ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


18.06.2019

Аёл ҳам оила, ҳам мамлакат тақдирига масъул аммо, бу эркаклар бир четда кузатиб туриши керак дегани эмас


“Ҳозир ишсизман. Турмуш ўртоғим билан ажрашганман. Икки нафар вояга етмаган фарзандим бор. Уларнинг кам-кўстини тўлдиролмай қийналаяпман. Ишга жойлашишимда ёрдам берсангиз”.

“Оилада кўпчиликмиз. Уйдагилар билан келишолмаяпман. Кунора овсиним билан бўладиган можародан буткул чарчадим. Алоҳида уй-жой олишда кўмаклашсангиз”.  

“Турмуш ўртоғим ичкиликка ружу қўйган. Ҳар куни жанжал, тўпалон, рўзғорни, болаларини буткул унутди. Қийинчиликларга дош беролмай ҳатто ўз жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлди. Умрим хазон бўлишини истамайман, эрим билан тезроқ ажрашсам дейман...”

Булар Хоразм вилояти хотин-қизлар қўмитасига келаётган ёки мутасаддиларга ўз муаммоларини ёзма равишда билдираётган аёлларнинг мурожаатларидан кўчирма эди. Уларнинг асосий қисмини шундай мазмундаги мурожаатлар ташкил қилади.

Маълумотларга қараганда, бугун Хоразм вилоятда 913 минг нафарга яқин хотин-қиз истиқомат қилади. Уларнинг 679 нафари оғир шароитда яшаётганлардир. Кўплаб хотин-қизлар ишсиз, оиладаги етишмовчилик, яқинларининг таъсири, тазъйиқлар оқибатида ҳуқуқ ва манфаатлари поймол бўляпти, турмуш қийинчиликларига бардош беролмай боши берк кўчага кириб қолган аёллар бор. Афсуски, билиб-билмай жиноят содир этганлар ҳам йўқ эмас.

Шу йилнинг биринчи чорагида вилоятда 20 нафар хотин-қиз томонидан 21 та жиноят содир этилган. Айрим шаҳар ва туманларда бу кўрсакич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайган бўлса-да, баъзиларида кўпайган. Улар томонидан асосан ўғирлик, фирибгарлик, хорижга ноқонуний чиқиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, қўшмачилик қилиш каби ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилган.

Хотин-қизлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолати ҳамон содир бўлаётгани ташвишланарли ҳолатдир. Бундай нохушлик ўтган йилга қараганда камайган, аммо шу йилнинг уч ойида 14 маротаба шундай ҳолат кузатилган. Нохушлик асосан ёш келинларнинг турмушга енгил-елпи қараши натижасида юзага келгани аниқланди. Албатта, воқеаларнинг бундай тус олишига биринчи навбатда оила вакиллари, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, ҳамон “менга нима” қабилида иш тутаётган маҳалла-кўйнинг ҳам айби бор. Чунки бундай ҳодисалар бир кунда, бир ҳафтада юзага келмайди. У ойлар, йиллар давомида оиладаги носоғлом муҳит таъсирида “пишиб-етилади”.

— Мамлакатимизда оилалардаги маънавий-аҳлоқий муҳитни яхшилаш, ёшларни оилага тайёрлаш, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш борасида бир қатор изчил ва самарали ишлар амалга оширилмоқда, — дейди халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулсара Қурбанбаева. — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлида “Ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва унга кўра вилоятимизнинг барча туманларида ижтимоий-мослашув маркази ташкил этилди. Жорий йилнинг уч ойи давомида шундай марказларга мурожаат қилган аёллар сони 151 нафар бўлиб, улардан 14 кишига тиббий, 25 нафарига ҳуқуқий, 26 аёлга эса психологик ёрдам кўрсатилди.

Тегишли ташкилотлар билан биргаликда “уйма-уй” юрилиб, вилоят бўйича 1117та нотинч оиланинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Профилактик ишлар натижасида уларнинг 105 тасида юзага келган оилавий низога барҳам берилди. Руҳий ҳолати ўрганилиб, ижтимоий-маънавий соғломлаштириш хизмати кўрсатилди.

Хотин-қизлар ўртасида юз бераётган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, иш билан таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида вилоятида 907 нафар фаол аёллар рўйхати шакллантирилди. Улар орасида таълим муассасалари, корхона-ташкилотларда меҳнат қилаётган, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, шунингдек, ЎзМТДПнинг икки юз нафар аъзоси бор. Жамоатчи гуруҳ аёллар муаммоларини ўрганиш, самарали меҳнат қилиши, дам олиши учун муносиб шароит яратиш, тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш, бу борадаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашиш, илғорларни рағбатлантириш тадбирларида фаол иштирок этмоқда.

Вилоятда давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишини ошириш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусдан бири — аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган ва унинг ижросига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу йилнинг уч ойи давомида 29588 нафар ишсиз аёл аниқланиб, 3735 нафарининг бандлиги таъминланди. 1729 нафар хотин-қиз тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, 1807та янги иш ўрни яратган. “Устоз-шогирд” анъаналари асосида 169та ҳунармандчилик, 39та касаначалик бўйича иш жойи ташкил қилинган. Тарғибот-ташвиқот ишларида аёлларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, уларни тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун яратилаётган имкониятлардан доима хабардор қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда унинг маҳаллий ташкилотлари билан олиб борилаётган ишлар самарали бўлмоқда.

— ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга партиядан сайланган депутатлар иштирокида биринчи чоракда 667та хонадонга ташриф буюрилиб, хотин-қизларга тааллуқли 296та муаммо ўрганилди ва бартараф этиш чоралари кўрилди, — дейди ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгашининг хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича етакчи мутахассиси Нигора Нурлаева. — Жумладан, 18та оилага фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш, 44 нафар аёл бандлигини таъминлаш, 23 нафар шахсга нафақа пули тайинлаш, 2 нафар аёлга алимент ўндиришда ёрдамлашилди. Шунингдек, 16та бемор фарзанди бор оила, 10 нафар аёлнинг боласи ёки ўзининг саломатлигини тиклаш, 27 та хонадоннинг уй-жойини таъмирлаш, 7та жарроҳлик операциясини ўтказиш учун ҳомийлар жалб қилиниб, моддий ёрдам кўрсатилди. Партиянинг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида юздан ортиқ аёлнинг ўқув курсларда бепул ҳунар ўрганиши таъминлади. Аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит ажратиш, тоза ичимлик суви, суюлтирилган газ, кўмир билан таъминлаш масалалари бўйича ҳам муаммолар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди, ижроси бўйича депутатлик назорати ўрнатилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза: аҳоли билан учрашувларда эркакларга қараганда аёллар фаоллик кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мулоқотлар чоғида ижтимоий турмуш, оила ташвишларини эркаклар эмас, асосан аёллар ўз гарданига олиб, куйинчаклик кўрсатмоқда. Яъни, мавжуд муаммоларнинг барчаси хотин-қизлар томонидан илгари сурилмоқда. Улар фарзандларининг овқатланишидан тортиб, кийинишигача, томорқа хўжалиги, электр, газ, сув таъминоти, бозор-ўчар, ободонлаштириш, умуман, кундалик ҳаётда учраётган нуқсонларнинг ўнгланишидан манфаатдор эканини билдираётир.

Бу аёллар, хотин-қизларнинг жамиятда фаоллиги, ҳуқуқий маданияти ошиб бораётганидан далолат ва уларнинг ўз оиласига бўлган масъуллиги юқорилаётганидан қувонасан. Аммо йиғилишларда бир чеккада сигарета тутатиб, воқеалар ривожини кузатиб турган эркакларни кўриб табинг хира бўлади. Аслида юқорида санаб ўтилган муаммоларни кўтариб чиқиш, ҳал қилишга кўмаклашиш албқоматларнинг иши эмасми? Тўғри, аёл болалар таълим-тарбияси, оила, рўзғор ишларида асосий ролни ўйнади. Бироқ бу оила ташвишлари камдек, аёл гарданига маҳалла, жамият муаммоларни ҳам ташлаб қўйиш дегани эмас-ку!

Сўнгги пайтларда кўп таъкидланганидек, наҳот эркаклар оила, рўзғор, бола-чақа ташвишларидан узоқлашиб кетаётгани рост бўлса?! Ахир бу оилада оталар, эркаклар ўз ўрнини аёлларига бўшатиб бераяпти дегани эмасми?!

Тўғри, бозор иқтисодиёти пайтида йигитларимиз оила боқишда муаммоларга дуч келаётгандир. Ваҳоланки, буни кечириш ҳам мумкиндир, аммо астойдил ҳаракат қилмасликни асло кечириб бўлмайди. Қолаверса, бунда аёлларнинг ҳам қисман айби бор. Аёл оила таъминотининг оғир қисмини зиммасига олган сари, эркаклар асосий масъулиятини гарданидан соқит қилишлари турган гап. Бу эса қадриятларимизга тўғри келмайди. Модомики шундай экан, оилада ҳар бир кишининг ўз ўрни, бурч ва масъулияти борлигини унутмасак бўлгани.

 


Гулноза УМИРОВА,
ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

 


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz