ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Қашқадарё вилояти


“Миллий тикланиш” ДП – соғлом ахборот макони тарафдори 29.08.2019

“Миллий тикланиш” ДП – соғлом ахборот макони тарафдори


Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан “Миллий тикланиш” демократик партияси – соғлом ахборот макони тарафдори” мавзусида партия сайловолди Платформаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Унда ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Очиқ мулоқотни партия Вилоят кенгаши раиси Сайфулла Махматмўминов олиб борди.

Маълумки, бугун ахборот макони ҳар томонлама ривожланиб, тараққий этиб бормоқда. Айниқса, интернет журналистикасининг ривожланиши, ижтимоий тармоқларнинг фаоллашиб бораётгани бугун кишига истаган ахборотни, истаган вақтда олиши учун замин яратмоқда. Аммо биз олаётган кунлик ахборотлар ичида керакли, долзарблари билан бир қаторда, ёлғон, қандайдир гуруҳларнинг манфаатига хизмат қиладиган бузғунчи ахборотлар ҳам истаганча топилади.

Демакки, энди ахборот олувчи уни саралай билиши, унда бузғунчи ахборотларга нисбатан маънавий иммунитети шаклланган бўлиши ҳам талаб этилади.

Хусусан, фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ бир қатор муаммоларнинг вужудга келиши ҳамда ташқи ва ички ахборот таҳдидлари таъсирининг кучайиб бориши давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.

Бундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини таъминлашни талаб қилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди Платформасида ҳам бу жиҳатга эътибор қаратилган.

Жумладан, журналистлар ва блогерларнинг эмин-эркин фаолият олиб боришини сўзсиз таъминлаш, улар учун давлат кафолатларини белгилаш механизмларини такомиллаштириш масалалари ўрин олган.

Очиқ мулоқотда бу жиҳатга ҳам эътибор қаратилиб, уни қандай ва қай тартибда амалга ошириш мумкинлиги юзасидан кўплаб баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

- Бугун биринчи ахборотни тарқатувчи манба асосан интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар бўлиб қолмоқда, - дейди “Daryo.uz” сайти вилоят бўйича мухбири, партия фаоли Отабек Қўлдошев. – Аммо уларнинг кўпчилиги оммавий ахборот воситалари сифатида рўйхатдан ўтмаган ва ахборот тарқатиш борасида ҳеч қандай масъулиятга эга эмас. Шу боис улар асосан бир ёқлама, шов-шувга асосланган ахборотларни тарқатишмоқда. Шунинг натижасида ўқувчи йиғаяпти. Аммо бу жараёнда холислик тамойилларига путур етмоқда. Иккинчи томон фикридан кўз юмилаяпти. Ҳақиқий оммавий ахборот воситалари эса холис ахборот беришади. Лекин бугун тезкорликда улар интернет ва ижтимоий тармоқлардан ортда қолмоқда.

Шу боис, келгусида оммавий ахборот воситаларининг оммавийлигини ошириш, блогерлик фаолиятини янада ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш борасида ҳам ишлар олиб борилиши кераклиги ҳақида кўплаб таклифлар тушди.

Хусусан, Усмон Нусуровнинг таклифига кўра, тез орада Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан , ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида яна бир очиқ мулоқот ташкил этилиши режалаштирилди.

Очиқ мулоқот қизғин баҳс-мунозаралар асосида бўлиб ўтди.

 

 

Шаҳноза ҚАҲҲОРЗОДА,
ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши матбуот котиби




Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz