ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


10.07.2019

Халқ манфаатларини ўзида мужассам этган депутатлик сўровлари жавобсиз қолмоқда


Депутат – халқнинг ишончли вакили. У фуқароларни тинглашга муаммоларини ўрганишга, содда қилиб айтганда, оғирини енгил қилишга бурчли. Одамларни ўйлантираётган барча саволларга дадил жавоб бера оладиган, уларга оғриқ бераётган мураккаб масалаларнинг туб илдизини аниқлаш, ўрганиш баробарида ечимини топишга холис кўмаклашадиган “уйғоқ” депутатларгина ўз сайловчиларининг ишончига муносиб. Халқ сайладими, демак, уларнинг чин маънодаги суянчиғига айланиши, Ҳазрат Навоий сермазмун мисраларида ифодалаганларидек, “халқ ғамидан ўзга ғами йўқ”лигини исботлаши керак, албатта. Халқсевар, элпарвапар, жонкуяр ва фидойи депутатлар сафи кенгаяверса, мамлакатимиз ҳар томонлама тараққий топади, халқ фаровонлиги ортиб боради.

Биз бу сафар депутатларимиз фаолиятидаги ютуқ ёки камчиликлар ҳақида тўхталмоқчи эмасмиз. Галдаги энг оғриқли масала – депутатлик сўровларининг жавобсиз қолаётганлигидир. Шу ўринда савол туғилади: хўш, бундай ҳолат энг аввало, фуқароларимизга, шунингдек, халқнинг ишончли вакилларига нописандлик муносабатида бўлиш билан баҳоланмайдими? Бундай эътиборсизлик сайловчиларда депутатларга нисбатан ишончсизликни юзага келтириши табиий. Натижада халқ вакилларининг ижтимоий мақомига, нуфузига путур етади.

Муаммоларга ижобий ечим топишда партиямиздан сайланган депутатларнинг давлат ҳокимияти бошқаруви органлари, тегишли идора-ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорлиги қай даражада бўлмоқда? Ўрганишлар, таҳлиллардан келиб чиқиб айта оламизки, айрим ҳокимликлар, идора-ташкилотлар раҳбарларига юборилган депутатлик сўровларига мунтазам равишда беэътибор қаралиб келинаётгани депутатларда норозилик кайфиятини уйғотмоқда. Бундай ҳолатлар халқ вакилларининг кескин эътирозларига сабаб бўлмоқда.

“Қарс икки қўлдан чиқади”, - дея бежиз айтишмайди. Депутатлар ҳамда айрим масъул раҳбарлар томонидан одамларни узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга жиддий ёндошилмаса, айни масалаларга “панжа ортидан” қаралса, кўмакка муҳтож халққа ким елкадош бўла олади? Бугунги кун одамларнинг онги, дунёқараши ҳар томонлама юксак, уларни олди-қочди фикрлар, бесамар ваъдалар билан асло алдаб бўлмайди. Улар аниқ амалий натижа кутади масъуллардан.

Урганч тумани Анжирчилар маҳалласида 3236 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғини шу ҳудуддаги 43-мактаб биносининг бир бурчагида “қўним топган”. Бу ерга маҳаллада яшовчи оилалар вакиллари турли можороларни, келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида чора излаб келиши табиий ҳол. Жумладан, эр-хотин, қайнона-келин, овсинлар ўртасидаги зиддиятлар ўзаро муҳокамаларда янада жиддий тус олади. Бу эса ушбу мактабда таълим олаётган ўқувчи ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши турган гап. Маҳалла аҳлининг мурожаатларидан келиб чиқиб, ана шу кўнгсилсиз ҳолатни олдини олиш мақсадида халқ депутатлари Урганч туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Акбар Алиев жорий йилнинг 31 январида мазкур маҳалла фуқаролар йиғини учун алоҳида бино ёки маҳалла гузари қуриш мақсадида ер майдони ажратилиши юзасидан туман ҳокимлигига депутатлик сўровини юборган. Бироқ, маҳалла фуқароларининг талаб ва таклифлари ҳали-хануз эътиборсизлик остида қолиб кетмоқда... Депутатнинг бу ташаббуси эса ҳалигача қўллаб-қувватланмади. Бу биргина мисол эмас.

Юқори овул маҳалласида 3500 нафардан зиёд фуқаролар яшаши, улар орасида ишловчилар, талабалар, ўқувчи ёшлар кўпчиликни ташкил этишини инобатга олган ҳолда йўловчи ташиш транспортига аҳолининг эҳтиёжи бирмунча юқори. Жумладан, “Урганч-Гулистон-Урганч” йўналиши бўйича қатновчи автобус фуқароларнинг асосий қисмининг қатновини таъминлайдиган транспорт ҳисобланади. Аммо ушбу йўналишдаги автобус Юқори овул маҳалласининг Ўзбекистон шох кўчасидан ўтмаслиги бу ерда яшовчилар учун муаммолигича қолмоқда. Шу юзадан халқ депутатлари Урганч туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Муҳиба Матмуратованинг “Дарё транс” МЧЖ раҳбариятига юборган депутатлик сўрови ҳам ҳамон жавобсиз...

Халқ манфаатини кўзлаб амалга ошириладиган ҳар қандай ташаббус, ҳар бир иш хайрли бўлади. Одамларнинг рози-ризолигини олиш, уларни ўзимиздан минннатдор қиёфада кўришнинг ўзи бир шараф. Бу шарафга лойиқ бўлиш учун эса халқни тинглаш, халқ дардига малҳам бўлиш, унинг корига яраш лозим.

Халқ депутатлари Шовот туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Илҳом Пиров тумандаги Янги турмуш маҳалласи аҳолиси хонадонларига ташриф буюриб, оилалардаги маънавийт муҳит, ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганиш жараёнида ижтимоий ҳимояга, кўмакка муҳтож оилалар вакиллари борлиги маълум бўлди. Хусусан, 1977 йилда туғилган 2-гуруҳ ногирони Дилрабо Искандарованинг ота-онаси қизини даволатиш учун моддий ёрдамга эҳтиёж сезмоқда. Депутат ушбу оила аъзоларининг ҳақиқатдан ҳам бу борада маблағга муҳтожлигини чуқур ўрганиб, уларнинг оғзаки мурожаати асосида туман ҳокимлигига депутатлик сўровини юборган эди. Натижаси эса ҳамон мавҳумлигича қолмоқда. 

Хива тумани Чанашик маҳалласи Вазирлар Маҳкамасининг 193-сонли Қарорига асосан табиий газ тармоғидан ажратилганлиги сабабли аҳолининг суюлтирилган газга бўлган эҳтиёжи юқори. Шуни инобатга олган ҳолда, жорий йилнинг 9 январь санасида халқ депутатлари Хива туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Иқбол Отажонова туманда фаолият юритиб келаётган “Аҳолига суюлтирилган газ тарқатиш шаҳобчаси” ни ташкил қилиш учун ер ажратиб бериш юзасидан туман ҳокимлигига депутатлик сўровини юборди. Аммо ярим йил ҳам ўтяптики, сўровга ҳалигача жавоб қайтарилмади.

Хўш, бу эътиборсизликларни қандай изоҳлаш мумкин? Ахир, депутатлик сўровиларда халқ манфаати, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси, эзгу интилишлари ифодаси мужассам эмасми?


Гулноза УМИРОВА,
ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz