ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


05.10.2019

Сайловларга тайёргарлик фаоллик ва ташаббускорликни талаб қилади



Сайлов – 2019

Депутат ҳамиша халқни тинглашга, оғирини енгил қилишга бурчлидир.

Халқ вакилларининг уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганиши, уларнинг ечимини топиб, жойида ҳал қилиш чораларини кўриши айни сиёсатимизнинг энг устувор вазифаси сифатида белгиланган. Одамларни ўйлантираётган барча саволларга дадил жавоб бера оладиган, масалаларнинг туб илдизини аниқлаш, ўрганиш баробарида, ечимини топишга холис кўмаклашадиган депутатга сайловчи суяна олади. Ишончни оқлайдиган, элу юртга нафи тегадиган депутатлар халққа керак. Демак, сайловда муносиб номзодга муносиб овозни фақат халқ беради.

Муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови арафасида турибмиз. Сайловда номзоди илгари сурилган, сайланадиган шахс халқнинг, мамлакатнинг кейинги ҳаётида жуда муҳим, ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Шу боисдан ҳам айни кунларда ҳар бир сиёсий партиядан сайловга депутатликка номзодларни саралаш, танлаш масалаларига юксак даражада масъулият билан ёндашув талаб этилмоқда.

Мамлакатимиздаги мавжуд барча сиёсий партиялар қатори Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловга номзодларни танлаб олишда ўз стратегиясини белгилаб олди. 28 мингдан зиёд захира кадрлар орасидан партия ғояларини чуқур ҳис этадиган, сайловчилар билан мулоқот қилишда ҳаққонийлик, очиқлик ва шаффофликни устун қўядиган номзодлар танланади.

Шу ўринда 2014 йилнинг 21 декабрида парламентга ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайлов натижаларига назар ташлаймиз. Бундан роппа-роса беш йил олдинги сайловда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашидан Олий Мажлисга 3 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларига 80 нафар, шундан вилоят Кенгашига 15 нафар депутат сайланган. Халқ депутатлари Янгиариқ, Қўшкўпир ва Урганч шаҳар Кенгашларига сайлов округларидан депутатларнинг салмоқли қисми сайлангани алоҳида эътирофга лойиқ. Хўш, ўтган сайловларда бундай натижага қандай эришилган ва бу сафар депутатликка номзодларни кўрсатишда қайси жиҳатларга эътибор қаратилмоқда?

Олдинги сайловларда ниҳоятда салоҳиятли, сиёсий билими юксак, замон билан ҳамқадам, маҳалладошлари, ҳамкасблари, жамоаси орасида обрў-эътибори баланд, орзу-интилишлари партиямиз ғояси ва мақсадларига ҳамоҳанг, энг муҳими, халққа яқин, халқ билан ҳамнафас инсонларнинг номзодини депутатликка тақдим қилганмиз. Улар кўпчилиги ҳаққоний, муносиб равишда сайланган. Депутатларимизнинг ўтган беш йил давомида ўз сайловчилари ишончини оқлаб, уларга елкадош бўлаётгани, мушкулини осон қилишга кўмаклашаётгани, ҳаётида сезиларли ижобий ўзгаришларни ясашга ҳисса қўшаётгани қувонарли ҳол. Ҳатто, айрим сайловчилар орасида “Фалон депутат яна номзодини кўрсатсин, у халқ дардини ҳамиша тинглайди, мурожаатларимизни жон қулоғи билан эшитади, муаммоларимизни бартараф этишга кўмаклашмоқда, у бизга керак”, дея депутат номзодини сўраб, уни бу сафар ҳам қўллаб-қувватлашларини билдираётганларнинг борлиги асло муболаға эмас.

Кутилаётган сайловга ҳам партиядан депутатликка номзодлар кўрсатишда олдинги тажрибаларимизга таяниб иш кўришни маъқул деб биламиз. Муҳими, энг муносибларнинг номзодлари кўрсатилиши зарур. Албатта, бунда халқнинг хоҳиш-истаклари ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Чунки депутатни халқ сайлайди, халқ танлайди.

Бўлажак депутатларга жамиятимизда қўйилаётган талаблар тобора ошиб бораётгани партияларга ҳам, депутатликка номзодларга ҳам ушбу жараёнга тайёр бўлишни тақозо этади. Кенгашларнинг ижро ҳокимиятидан мустақил бўлиши ва депутатларнинг ижро органи билан муносабатлари янги босқичга чиқиши борасидаги ўзгаришлар ҳам ижро органи, ҳам Кенгаш фаолиятида муҳим ислоҳотлар бўлишидан далолат.

Шу пайтга қадар ҳоким бошқарган Кенгашнинг ижро ҳокимиятидан мустақил ҳолда кўплаб ваколатларга эга бўлиши вазифага масъулият масаласида депутатларга катта ишонч билдирилишини англатади. Шу боис, бўлажак депутатлар Кенгаш ва ижро органи ваколат, вазифаларини яхши биладиган шахслар ҳисобига шакллантирилиши, номзодларни танлашда муҳим мезонга айланади.

Навбатдаги сайлов янги ҳуқуқий демократик тамойиллар асосида, ҳар қачонгидан ҳам кескин ва қизғин курашлар остида ўтиши кутилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган байрам тантанасида бу йилги парламент сайловлари хусусида алоҳида тўхталиб, бу сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган, демократик давлатлар қаторига кўтаришда яна бир муҳим амалий қадам бўлишини, бутун халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар очиб беришини таъкидлаган эди.

Бу йил мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар илк бор янги Сайлов кодекси асосида ўтади. Сайлов кодексининг қабул қилиниши билан сайловга оид муҳим тартиб-тамойиллар, талаблар янгиланди, сиёсий кучлар ўртасида янада кенг рақобат муҳити яратилди. Демак, сайловларга тайёргарлик кўриш жараёни ҳар бир сиёсий партиядан фаоллик ва ташаббускорликни оширишни талаб этади.


Ражаббой РЎЗМЕТОВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик
партияси Хоразм вилояти кенгаши раиси

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz