё вилоят кенгаши “Аёллар қаноти”нинг ўрни қандай?


Халқ қалбига қулоқ солиш, одамларнинг дарду ташвишини тинглаш, муаммоларини ҳал этиш бугунги ислоҳотларнинг туб моҳиятини ташкил этмоқда.

Бу жараёнларда ЎзМТДП Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ҳам фаол иштирок этишга интилаётир. Хусусан, ўтган 6 ой давомида партиянинг “Аёллар қаноти” томонидан “Хизмат - беминнат” лойиҳаси доирасида 300 нафарга яқин хотин-қизлар қамраб олинди. Улар 59 та курсларда касб-ҳунар, чет тиллари сабоқлари ҳамда спорт турлари бўйича машғулотларда қатнашишди. Шунингдек, “Уйма-уй” лойиҳаси орқали 1000 дан ошиқ хонадонга кирилиб, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар билан мулоқотда бўлишди, уларнинг гоҳ қувончига шерик бўлишган бўлса, гоҳида муаммоларига ечим излашди. Ўтган давр мобайнида лойиҳа доирасида хотин-қизларни қийнаётган 250 дан ошиқ муаммолар аниқланиб, аксарияти жойида бартараф этилди. Бирқ қисми бўйича тегишли ташкилот ва корхоналарга депутатлик сўровлари юборилди.  

Таҳлиллар шундан далолат беради-ки, мурожаатларнинг катта қисми мазмунига кўра, бандлик, уй-жой олиш ва таъмирлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун имтиёзли кредит олишда ёрдам бериш, моддий ёрдам ҳамда ижтимоий ҳимоя масалалари билан боғлиқ.

 “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида партиянинг Миришкор туман кенгаши олиб борган амалий ишлар эътиборга сазовор. Партия фаоллари шу йилнинг айни даврига қадар 200дан ортиқ хонадонда бўлиб, бир қанча муаммога ечим топишга эришди. Бу жараёнда, айниқса, аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Масалан, Миришкор туман Оққамиш маҳалласида яшовчи Гулнора Бободжаева мутахасисислиги бўйича иш сўраб мурожаат қилган. Қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича маълумотга эга фуқаро ўз йўналиши бўйича ишлашни истайди, лекин иш тополмай овораю сарсон. Партия вакиллари ва туман бандликка кўмаклашиш маркази вакиллари ёрдамида фуқаро Г.Бободжаева туман Фермерлар Кенгашига ишга жойлашди.

Яна бир миришкорлик фуқаро Гулшан Саъдуллаева мурожаатида ўзининг ёлғиз она эканлигини айтиб, иш билан таъминлашда ёрдам сўраган. Ушбу масала юзасидан туман бандликка кўмаклашиш марказига мурожаат қилинди ва фуқарога ёлғиз оналар учун сақлаб қолинган бўш иш ўринлари тавсия этилди. Ҳозирда Г.Саъдуллаева иш билан таъминланди. Оиласига қўшимча даромад олиб келмоқда.

- Хонадонларни ўрганиш жараёнида фуқаро Муқаддас Ёрқулованинг гаплари юракни эзди, - дейди ЎзМТДП Миришкор туман Кенгаши раиси Акмал Тошев. - Унинг 2004 йилда туғилган ўғли Азизбек Файзуллаев оёқ қисмининг чириши касаллигига чалинган. Уни даволатиш учун эса дори-дармон керак. Оиланинг топиш-тутиши ўзига яраша. Бу дард эса кутиб турмайди, кундан-кунга жиддийлашиб бораверади. Фарзанди дард чекаётганидан азобланган она ўз мурожаатида ўғлининг даволаниши учун керакли дори-дармонларни олиб беришда ёрдам сўраган. Натижада туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари касаллик ташҳиси аосида Азизбекнинг тиббиёт муассасасида даволаниши ва зарур дори-дармонлар билан бепул таъминлайдиган бўлишди.

Миришкор туманида яшовчи Нигора Рўзиева ҳам “Уйма-уй” лойиҳаси масъулларидан хурсанд. У ёшлигидан тикиш-бичишга қизиқади. Бунга қўли анча келишади ҳам. У эски, бир тикишли қўл машинасида маҳалласидаги қиз-аёллар учун кўйлаклар, чопон, нимча ва кўрпа-кўрпача тикиб беради. Тиккан либослари ҳар қандай диди нозик кишига ҳам ёқади. Шу сабаб маҳалла қизлари ундан устозлик қилишини сўрайди. Шундай пайтда у қўли калталигидан уялади, янги машина сотиб олиш учун қандай қилиб кредит олишни билма боши қотади. ЎзМТДП Миришкор туман кенгаши “Аёллар қаноти” масъулларининг ташрифи, Нигорада умид уйғотди. Партия фаоллари билан ўтган суҳбат давомида уларнинг мақсад-муддаоларини тушунади ва ўз дардини уларга айтади. Банкдан имтиёзли кредит олишда ёрдам сўраб мурожаат қилади. Нигорадаги интилишни, иштиёқни кўрган партия масъуллари ва туман хотин-қизлар қўмитаси назорати остида мурожаат ижро учун Тўрон банкнинг Миршкор туман бўлимига юборилди. Буни қарангки, тез орада фуқаро Н.Рўзиевага банкдан 7 фоизлик 6 миллион 400 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиб, тикув машинаси дастгоҳлари билан бирга олиб берилди. Бугун Нигора нафақат оиласи фаровонлигига ҳиса қўшмоқда, балки маҳалласидаги тикишга қизиқувчи хотин-қизларга тикишдан сабоқ бермоқда.

Бугун юртимизда тадбиркорлик қилиб оилам фаровонлигига ҳисса қўшаман дегувчиларга йўл очиқ. Улар учун ажратилган имтиёзли кредитлар эса оилалар фаровонлигини оширишга, хотин-қизлар ва ёшларнинг касб-ҳунар ўрганишларига ёрдам бермоқда. “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида ҳам ўтган давр мобайнида 20 дан зиёд ёзма мурожаат бўлди ва уларда айнан тадбиркорликни бошлаш учун имтиёзли кредит олишда ёрдам сўралган. Уларнинг айримлари тезликда қаноатлантирилган бўлса, қолган қисми асосида тегишли ташкилотларга депутат сўровлари юборилди.

Нишон туманидаги Пахтакор маҳалласида яшовчи Хурсанд Турсунова ҳам тадбиркорлик қилишни яхши кўради. Бозорда савдо бошлай деса уйдан узилиб чиқиб кетолмайди. Мол-ҳол, бола-чақа дегандай... У уйдан чиқмасдан пул топиш йўлларини уйлаб юрарди. ЎзМТДП Нишон туман кенгаши вакилларининг хонадонига бориши, унинг орзулари ушалишига кўмаклашди. У паррандачилик билан шуғулланиш мақсадида кредит олишда ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Фуқаро мурожаати бўйича Микрокредитбанк туман бўлимининг кредит бўлимига мурожаат қилинди. Анчадан бери бошини қотираётган масала партия ҳамда маҳалла аралашувида тезда ҳал этилди. Айни кунда Х.Турсунова ўз ҳовлисида 500 та товуқ боқишни йўлга қўйган. Унинг бу иши сабаб, оила фарзандлари ишли, дастурхони тўкинлигига эришилди.

- Асосий мақсадимиз - халқимизни ҳаётдан рози қилиш, эртанги кунга ишонч билан яшашларига эришишдан иборат, - дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашига ЎзМТДП­дан сайланган депутат Шермамат Ражабов. - Бунда партиянинг “Уйма-уй” лойиҳасининг алоҳида ўрни бор. Мазкур лойиҳа туфайли жойларда аҳоли билан бевосита мулоқотга киришяпмиз, мавжуд муаммоларни ўрганиб, ижобий ҳал қилишга ҳаракат қилаяпмиз. “Уйма-уй” лойиҳаси бу уйма-уй кириб юриш дегани эмас, балки фуқаролардан бўлаётган ҳар бир мурожаатга жиддий эътибор қаратиб, муаммога мутлоқ ижобий ечим топишдир. Бу йўлда барча депутат ва мутасаддилар ҳамжиҳатликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилса, кўзланган натижага эришиш мумкин.

ЎзМТДП Қашқадарё вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги ЎзМТДП­­ гуруҳлари аъзолари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиб бериш, айниқса хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилишга кўмак­лашаётгани аҳолининг партия ва депутатларга бўлган ишончини янада оширмоқда.

 

                                               Сожида АЛЛАЁРОВА,
 ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши
девони етакчи мутахассиси



Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz