ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

Хоразм вилояти


Демократик сайловлар – мустаҳкам демократик тамойиллар ифодаси 22.07.2019

Демократик сайловлар – мустаҳкам демократик тамойиллар ифодаси


Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда “Демократик сайловлар – жамиятимизни демократлаштириш ва мамлакатни модернизациялаш жараёнининг муҳим сиёсий омилидир” мавзусидаги ўқув-семинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Ж.Атажанов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси котиби Х.Ражабов, Урганч шаҳар Адлия бўлими масъул ходими Ж.Мирзаев сўзга чиқди. Семинарни ЎзМТДП Хоразм вилоят Кенгаши раиси Р.Рўзметов бошқариб борди.

Мамлакатимизда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари халқаро нормалар ҳамда демократик принципларга тўла жавоб беришида миллий қонунчилик ва сайлов амалиётимизнинг аҳамияти бениҳоя катта. Шу боисдан ҳам давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган илк Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган эди.

photo_2019-07-22_17-33-12.jpg

Сайлов кодексининг қабул қилиниши, амалиётга жорий этилиши юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий самараси бўлиши қаторида, истиқлол йилларида шаклланган миллий сайлов қонунчилигимизни янада мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш сари қўйилган муҳим қадам бўлди.

Маърузага чиққанлар ўз сўзида Давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар талабидан келиб чиққан ҳолда, сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган янги Сайлов кодексининг аҳамияти, ундаги янгиликлар, киритилган ўзгаришлар, мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритдилар.

– Демократик сайловлар – мустаҳкам демократик тамойиллар ифодасидир. Ўз навбатида сайлов, мамлакат учун, сайланувчи ва сайловчилар учун ҳам чинакам синов ҳисобланади. Чунки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Сайлов жараёнларида барчамизнинг, аввало, дунёқарашимиз, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятимиз, фуқаролик позициямиз яна бир бор намоён бўлади”. Янги сайловлар илк бор Сайлов кодекси асосида ўтади. Шу боис бўлажак сайловларга ҳозирдан қизғин тайёргарлик кўриш нақадар зарурлигини чуқур ҳис қилмоқдамиз, - дейди, халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгаши депутати Эркин Искандаров.

photo_2019-07-22_17-33-38.jpg

Хўш, кенг муҳокамалардан сўнг қабул қилинган Сайлов кодексининг афзалликлари нималарда намоён бўлди? Семинар давомида иштирокчиларга ана шу масалалар юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.

Қайд этилганидек, аввало, сайловга оид мавжуд бир қатор қонунлар ва қонуности ҳужжатлари яхлит ҳужжатга жамланди. Натижада эса қонун нормалари билан сайлов жараёнларида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилиши, сайловчиларга эркин иштирок этиши учун зарур шарт-шароит яратиш, президентликка, депутатликка номзод кўрсатадиган сиёсий партиялар ва номзодларга сайлов компанияси давомида тенг шароит яратиш имконияти янада мустаҳкамланди.

Сайлов кодекси янгидан бир қатор асосий қоидалар қиритилгани билан аҳамиятлидир.

Семинарда Сайлов Кодексида ўз ифодасини топган миллий сайлов қонунчилигимизга оид янгиликларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланаётгани, сайловларни ўтказиш ёки ташкил этишнинг бошқа масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби киритилаётгани, сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланаётгани, овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан бирини қўйиш имконияти берилаётгани сўзга чиққанлар томонидан эътироф этилди.

photo_2019-07-22_17-33-13.jpg

Семинар давомида таъкидланганидек, Сайлов кодекси кучга киритилиши муносабати билан 30 га яқин қонун ҳамда қонунларга кейин­чалик киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, қонуности ҳужжатлари ўз кучини йўқотди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Маълумотларга кўра, уларнинг барчасида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига доир деярли бир хил нормалар такрорланган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Сайлов кодекси ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттириб, долзарб мазмун-моҳият ва улкан ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда сиёсий аҳамият касб этади.

Ушбу Кодекснинг қабул қилиниши, аввало, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмларини, сайлов қонунчилигини тизимлаштириш, сайлов жараёни очиқлигининг кафолатларини кучайтириш имконини беради.


 

ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши Матбуот хизмати


Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz